Мирзо Бобурнинг ҳарбий нотиқлик маҳорати


   Нотиқликнинг бир қанча турлари бор. Булар ижтимоий-сиёсий, академик, диний, суд нотиқлиги, ҳарбий ва ижтимоий-маиший нотиқликдир. Булар ичида алоҳида ажралиб турадигани ҳарбий нотиқликдир. Тинчлик шароитида ҳам, давлат бошқаруви, ҳатто уруш шароитида ҳам қўшинни бошқаришда нотиқлик санъатининг алоҳида ўрни бўлганлигига узоқ асрлик тарих гувоҳ. Чунки кўзланган мақсад бу стратегия бўлса, уни амалга ошириш йўллари бу тактикадир. Демак, ҳар қандай стратегиянинг таъсирчан механизми бу тил тактикасидир. Ҳарбий нотиқлик моҳият эътибори билан  жанговарликни, хитоб ва даъватни англатади. Шунинг учун ҳам машҳур Рим нотиғи Марк Туллий Цицерон "Тарихда ё яхши ҳарбий саркарда ёки нотиқ бўлиш керак" - демаган. У кўриб кузатгани ва англаб етганидан сўнг шу фикрга келгани аниқ. Демак, нотиқлик ва ҳарбий соҳадаги фаолият ўзаро узвий боғлиқдир. Ҳар қандай ғалабани таъминлаш мезони бевосита нотиқлик маҳорати билан боғлиқ. Соҳибқирон Амир Темур ҳам жанг санъатида, бошқарув тизимида нотиқликнинг алоҳида ўрнини эътироф этгани ва амал қилгани бежиз эмас. Жангда ғалабанинг гарови ўзига ишонч билан боғлиқ бўлгани каби сўзга ҳам бевосита боғлиқ. Қўмондон қўшинига ўз нутқи орқали ишонч руҳини берса, у дадил ҳаракат қилади ва зафар қучади, акс ҳолда, мағлубиятга учрайди. Шунинг учун ҳам нотиқликнинг асл моҳияти ишонтириш орқали таъсирлантириш санъатидир. Ҳарбий соҳада душманни қанча қўшини, қанча қурол-яроғи, қанча отлиғ ёки пиёда аскари борлигини билиб, ҳужум қуруқликдами, сувдами ёки ҳаво орқалими эканини аниқлаб олингандан кейинги ҳаракатгина муваффақият келтиради. Нотиқлик ҳам шунга монанд. Унда ҳам тингловчиларнинг касби-кори, қизиқиши, дунёқараши, тафаккури, билим даражаси, савияси, жинси, эътиқодини билиб туриб сўз айтиш муваффақият келтиради. Нотиқлик ҳам худди ҳарбий жанговарликка ўхшаб ўзига хос стратегияга, ўзига хос тактикага эгадир. 
  «Темур тузуклари»ни нутқ санъатининг ноёб намунаси дейиш мумкин. Кейинги авлод темурийзодалардан бўлган Заҳириддин Муҳаммад Бобур  соҳибқирон Амир Темурнинг жанг санъати ва бошқарув маҳоратидан ташқари, ўз сўзи, нутқи ва воизлик маҳоратига эга бўлганини ҳам эшитган, билган. «...ҳар ким ўз сўзига эга бўлсин, ишини билиб ўзи қилсин, яъни раият подшоси айтган сўзини, қилган ишини ўзи айтади, ўзи қилади...» деган “Темур тузуклари”даги битиклар ҳам ўша даврда нотиқлик санъатининг рутбаси юқори бўлганини билдиради.
  “Яхши нутқ эгаси – уқувли, қатъиятли, ўзига ишонган бўлиши даркор, чунки ваъзхонлик – куч. Воиз бўлиш учун, сўзнинг қудрати ва сеҳрини эгалаш лозим. Амир Темурнинг қудрати, аввало, унинг донишманд фикрларида, маслаҳатли кенгашлардаги сўзланган нутқларида намоёндир, чунки XIV асрда марказлашган феодал давлатни тузиш, улкан қўшинга саркардалик қилиш учун ҳар тарафлама билимдон, қатъиятли, воиз-шахс бўлиш лозим эди”, - деб ёзади А. Арипова ўзининг “Иқтисодий нутқ асослари” ўқув қўлланмасида.
  Ушбу сифатларни ҳеч иккиланмасдан Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида ҳам айтиш мумкин. Ҳинд халқининг буюк давлат арбобларидан Жавоҳарлал Нерунинг ушбу мулоҳазаси ҳам юқоридаги фикримизга далилдир.  “Бобур дилбар шахс, Уйғониш даврининг типик ҳукмдори, мард ва тадбиркор одам бўлган. У санъатни, адабиётни севарди, ҳаётдан ҳузур қилишни яхши кўрарди...” 
