ЎҚИМАГАН ҚИЗНИНГ БАҲОСИ ҚАНЧА?


ЎҚИМАГАН ҚИЗНИНГ БАҲОСИ ҚАНЧА?
ёхуд кимга қанчақалин бериш керак?

  Бизни узоқ вилоятлардан бирига тўйга таклиф этишди. Бошқа бир ҳудуднинг урф-одатлари билан танишиш, уларда шахсан иштирок этишнинг гашти бошқача бўларкан. Бир гуруҳ меҳмонлар қуршовида тўйхонага кириб боряпмиз-у, одамларнинг меҳмондўстлигига, шинавандалигига қойил қолмай иложимиз йўқ. Ҳаммаси рисоладагидек. Дастурхон тўкин-сочин. Қиш бўлишига қарамасдан, ёз меваларининг шираси кетиб улгурмаган. Секин атрофга назар солсам, негадир қуда тарафдагиларнинг қовоғи очилмаган. Ҳайрон бўлдим. Ёки тўй икки тарафнинг розилиги асосида қурилмаганмикан. Ундай десам, узукка кўз бўлиб турган келин-куёвнинг бахтдан сармастлиги гумонларимни чилпарчин қилиб юборди.
  Ниҳоят тўй тугаб, меҳмондорчиликнинг давомини қиз узатган қадрдонимизникида давом эттирдик. Гап орасида юқоридаги ҳолатга ойдинлик киритмоқчи бўлдим.
— Бу дейман, қуда холанинг кайфияти яхшига ўхшамади. Сарпо-суруқнинг кам-кўсти битмаганмиди, — дедим ўзимни билмаганга олиб.
— Эҳ, нимасини айтасиз, қизим? Ҳам қиз ўстирамиз, ҳам ўқитиб эл қаторига қўшамиз. Яна камига куёвнинг уй-жойини ҳам «тўлдириш»имиз керак. Бу ёғи қандоқ бўлдики, она сутидек ҳалол «ҳаққимиз»га келганда зиқналик қилганларини кўрмайсизми? — деди куюниб келиннинг онаси.
— Сиз мабодо, қалин пулини назарда тутмаяпсизми? — дедим таажжубланиб.
— Бўлмасам-чи?! Бу азал-азалдан қолган «қадрият». Гулдай қизим учун — бу денгиздан томчидай гап. Бу ёғи тўйнинг харажатлари ўзингизга аён.
— Сизларда қалин пули қанча? — дедим азбаройи қизиқишим ортиб.
— Кўп эмас. Ўқиган қизларга икки миллион сўм, ўқимаганларига ҳунарига қараб беш юз мингдан бир миллионгача.
  Ана холос! Гап бу ёқда экан-да. Бунга нима деб таъриф беришга ҳам бошим қотиб қолди. Қизлар «сотилади», деймизми, куёвнинг «марҳамати», деймизми билиб бўлмайди.

Ҳам қалин, ҳам маҳр...
Мунира ИСОМИДДИНОВА, Тошкент шаҳри:
— Тошкентда қалин пули(сут пули) деган тушунча анча илгари пайдо бўлган ва бу ҳанузгача давом этмоқда. Мисол учун, ҳозирги кунда унинг миқдори 5-6 миллион сўмни ташкил қилади. Айрим пайтларда бу миқдор шароит тақозосига кўра ўзгариши ҳам мумкин. Бунга ҳам турли омиллар сабаб бўлади. Баъзи пайтларда келин-куёвнинг бир жойдан эмаслиги, баъзи пайтларда оилавий шароитлари шуни тақозо қилади. Ана шунда икки тарафнинг ҳам имкониятлари ҳисобга олиниб, ўзаро келишув асосида иш кўрилади. Шу ўринда кўпчиликнинг кўнглидан қалин пулининг кўплиги борасида фикр ўтиши табиий. Аммо келин тарафнинг ҳам ёзилмаган «мажбуриятлари»ни ҳисобга олиш керак. Келиннинг оила аъзолари икки ёш учун ажратилган уйни мебель билан тўлиқ таъминлашлари, сарпо-суруқ қилишлари керак. Бу ҳам ўз-ўзидан бўлиб қолмайди, албатта. Айрим вилоятларда эса умуман тескари. Уларда қалин пули йўқ ва бўлғуси келиндан ҳам ҳеч қандай мажбурият талаб қилинмайди. Демак, миқдор белгилаётганда ҳамма нарса инобатга олинар экан.
  Ундан ташқари бизда маҳр деган тушунча ҳам мавжуд. У никоҳ ўқилаётган вақтда куёв томонидан келинга берилиши мумкин бўлган бирор-бир туҳфа бўлиб, ундан фойдаланишга келиндан бошқа ҳеч кимнинг, ҳатто, куёвнинг ҳам ҳаққи бўлмайди.

Вазира ИБРОҲИМОВА, Жиззах вилояти,
Жиззах шаҳри:

— Бир нарсага ҳайрон қоламан. Тўй куни қилиниши керак бўлган урф-одат, ирим-сирим, анъаналар шу қадар кўпки, уларнинг қайси бири тўғри, қай бири нотўғри, қайси бирининг маъноси нимани билдиришини тушунолмай адашиб кетасан киши. Уларнинг орасида баъзи кичкинагина, йўл-йўлакай пайдо бўлиб қолган одатлар ҳам бор. Мисол учун, тўй куни келинни ота ҳовлисидан олиб чиқиб кетишаётганда янгалар қуёвнинг жўраларидан пул «талаб» қилишади. Уларни рози қилган жўралар қутулдик дейишса, адашишади. Чунки дарвоза ёнида ёш болакайлар ҳам жонли девор ясаб олишади. Ўзларича, опаларининг ҳаққини «ундириб» олишмоқчи бўлишади. Уларнинг раъйини қайтаришни эса ўзларига эп кўришмайди. Шу билан ҳаммаси тугаса қанийди. Йўқ, бу жараён куёвнинг хонадонига етгунга қадар давом этади. Уни машинадан туширмоқчи бўлган қудалар энди момоларнинг инжиқликларига дуч келишади. Яна юқоридаги ҳолат такрорланаверади, такрорланаверади. Келинчакни бир кунда бир неча маротаба ҳам «пуллаш» мумкин экан-да?!

Маҳр талаб эмас, туҳфа қилинади
Махфират ЭЛАМОНОВА, Қашқадарё вилояти, Қарши тумани:

— Қалин пулининг қандай пайдо бўлганини билмайман-у, уни урф-одатга айланиб кетганига ҳеч тушунмайман. Куёв томоннинг келин тарафга берадиган туҳфалари кўп. Уларнинг орасида пулга бориб тақаладиган тортиқ ҳам мавжуд. Уни маҳр дейдилар. Бу куёвнинг келинга дилдан чиқариб берадиган бирор совғаси, бу пул ёки кийим-кечак, ёки бўлмаса зеб-зийнат буюмлари шаклида берилиши мумкин. Аммо ҳеч қачон «қизимнинг маҳрига фалон нарса берасан», қабилидаги шартлар қўйилмайди. Талаб қилинмайди. Аслини олганда, қизларни бирон нарсага нисбат қилиб баҳолашнинг ўзи кишини ўйлантирадиган ҳолат. Шуниси аниқки, келиннинг ўзигагина тегишли бўлган маҳрни фақатгина туҳфа қилиш мумкин.

Менинг икки дадам бор...
Гулноза МИРЗАЕВА, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри:

— Биз томонларда қалин пули фалон сўм деб, белгилаб қўйилмаган. Баъзи ҳудудларимизда бу анъана мавжуд. Лекин номигагина ўтказилади. Баъзи жойларда эса умуман йўқ. Аммо шундай удумларимиз борки, уни бошқа жойларда камдан-кам ҳолатларда учратишингиз мумкин. Масалан, янги келин-куёвларга вакил ота ва вакил она тайинланади. Бундай вазифани ибратли оила вакиллари, кўпни кўрган кексалар ва шу хонадоннинг қадрдон кишилари ўз зиммасига олишади. Улар ҳақиқатдан ҳам икки ёшнинг ҳаёти давомида яхши ёмон кунларида энг биринчилардан бўлиб хабардор бўлиб туришлари керак бўлади. Улар ҳам ўз навбатида вакил ота-оналарига ўзларининг фарзандлари каби муносабатда бўлишади. Бу ҳам қайсидир маънода халқимизни меҳр-муҳаббат, оқибатга чорлаб турса, ажабмас. 
  Қизини ўқимишли қилиб, ўзи хоҳлаган хонадонига узатолмай хуноб бўлаётган онаизорга қараб туриб ўйланиб қолдим. Уни нима деб юпатишни билмайман. Нима дейишга ҳам ҳайронман? Лекин бир нарсани ота-оналар ҳам тушунишини жуда ҳам хоҳлаган бўлардим. Жондан азиз дилбандга баҳо қўйиш мумкинми? Бундан ташқари, куёвнинг оила аъзолари уни ўзларига фарзанд қилиб, қиз қилиб олиб кетишмоқда. Уни чимирилган юзлар билан эмас, табассум билан кузатиб қўйинг. Бахт тиланг! Қизингизнинг энг катта бахти борган хонадонида қадр-қиммат топишидадир.

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА.