Ўлмас Умарбеков таваллуд топган кун (1934 – 1994)


   Ўлмас Умарбеков (25.01.1934 й. – Тошкент – 10.11.1994 й.) - Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби.
  Истеъдодли адиб Ўлмас Умарбеков 50-60-йилларда ўзбек адабиётига кириб келган сермаҳсул ва ҳозиржавоб адиблар сирасига киради. У 1934 йил Тошкентда туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, Ўрта Осиё Давлат университетининг филология факультетига кириб, 1956 йилда уни аъло баҳолар билан битирган. «Мен ҳам ёшлигимда кўп нарсаларга қизиққанман, - деб ҳикоя қилган эди ёзувчи. - Кейинчалик учувчиликни орзу қилган эдим, боғбон ҳам бўлмоқчи бўлганман. Аммо адабиёт ҳамма орзуларимдан кучлилик қилди. Шунинг учун бўлса керак, ўрта мактабни тугатганимда, ҳеч иккиланмасдан, Тошкент дорилфунунининг филология факультетига кирдим.
   Назаримда, адашмаган эканман. Энди бўлса, адабиётсиз, бадиий ижодсиз ҳаётимни тасаввур қилолмайман».
  Ўлмас Умарбеков қарийб қирқ йил тинимсиз изланиш, ижод билан банд бўлди. У ўнлаб ҳикоялар, қиссалар, «Одам бўлиш қийин», «Фотима ва Зуҳра» каби романлари, «Қиёмат қарз», «Шошма, қуёш», «Оқар сув», «Суд», «Комиссия», «Кузнинг биринчи куни», «Аризасига кўра», «Курорт», «Ер ёнганда» каби драматик асарларини яратди. Шунингдек, «Икки солдат ҳақида қисса», «Ўзгаларни деб», «Қалин қорлар бағридаги учрашув» каби кинофильмлар учун сценарийлар ёзган. «Одам бўлиш қийин» романи Ўзбекистон ёшлар ташкилотининг мукофотига (1971), «Икки солдат ҳақида қисса» фильми Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофотига (1977), «Дамир Усмоновнинг икки баҳори» қиссаси эса Н. Островский номидаги собиқ иттифоқ ёшлар ташкилотининг мукофотига (1984) сазовор бўлган.
  Адиб тавалудининг 50 йиллиги муносабати билан унга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» фахрий унвонига, 1992 йилда «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» деган юксак шарафга эга бўлди.
  Республика радиосида оддий муҳаррир сифатида иш бошлаган Ўлмас Умарбеков узоқ йиллар давомида шу ерда бош муҳаррир бўлиб ишлаган. Қарийб ўн йилга яқин «Ўзбекфильм» киностудиясига бошчилик қилган. 1982 йилга келиб, Ўзбекистон Маданият вазирининг ўринбосари, кейинроқ вазир бўлиб фаолият кўрсатган.
  Кўп ўтмай, у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раис этиб сайланган (1985). Шунингдек, Осиё ва Африка ёзувчилари бирдамлик қўмитасининг раиси этиб тайинланган. 1989- 1991 йилларда Республика Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари бўлиб ишлаган.
   Ўлмас Умарбеков оғир хасталикдан сўнг, 1994 йил 10 ноябрда ҳаётдан кўз юмган. Унинг вафотидан кейин «Фотима ва Зуҳра» романи нашр этилган ва шу асар Муқимий театрида саҳналаштирилган. Ҳозирги кунда унинг номида кўча ва мактаб бор. 

 Мирвалиев С.   Ўзбек адиблари .- Т.,2007










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот