БИЗГА ҲАЁТ БЕРИЛГАН


 

Яхши, ёмон қиламизми,
Ўзни бошлиқ биламизми,
Ё ижрочи бўламизми,
Минг тирилиб, ўламизми,
Бизга ҲАЁТ берилган.


Ичингизда сақлаб гина,
Аламзада жиндеккина,
Ва ўч олмоқ илинжида,
Юрманг қариб деб беҳуда,
Бизга ҲАЁТ берилган.


Қасос ўти еб, кемирар,
Киссада йўқ ҳемирилар,
Ўзин бой кўрсатиб бунча,
Рол ўйнайвер деб ўлгунча,
Бизга ҲАЁТ берилган.


Кечиримли бўлмоқ яхши,
Ўйнаб-кулмоқ - умр нақши.
Юраклардан тошса нола,
Аллоҳга қил деб ҳавола,
Бизга ҲАЁТ берилган.


Вақтлар ўтиб, тарқар булут,
Ғазаб сўниб, азоб унут...
Замондошим, соғ бўлинг, бас,
Майда-чуйда гап муҳиммас,
Бизга ҲАЁТ берилган!


Қолган кўнгил, ишонч зое,
Мунофиқ юз сертавозе,
Суратига чизгилар бор,
Дунё паст деб, дунё беор,
Бизга ҲАЁТ берилган.


Шоҳми гадо бўлар эга,
Ёшу бошда йўқдир чега.
Дунёгамас, дунё сизга
Қуллуқ қилсин изингизга,
Бизга ҲАЁТ берилган!


Бу дунё бевафо дунё,
Бир кам, кўркам, сафо дунё,
Дунё деб кўп, хўп юрилган,
Дунё топ, имкон берилган,
Бизга ҲАЁТ берилган!
Бизга ҲАЁТ берилган!


Умида Абдуазимова