АЁЛЛАР ТАЪРИФИДА


  Аёл уддалаганда кулармиш, хоҳлаганда йиғлармиш.

  Чиройли аёл кўзга, яхши аёл кўнгилга хуш ёқармиш.
  Аёллар чуқур, эркаклар кенг қарармиш. Эркаклар учун олам юрак бўлса, аёллар учун юрак олам эмиш.
Эркаклар улар ҳақида нима ўйлашларига, аёллар эса улар ҳақида нима дейишларига эътибор беришармиш.
  Эркаклар аёллар ҳақида хоҳлаганларини гапирармишлар, аёллар эркаклар билан хоҳлаганларини қилармишлар.
  Эркаклар қонунларни, аёллар қоидаларни тузишармиш.
  Эркак ҳис қилаётган бахтидан, аёл келтираётган бахтидан мамнун бўлармиш.
Эркакда ҳукмронлик, аёлда эгалик ҳисси кучли эмиш. 
Эркаклар ҳаммавақт ҳам қадрлаганларини севавермайдилар, аёллар фақат севганларинигина қадрлайдилар.
Аёлга ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш ҳар бир эркак зоти болалигидан бошлаб амал қиладиган бурчдир. 
  Доно одам аёл кўнглини ҳам, ойнани ҳам синаб ўтирмайди.
  Эътиқодга кўра лойдан яралганмиз, фақат аёллар сал юмшоқроқ лойдан бўлса ажаб эмас.  
  Табиат аёлга айтадики, уддаласанг гўзал бўл, хоҳласанг доно бўл, лекин оқила бўлишинг шарт. 
  Юқорида алломаларнинг ўзим эслаган айрим фикрларини мисол келтирдим. Ҳолбуки ушбу иқтибосий қайдлар уммонлар томчисининг қатрасидир. Аёл муҳаббати оловни, меҳри қуёшни, сабр-тоқати тоғларни лол қолдиради. Латофатию назокати, садоқатига таъриф ожиз.    
  Аёл зотининг мавқеи, ўрни, роли ҳақида сўз айтмоқ учун Инсоният тарихига бир назар солмоқнинг ўзи кифоя қилади. Қадим замондан бошлаб, энг қонли урушлар ҳам гоҳ аёлнинг бир карашмаси туфайли, ёки унинг эътиборини қозонмоқ, висолига етмоқ учун бошланиб, улкан зафарлару қурбонликлар унинг пойига нисор қилинган. Унинг шарафига не-не меъморий обидалар бино қилинган, ва, албатта, не-не ижод дурдоналарига улар илҳомчи бўлишган. Аёлни соҳибқудратлар ҳам, соҳибҳикматлар ҳам улуғлаган. Шундай бўлган, бўлаяпти ва бўлади. Баъзан ўйланасан киши, аёл таърифида айтилмаган биргина сўз қолдимикин, энди янги бир мавзу, сўз топиш қийин бўлар деб. Ахир, аёлни алқамоқчи шоирлар дастидан чамандаги турфа гул, самодаги Ойу, юлдуз ўз тинчлигини йўқотганига анча бўлган. Қайда дейсиз? Оламда биттагина аёл бор бўлса ҳам, у ҳақда нимадир дейишга янги сўз топилади, шак-шубҳасиз. Бор кашфиётлар дояси бўлмиш “хаёл”нинг “аёл”га уйқашлиги бежиз эмасдир, ахир.       
  Элда “эрни эр қиладиган ҳам, қора ер қиладиган ҳам” деб аччиққина, аммо, тўғри таъриф берилган аёл зоти, шундай, бизни хоҳласа зўр, хоҳласа кўр қилади. Истаймизми, йўқми, унга шунақа қудрат ато этилган. Биз уни ҳар қанча ожиза билмайлик, унинг куч-қудрати айнан шу ожизлигида. У кулиб сўлдириши, йиғлаб яшнатиши ҳам мумкин. Ҳеч нарса деёлмай қоласан.
