ОНАМ ҚАЙНОНАМДАН МЕНИ РАШК ҚИЛАДИ


   Жуда қийналиб кетдим. Биргина бошимга шунча ғавғо. Ота-онамнинг мен билан алоқани узишганига мана бир ойдан ошди. Телефон қўнғироғимга жавоб беришмайди, борсам совуққина кўришишади. Сабаби...

   Қайнонамнинг йиқилиб бели синганига тўрт ой бўлди. Ўзимдан ортмайман. Тўрт фарзандим бор, уй бекасиман, лекин бу оёғимни чўзиб ўтираман дегани эмас. 

Эрталабдан кечгача меҳнат қиламан. Қайнотам нафақада, қайнонам ногирон. Каравотда ётибдилар. Йиқилиб тушиб, умуртқалари жойидан силжиган. Улари турғазиш, едириш, кийдириш, ювиб-тараш осон эмас! Ногиронларни боқадиганлар мени тушунади.

   Фарзандларимнинг тарбиясига ҳам алоҳида эътибор қаратаман. Иккита тўнғичим уйга келади-ю, тушлик қилиб яна мусиқа мактабига, каратэ тўгарагига қатнайди. Кичкиналарини боғчага бермаганман, уйдалигим учун мен билан уйда қолишади. 

   Олий маълумотим бор. Қиз боланинг ўқиши шарт эмас, деганлар адашишади. Уйда ўтирган аёл учун ҳам касб керак . Инглиз тили филологиясини тугатганман. Ота- онам шартнома пулини бериб мени ўқитганидан ўлгунимча миннатдорман, чунки фарзандларимга билан инглиз тилини ўргатиш учун улар билан шу тилда гаплашишга ҳаракат қиламан. Тўртталаси ҳам тилни яхши билади. Катталаримга кечқурун дарс тайёрлашларига ёрдам бераман. Барчаси аълочи. 

   Бўш вақтим деярли бўлмайди. Эрим ҳар куни ишда, меҳрибон, эътиборли инсон. Мени шу даражада севадики, уйда бўлмасам овқат емайди. 

  Эримни мен ҳам севаман. Шунинг учун уйдаги барча қийинчиликларга чидайман. Қайнотамга ҳурматим чексиз. Қайнонам касаллигидан олдин жуда қайсар ва ўжар эди. Уришқоқ, ҳар бир гапида мени чақиб оладиган инжиқ қайноналар турига мансуб. Ногирон бўлиб қолгач ҳанузгача инжиқ- куя, лекин анча попуги пасайди. Тавба қилади, мени дуо қилади ҳар замонда. 

  Эрталаб барчани ишга ва мактабга кузатгач, онамга албатта қўнғироқ қилиб ҳол-аҳвол сўрайман. Лекин боришга вақтим бўлмайди. Кичкиналарим ухлаган вақт уйда қўни-қўшнининг, таниш-билишларнинг фарзандларига репетиторлик қиламан. 

   Муаммо шундаки, бир ой аввал ўзимнинг онам касал бўлиб қолдилар. Жиддий эмас, оёқлари оғриб юришга қийналиб қолдилар ва озгина шамолладилар. Уларни ҳафтада бир марта, турмуш ўртоғим уйда эканлигида бориб кўриб келардим. Лекин қайнонам ётиб қолганларидан кейин бир ойда икки марта боришга имкон топдим. Балки бу жуда оздир? Лекин мени ҳам тушунишлари керак-ку? 

   Охирги марта "она, бугун бораман”, деб қўнғироқ қилсам, "келма, керак эмас!”, деган қаътий жавобни олдим. 

 Айбим онамнинг касаллигини билиб бир кеча ҳам ёнларида тунаб қолмабман, уларни чўмилтирмабман, овқат пишириб бермабман. Тўрт ойдан бери бир кеча она ёнимда қолмаганим оғир ботибди. Мен умуман бегона эканман. Дадам ҳам, онам ҳам мендан норози, тилига яраша жазосини тортаётган қайнонамнинг "остини” тозалаб хушомад қилармишман. Онамга эса ҳеч қарамас эмишман.

  Ўз онам мени тушунмаса ким тушунади? Нима қилишим керак? Ногирон қайнонамни ва фарзандларимни эркакларга ташлаб кечаси қизлик уйимда қолайми? Отам битта гапни такрорлагани-такрорлаган: "Муқаддас китобимизда ота-она биринчи ўринда туради, аввал уларни рози қилишинг шарт! Қайнона барибир бегона”. Айтинг, қандай йўл тутай, эримнинг иккита опаси бор, аммо улар тақдир тақозоси билан хорижда яшашади. Мен уларнинг суянган одамиман. Мен узатишаётганида қайнота-қайнонангнинг хизматини қилгин дейишган, энди бўлса мени рашк қилишадими-ей.. Агар мен ҳам қайнопаларимдек хорижда яшасам нима қилишарди? 

Барно Халилова, Тошкент шаҳри.

Мазкур саволга жавоб ахтариб ёши катта аёллар билан телефон орқали боғланиб фикр олдик.

 

Сайёра Болтаева - Жиззах, нафақада:

- Мен ҳам касал қайнонамни боққанман. Худога шукр, кам бўлмадим. Лекин энг аввало ота ва онани рози қилиш керак. Биз сигир соғиб, деярли кун ора нон ёпиб, болаларимизни бир этак қилиб, яна унинг устига тикиш тикиб бола боққанмиз. Бошқа вилоятда яшайдиган онамиз бетоб бўлса, вақт топиб бир- икки кун яшаб, ювиб-тараб ҳам келганмиз. Аёл кишида истак бўлса ҳар доим вақт топади! Репетиторлик қиларкан қизимиз, демак пули бор, бирор қўшниними, ҳеч бўлмаганда бирорта узоқроқ қариндоши бордир, ёки бўлмаса бирорта аёлни ёлласин. Бир-икки кечага. Онангизни зорлантириб қўйибсиз. Бу яхши эмас. 

 

Бибинур Ҳасанова – Андижон, 55 ёшда:

- Муқаддас китобимизда қайнона эмас, такрор ва такрор ота-онага яхшилик қилинсин дейилган. Аёл эрга хизмат қилиши керак аслида, эрнинг хаққи аёлда кўп, аёлнинг ота-онасидан кўра. Эридан кейингина ўз от-онасини эъзозлаши керак, бироқ қайнонани эмас. Энди агар қайтар дунёга ишонсангиз... қайнонага яхшилик қилиш керакдир? Мен бошидан қарғиш олмаслик учун алоҳида яшаганман, то шу кунгача. 

 

Дилшодбегим Зариф (психолог) : 

-Нигорахон, сиз уйини ҳам, болаларини ҳам ҳеч кимга ишонмайдиган аёллар тоифасидан экансиз. Бундайлар инжиқ, ўта озода, ўзига ва атрофдагиларга нисбатан талабчан бўлишади. Моддиятга, уй- рўзғор ташвишларига бу даражада жиддий қараш оқибатида ота-онангиздан узоқлашаверасиз. Маблағингиз бор. Бир кечага аёл энагани ёллаб кетсангиз бўлади. Аммо сиз бундай қила олмайсиз. Сизда бировга ишонмаслик, рашк ҳисси кучли. Рашк бу эркакка нисбатан эмас, бегона одамнинг уйингизда бўлишига нисбатан рашк. Фарзандларингизни, қайнонангизни ҳам, аниқроғи яшаётгануйингизни сиз бировга ишонмайсиз. Лекин бир нарсани унутманг, моддиятдан ҳам устун нарсалар мавжуд: ота-онага нисбатан меҳр, дийдор, улар олдидаги бурч. Яъни ота- онангиз олдида ҳам ўзига яраша бурч ва вазифаларингиз бор. Айни пайтда менинг вазифам, қайнонамга хизмат қилиб эрим ва қайнотамнинг мақтовларини олиш деб тушунасиз. Болалагингизга назар ташлаб кўринг, балки сиз ота-она уйида камситилгансиз, ёки сизга лидер сифатида қаралмаган бўлиши мумкин, бундан ташқари ота-она меҳри сиз истагандек бўлмагандир? Агарда қиз бола уйида кўрмаган эътиборни эрининг уйида кўрса, ота-онасига нисбатан эътиборсиз бўлади. Уларнинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг. Ўшанда соғинч хиссининг нақадар оғир эканлигини ҳис этасиз. 

  Инсонда хоҳиш бўлса, албатта ҳар бир ишга улгуради. Ота-онамнинг дийдорига тўйиб қолмадим, деб кейин бир умр афсус чекиб юрманг. Рўзғорнинг ҳар кунги кўринмас ишлари сизни ипдек ўраб олаверади, умр эса бизга берилган синовлар дунёси, кўз очиб юмгунингизча ўтиб кетганини ҳам билма қолайсиз. Ота-онангиз эса такрор дунёга келишмайди, уларни йўқотсангиз қайта тополмайсиз. Шуни ёдингизда тутинг! 

 

Фазлиддин Мусоқов, Тошкент вилояти, Оҳангарон тумани "Қурайш” жоме масжиди имом-хатиби: 

- "Қайнона бегона”, деган фикрга қўшилгим келмайди. Шу аёлнинг ўғли эрими, демак, унинг ота-онасини ҳам ўз ота-онасидек тенг кўриши яъни, меҳр бериши даркор. Эр ва хотин никоҳда экан, бир- бирларини ҳурмат қилишгани каби қариндошларини, энг аввало ота-оналарини бирдек эъзозлашлари шарт.

  Албатта, ота-она розилигини олиш, уларга нисбатан меҳрли бўлиш, ҳар бир фарзанднинг бурчи. Юқоридаги ҳолатда эрнинг ҳам айби бор. Эрнинг асосий вазифаларидан бири ота-онаси дуосини, ризолигини олишда хотинига кўмаклашиш, яъни аёлини ота-онасиникига бориши учун шароит яратиб бериши зарур. Бу унинг бурчидир! Келин қайнона ва қайнотасини ҳурмат қилгани каби эр ҳам аёлининг ота-онасини ҳурматлаши зарур. 

 

Мадинабону ОДИЛЗОДА тайёрлади.

2017 йил.