Амакимнинг ҳаёти бузилишига мен сабабчиман


 

  Икки ўт орасида қолиб кетдим. Ҳамма амакимнинг ҳаёти бузилишида мени айбдор ҳисоблаяпти. Ахир менда нима айб? Агар шундай бўлишини билганимда эди...

  Оиламиз катта. Ўзимиздан ташқари бобо, бувим ва кичкина амаким ҳам биз билан бирга туришади. Шу амакимни уйлантириш учун қанча қизларни кўрмадик. Бири ундоқ, бири бундоқ. Бобомга ёққани момомга ёқмайди, момомга ёққани амакимга, ҳаммага ёққани эса менга. Нега ўзимни қўшаётганимга ҳайрон бўлманг. Замонавий оила бўлганимиз учун биз ёшлардан ҳам маслаҳат сўраб туришади. Ҳар ҳолда ўзимиз тенги қизларни улардан кўра яхшироқ биламиз-да.

  Шундай қилиб, маҳалламиздан унча узоқ бўлмаган бир хонадоннинг қизи дидларига ўтиришди шекилли, уйдагилар ўша қизни келин қилиш ҳақида бот-бот гапира бошлашди. 

  Лекин негадир менинг кўнглим хижил эди. Чунки у қиз менга тенгдош эди. Қандай қилиб ўзим тенги қизни келинойи деб чақиришим мумкин? Уйдагиларга роса тушунтиришимга тўғри келди. Қолаверса, ораларидаги ёш ҳам анчагина эди. Амакимнинг ҳам кўнглига маъқул тушган шекилли, анчагача оёқ тираб турди. Охири қўшни маҳалладаги бир дурадгорнинг қизига уйланишга розилик берди. У мендан бир неча ёш катта эди. 

  Тўй бўлиб ўтгач, ҳаммаси ўз ўрнига тушиб кетгандек бўлди. Лекин вақт ўтган сари янги келиннинг бизга бўлган муносабатлари ўзгара бошлади.

   Рўзғоримиз битта эди. Балки шуниси унга маъқул келмагандир, яна ким билади дейсиз. 

   Амаким эрта кетиб, кеч келади. Деярли ҳеч нарсага эътибор бермайди, аммо дадам уларнинг тескариси. Рўзғордаги майда камчиликдан тортиб, катта масалаларни ҳам бобо ва бувим билан маслаҳатлашиб бажаради.

   Келинойим амаким йўқлигидан фойдаланиб, ҳеч кимга айтмасдан уйдан кетиб қоладиган одат чиқарди. На сабабини айтади, на одатини тарк этади. Ўзи қайтиб келса майли эди, ҳар кетганда момом ва дадам бориб олиб келишади. Келиннинг айтишича, амаким уни урармиш. Амакимнинг шу пайтга қадар аёл кишига қўл кўтариш у ёқда турсин, бировни бехосдан туртганини ҳам кўрмаганмиз. Ўзларидан сўрасак, бизга ҳайратланиб қарашдан нарига ўтмайдилар. Бу иш уларнинг қўлидан келмаслиги аниқ эди-да.

   Келинойим дадамни ёмон кўради. Буни ҳатто яшириб ҳам ўтирмасди. Қариндошларимизга "ҳали қараб туринг, қизи бор унинг ҳам. Шу қизидан топсин” деган гапларини ўз қулоғим билан эшитганман. 

   Онам ишда бўлганликлари учун рўзғор юмушларига ҳар доим ўзим ёрдам бераман. Аммо ўқишдан кеч қайтган кунларим бир неча бор бувимни ошхонада қозон бошида учратдим. Сабабини сўрасам, индамайдилар. Ўша пайтлари келинойим телефонда дугоналари билан гаплашаётган бўлади. 

   Ўзи овқат тайёрлаган кунлари эса, қозон бошидан овқат сузиб еб олиб, ҳамма йиғилганда "мазам бўлмаяпти, иштаҳам йўқ” деганига ҳам бир неча бор гувоҳ бўлдим. Буни ҳеч кимга айтолмадим. Чунки уларнинг орасида келишмовчилик келиб чиққудек бўлса, бунга мени сабабчи қилишларидан қўрқардим. 

