АДИБЛАР ХИЁБОНИ


Пойтахтимиз бағрида буюклар каҳкашони,
Бунда халқим юраги, руҳи ҳамда иймони.
Адиблар хиёбони, адиблар хиёбони –
Қалби ишқу ижодга ҳабиблар хиёбони.

Бунда  Навоий, Бобур  – қувиб зулмат, риёни,
Яхшилик  сари  чорлар бор аҳли шуарони.
Фирдавсмонанд бу гулшан, ўлмас руҳларга маскан,
Бамисли  қалби ойдек латифлар хиёбони.

Адиблар хиёбони, адиблар хиёбони –
Удир халқим юраги, руҳи ҳамда иймони.
Асрлар қаърин ёриб, бунда тутмишлар макон, 
Бебаҳо сўз мулкининг не-не хазинабони.

Бобур, Огаҳий, Бердақ, Муқимий, Фурқат шунда,
Беҳбудий, Авлоний  ва Ойбекнинг қутлуғ қони.
Бунда Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Шайхзода
Ҳамда  Ибройим  Юсуп – элим  уйғоқ виждони.

Тўлепберген оғамиз бироз ҳорғин кўрингай,
Тонг-ла ошиб келгандек буюк Амударёни.
Бу жой гўё оламга кўз-кўз этиб тургандай,
Ўзбегим  қалбидаги  ажиб  меҳригиёни.

Бунда Ҳамид Олимжон ҳамда Зулфияхоним -
Ишқ бирла садоқатнинг мангу сўнмас достони.
Саид  Аҳмад домла-ю  хоксор  Саида опам,   
Турар аччиқ қисматнинг икки фидойи жони.

Боғда Абдулла Қаҳҳор ҳам Озод домла кезар,
Ҳар бир янги асарга бериб одил баҳони.
Янграр  Абдулла Ориф жўшқин мадҳияси-ю
Устоз Эркин Воҳиднинг ўлмас “Ёшлик” девони.

“Ўзбекдайин танти эл кўрмадим” – деб Файнберг,
Бу боғни  макон тутмиш, кезиб жумла жаҳонни.
Бунда Муҳаммад Юсуф ўйчан кезар шеър битиб:
“ Фидоси бўлгумдир, деб, азиз Ўзбекистонни!”

Эй юртдошим, қалбингга гар нур истамоқ бўлсанг,
Ҳаётингга ёруғлик,  сурур   истамоқ бўлсанг,
Келиб бир бор кезиб чиқ адиблар хиёбонин,
Қалби ишқу иждодга  ҳабиблар хиёбонин.

Шунда ногоҳ қалбингда бир нур уйғонажакдир,
Ўзлик, ўзбеклигингдан ғурур уйғонажакдир.
Илму одоб, маърифат, ижод алангасидан - 
Сенинг ҳам  юрагингда бир олов ёнажакдир.

Адиблар хиёбони, адиблар хиёбони –
У эрур  халқим қалби, руҳи, ўчмас иймони.
Эзгулик маёғидай чорлаб тургайдир  бизни ,
Юракларга улашиб  ажиб  меҳригиёни.

                           
Зикрилла НЕЪМАТ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
Республика Маърифат тарғиботчилар жамияти аъзоси,
шоир.  2020 йил.
Шеърни Нотиқлик санъати академияси раҳбари,
нотиқ - Раҳимбой Жуманиёзов ўқиди.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот