Мукаммал қолип – иштаҳабоп пишириқлар гарови!


  

   Ҳар бир уй бекаси ошхонасида пишириқларга турли-туман шакллар берадиган қолип бўлиши лозим. Қолиплар сабзавотлар ёки қандолат маҳсулотларидан пишириқлар тайёрлашда бекалар учун бебаҳо ёрдамчидир! Шунинг учун ҳам, пишириқ шаклини танлашда моҳирона ёндашиш талаб қилинади.

   Хўш, қолип танлашда энг аввало, нимага эътибор қаратиш керак? Маҳсулот шакли, қандай ҳароратгача чидамлилиги ва шакл беришда қанчалик енгил ё қийин бўлиши асосий омил саналади.

  Айни вақтда ишлаб чиқарувчилар шакл берувчи қолипларнинг силиконли, чўян, тефлонли, сопол ва шишали турларини таклиф этишмоқда. Қуйида уларнинг ҳар бири ҳақида муфассал тўхталиб ўтишга ҳаракат қиламиз.

  Силиконли – анча универсал ва бошқа турларига нисбатан таққосланганда оддий, қулай ҳисобланади. Бундай қолиплар 60 даражадан 250 даража Цельсийгача бўлган ҳароратга чидамли. Шунинг учун бундай қолипларда нафақат қайноқ пишириқлар тайёрлай оласиз, балки тайёр маҳсулотларни иситиш имконига ҳам эга бўласиз.

   Бундан ташқари, эгилувчанлиги туфайли, силиконли идишда тайёр маҳсулотни кўтариш ва уни ағдариш осон кўчади.

  Лекин бирмунча афзалликларга эга бўлса-да, улар айрим қусурлардан ҳам холи эмас. Энг асосийси: бундай идишларни парваришлашни истасангиз, фойдаланиш чоғида унга чарх, қайроқ, металл ва ўткир, кескир буюмларни теккизманг, акс ҳолда қолипни шикастлаб қўясиз. Қолган жиҳатларда эса, ошхонада унга тенг келадиган қолип йўқ. Улардан қандолат маҳсулотлари, қайноқ таомлар тайёрлашда нафақат газ плитасининг қиздиргичи, балки микротўлқинли печ ичига ҳам қўяверишингиз мумкин.

  Бироқ барибир пишириқлар учун энг қулай ва кўпчилик фойдаланишга одатланган тури – чўянли қолип бўлиб, улардан ота-боболаримиз давридан буён фойдаланиб келишган. Албатта, бугунги кунга келиб, аввалгига қараганда, шаклан замонавий тус олган, аммо ундан фойдаланиш шароити ўзгаришсиз қолмоқда. Чўян қолиплар гўштли, балиқ ва сабзавот маҳсулотларидан пишириладиган таомлар учун қулай. Улар юқори ҳароратга чидамли ва бир текисда қиздиришни таъминлаш хусусиятига эга. Фақат биттагина арзимаган камчилиги бор – вазни оғир.

   Тефлонли қолиплар ҳам кенг қўлланилади, лекин айрим камчиликларга эга. Силиконлисидан фарқли равишда, уларни ҳар гал пишириқ тайёрлашдан аввал ичини мойлаш керак. Бундан ташқари, у жуда парваришталаб. Силиконли сингари, унга ҳам қайроқтош, чарх ва металл буюмларни теккизиб бўлмайди. Шунингдек, силиконли ва чўянли қолипдан фарқли равишда тефлонли қолиплар юқори ҳароратга дош беролмаслигини ёдда тутиш керак. Шунинг учун ундан 200 даражадан юқори бўлмаган пишириқларни тайёрлашдагина фойдаланилади.

   Сопол ва шишали қолиплар гўштли ва сабзавотли таомларни тайёрлашга қулай. Қолаверса, пишириқлар бундай қолипларда тез ва бир текисда пишиши билан қулай. Бир талай ижобий жиҳатларига қарамай, унинг ҳам ўзига хос нуқсонлари мавжуд. Энг аввало, юқори ҳароратга дош беролмайди: дарз кетиши ё синиши мумкин. Шунинг учун уни бирдан қизиб турган иситкичга солиш мумкин эмас, балки совуқ иситгичга солиб, аста-секинлик билан қиздириш мақсадга мувофиқ.

 Танловда адашмаслик ва турли таомларни тайёрлаш учун бир неча қолипларни харид қилишингиз мумкин. Масалан, парранда ва гўшт маҳсулотларини тайёрлашда чўянли, сабзавотлисига – сопол, ундан тайёрланадиган қандолат маҳсулотларига силиконли, пишириқ ва тортлар учун қалин ойнали ва ёндеворлари паст шишали қолиплардан фойдаланишни маслаҳат берамиз.

  Буларнинг барчаси энг ширин, мазали, ўзига хос, иштаҳани очадиган, кўзни қувнатадиган таомлар тайёрлашингизда уларни санъат дурдонаси даражасига етказишингизга имкон ярата олсин ҳамда оила аъзоларингиз ёинки дўстларингиз сизга тасаннолар айтсин!


Музаффар МУҲАММАДНАЗАР тайёрлади.

Манба: "Сабо" газетаси.