   Энг ёмони, тўйлари бўлганига уч йил бўляпти ҳамки, фарзанд кўришмаяпти. Кўрсатмаган жойимиз, қилмаган амалимиз қолмади. Бир табибнинг ёнига боришганда битта қўй атасанглар ҳаммаси жойига тушиб кетади дегани учун қўй сўйиб, муҳтожларга тарқатгандик. Ана шу пайтда келинойимнинг ҳам чеҳраси очилиб, одамлар даврасига қўшила бошлаганди. Сал вақтдан сўнг эса, яна аввалги ҳолига қайтиб олди. Шунда дадам ҳазиллашиб, "қўйнинг кучи кетяпти, яна битта атамасак бўлмайдиёв” дегандилар. 

   Бувим амакимни жуда яхши кўради. Шунча гап-сўз бўлишига қарамасдан ҳар куни овқатланмасдан келишини кутиб ўтиради. Келинойим билан бўлаётган можаролардан уларнинг ҳам кўнгиллари хижил. 

   Қариндошлар уларни ажраштирайлик, бошқа аёл билан тақдирини боғлаб кўрсин десалар, амаким унамайди. Унга боғланиб қолган. Танишларимиз орасидан кимдир "туппа-тузук пишиб турган ош эди. Ўша қўшни маҳалладаги қизни олиб берганларингда балки бу гаплар йўқмиди. Ёш боланинг гапига кирганларингга ҳайронман”, деди. Мана шу гапни эшитдим-у, танамдан совуқ тер чиқиб кетди. Мен шундай бўлишини хоҳлаганмидим ахир? Амаким ҳам "ўша қизни олиб бермадингларми, энди ҳаётимни бузишга ҳаракат қилманглар, мен ажрашмайман” деб туриб олган. Бошқаларнинг гапига эътибор бермасдимку-я, аммо уларнинг бу сўзлари жонимдан ўтиб кетди. 

   Кимдир уларга иккаланг алоҳида яшаб кўринглар, балки ҳаммаси яхши бўлиб кетар, деб маслаҳат берибди. Ўша куни ўқишдан қайтиб келсам бувим остонада йиғлаб ўтирибди. Амаким рўзғорини алоҳида қилиб, ижара уйга чиқиб кетибди. Келинойим барибир ниятига етибди.

   Амаким ҳам қийналиб кетди. Ишдан чиқиб, бувимнинг ёнига келади. Чунки ҳар куни уларсиз овқат сузмай ўтиришларини билади-да. Кечқурун алламаҳалда уйига кетади. То бориб етгунга қадар уйдагилар телефондан кўз узишмайди. 

   Буни кўрган аммаларим "ҳаммасини мана шу қилди” деб мени қўллари билан кўрсатишаяпти. Шу гап-сўзларнинг орқасидан онам ва аммаларим орасига ҳам совуқчилик оралади. Мен эса нима қилишни, кимга қандай тушунтиришни билмай ҳайронман. Маслаҳат беринг! 

Гулмира ОРТИҚОВА,

Сурхандарё вилояти.

 

Лола ҲАКИМОВА, психолог: 

– Синглим, ҳали ёш экансиз! Амакингизнинг ҳаёти бузилиб кетмагани сизга қўйилаётган айбдан халос бўлишингизга ёрдам беради. Атрофдаги гап-сўзларга эътибор бермасликка ҳаракат қилинг. Чунки асосий муаммо кимнинг айбдорлиги эмас, балки бир оиланинг ҳаётини сақлаб қолишдир. Бу ўринда келинойингизнинг фикрларини эшитмасдан туриб, уларни ҳам айблаш ноўрин. Балки унинг ҳам ҳеч кимга айтолмаётган бирон дарди бордир. Уйига сабабсиз кетиб қолиши, амакингизга ноўрин тухмат қилиш ва дадангиз ҳамда сизни ёмон кўришига ҳам нимадир сабаб бўлгандир. Уларнинг алоҳида яшашга қарор қилганликлари бир томондан яхши бўлибди. Негаки, бир-бирларини яхши тушуниб олишлари учун вақт керак. Вақти келиб, фарзандли бўлиб кетишса, уйга ҳам қайтиб келишар. Шунинг учун келинойингизга қўпол муносабатда бўлишдан эҳтиёт бўлинг. 

   Ҳадемай ўзингиз ҳам бировнинг хонадонига келин бўлиб борасиз. Озми-кўпми унинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги, оғир ва енгилликлари бўлади. Ҳамма билан тил топиша билиш ҳам катта санъат. Сиз эса кўрганларингиздан фақатгина ўзингиз учун хулоса чиқариб олинг. Бу эса келгусида мана шундай муаммоларга дуч келганингизда асқотади.

 

Санобар НОРМАТОВА, ўқитувчи, 54 ёш: 

– Гулмира қизим, бу борада ўзингизни ўзингиз айблашингиз ноўрин. Негаки, ҳамманинг пешонасига ёзилгани ва буюрилгани бўлади. Маслаҳатим, бундан кейин амакингизнинг ҳаётига дахлдор бўлган мавзуларга ўз фикрингизни билдиришда эҳтиёт бўлинг. Яхшиси, буни ёши улуғларга, қолаверса, икки ёшнинг ўзига қўйиб беринг. Улар сизга нисбатан кўпроқ ҳаётий тажриба ва кўникмага эга. 

   Бундан ташқари фарзанд кўрмаётган аёл ўз-ўзидан жуда катта босим остида бўлади. Атрофдагиланинг гап-сўзи, руҳий тушкунлик ва қўрқув таъсирида ўзи истамаган ҳолда бировнинг дилига озор бериб ҳам қўйиши мумкин. Шунинг учун уни ҳам тушунишга ҳаракат қилиб кўринг. "Ойнинг ўн беши ёру...” бўлгани каби, эҳтимол, уларнинг ҳаёти изига тушиб кетар. 

 

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА ёзиб олди.


Amakimning hayoti buzilishiga men sababchiman


   Ikki o‘t orasida qolib ketdim. Hamma amakimning hayoti buzilishida meni aybdor hisoblayapti. Axir menda nima ayb? Agar shunday bo‘lishini bilganimda edi...
  Oilamiz katta. O‘zimizdan tashqari bobo, buvim va kichkina amakim ham biz bilan birga turishadi. Shu amakimni uylantirish uchun qancha qizlarni ko‘rmadik. Biri undoq, biri bundoq. Bobomga yoqqani  momomga yoqmaydi, momomga yoqqani amakimga, hammaga yoqqani esa menga. Nega o‘zimni qo‘shayotganimga hayron bo‘lmang. Zamonaviy oila bo‘lganimiz uchun biz yoshlardan ham maslahat so‘rab turishadi. Har holda o‘zimiz tengi qizlarni ulardan ko‘ra yaxshiroq bilamiz-da.
  Shunday qilib, mahallamizdan uncha uzoq bo‘lmagan bir xonadonning qizi didlariga o‘tirishdi shekilli, uydagilar o‘sha qizni kelin qilish haqida bot-bot gapira boshlashdi. 
  Lekin negadir mening ko‘nglim xijil edi. Chunki u qiz menga tengdosh edi. Qanday qilib o‘zim tengi qizni kelinoyi deb chaqirishim mumkin? Uydagilarga rosa tushuntirishimga to‘g‘ri keldi. Qolaversa, oralaridagi yosh ham anchagina edi. Amakimning ham ko‘ngliga ma’qul tushgan shekilli, anchagacha oyoq tirab turdi. Oxiri qo‘shni mahalladagi bir duradgorning qiziga uylanishga rozilik berdi. U mendan bir necha yosh katta edi. 
  To‘y bo‘lib o‘tgach, hammasi o‘z o‘rniga tushib ketgandek bo‘ldi. Lekin vaqt o‘tgan sari yangi kelinning bizga bo‘lgan munosabatlari o‘zgara boshladi.
   Ro‘zg‘orimiz bitta edi. Balki shunisi unga ma’qul kelmagandir, yana kim biladi deysiz. 
   Amakim erta ketib, kech keladi. Deyarli hech narsaga e’tibor bermaydi, ammo dadam ularning teskarisi. Ro‘zg‘ordagi mayda kamchilikdan tortib, katta masalalarni ham bobo va buvim bilan maslahatlashib bajaradi.
   Kelinoyim amakim yo‘qligidan foydalanib, hech kimga aytmasdan uydan ketib qoladigan odat chiqardi. Na sababini aytadi, na odatini tark etadi. O‘zi qaytib kelsa mayli edi, har ketganda momom va dadam borib olib kelishadi. Kelinning aytishicha, amakim uni urarmish. Amakimning shu paytga qadar ayol kishiga qo‘l ko‘tarish u yoqda tursin, birovni bexosdan turtganini ham ko‘rmaganmiz. O‘zlaridan so‘rasak, bizga hayratlanib qarashdan nariga o‘tmaydilar. Bu ish ularning qo‘lidan kelmasligi aniq edi-da.
   Kelinoyim dadamni yomon ko‘radi. Buni hatto yashirib ham o‘tirmasdi. Qarindoshlarimizga "hali qarab turing, qizi bor uning ham. Shu qizidan topsin” degan gaplarini o‘z qulog‘im bilan eshitganman. 
 Onam ishda bo‘lganliklari uchun ro‘zg‘or yumushlariga har doim o‘zim yordam beraman. Ammo o‘qishdan kech qaytgan kunlarim bir necha bor buvimni oshxonada qozon boshida uchratdim. Sababini so‘rasam, indamaydilar. O‘sha paytlari kelinoyim telefonda dugonalari bilan gaplashayotgan bo‘ladi. 
   O‘zi ovqat tayyorlagan kunlari esa, qozon boshidan ovqat suzib yeb olib, hamma yig‘ilganda "mazam bo‘lmayapti, ishtaham yo‘q” deganiga ham bir necha bor guvoh bo‘ldim. Buni hech kimga aytolmadim. Chunki ularning orasida kelishmovchilik kelib chiqqudek bo‘lsa, bunga meni sababchi qilishlaridan qo‘rqardim. 
   Eng yomoni, to‘ylari bo‘lganiga uch yil bo‘lyapti hamki, farzand ko‘rishmayapti. Ko‘rsatmagan joyimiz, qilmagan amalimiz qolmadi. Bir tabibning yoniga borishganda bitta qo‘y atasanglar hammasi joyiga tushib ketadi degani uchun qo‘y so‘yib, muhtojlarga tarqatgandik. Ana shu paytda kelinoyimning ham chehrasi ochilib, odamlar davrasiga qo‘shila boshlagandi. Sal vaqtdan so‘ng esa, yana avvalgi holiga qaytib oldi. Shunda dadam hazillashib, "qo‘yning kuchi ketyapti, yana bitta atamasak bo‘lmaydiyov” degandilar. 
  Buvim amakimni juda yaxshi ko‘radi. Shuncha gap-so‘z bo‘lishiga qaramasdan har kuni ovqatlanmasdan kelishini kutib o‘tiradi. Kelinoyim bilan bo‘layotgan mojarolardan ularning ham ko‘ngillari xijil.
   Qarindoshlar ularni ajrashtiraylik, boshqa ayol bilan taqdirini bog‘lab ko‘rsin desalar, amakim unamaydi. Unga bog‘lanib qolgan. Tanishlarimiz orasidan kimdir "tuppa-tuzuk pishib turgan osh edi. O‘sha qo‘shni mahalladagi qizni olib berganlaringda balki bu gaplar yo‘qmidi. Yosh bolaning gapiga kirganlaringga hayronman”, dedi. Mana shu gapni eshitdim-u, tanamdan sovuq ter chiqib ketdi. Men shunday bo‘lishini xohlaganmidim axir? Amakim ham "o‘sha qizni olib bermadinglarmi, endi hayotimni buzishga harakat qilmanglar, men ajrashmayman” deb turib olgan. Boshqalarning gapiga e’tibor bermasdimku-ya, ammo ularning bu so‘zlari jonimdan o‘tib ketdi. 
   Kimdir ularga ikkalang alohida yashab ko‘ringlar, balki hammasi yaxshi bo‘lib ketar, deb maslahat beribdi. O‘sha kuni o‘qishdan qaytib kelsam buvim ostonada yig‘lab o‘tiribdi. Amakim ro‘zg‘orini alohida qilib, ijara uyga chiqib ketibdi. Kelinoyim baribir niyatiga yetibdi.
   Amakim ham qiynalib ketdi. Ishdan chiqib, buvimning yoniga keladi. Chunki har kuni ularsiz ovqat suzmay o‘tirishlarini biladi-da. Kechqurun allamahalda uyiga ketadi. To borib yetgunga qadar uydagilar telefondan ko‘z uzishmaydi. 
   Buni ko‘rgan ammalarim "hammasini mana shu qildi” deb meni qo‘llari bilan ko‘rsatishayapti. Shu gap-so‘zlarning orqasidan onam va ammalarim orasiga ham sovuqchilik oraladi. Men esa nima qilishni, kimga qanday tushuntirishni bilmay hayronman. Maslahat bering! 


Gulmira ORTIQOVA,
Surxandaryo viloyati.


Lola HAKIMOVA, psixolog: 
– Singlim, hali yosh ekansiz! Amakingizning hayoti buzilib ketmagani sizga qo‘yilayotgan aybdan xalos bo‘lishingizga yordam beradi. Atrofdagi gap-so‘zlarga e’tibor bermaslikka harakat qiling. Chunki asosiy muammo kimning aybdorligi emas, balki bir oilaning hayotini saqlab qolishdir. Bu o‘rinda kelinoyingizning fikrlarini eshitmasdan turib, ularni ham ayblash noo‘rin. Balki uning ham hech kimga aytolmayotgan biron dardi bordir. Uyiga sababsiz ketib qolishi, amakingizga noo‘rin tuxmat qilish va dadangiz hamda sizni yomon ko‘rishiga ham nimadir sabab bo‘lgandir. Ularning alohida yashashga qaror qilganliklari bir tomondan yaxshi bo‘libdi. Negaki, bir-birlarini yaxshi tushunib olishlari uchun vaqt kerak. Vaqti kelib, farzandli bo‘lib ketishsa, uyga ham qaytib kelishar. Shuning uchun kelinoyingizga qo‘pol munosabatda bo‘lishdan ehtiyot bo‘ling. 
   Hademay o‘zingiz ham birovning xonadoniga kelin bo‘lib borasiz. Ozmi-ko‘pmi uning ham o‘ziga yarasha qiyinchiligi, og‘ir va yengilliklari bo‘ladi. Hamma bilan til topisha bilish ham katta san’at. Siz esa ko‘rganlaringizdan faqatgina o‘zingiz uchun xulosa chiqarib oling. Bu esa kelgusida mana shunday muammolarga duch kelganingizda asqotadi.

 

Sanobar NORMATOVA, o‘qituvchi, 54 yosh: 
– Gulmira qizim, bu borada o‘zingizni o‘zingiz ayblashingiz noo‘rin. Negaki, hammaning peshonasiga yozilgani va buyurilgani bo‘ladi. Maslahatim, bundan keyin amakingizning hayotiga daxldor bo‘lgan mavzularga o‘z fikringizni bildirishda ehtiyot bo‘ling. Yaxshisi, buni yoshi ulug‘larga, qolaversa, ikki yoshning o‘ziga qo‘yib bering. Ular sizga nisbatan ko‘proq hayotiy tajriba va ko‘nikmaga ega. 
  Bundan tashqari farzand ko‘rmayotgan ayol o‘z-o‘zidan juda katta bosim ostida bo‘ladi. Atrofdagilaning gap-so‘zi, ruhiy tushkunlik va qo‘rquv ta’sirida o‘zi istamagan holda birovning diliga ozor berib ham qo‘yishi mumkin. Shuning uchun uni ham tushunishga harakat qilib ko‘ring. "Oyning o‘n beshi yoru...” bo‘lgani kabi, ehtimol, ularning hayoti iziga tushib ketar. 


Maxsuma OQQO‘ZIYУEVA yozib oldi.