Садарайҳон


 

 

Садарайҳон

 

Садарайҳон, бошгинангни эгдинг нега,
Кўнглим олди гулзор ичра хушрўйлигинг.
Сен онамга ўхшайсанми, онам сенга,
Онам ёдин эслатади хушбўйлигинг.

Садарайҳон сенда онам ифори бор,
Бўйларингда онам ёдин хумори бор.
Онам сени меҳрин қўшиб эккан эди,
Баргларингдан қўшиб тиккан тумори бор.

Бўйларнигни қизғонмагин садарайҳон,
Ғаниматим тополмайин дилим вайрон.
Маъюсгинам, сени онам севар эди,
Гар узоқроқ термулсам сен бўлма ҳайрон..

Онам каби мунисгинам, беозорим,
Сирдошим бўл, сенга айтай оҳу зорим.
Ифоринг-ла қўшиб етказ меҳробимга
Ғарибдирман, босилмади дилхуморим.

Соғинчданми ранги-рўйинг қарогинам,
Манинг каби бағри-дили ярогинам,
Нозиккинам хушбўйинг-ла юпатиб тур,
Онам каби гуллар ичра сарогинам.

Садарайҳон ифорингга тўлсин очун
Гуллардан ҳам эрка эдинг онам учун.
Ифорлигим бўйларингдан ўргулайин,
Ҳидларингдан аямай соч ягонамчун!

Исликкинам, жаннатгулим, садарайҳон
Сендан онам ёди келар бўлма пайҳон..
са д а р а й ҳ о н..
садарайҳон..