  Мард ва тадбиркор,  санъатни севган кишигина қатъий ирода, ўз сўзига, фикрига эга инсон бўлиши тайин. Жонли манзаралар яратувчи, даъваткор кучга эга сўзнинг ўрни катта. Тўп-у замбараклар, беҳисоб қўшин эплай олмаган ишни оддий сўз бажара олганига тарих шоҳид. 
  Бобурнинг нутқий маҳорати ҳақида муфассал маълумотни шоҳ ва шоирнинг қизи Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асаридан олиш мумкин.  
  1527 йили Бобурнинг Ҳиндистонда Рано Санго билан жанги олдидан қўшинлари орасидаги вазият азиятга сабаб бўлади. Боши қовушмаган жангчилар орасида  ихтилоф ва тарқоқлик бошланади. 
  Шунда Бобур лашкарга қарата жонли, таъсирчан нутқ ирод қилади. Гулбаданбегим “бунга мажлисдагиларнинг ҳаммаси рози бўлишиб..., томиримизда бир томчи қонимиз қолгунча курашамиз, деб қасам ичадилар...” деган далилни келтиради: “Ҳар кимки ҳаёт мажлисига кирибтур, оқибат ажал паймонасидин ичкусидир ва ҳар кишиким, тириклик манзилига кирибтур, охир дунё ғамхонасидин кечкусидур, ёмон от билан тирилгандин, яхши от билан ўлган яхшироқ... Тангри таоло бу навъ саодатни бизга насиб қилибтур ва мундоқ давлатни бизга қарийб айлабтур. Ўлган шаҳид ва ўлдурғон ғозий, барча Тангрининг каломи билан онт ичмак керакким, ҳеч ким бу қатолдин юз ёндирур хаёл қилмай, то бадандин жони айрилмағунича, бу муҳориба ва муқотиладин айрилмағай...” 
  Бобурнинг ушбу оташин, жанговар нутқидан сўнг барча аскарлар якдил ҳолда, жам бўлиб, жангга киришган. 
  Жанг олдидан лашкарни руҳлантириш, ғалабага нисбатан ишонч туйғусини уйғотиш тажрибали қўмондонларнинг фаолиятида синашта бўлган.  Наполеон Бонапарт жангга киришишга тайёр турган қўшинга қарата шундай дейиши одат бўлган. "Жангда ўлишни ҳамма эплайди. Мард ва жасур жангчиларгина тирик қолади. Менга ўлигингиз эмас, тиригингиз керак. Шундай экан, барчангизга ўлмасликни буюраман, олға!"- дея хитоб қиларкан.
  Бобурнинг нотиқлик маҳоратига мисол сифатида шунга ўхшаш яна бир ҳолатни  кузатиш мумкин. Ҳиндистонда давлатчилик сиёсатини мустаҳкамлаш, майда-майда феодал, рожаликларга бўлиниб кетган юртни яхлит давлатга айлантириш, ўлка вилоятларини марказий салтанатга бирлаштиришда ҳам у риторик санъатнинг имкониятларидан фойдаланган. Бобур Мирзонинг ҳарбий маҳорати ва нотиқлик санъати имкониятларини билиши жанг-у жадалларда қўл келганига Ҳинд ва Aфғон замини сари ҳарбий юришларида яққол кўринади. 1525-йилда Бобур Рано Санго билан иттифоқ тузиб, Шимолий Ҳиндистонни эгаллаш мақсадида Иброҳим Лўдийга қарши жангга кирди. 1525-йил кеч кузда Бобур Панжобни бўйсундирди, 1526-йилда Панипат қишлоғи яқинидаги биринчи жангда Бобуршоҳ қўшини Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг укаси Маҳмуд Лўдий қўшини устидан ғалаба қозониб, Бенгал шоҳи Нусратшоҳ билан дўстона алоқаларни ўрнатди. 1526-йил апрелдаги Панипат жангида Бобур асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг 100 минг кишилик қўшинини ўзининг 12 минглик аскари билан тор-мор қилиши ақлга сиғмайдиган ҳол. Ўн икки минг аскар орасида юз минг қўшинга қарши жангга кириш мушкул эканини ўйлаб, талмовсираш бошланади. Уй-жойини қўмсаб, оила ва фарзандлари дийдорини кўрмасдан беҳуда ўлиб кетиш хавфи аскарларни чўчитади. Жангга киришдан бўйин товлаганлари ҳам бўлади. Бундан аччиқланган Мирзо Бобур ўз жаҳлини сездирмасдан от устида тикка тургани ҳолда аскарларига шундай мазмунда мурожаат қилади. "Ораларингизда ўлмайдиган, абадий тирик қоладиганингиз