Ёшларга ишонч – миллатни асрайди


Муносабат
Ёшларга ишонч – миллатни асрайди

  Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг 25 декабрида Ўзбекистон ёшлари форумида иштирок этиб, келажак эгалари бўлган ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказди, уларни тинглади. Мазкур учрашув давлат раҳбарига куч-ғайрат, шижоат бағишласа, ёшлар учун эса мамлакатнинг эртанги куни учун масъул эканлигини амалдаги исботи бўлди.
  Мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда аҳолининг асосий қисмини ташкил этаётган ёшларнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий, мафкуравий фаоллигини ошириш борасида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиб келинмоқда. Кейинги йилларда давлат раҳбарининг бевосита ёшлар билан учрашуви, ёшларга бўлган ишончи ва уларни қўллаб-қуввалашлари натижасида юртимиз ёшларининг ҳар соҳада жадал илгарилаб бораётган ислоҳотларда ўз ўрни, ўз овози ва фаол иштироки сезиларли даражада юксалиб бораётганлигини кўриш мумкин.
  Юртбошимиз бу галги Ёшлар билан учрашувда сўзлаган нутқида Учинчи Ренессанс, ёш волонтёрлар фаолияти, ёшлар билан ишлаш бўйича Тошкент тажрибаси, «Ёшлар: 1+1» дастури, Ёшлар кичик саноат зоналари, «Ёшлар мурожаати» электрон платформаси, тадбиркорликка ўқиган ёшларга  4 фоизлик кредитлар, ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ва бошқа кўплаб умидбахш мавзуларга тўхталди.
  Шахсан мен учун муҳим аҳамият касб этгани Форумда ёшлар маънавияти билан боғлиқ муаммолар ҳақида алоҳида сўз юритилгани бўлди. Давлатимиз раҳбари бугунги мураккаб вазиятда ёшларимиз сезгир ва огоҳ бўлиши, ҳар бир масалада, аввало Ватан манфаатларини ўйлаб иш тутиши зарурлиги, илм-маърифат ва касб-ҳунарга интилиши, оилани муқаддас билиши, маънавий поклик, катталарга ҳурмат, кичикларга иззат, қадриятларимизга садоқат каби эзгу фазилатларни асрашимиз, янада бойитишимиз ва келгуси авлодларга безавол етказишимиз лозимлиги ҳақида куйиниб гапирдилар. 
  Дарҳақиқат, бугун ёшлар ҳаёти ва камолоти билан боғлиқ муаммолар барчада бирдек масъуллик ҳиссини ошириши, ўз олдига янги мақсад ва режаларни белгилаб олишда муҳим омиллардан бирига айланмоғи лозимдир. Ёдингизда бўлса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти сессиясидаги нутқларида бугун дунё ёшлари сон жиҳатидан инсоният тарихидаги энг йирик авлод бўлиб, улар 2 миллиард кишини ташкил этаётганлиги, афсуски, экстремистик фаолият ва зўравонлик билан боғлиқ жиноятларнинг аксарияти 30 ёшга етмаган ёшлар томонидан содир этилаётганини қайд этиб ўтган эдилар. Бу қатлам вакиллари билан боғлиқ масалалар нафақат Ўзбекистон, балки бутун ҳамжамият олдидаги муҳим муаммолардан бири эканлигини, бу мураккаб жараён нафақат ёшларга, балки катталар дунёқарашига ҳам таъсир этаётгани ҳақида куйиниб гапиргандилар. 
  Мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам бевосита давлатимиз раҳбарининг раҳнамолигида юртимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган. 
  Мазкур ҳужжатлар билан бир қаторда аҳолини иш билан таъминлаш, уларга моддий кўмак беришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Жумладан, 2020 йил 18 майда “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон, “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор, 11 августда “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”, 15 сентябрда “Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлар қабул қилинди.
