Аёлни ёлғизлатманг


   Автомашина ҳайдаган инсонлар яхши билишади, агар об-ҳаво айниб, ўнқир-чўнқир йўлда, бунинг устига туманли кунда машина бошқараётган бўлсангиз, текис, ёруғ йўлга чиқиб олишни шунақаям истайсизки... Сабабини сўраманг, аммо Оллоҳимга беҳисоб шукр, мен айни кунларда ана шу ёруғ йўлга чиқиб олган йўловчига ўхшайман. Бадиийлаштириб айтганда, рутубатли, қоронғу кунлар, йиллар ортда қолди. Ўзига шукур. Ўша кунларнинг дарси, сабоғи, тарбияси мени ҳаётга бир қадар хушёрроқ қарашга ўргатди. Ишонч ва самимиятнинг аноними мени атрофимдаги инсонлардан узоқлаштирди, аччиқ сабоқ берди. Румий ҳазратларининг ҳикматларидан қалб оғриқларига даво изладим, тақводан шифо топдим. Бу эски дунёнинг бор азобини елкамга ортмоқчи бўлганлар мендан узоқлашди, кўнгил яқинларим атрофимда. Кўнгил, кўнглим оғриди, азобланди, йиғлади, юпанди ва бугун Ўзига шукр, мутлақо хотиржам.
   Донишманд кўзнинг пойимизга тўшаган барглари устида юриб бораётган қадамларим ишончли. Рухим тетик. Қалбим хотиржам. Мен англадим. Ва англаганларим, юрагимга юпанч бўлди. Ҳар неки бўлса, Оллоҳимга таваккал. Менга берилганлари, берганларини борича қабул қилдим.
   Шуни англадимки, Оллоҳ нимани буюрса, шу бўлади. Вақт ажратиб, қораламаларни ўқиганингиз учун Сизга ташаккур!!!

Зиёда Эшмуродова.