ЭНГ КАТТА ВИРУС - ВАҲИМА, ОЧКЎЗЛИК, КИТОБ ЎҚИМАСЛИК


   (Президент Шавкат Мирзиёевнинг халққа мурожаати борасидаги мулоҳазалар)
   Одамзоднинг иродаси бўш ёки қатъийлиги турли синовларда билинади. Тарихдан маълумки,  замон ва макон билан боғлиқ турли неъматлар ҳам, офат-балолар ҳам халқ иродасининг букилмаслиги учун синов. Ирода ишончни мустаҳкамлай олишдир, аслида. Бугун бутун дунёни ташвишга солаётган муаммолардан бири тожсимон вирус балосидир. Жаҳон аҳли бу офатга қарши кураш йўлларини, уни буткул тугатиш борасида изланаяпти. Демак, бу борада якдиллик ва эртанги кунга ишонч ҳар нарсадан муҳим. 
   Президентимиз бу хусусда аниқ фикр ва чора-тадбирларни 18 март куни халқимизга мурожаатномасида кескин тарзда билдирдилар. "Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва, ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади. Бунинг учун биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, болаларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарур. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чорадир."
   “Касалликни яширсанг, иситмаси ошкор қилади” - деган халқ нақлининг мазмунини ёддан чиқазиш жаҳолат, Президент таъбири билан айтганда, бу "хиёнат"дир. Нима бўлса бўлар қабилида иш тутиш ҳам мантиқсиз ҳаракат. Бу эса лоқайдлик, бепарволик ва бефарқликнинг урчишидир. Демак, масалага онгли ёндашишгина муаммоларга тўғри ечим бўла олади.  Тўғри, тақдир яратгандан, тадбир бандадан. Ўринли, энг тўғри чора-тадбиргина офат-у балолардан асрайди. Айримларнинг саросимага тушиб озиқ-овқат масаллиқларини ташмачилик қилиб уйига жамлаши инсофдан эмас. Наҳотки, муфтият раҳбарлигида, диний уламолар юртимизга тинчлик-хотиржамлик, беморларга шифо тилаб, дуои фотиҳалар қилишаётган пайтда, озиқ-овқат ва бошқа кундалик истеъмол маҳсулотларининг нархи ошиб кетмаслиги учун барча чоралар кўрилиб, ишонч билдирилаётган пайтда бундай ўринсиз хатти-ҳаракатни қандай изоҳлаш мумкин?
   Ўз жонини сақласа, гўёки барча балолар даф бўлади қабилида ўйлаётган ношуд кимсалар ўзига ёхуд Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хизматига иш орттиради, холос. Наҳотки, улар ташвиш устига ўзларига ташвиш орттираётганини сезишмаса. Инсонни очлик ўлдирмайди, очкўзлик ўлдиради. Халқимиз оғир синов пайтларида ҳам бир бурда нонни бўлиб ейишган, қорни оч бўлганда ҳам кўзи тўқ бўлгани учун ўзи емай ўзгага едирган. Биз кимларнинг авлоди, издоши эканимизни унутмаслигимиз керак. Фурсатдан фойдаланиб, пул ундиришни ният қилган баъзи бир чайқовчиларнинг қилмиш-қидирмишига ақл бовар қилмайди. Президентимиз бу борада ҳам оқилона жавоб айтдилар. "Бировнинг ташвиши эвазига топилган пул ҳеч кимга буюрмайди." Демак, худбинлик, ўзбўлармонлик билан иш тутган кимсанинг оқибати хунук, охирати куюк. Бу ҳақиқатни унутган кишининг кулфатга дучор бўлишини тушунтиришга ҳожат бормикан?
   Шу тобда немис мутафаккири Франц Кафканинг бир ҳикмати ёдга келади. "Одамзотнинг бахтсизлигига унинг иккита гуноҳи сабаб бўлган. Бири унинг бетоқатлиги, иккинчиси бепарволигидир. Бетоқатлиги сабаб у жаннатдан ерга қувилди, бефарқлиги боис қайтиб у ёққа бора олмайди." 
   Бундан шу нарса англашиладики, бефарқ ва лоқайдлик қанчалик аянчли бўлса, бетоқатлик билан саросимага тушиб, апил-тапил иш тутиш ҳам шу даражада куюнчлидир.      
    "Мамлакатимизда етарли даражада захира мавжуд, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим,"-дея Президентимиз уқтираётган пайтда аҳиллик ва ҳамжиҳатлик зарур эканлигини унутмаслик керак.
   Вақт қадрига етиш, ундан унумли фойдаланиш заруратини ҳис этган давлатимиз раҳбари ўқувчи талабаларнинг онлайн тарзида бўлса-да, таълим бериш, таълим олиш тизимини йўлга қўйишлари борасидаги мулоҳазалари ғоят эътиборлидир. Шунинг учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси билан биргаликда видеодарслар туркуми йўлга қўйилмоқда. Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун тарихимиз, бой маданиятимизга оид кўрсатув ва эшиттиришлар, ёшларимиз учун фойдали ва қизиқарли бадиий дастурлар, кинофильмларни кўпайтириш мақсадга мувофиқ.
   Биз одатда, танамизга таъсир қилувчи ҳар қандай  хавфдан сақланишни эплаймиз. Лекин руҳиятнинг шифоси бўлган маънавий озиққа унчалик эътибор қилавермаймиз. Аслида, ҳар қандай касаллик руҳиятдан танага кўчади. Афсуски, бизнинг тиббиётимиз, асосан танани даволайди. Ваҳоланки, руҳият шифо топса, тана дарддан фориғ бўлади. Руҳият даволанса, ҳар хил қўрқув ва ваҳималардан йироқ бўлади инсон. 
    Барчани ваҳимага солган коронавируснинг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан турли хил чоралар кўрилаётгани аниқ. Шу муносабат билан 8 миллион 300 минг талабаларнинг таътилга чиқазилиши қайсидир маънода улар учун имконият ҳамдир. 
   Улар бу муддат мобайнида маънавият озиғи бўлган китоб мутолаасига шўнғиши, турли йўсиндаги бадиий, илмий, тарихий мавзудаги асарларни ўқиш учун яратилган шароит сифатида тушунишлари мақсадга мувофиқ. Маънавият озиғи бўлган китоб барча дардларга дармон, содиқ дўст, тун-у кун ҳамроҳ бўла оладиган қудратли куч, мадор дориси. 
   Ўқишдан мақсад уқиш, мутолаадан мақсад мушоҳада. Мушоҳадасиз мутолаа, ташхиссиз муолажадир. Шунинг учун ҳам вақт қадрига етган инсон қандай шароитда бўлмасин, илм олишга талпинади, йўл топади.
   Турли транспорт воситаларида талабаларни ўз уйларига кузатиш арафасида, институтимиз ёшларига қарата ТИҚХММИ ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Рўзимурод Чориев шундай деди: “Таътил дегани бу таҳсил тўхтади дегани эмас, балки, икки карра илм олишни кучайтириш демакдир, фан бўйича китобларни ўқиш, онлайн дастурларни кузатиб бориш, ўз билимини оширишдир”. 
  Шунга амал қилган ҳолда, талабаларимиз фанларга оид китоблардан ташқари, тарихий ва замонавий мавзудаги жаҳон адабиёти ҳамда ўзбек адибларининг энг сара ижод дурдоналарини ўқишни бошлаб юборишди. 
    Талабанинг мақсади ўз номи билан илм талаб этишдир бу эса муайян шароитни талаб этади. Китоб мутолааси, тафаккур тарзи, дунёқарашининг ўсиши билан боғлиқ ушбу таътил ёшларга мана шундай имконият берганлигидан унумли фойдаланмаслик тожливирус офатидан ҳам оғирроқ вирусга чалиниш, аниқроғи, жаҳолат уяси - китоб ўқимаслик иллатига дучор бўлишдир. Нодонликка, жаҳолатга қарши маърифатнинг маёғи, яроғи ва сабоғи билим ва илм манбаи бўлган китобни севиш ва ўқишда давом этишдир. 
   Шунинг учун ҳам Президентимиз таълим жараёнига алоҳида эътибор қилган ҳолда, унинг суръатини тўхтатмасдан синф хонаси ёхуд аудиторияда бўлмаса-да, уйда бўлса ҳам давом эттириш заруратини кескин тарзда қўйдилар.
   Коронавирус пандемияси бутун дунё мамлакатларини ташвишга солаётгани боис унинг олдини олиш учун ҳар бир фуқаро масъул. Гарчи бу ҳолат иқтисодиётимизга салбий таъсир кўрсатиши аниқ бўлса-да тожливирус хавфини бартараф этиш чоралари шуни тақозо этади.
   Бу йўсинда қайсидир соҳа ва тармоқларга, йирик корхоналарга бир мунча оғирлик тушиши табиий. Лекин қандай бўлмасин, молия ва хомашё бозорида барқарорликни сақлаш муҳимлигини Президент алоҳида эътироф этдилар. Чунки нарх-навонинг ўсиши беқарорликка сабаб бўлишини ҳеч ким инкор эта олмайди. 
   Барча ислоҳотлар халқ билан бамаслаҳат, уларнинг розилиги билан амалга оширилишини талаб этаётган Президент коронавирусга қарши кураш фаолиятини ошкоралик тамойиллари асосида олиб борилишини ҳам эътироф этдилар.
   Бунинг учун вилоят ҳокимлари жойлардаги санитария-эпидемиология муассасаларини бирма-бир айланиб, лаборатория-диагностика, тиббий восита ва жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси, кадрлар салоҳияти, ойлик маоши каби муаммоларни чуқур ўрганиши зарурлигини уларнинг зиммасига юкладилар. Жаҳон жамоатчилигини ва халқни вақтида хабардор этиб бориш, қўшни давлат - Қозоғистон ва Туркманистон раҳбарлари билан мулоқот қилиш, бир-бирларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликлар коронавирус хавфини тамомила тугатиш ҳаракати билан боғлиқ. Бу борада, албатта, ички ва ташқи имкониятларни салмоқлаб кўриш зарурдир. Очиғини айтиш керакки, санитария ва эпидемиология масаласига, унинг моддий техник базаси, лабораторияси, тиббий асбоб-ускуналарига эътибор паст даражада бўлган. 
  Президент юртимизда иккита республика даражасидаги шифохона, 14 та юқумли шифохоналар, 216та ҳудудий санитария ва эпидемиология муассасаси борлигини, уларнинг ачинарли ҳолга келиб колганини қайд этди. Ҳар бир вилоят ҳокимларнинг жойлардаги санитария ва эпидемиялогия муассасаларига бориб кўриши, лаборатория, тиббий восита ва теҳник жиҳозлар билан таъминланганлик даражаси, кадрлар салоҳияти, хизматчиларнинг ойлик маоши қай аҳволда эканини билишларини қатъий тайинлади. 
   Давлат раҳбари ўз маърузасида асосий масала - моддий техник базани мустаҳкамлаш, кадрларни ўқитиш, илм-фанни ривожлантириш аҳоли саломатлиги учун маблағни аямаслик зарурлигини уқтирди.
   Бугунги кунда 163 давлатга қутқу солаётган коронавирус офати жиддий муаммолигини англаш асносида илдиз отиб кетмасдан қисқа муддатда даф этиш зарур. Бу борада халқимизнинг жипслиги, ҳамжиҳатлиги, хотиржамлиги муҳим. Айрим ижтимоий тармоқларда “оғзига кучи етмаган”лар халқни қўрқитиш, саросимага солиш билан шуғуллангани сир эмас. Буларга қарши кураш чораларини кўриш заруратини эслатиб “одамларни саросимага солиш қонунбузарлик билан тенг”, - дедилар Президентимиз. 
   Шунингдек, бундай синовлардан мардонавор ўтган, қатъий ирода  ва азму шижоатга эга бўлган халқимизнинг кучига ишонч билдириб, ҳамжиҳатлик, хотиржамлик ва санитария ва гигиена қоидаларига риоя этиш муаммонинг ечими бўлишини қайд этиб бунинг учун бизда ички ва ташқи имкониятларимиз мавжудлигини айтдилар. 
  Хулоса ўрнида айтиш керакки, энг хавфли вирус - бу қўрқув, ваҳима, очкўзлик, китоб ўқимаслик ва саросимага тушишдир. Ибн Сино таърифи билан айтганда, “ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир, хотиржамлик ярим соғликдир, сабр эса шифонинг бошланишидир”.

РАҲИМБОЙ ЖУМАНИЁЗОВ,
ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари, филология фанлари номзоди, доцент.
БАҲРИДДИН МУҚИМОВ,
Тошкент Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти “Гуманитар фанлар” кафедрасининг ўқитувчиси.