  Инсон ўз умри даврида маълум бир муҳитларда шаклланади, фаолияти давомида танишлар, ҳаммаслаклар, ҳамкорлар, дўстлар орттиради. Лекин қаерда ва кимлар орасида бўлмасин инсон учун ибтидо ва интиҳо нуқтаси маълум. Бу унинг оиласи. Маълум бир анъаналар, урф-одатлар, тартиб-қоидалар, қадриятлар ҳукм сурадиган “оила” деб аталмиш қўрғони. Мана шу оила қўрғонининг муқаддаслиги, мустаҳкамлиги, демакким миллат чечаги, Ватан келажаги бўлмиш фарзандлар тақдири ҳам кўп жиҳатдан муҳтарама аёлларимизга боғлиқ. Албатта, “қарс икки қўлдан” деймиз, “қўш ҳўкизлигимиз” ҳам аён. Оила олдидаги бурч, масъулиятни ҳеч ким ўз бўйнидан соқит қилолмайди. Фақат биз нега кўпроқ Онанинг фидойилигию, Ёрнинг садоқатини тараннум этамиз, жигарлару, фарзандларнинг меҳр-оқибати ҳақида тавалло қиламиз. Бизнинг тинчимиз, баракамиз, орзу-умидларимиз шунга вобасталиги учун. Халқимизда “эркак кўчанинг одами” деган жайдари нақл бор. Биз эркаклар кўпгина қаҳрамонликларга мойил бўламиз ва кўпинча буни қойил қиламиз. Ва, албатта, истаймизми-йўқми, мазкур жасоратлар негизида асосан аёлга бўлган муносабат ётади. Ватанни ҳам онага менгзашимиз бежиз эмас. “Аёлинг солиҳа бўлса, иймонингнинг ярмига ёрдам бўлибди, қолганига ўзинг ҳаракат қил” маъносидаги Ҳадис айни ҳақиқат. Муштипар оқила оналаримиз бор бўлсалар, аёлларимиз вафоли, қизларимиз ҳаёли, келинларимиз иболи бўлсалар ҳаётимиз гулгун эмасми?! Опа-сингил, амма-хола, янгаларимиз бахтидан хаёлимиз мамнун эмасми?! Бари-баридан дилимиз фараҳга тўлмайдими, саъй-ҳаракатларимиз унумли бўлмайдими?!.  
  Камина ҳам баҳолиқудрат аёллар мавзусида қалам тебратганман. Айтишим керакки, мен учун бу жуда алоҳида қадрли мавзу. Гарчи кифтини келтиролмаган бўлсак-да, уларни таърифлашга кўп интилдик. Қўшиқлар, достонлар яратдик. Севдик, севамиз. Албатта, аёл зотига нисбатан юксак эҳтиромни сақлаган ҳолда (аслан, назмга дахлдорлигимиз учун улардан миннатдормиз) баъзан сал койиниб ёзганимиз ҳам йўқ эмас. Вақтида уларнинг “қоп кўтаргани”ю, “мардикорга” ёки “четга” чиққани, ёхуд “кўча кезгани” ҳақида куюниб битганимиз бор. Маъзур тутсинлар, аслида бу уларни қизғонганимиздан, уларга ҳамдардлигимиздан, қайғурганимиздан эди...
***
Ҳар эркак ҳам бўлолмас,
Вафодори аёлнинг.
Ҳамма эр ҳам бўлолмас - 
Сазовори аёлнинг.
Оро берур достонга,
Ибрат эрур бўстонга.
Офтобу Ой осмонга -
Гул рухсори аёлнинг.
Аёл борки, кўнгил бор,
Она, опа, сингил бор.
Нима оғир, енгил бор -
Бари кори аёлнинг.
Дунёнинг хуш лаззати,
Жаҳоннинг ҳам жаннати.
Раҳмати ё лаънати -
Бу дийдори аёлнинг.
Ҳолинг надир, бўл огоҳ,
Тополмайсан ҳеч паноҳ.
Учраб қолса баногоҳ -
Гар маккори аёлнинг.
Борингни бўлдирмагай,
Йўғингни тўлдирмагай.
Шунчаки ўлдирмагай -
Чаён, мори аёлнинг.
Қўлида жон риштаси,
Ҳаётинг сариштаси.
Дилгинанг фариштаси -
Чин дилдори аёлнинг.
Қалбинг ёритса кундай,
Дардинг аритса тундай.
Бўласан-да сўнг шундай -
Интизори аёлнинг.
Етолмайсан пул билан,
Зўру, зару, гул билан.
Бўлгин аввал дил билан -
Харидори аёлнинг.
Гар кўнгилдан бўлса гард,
Ё кўнгилда бўлса дард.
Бу оламда ҳамма мард -
Гирифтори аёлнинг!

   Бахтимизга бор бўлинглар, гўзал, мунис, дилбар Аёллар!

Бобур Бобомурод










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот