Буханка нонларни сақлаш муддати қанча?


  
Буханка нонларни сақлаш муддати қанча?
Ёхуд моғорланган нонни истеъмол қилса бўладими?

  "Ёз фасли бошланиши билан ҳар доим дўкондан харид қилинадиган буханка нонларимизнинг мазаси тез бузилади. Баъзан ҳатто бир кеча-кундуз ўтмасдан, ўртадаги мағзи ёпишқоқ бўлиб қолади. Нима учун шундай ҳолат юз беради? Хамиртуруши кўпми ёки ишлаб чиқариш меъёрларига риоя этилмагани оқибатими? Илтимос, шу ҳақда маълумот берсангиз.
Ҳабиба, Зангиота тумани”.
 
    Бугун савдо дўконларида расталарни тўлдириб турган, энг кўп истеъмол қилинадиган, кундалик эҳтиёж катта бўлган маҳсулотлардан бири нондир. Савдо дўконларида сотиладиган ноннинг турлари кўп. Аҳоли орасида энг кўп истеъмол қилинадигани эса, қолипли нон (буханка)дир. 
  Кунлар исий бошлагач, кўпгина хонадонларда бир муаммо пайдо бўлади. Бу иссиқ ҳавода кундалик маҳсулотлардан бири бўлмиш нонни қандай сақлашдир. 
    Шу ерда ўринли савол туғилади. Бугун қолипли нон етказиб бериш қай даражада йўлга қўйилган? Уларга мувофиқлик сертификати қандай берилади? Ноннинг сифати ва хавфсизлигини қандай аниқлаш мумкин? Бу борада соҳа мутахассисларининг фикрига қулоқ тутдик.

Маълумот ўрнида...

    Инсон бир кунда ўртача 300 граммдан 500 граммгача нон истеъмол қилган тақдирда 800-1000 ккал. энергетик қувват, 25-35 грамм оқсил ва 150-200 грамм углеводларга бўлган организмнинг  кундалик эҳтиёжи қопланади. 
    Ёш болаларда ноннинг кунлик меъёри 100-300 гр атрофида бўлади. Ўсмир ёшдагилар эса 400 гр нон истеъмол қилиши керак. 
   Бундан ташқари нон маҳсулотлари таркибида В гуруҳига мансуб витаминлар, РР ва Е витаминлари, калий, кальций, магний, натрий, фосфор ва хлор макроэлементлари ҳамда темир, мис, йод, марганец ва фтор микроэлементлари мавжуд.
 
Бир кунда 350 тонна...

Гулчеҳра ҲОШИМОВА,
"Тошкент нон” ишлаб чиқариш уюшмаси бош технологи:
– Бугунги кунда бизнинг "Тошкент нон” ишлаб чиқариш уюшмаси тизимида 45 та корхона фаолият кўрсатиб келмоқда.  Мазкур корхоналарда "Тошкент дон маҳсулотлари” ва "Ғалла-Алтек” тегирмонларида ишлаб чиқарилаётган ва темир, рух, фолий кислотаси ва В гуруҳидаги витаминлар билан бойитиб келтирилган биринчи навли ундан вазни 600 гр. бўлган қолипли нон (буханка) ишлаб чиқарилмоқда. Унни бойитиш нон маҳсулотлари сифати ва таъмига асло таъсир кўрсатмайди. Нон ёпишда бойитилган ун ўзининг фойдали моддаларини 95 фоизгача сақлаб қолади. Нон тайёрлашда ишлатиладиган уннинг навига қараб унда 56,2 фоизгача углевод, 9,0 фоизгача оқсил ва 2,0 фоизгача ёғ моддаси бўлади.
     Айни вақтда "Тошкент нон” ишлаб чиқариш уюшмасига қарашли корхоналарда бир кунда 350 тонна қолипли нон ишлаб чиқарилиб, истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. 

Кам ҳам, кўп ҳам бўлмасин

Нодира КАСИМБЕКОВА,
Тошкент шаҳар сертификатлаштириш маркази 1 тоифали мутахассиси:
–  Нон ишлаб чиқаришдан олдин унга ишлатиладиган ҳар бир хомашё учун мувофиқлик сертификати бўлиши талаб этилади. Унга кўра, ҳар бир маҳсулот давлат стандарти асосида тайёрланган ва қадоқланган бўлиши керак. Нон тайёрлаш учун олий навли ундан фойдаланилади. 
     Ушбу маҳсулотнинг озуқавий ва биологик қиймати, фойдаланилган уннинг (буғдой, арпа, маккажўхори, нўхот) тури ва унга қўшилган озуқавий (сут, ўсимлик ёғи, жизза, майиз, ёнғоқ ва бошқалар) қўшимчаларга боғлиқ. Ушбу неъматнинг сифати – намлик, кислоталик ва ғоваклик каби физик-кимёвий кўрсаткичларга ҳам боғлиқдир. Намлиги белгиланган меъёрдан юқори бўлган ноннинг сифати пасайиб, ҳазм бўлиши қийинлашади. Шунингдек, кислоталиги белгиланган меъёрдан юқори бўлган нон, меъданинг шира ишлаб чиқарувчи безларини фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, ширанинг кислоталиги ошишига олиб келади. Ғоваклиги кам бўлган нон маҳсулотлари истеъмол қилинганда эса, меъда-ичак тизимида ишлаб чиқарилган ҳазм қилиш шираларининг таъсири пасайиб, нон маҳсулоти тўлиқ парчаланмай, унинг таркибидаги организм учун фойдали бўлган моддалар тўлиқ сўрилмайди.
     Намлиги белгиланган меъёрдан юқори бўлган нон маҳсулотлари ҳамда уларни нотўғри сақлаш натижасида, улар моғор замбуруғлари билан зарарланиши мумкин. Бундай зарарланган нон маҳсулотларини асло истеъмол қилиб бўлмайди. Чунки сифати бузилган нон маҳсулотларини истеъмол қилиш оғир (микотоксикоз) хасталиклар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
      Нон харид қилаётганда асосан унинг ранги, ташқи кўриниши, намлиги ва ҳидига алоҳида эътибор берилиши керак. Чунки унинг сифати қай даражадалиги мана шу кўрсаткичларга бевосита боғлиқ бўлади. 

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА тайёрлади.