  Ушбу қарорлар натижаси ўлароқ, меҳнат бозорининг самарали механизмларини жорий этиш, аҳолининг ишбилармонлик фаоллигини ошириш, камбағал ва ишсиз фуқароларни доимий даромад келтирадиган тадбиркорликка жалб қилишнинг янги қирралари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилди. Фуқароларни замонавий тадбиркорлик кўникмаларига ўргатиш, ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини такомиллаштириш, чет элда ишлашни истаган шахсларни касблар бўйича ўқитиш, хориждаги юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қайтиб келган меҳнат мигрантларини иш билан таъминлаш ҳам эътибордан четда қолмади.
  Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишсиз юртдошларимиз, хусусан, ёшларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Ишга марҳамат” марказларида тадбиркорликка ўқитиб келинмоқда. Бундан ташқари тажриба сифатида маҳаллаларда ташкил этилган касб-ҳунарга ўқитиш марказларида 6 мингдан ортиқ хотин-қизлар ва ёшларни ҳудуд хусусиятидан келиб чиқадиган ва мураккаб бўлмаган ҳаётий зарур касбларга, тадбиркорлик кўникмаларига, тил ўргатишга ўқитиш мақсад қилинган ва бу борада аллақачон амалий ишлар бошлаб юборилган.
  Банд бўлмаган ёшларнинг ҳунарманд сифатида рўйхатдан ўтиши, фаолият олиб борадиган жойларининг ижара тўловлари учун субсидиялар ажратиш,  тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида бўлган, бироқ бунинг учун етарли маблағга эга бўлмаганлар учун эса Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши кўзда тутилган.
  Форумда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 40 га яқин таклифларни илгари сурдилар. 
    Маълумки, инсоннинг ўсмирлик ва ёшлик давридаги хулқ-атвори, дунёқараши, ўз тенгдошлари билан муносабати келажакдаги ҳаётига замин тайёрлайди. Агар мана шу даврда ёшлар хатоликка йўл қўйса, келажакда оилада ҳам, жамиятда ҳам ўз ўринларини топа олмайдилар.  
  Ҳар бир жамиятнинг ривожланиб бориши жараёнида унинг ёшлари ҳамиша замон билан ҳамнафас яшаб, ижтимоий ҳаётдаги салбий иллатларга қарши курашиб келган. Юртимизда бугунги кунда маънавий-маърифий ишларни кучайтириш, ёшларни ижодий тафаккур қилишга ўргатиш, коррупциянинг салбий оқибатларини уларнинг онгига чуқур сингдириш, турли ҳил ёт бузғунчи ғоялар таъсирига тушиб қолишини олдини олиш, турли ҳил ахборот хуружларига қарши тура билиш ва ижтимоий тармоқларга қарам бўлишига йўл қўймаслик асосий вазифамиз саналади. Шундай экан, жамиятда ёшларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини ўстириш, инсон учун, унинг маънавий дунёси учун салбий иллат саналган турли кўринишдаги салбий жараёнларга қарши ижодий тафаккур қобилиятини камол топтириш муҳим саналади. 
  Юрт фаровонлиги, юртдошларимизнинг орзу-интилишлари, ижтимоий ҳимоя ва тараққиёт учун муҳим омил бўлиб хизмат қилишини назарда тутиб юртбошимиз амалдаги йилни "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" деб номлади. Дамак, жорий йилда ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш – энг устувор йўналишлардан бири бўлиши шубҳасиз. Умуман, ҳар қандай жамият тараққиётида унинг келажагини таъминлайдиган ёш авлоднинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши ҳал қилувчи ўрин тутади.
 Фарзандларимизнинг “мана шу муқаддас тупроқ меники, бу ерда ота-боболаримнинг ҳоки ётибди. Агар шу мусаффо осмон, шу эркин ва ёруғ ҳаёт, мана шу муқаддас Ватанни мен ҳимоя қилмасам, ким ҳимоя қилади?” деган эътиқод руҳида тарбия топиши, беқиёс аҳамият касб этади. 
  Ёшлар Форумида ўзим шахсан иштирок этиб, у ердаги ёшларнинг бир-бирлари билан фикр алмашишлари, ўзаро мулоқотлардаги ўзига бўлган ишонч, тафаккурнинг етуклиги, ишончнинг мустаҳкамлиги, мақсаднинг улуғворлигини кузатарканман бугунни ёшларига чиндан ишониш лозимлигини, ушбу ишонч миллатни асрашига ишондим. 

Машраббек Тўрабеков
Бандлик ва меҳнат муносабатлари
вазирининг ёшлар сиёсати масалалари
бўйича маслаҳатчиси.