борми?" Ҳамма жим. У давом этади. "Қуёш ботиш учун чиқади, одамзот ўлиш учун туғилади. Бу айни ҳақиқат. Ит ҳам ўлади, йигит ҳам ўлади. Лекин уларнинг ўлими орасида фарқ бор. Ит нафси сабаб ўлса, йигит ҳамиятини, юртини, ор-номусини ҳимоя қилиб жон таслим этади. Йигит киши ўз элини, ватанини, шон-шавкатини, дин-диёнатини, она тупроғини кўз қорачиғидек асраш йўлида вафот этса бу шарафли ўлимдир. Авлодларнинг эрки, тинч ва осойишта яшашидан улуғ неъмат борми, ўзи. Енгсак ғозиймиз, мабодо, қазо қилсак шаҳид ҳукмидамиз."  Буни тинглаган аскарлар бир неча сония жим туришади. Бироздан кейин бутун оламни тутгудек наъра тортишади. "Биз жанггга тайёрмиз, биз албат енгамиз!" Аскарлар қилич ва найзаларини баланд кўтариб жангга шайлигини билдиришади. Ана шу нутқий хитоб, жанговарлик руҳи билан суғорилган даъватнома нутқ Деҳлини эгаллашга, 1527-йил мартда Бобур Сикри яқинидаги жангда ражпутлар сардори Рано Санго қўшинини тор-мор этиб, бутун Шимолий Ҳиндистонни бўйсундиришига сабаб бўлади. 
  Заҳириддин Муҳаммад Бобур Мирзо нотиқлик санъатини мукаммал эгаллаган бўлиб, у нафақат ҳарбий нотиқликда, балки умуман воизлик санъатида юқори чўққига эришган маҳорат соҳибидир. Бобур ўзи ва сўзи жоиз бўлган воиздир. У кимга, нима ҳақда, қачон, қаерда, қандай қилиб, муҳими, қанча айтишни тақозо қиладиган санъат моҳиятини билган ва амалда қўллай олган шоҳ ва шоирдир. Унинг назарида инсоннинг ўзлиги учун кўзгу унинг сўзлигидир. 

Cўзингким ҳизр суйидин нишондур, 
Вале ул сув киби мендин ниҳондур. 
Ҳар вақтке кўргасен менинг сўзумни, 
Сўзумни уқуб англагайсен ўзумни.

  Англашилаяптики, кишининг нутқи унинг хулқининг кўзгусидир. Чунки инсоннинг ўзига қараб кутишни, сўзига қараб кузатишни халқимиз жуда яхши билади.
  Бобур таъбирича, “...ўзни ёндоштуруб ўзинг бирла, сўзни чирмаштуруб сўзунг бирла...”; ўзгани ўзингга “ёндоштиришинг”  ғалаба гарови, “инсонлик нишони сўзламоқ”  эканлигини у .чуқур идрок этади.
  Ўзининг ижодий фаолиятида ҳам воизлик санъатининг муҳим бир бўғини риторик мурожаат шеърий санъатидан ҳам унумли ва ўринли фойдаланди. Навоий поэтикаси бўйича йирик мутахассис Ёқубжон Исоқовнинг мазкур санъат ҳақидаги фикрларида ҳам шунга ишора бор: “Риторик мурожаат – қадимги даврларда (Юнон-Рим) нотиқлик санъатининг муҳим жиҳатларидан бири бўлган. Риторик мурожаат бадиий адабиётда услубнинг ҳиссийлигини таъминловчи омиллардан бирига айланган." Англашилаяптики, Риторик мурожаатдаги тингловчига қаратилган нидо, хитоб тарзидаги поэтик мурожаатлар Бобур ижодига ҳам жило бергани рост. 
  Адабий меросимизда қўлланилган Оллоҳ, Ё Раб, фалак, соқий, муғанний, сабо, ошиқ, маъшуқа, ағёр каби анъанавий характердаги риторик мурожаатлар фонида Бобур мирзо юрт соғинчи, илмга даъват, жанговар хитоб, рақибга қарши даъват мазмунини ҳам сингдирган.
   Жанговар ва тинчлик шароитида ҳам нутқнинг ўрни борасида сўз кетаркан, Бобур мирзонинг ҳаётий ва ижодий фаолияти бунга мисолдир. Стратегик мақсадларни амалга ошириш тилни қўллаш тактикаси билан боғлиқ бўлган айни замонда Бобур мирзо қарашлари ижтимоий моҳият касб этиши тайин. 

   Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ, "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" Миллий тадқиқот университети доценти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва "Маърифат" тарғиботчилар жамияти аъзоси.
Мусаввир - Сарвар ФАРМОНОВ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот