ОИЛАВИЙ ҚАДРИЯТЛАР – ЖАМИЯТ МУСТАҲКАМЛИГИ АСОСИ


   Соғлом оила – мустаҳкам жамият, мустаҳкам жамият – барқарор мамлакатдир. Ҳар бир оиланинг тинч-осойишталиги, ҳамжиҳатлиги – юрт тинчлиги ва тараққиётини белгиловчи омилдир. Оила мустаҳкам бўлмаса, жамият ҳам мустаҳкам бўлмайди. Шу боисдан, мамлакатимизда оилалар мустаҳкамлигига жамият барқарорлигининг муҳим шарти деб қаралади.
   Оиланинг жамиятда тутган ўрни беқиёс ва ҳеч нарсага алмашилмайди. Унинг таърифи ҳам мураккаб, мазмун-моҳияти эса ниҳоятда теран, сурати ранг-баранг ва бир-бирига асло ўхшамайди. Ҳаёт гашти эса турмуш тотувлигидадир. Аммо, турмуш тотувлиги ўз-ўзидан юзага келмаслигини унутмаслик лозим.
   Оила мустаҳкам, тинч ва ҳалол бўлса, жамият ҳам мустаҳкам ва фаровон бўлади. Оиланинг маънавий-ахлоқий қиёфаси асрлар давомида аждодларимизнинг билим ва тажрибалари, маданий қадриятлари асосида, шунингдек, замондошларимизнинг эришган ва эришаётган ютуқлари негизида барпо бўлиб, такомиллашиб бормоқда.
   Доно халқимизда “Оилалари мустаҳкам бўлган, равнақ топган мамлакат – қудратли ва фаровон бўлади”, - деган ҳикмат бор. Ўзбек оилалари ўзининг болажонлиги, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатларнинг самимийлиги, ор-номуснинг кучлилиги, ёшларга иззат, кексаларга ҳурмати билан алоҳида ажралиб турадиган фазилатларига эга. Шарқда ота - оиланинг бошлиғи, таъминотчиси ва посбони бўлса, она уни кўрки, орасталиги ва файзидир. Фарзандлар оила гулшанининг гулғунчалари ҳисобланади.
   Оилада фарзандларни тарбиялаш, уларни умуминсоний, маънавий қадриятлар ва анъаналардан баҳраманд қилиш, билим даражаларини ошириш учун мамлакатимизда барча имкониятлар мавжуд. Фарзанд оила муҳитида катта бўлар экан, унинг барча хулқ-атворида атроф-муҳит ва оилага бўлган муносабат, келажакда ўзининг оила қуриши, фарзандлар тарбиялаши ҳақидаги фикрлари ҳам шаклланиб боради.
   Оила – ҳар биримизнинг ички имкониятларимизни тўла номоён этувчи гўшадир. Инсоннинг маънавияти ҳам, буюк тажрибалари ҳам аслида оилада қарор топади ва ижтимоий аҳамият касб этади. Маънавият маърифат билан узвий боғлиқ бўлиб, унга мутассил ўқиш, ўрганиш, тажриба орттириш орқалигина эришилади. Маънавият инсоннинг ўзлигини, руҳий оламини акс эттиради. Шунингдек, яхшиликни ёмонликдан, адолатни разилликдан, оқилликни жоҳилликдан фарқлашда муҳим аҳамият касб этади.
   Шарқнинг таниқли файласуфларидан бўлмиш шоир Мирзо Абулқолир Бедил таъкидлаганидек, “Аввал ғиштни қийшиқ қўяркан меъмор, юлдузга етса ҳам қийшиқдир девор”. Дарҳақиқат, инсоннинг маънавий қиёфасини ҳам улкан бинога қиёс қилиш мумкин. Агар одамга ёшликдан тўғри тарбия берилмас экан, катта бўлгач, уни тўри йўлга солишнинг имконияти бўлмайди. Шу боис, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш билан биргаликда, юксак маънавиятли баркамол авлод тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маънавият – барча тарбияларнинг мустаҳкам илдизи деб бежизга айтилмаган. Одоб-ахлоқ ва тарбия асли маънавиятдан бошланади. Маънавият инсонни ички олами, қалби ва онги билан боғлиқ бўлиб, унинг бутун вужуди, фаолияти, хатти-ҳаракатларини белгиловчи фалсафий, ҳуқуқий, илмий, бадиий, диний ва шу каби тасаввурлари мажмуидир. Ота-боболармиз фарзанд ўстирар эканлар, уларнинг хулқ-атворига, гап-сўзларига, кишилар олдида ўзини қандай тутиб, нималар ҳақида фикрлашиб, ўз мақсадларини бошқаларга қандай тушунтиришларига катта аҳамият беришган. Улар фарзандларининг қўрслик қилиши, катталар суҳбатига аралашиши, ножўя ишларига зинҳор йўл қўймаганлар.
   Юқорида маънавият барча тарбияларнинг мустаҳкам илдизи эканлигини таъкидладик. Бунинг сабаби у таълим ва тарбия жараёнларини ҳам ўз ичига олади. Тарбия билан таълим ўзаро узвий боғлиқ бўлиб, таълим олишнинг вақти турлича бўлиши мумкин, бироқ тарбия бериш ёшликдан бошланиши шарт.
   Арабларда шундай мақол бор: العلم في الصغر كا النقش في الحجر (ўқилиши: Ал илму фиссиғари, каннақши фил хажари).
   Маъноси: Ёшликда олган илм- худди тошга ўйилган нақшдек.
   Шундай экан, ёшликдан олган илм ва тарбия инсон ҳаётида йиллар давомида шаклланиб, ривожланиб сайқалланиб боради.
   Оила мустаҳкам бўлиши ҳамда жамият ривожига ўз ҳиссасини қўшиши учун, аввало, ота-оналар фарзанд тарбиясига ва янги оила қураётган ёшларни ўз тенгларини топишга масъулият билан ёндашишса, ота-оналарнинг ўзлари бу ишларда намуна бўлишса бизлар орзу қилган жамият барпо қилинади.
   Хулоса қилиб айтганда, қуш уясида кўрганини қилади. “Оила –муқаддас қўрғон” дейди халқимиз. Ўзаро розилик ва ишонч асосида қурилган оилалар ҳозирги вазиятда бир-бирларига бўлган ўзаро ҳурмат, бир-бирини тушуниш ва фарзандлари олдида ота-оналик ҳурматларини йўқотмасликларини истаб қолар эдик. Шундай экан, барчамиз оиламизни асраб авайлайлик. Зеро, Оила – муқаддас, унда келажак авлод тарбия топишини унутмайлик!

Шакирова Шохида Юсуповна
PhD Фалсафа доктори
“Оила” илмий-амалий тадқиқот
маркази бош мутахассиси.