Оқ қўнғизчанинг Қора қўнғиз бўлиб қолгани ҳақида


   
Зулфия МЎМИНОВА

Оқ қўнғизчанинг Қора қўнғиз бўлиб қолгани ҳақида

   Файласуф Тошбақа ва педагог Тошбақахонлар оиласида камол топаётган қизи Тошгулнинг ниҳоятда зийраклигидан уйдагилари хурсанд бўлишса ортиқ даражада қизиқувчанлигидан, шўхлигидан хавотирга тушишар эди. Тошгул тошбақа оламга ҳайрат билан боқар, ҳамма нарсани тезда билиб олишни истар, катталар қилаётган барча ишни қила оламан деб ўйлар эди. Ота-онаси эса ҳеч ким ҳамма ишни бирдан бажариб кетмаган сен ҳам секин-секинлик билан ўрганасан –дейишарди. Тошгул ҳар кеч уйқуга ётишдан олдин эртага катта бўлиб уйғонаман-деб ўйлар экан. Аммо эрталаб ойнага қараб ёнига чиройли тахтача осилган бўлиб унинг учун таъқиқланган ишлар ёзиб қўйилган экан.
   Гугурт ўйнаш мумкин эмас!
   Электр ускуналарига тегиш мумкин эмас!
   Бегоналарга эргашиб кетиш мумкин эмас!
   Рухсатсиз шоколад ейиш мумкин эмас!
   Пичоқ, қайчи, болта, арра каби тиғли асбобларга тегиш мумкин! 
     Бечора Тошгул бу мумкин эмаслар қачон тугар экан даб ўйлар экан. У бир куни уйлари ёнида ўйнаб ўтирган экан ёнига оппоққина қўнғиз боласи келибди. Қўнғизчанинг  оқ кастюми бор экан.
    У Тошгулга салом бериб, танишмоқчи, ўртоқ  бўлмоқчилигини айтибди. Тошгул ҳам рози бўлибди. Улар майин қумлар устида роса ўйнашибди. Сен табиатни яхши кўрасанми? - сўрабди Тошгул. Қара олам қандай гўзал. Бундай пайт мен қўшиқ айтгим келади. – Мен ҳам қўшиқ айтишни хоҳлайман аммо билмайман. Менга ўргат - дебди Оппоқой. Майли аввал мен айтаман сўнгра сен такрорлайсан - дея Тошгул бошлаб юборибди.

Қара олам чиройли,
Дарахт, гуллар чиройли.
Дарахтдан, гуллардан ҳам,
Менинг онам чиройли.

    Тошгулнинг мазмунли қўшиғи Оппоқга ёқиб қолибди. Шу қўшиқни ўргат - дебди. - Жуда яхши, аввал мен айтаман кейин сен такрорлайсан - дебди Тошгул.
    Улар роса машқ қилишибди. Оппоқ қўшиқни ўрганиб  олибди. Онасига айтиб бериш учун уйи томонга учиб кетибди.
   Оппоқнинг ўрганиб келган қўшиғини эшитиб Қўнғизовлар оиласидагилар роса хурсанд бўлишибди. Кейинги кун ҳам унга Тошгул билан ўйнаб келишга рухсат беришибди.
    Эртаси куни Тошгул билан Оппоқ бекинмачоқ  ўйнашибди, қўшиқлар айтишибди.
- Менда бир нарса бор, кел ўшани ўйнаймиз – дебди Оппоқ. - