14 КУНЛИК СИНОВ


   Кеча ишдан қайтиб, уйимиз яқинидаги дала-дўконга кирдим ва саримсоқ неча пул экани билан қизиқдим. Таниш сотувчи йигит қуриган бир бош саримсоқнинг нархини 5000 сўм, бир боғ барра саримсоқнинг нархини 10 000 сўм, деди. Сўрадим: “Нега бунча қиммат?” У: “Кеча Қўйлиқда талаш бўп кетди, майли, 9000 сўмга бераман”, дея жавоб қайтарди. Олмадим.
   Кейин бошқа дўконга кириб бир боғ барра саримсоқ 3000 сўм эканини билдим. Шундан олиб, уйга қайтдим.
   3000 сўм ҳам ошган нарх аслида. Одатда, бир боғ саримсоқ 2000 сўм атрофида бўларди. Лекин 9000 сўм нимаси энди? Биз шу даражага етиб келдикми-ей? Инсофни икки буклаб еб қўйибмиз-ку!
  Бундай пайтларда бошқа миллатлар нархларни оширмай, вазиятдан эсон-омон ўтиб олганини эшитиб, ўқиб, жуда хурсанд бўламан. Биздаги ҳол эса мени ўксинтиради. Демак, биз миллат сифатида шаклланиб бўлмапмиз ҳали.
  Ҳозир дадам билан телефон орқали гаплашаётиб, такси ва баъзи маҳсулотларнинг нархи кескин ошгани ҳақида айтсам: “Узоғи билан 14 кун, коронавирус ўтади, оқибат қолади”, деди суҳбат якунида.
  Аллоҳнинг 14 кунлик бу синови яхшилик қилиш учун имконият-ку, аслида! Бағдод тумани Ватанпарвар ташкилотига балли! Йўл киранинг асоссиз оширилгани сабабли 8 та енгил мошинада хайрия карвони ташкил этибди. Тошкентда қолиб кетган бағдодлик талабаларнинг ўз уйларига қайтишида ёрдам беришяпти экан. 
  Ангорлик Жамшид Мусахонович Баҳромов ва бошқа сурхондарёлик кўнгиллиларнинг отасига раҳмат! Жамшид фейсбукдаги саҳифасида: “Тошкентдан Сурхондарёга қайтадиган талабалар ва аёлларни бепул олиб қайтамиз, телефон қилинглар, кўнгиллилар келганмиз, +998902498700”, дея ушбу телефон рақамни қолдирибди. Тўғриси, бу хабарни ўқияпман-у, кўзимда ёш қалқияпти. Қулоғим тагида эса отамнинг гапи айланяпти: “Узоғи билан 14 кун, коронавирус ўтади, оқибат қолади”. 

Фозил Фарҳод