Бир ниҳол экдингми Ватан боғига...


  Абдусаид Кўчимов дейилса, кўз ўнгимга баҳор чоғи саман отини миниб, Ургут тоғларидан тушиб келаётган ўғлон келади. Отининг ёнидаги хуржуннинг ўнг қопчасида равоч, анзур пиёзи, кийикўт ҳамда турли гиёҳлар, чап томонида эса алвон очилган лолалар.
  У қишлокдагиларга ҳар йили баҳорни шу тариқа совға қилади. У тоғнинг қаерида шифобахш гиёхдар борлигини билади. Лолалар қаерда кўп бўлишини шоир сезгиси ила сезади. Гиёҳларни нуронийларга улашар экан, уларнинг дуоларини олади. Равоч, анзур, қўзигул, чучмомаларни болаларга бериб, кўзларидаги кувончни кўзларига кўчиради, лолалар — оналарга, янгаларга, аммаю холаларга ва қишлоқ қизларига!
  Чавандознинг кайфияти кўтаринки, чунки у тоғдан қалби тўла илҳом, юраги тўла шеър билан қайтди. Уйга кирадию кўклам ифори таралиб турган туйғуларини қоғозга туширади.
  
Бошингда осмону, қошингда қуёш, 
Тасвиринг чизолмай мусаввир ҳалак. 
Шоир сўз ахшариб қоширади бош, 
Булоқдек қайнайди ошуфша юрак.
  
  Юксакда, тоғлар бағрида унинг боши оппоқ булутларга тегиб турди. Минг кўзли булоқлар минг турли эртаклар сўзладилар унга. Булоқлардан эгилиб сув ичди. Сўнг булоқ бўйидаги чечакларга бошини қўйиб осмонга боққанича булоқ билан, баҳор билан, осмон билан гаплашиб ётди ва шундай сатрларни битади:

Бир ниҳол экдингми Ватан боғига, 
Меҳрингни тўкдингми чўл, янтоғига, 
Гулларга чанг-ғубор қўнган чоғида 
Арта билолдингми чангу ғуборни — 
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?

  Шоир қалби — Ватан учун очилган муҳаббат гулларининг масканидир. Шоирнинг томирлари Ватаннинг жон томирлари ила туташиб кетган.
  Айнан Абдусаид Кўчимов ижодининг бирор лаҳзасини Ватан мавзусидан айро топмайсиз. Унинг бахти ҳам шунда.
  Абдусаид Кўчимов мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида раҳбар бўлиб узоқ йиллар муваффаққиятли ишлади ва ишлаяпти. Ҳожа Самандар Термизийнинг “Дастур ул-мулк” асари инсонни комилликка етказувчи ҳаёт сабоқлари ҳақида бебаҳо нодир асар бўлиб, унда жумладан шундай ёзилади:
  “Азизим, кишининг ақли, одоби, заковати унинг лаёқати ва қобилиятининг мезонидир. Кимнинг ақли равшан, фикрлаш қобилияти юксак бўлса, у энг паст лавозимдан энг юқори, шарафли мансаб супачасигача кўтарилади”.
  Файласуф Дизраэли эса “Мен совун кўпиги суртилган симёғоч устунга чиқиб олдим”, дер экан, мансаб курсисини бир ножўя ҳаракат натижасида йиқилиб кетиш хавфи билан яшаш дея тасвирлайди. Шарқ ва Ғарб донишмандларининг бу оқилона фикрларини ўқир эканмиз, Абдусаид Кўчимовнинг ҳам ижоди ва мансабдаги фаолияти такдир “туҳфаси” эмаслигини, қоп-қора, куюқсочлари беҳудага кумуш тусга кирмаганини англаймиз...
  Унинг қалби шоирлигича қолди. Унинг туйғулари шоирлигига хиёнат килмади.
  Барибир, менинг наздимда у табиат гулларга бурканган фаслда саман отига миниб, элимизга баҳор ва бахтиёрлик хабарчиси бўлиб қолади. От эгарига ташланган қопчасидан бўй таратиб турган шифобахш гулу гиёҳлар — адабиётсевар халқимиз ўқиётган асарлари, равоч, анзуру чучмомалар — болаларга аталган китоблари, бу ёнидаги қопчасида эса алвон лолалардек ишқҳақидаги, мехру вафо ҳақидаги ашъорларидир.

Зулфия МЎМИНОВА, шоира.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот