Эллик ёш арафасидаги ўйлар...


   Туғилган кун, дадам ҳақида сўз ёки эллик ёш арафасидаги ўйлар...
   Инсон ёши улғайган сари болалигига қайтгиси келавераркан...Бунинг иложи йўқлиги,болалик ҳув олисдаги хотиротнинг қатларида,сарғайган суратларнинг рангларида қолиб кетганини билсанг ҳам бу ҳоҳишдан воз кечиб бўлмас экан. Мен ҳам ҳозир айнан шу ҳолатдаман. Агар болалик хотираларимни улкан бир китоб деб тасаввур қилсам,унинг энг ёрқин ва рангли саҳифалари раҳматли дадажоним билан боғлиқ.
   ...Дадам фарзандларига жуда эътиборли эдилар.Оилада етти нафар фарзанд ўсган бўлсак, ҳаммамизга бирдай меҳрли эдилар. Ҳар йили ёз фаслида,тўғрироғи июль ойининг охирги ҳафтасида оиламизда байрам бўлиб кетарди.Чунки сингилларимдан бири 24,мен 25,яна икки синглим 31 июлда туғилганмиз.
   Хотирам қатларидан бир эсдалик худди сурат каби ажралиб чиқади... 1980 йилнинг 25 июль куни...Ўша куни эрталаб,онам мени вақтлироқ уйғотдилар. (Ҳаммамиз ҳовлимиздаги катта сўрида қатор жой тўшаб ухлардик.) Уйқум қочган бўлса-да, ёз фаслининг тароватли тонги,салқингина шаббодаси хуш ёқиб,жойимдан туришни хоҳламай ётгандим.
-Бўлсанг-чи, тез. Даданг сени бозорга олиб бормоқчилар.
   Кўзларим ўз-ўзидан очилиб кетди.Чунки кеча дадам мени шаҳар марказидаги “Болалар дунёси” дўконига олиб бориб,кўйлак ва оёғимга босоножки олиб беришга ваъда бергандилар. Югуриб туриб,юз-қўлимни ювдим ва дадам билан тезгина нонушта қилиб олгач, бирга марказга қараб жўнадик.
   “Болалар дунёси”дан дадам ўзимга жуда ярашган оқ рангли кўйлак ва шунга мос оқ-сариқ тусли босоножки олиб бердилар. Кейин дунёга машҳур Ғиждувон бозоридан гўшт,мева-чева, пирожний ҳамда турли лимонадлар ва ўша пайтларда “Шодлик” деб аталадиган рестораннинг пастида жойлашган музқаймоқхонадан 3 литрли банкани тўлдириб, музқаймоқ сотиб олдилар.”Шодлик”нинг музқаймоғи шаҳримизда жуда машҳур бўлиб,қаймоқ таъмли бўлгани учун ҳаммага бирдай ёқарди.
   Мен жудаям хурсанд эдим.Чунки бугун менинг куним-таваллуд куним эди. Дадам олиб берган совғалардан кўнглим тўлиб,уйга борсак,онам сингилларим ва укам билан нонушта қилиб ўтиришган экан.
   Дадам менга “Қизим,бугун ҳамма дугоналарингизни чақириб келинг. Сизларга бир байрам қилиб берай”, - дедилар.
- Ҳаммасиними? - сўрадим шодлигим ичимга сиғмай.
- Ҳа,ҳаммасини, - дедилар дадам.
   Мен “ур-ра” деб, кўчага чиқиб кетдим. Кўчамиздаги дугоналарим Гавҳар, Гулмира, Гулчеҳра, Манзура, Матлуба, Феруза ва яна уларнинг сингилчаларини ҳам таклиф қилиб келдим.Улар ҳам таклифимдан хурсанд бўлиб,боришга ваъда беришди.
   Уйга келсам туғилган кунга тайёргарлик аллақачон бошланган экан.Онам дадам келтирган гўштни гўшткўбакда чопиб, (чопқини Бухорода гўшткўбак дейишади) манти тугаётган эканлар. Онамга бироз ёрдам бердим. Бироздан кейин аммам болалари ва бошқа меҳмонлар келдилар.
   Тушликдан кейин эса дугоналарим келишди.Онам меҳмонхонамизда чиройли дастурхон тузаб, устига дока ёйиб қўйган эканлар.Чиройли безатилган дастурхон атрофида кичик меҳмонлар-дугоналарим, ўзимнинг ва уларнинг сингилчалари билан маза қилиб ўтирдик. Таомлардан едик,лимонад ичдик.Дугоналаримнинг ҳаммаси мени табриклашди.
   Бироздан кейин дадам,орқаларидан кичик ликобчаларга музқаймоқ солинган патнис кўтарган онам кириб келдилар.Бундан қирқ йил олдин музқаймоқ биз болалар учун жуда катта қувонч ҳисобланарди.Чунки ўша пайтда бу ҳозиргидек ҳар кун топиладиган ва ейиладиган неъмат эмас эди...
   Кейин дадам фотоаппаратларини олиб, ҳаммамизни эсдалик учун расмга туширдилар.Дадам аслида сураткаш бўлмасалар-да,сурат олишга қизиқардилар. Ўзлари мустақил равишда рангли ва оқ-қора тусли суратларни олишни,бизни қувонтиришни яхши кўрардилар.Уйимизда дадам олган суратлар жуда кўп...
   Дадам раҳматли биз болаларига қувонч бағишлаб, бундан ўзлари кўпроқ хурсанд бўлардилар. Дугоналаримиз, дўстларимиз бизни йўқлаб келса, бошлари осмонга етгудек бўлиб, меҳмонларни эъзозлардилар.. Талабалик йилларимда агар ўзлари туғилган кунимга боролмасалар онажонимга Бухоронинг тансиқ неъматларини олиб бериб ,поезд билан Тошкентга жўнатардилар.Ҳар доим дадамнинг ниҳоясиз меҳрларидан, борликларидан куч олиб яшаганман.Минг афсуски,бу меҳрнинг ғаниматлигини ўшанда билмаганман, тўғрироғи ҳис қилмаганман...
   Нега бу гапларни ёзяпман? Ёзганларим кимгадир оддий, содда, шунчаки бир гапдай бўлиб туюлар ёки кимгадир ёқмас. Балки кимдир кинояли жилмайиб қўяр...Аслида бу воқеа ота-она фарзандига ҳадя этадиган оддийгина меҳрнинг кичик бир сурати бўлса-да,энди ўйлаб қарасам, дадам раҳматли аслида бу ишлари билан биз фарзандларига катта бир одамийлик сабоғи-инсонларни,дўстларни,яқинларни севиш ва уларга яхшилик қилиш лозимлигини,дийдор-жигарларни бирлаштириб турадиган восита эканлигини ўргатиб кетган эканлар...
   Аслида дадам ўзлари жонкуяр, меҳрибон,ака-ю,опа-сингил,қавму-қариндошга,ҳатто онамнинг яқинларига ҳам бирдай оқибатли эдилар.Доим дастурхонлари кўнгиллари сингари очиқ, самимий,оддий ва одамий инсон эдилар... Агар қайси биримиздир касал бўлиб қолсак,онам у ёқда қолиб,ўзлари бизга парвона бўлардилар.Ҳали шифокорга олиб борсалар,ҳали тансиқ қандайдир таом ёки мева келтирардилар.”Тузалиб қолдингми? Нима егинг келаётган бўлса айт. Лекин касал бўлиб мени қўрқитма,болам”,-дердилар доим...
   Мана, эллик ёшга тўлдим... Йигирма йилким туғилган кунларимда дадам ёнимда йўқлар... Мен бўлсам ҳалиям ўн ёшли қизчанинг соғинчи билан дадамни кутаман,соғинаман...Қўлимдан ушлаб дўконга олиб боришларини,қайси кўйлакни,қайси босоножкини олишни хоҳлашимни сўрашларини,кейин эса “Бор, ҳамма дугоналарингни чақириб кел,байрам қилиб бераман,”-дейишларини жудаям истайман....
   Энди ҳеч қачон бундай бўлмаслигини билсам-да, буни тан олишни истамаган кўнглим исёнлари мана шу истак кучидан худди тўғон каби бўғзимни бўғиб келаверади...Қалбимдан отилиб чиқаётган унсиз фарёдларим орасида дадамнинг овозларини эшитгандай бўламан.” Қизим, катта фарзандимсан. Қолганларга бош бўлишинг керак. Шу сабаб ҳеч қачон ортга чекинма,қўрқма.Ҳаётнинг синовлари кўп. Шу синовларда тобланиб,тўғри яшашга ҳаракат қил. Эртага ўтганингдан кейин одамлар орқангдан “ёмон эди”,-деб асло айтишмасин. Қўлингдан келгунча инсонларга ёрдам бер,яхшилик қил. Ишон,яхшиликларинг албатта қайтади...”
   Дадам ҳақида у кишини таниган-билганлар доим “Яхши инсон эдилар,кўпчиликка ёрдам берганлар, яхшилик қилганлар”, - деб эслашади. Мен бу яхшиликларни бир-бир санаб бермоқчи эмасман, лекин бундай эътирофларни кўп бора эшитганман. Ўша пайтда юрагим қанотланиб, гўё бу ишларни дадам эмас,ўзим қилгандек ҳаволанганман. Шунинг орқасидан эса юрагимни хавотир булутлари ўраган: ”Мен ҳам дадамдек бўла олармиканман? Кимгадир бетаъма,ҳеч бир манфаатсиз яхшилик қилолармиканман? Мениям кимдир “яхши инсон эди”- деб эслармикан?” Сарҳисобгача қанча бор,буни билмайман.Лекин шу пайтгача бўлган умрим давомида дадамга ўхшашга ҳаракат қилдим. Ва доимо юқоридаги саволларга жавоб изладим...
   Дадажоним, падари бузрукворим жойларингиз илоҳо Жаннати фирдавсларда бўлсин! Эллик ёшга кирган бўлса ҳам ўзини ҳалиям ўн ёшли қизалоқ деб тасаввур қилаётган, ўз тасаввурларини, ўйларини, кўнгил оғриқларини қоғозга туширган ва сизни соғинган қизингизни авф этинг... Охиратингиз обод бўлсин... Сиз берган меҳрни қайтиб топмадим, тополмадим, тополмасам ҳам керак...

Моҳигул Назарова.