КЎНГИЛ УФҚИ



Ҳалима АҲМЕДОВА
КЎНГИЛ УФҚИ
   Хосиятнинг мақоласини ўқиб, бобом қачонлардир бозордан олиб келадиган парварданинг таъмини туйгандек бўлдим. Ўша кунларни эсладимми, бас, бутун жисму жаҳоним мусаффо ҳаволарга чулғангандек бўлади…
   Ҳақиқатни аччиқ деймизу, кези келганда у парварда каби ширин ҳамдир...
   Уйимиздан анча нарида чиқиндихона бор. Ҳар эрталаб сайр қилиш баҳонасида тўпланган чиқиндиларни ўша ерга ташлаб келаман ва у ернинг атрофига сув сепиб супираётган аёлга кўзим тушади. У беш-олти ёшлар чамаси ўғилчаси билан чиқиндихона ёнида қурилган кичкина уйчада яшайди. Бу аёл катта бир фожиани бошидан кечирганини сезаман, қанчалик билгим келмасин, унинг дарду дунё­сини сўрашга ботина олмайман.
   Ёзнинг қайноқ нафасли кунларида чиқиндихонадан қўланса ҳид бурқсийди, ҳатто ниқоб остидан ҳам бу ҳидни сезмай иложингиз йўқ. Кунларнинг бирида чиқиндихона атрофини тартибга келтираётган аёл одатдагидек ярим жилмайиб саломлашди:
– Ҳа, опа, тузукмисиз?
– Тузукликка тузукману, мана бу қўланса ҳид кўнглимни беҳузур қилди, баракалла, сизга қандай чидайсиз-а?
– Бу ҳидга кўникиб ҳам кетдик, фақат ўғилчам сал қийналади, баъзан бўғилади, аммо бора-бора у ҳам ўрганади-да, илож қанча?!
   Титраб кетдим, ҳаёт қўлимдаги бўм-бўш челакка айланди гўё. Миямда тинмай аёлнинг жилмайиб айтган “илож қанча”, – деган жумласи айланади. Ахир иложни ўзимиз яратмаймизми, наҳотки норасида гўдакни қўланса ҳидга кўниктириш илож бўлса.
   …Умуман техникага уқувим йўқ, компьютерни тушунмайман, аммо унинг ичидаги ҳаётга қизиқаман, ўғлим ёки келинимдан ёрдам сўраб баъзан интернетни кузатаман. Ёшларнинг ранг-баранг ижодларини, самимий ёзилган шеърларини ўқиб суюнаман, баъзан эса “он”ни “замон”га “сайёра”ни “айёра”га қофия қилиб, зўр бериб ўзидан катта шоир ясаётганларга гувоҳ бўламан. Шу ҳолида мушт дўлайтириб, ўзларининг ясама ижодларини ҳимоя қилишлари, ёзганларим мукофотга арзимайдими, деб даъво қилиш­лари ғазабимни қўзғатади ва жон ҳолатда бу матоҳингни ўчир деб бақираман. Гўё ўша таниш чиқиндихонадаги қўланса ҳаво уйимга бостириб келаётгандек бўлади. Минг афсус­ки, бундайлар кўпайиб боряпти. Тўрт-бешта шеър ёзиб (кошки улар шеър бўлса) даҳоликни талаб қиладиганлар аслида маънавиятни бузадилар, ёшларнинг тасаввурларини ғуборга тўлдирадилар. Шундай пайтларда кўз олдимда қўланса ҳидга онаси мажбурлаб кўниктираётган, кўзлари жовдираб турган норасида гўдак жонланади.
   Балки интернет яхши нарсадир, аммо болаларимизга бир ҳовуч сохта “шоиру ёзувчилар”ни асл адабиёт шу деб кўрсатишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ деб ўйлайман. Қолаверса, буларнинг барчаси туйғусизликнинг, сўзни ҳис қилмасликнинг ва тезроқ танилишга, машҳур бўлишга талпинган беъмани нафснинг жилваларидир.
   Балки бора-бора коронавирус деган балога даво топилар, аммо шухратпарастлик жуда бедаво дард. Аллоҳим барчамизни бу дарддан ўзи асрасин. Ҳаммамизнинг кўнг­лимиздан кўриниб турадиган уфқимиз бор. Ижодкор аҳли учун бу уфқнинг порлаб туриши жуда муҳим. Чунки фақат ана шу уфқнинг равшанлиги руҳимизга шавқ бағишлаб туради. Шундай экан, шавқ жунунида гўзал ёзиш керак, шону-шуҳрат, тезроқ танилиш, мукофотлар ҳақида унутиб ёзиш керак. Қолганига ВАҚТ ҳукмдор.

Манба: "Китоб дунёси" газетаси.