Кел, баҳорой!


 

 

КЕЛ!..

 

Кел Баҳорой, гул-лола териб,
Муз қалблардан қишларни ҳайдаб.
Сумалакка тилла ранг бериб,
Заҳар санчар нишларни ҳайдаб.
Кел!..
Келибсан демайлик чакки,
Кел, дўл-довул қовоғинг уймай.
Бир ёмонлик ортидан икки
Яхшилик бор, дейишни қўймай.
Сумалакдан сочлари узун,
Ҳур қиз қарар кўзлари сузгун.
Кел, парилар шопирди, уни,
Кел, эркалаб эрталаб сузгин.
Қаҳратон қаҳрида синалиб,
Сабр сўнгги - зафар, деб келгин.
Митти гулим ҳам мард саналиб,
Келаман ҳар сафар, деб келгин.
Гулинг сиққан кўнглимга тилмоч
Ҳуррам ҳаётимдан қувнаб кел.
Гулин тутсин суқилган ёғоч,
Ҳоҳла ўнг кел, ё ҳоҳла, чап кел!
Кел, истагин қилмоқ-чун удда,
Изланганлар қолмасин ўчиб.
Ўлимданмас, умри беҳуда
Ўтганидан қўрққанни қучиб.
Кел, Баҳорой, келгинки шоён,
Бола кўнгил бўлиб қолайлик.
Ҳаммамизга бўлсин ошиён,
Эртакларнинг шаҳри болалик!
Ясаб берсин акамиз варрак,
Опа-ука... ҳаммамиз жаммиз!
Ҳаммадан ҳам бизга жон ҳалак,
Ёш, навқирон ота - онамиз...

 

АРАЗ

 

Баҳор биздан аразлаган кўринар,
Аразини тарқатмоққа уринар.
Лекин кимдир кимни соғинтирмоққа,
Ошиқиб шошилар ташлаб фироққа.
Ким намойиш қилиб гўё бахтини,
Йўқотиб қўймоқда тахту нақдини.
Эски йўлдан чопса топиб « янгисин»,
«Эски» кулиб турар деб, «бир гангисин!»
Елкасига қоқар ким чангин қоқиб,
У бечора қувнар бахт деб ютоқиб.
Кўнгилга қўл солсанг қўлинг тозами,
Тор уйингга кенг дунё андозами?
Эркак бўлиб туғилган шодлантириб,
Наҳот юрар аёлман, деб тентираб?
Қўй бўридан қўрқиб яшармиш, аммо,
Гўштин чўпон ермиш, мана муаммо!
Гар ёдидан чиқмас ёмонликлари,
Гумон унинг бунда омонликлари.
Тирноқ остидан ким изламаса кир,
Ҳамма билан яйраб яшаб, бахтлидир.
Юринг баҳор сайлида бола бўлиб,
Ноламас, куй-қўшиқ, гул-лола бўлиб.
Файз бўлсангиз у ясатар гулшанда,
Баҳор биздан аразламас ўшанда!

 

Умида АБДУАЗИМОВА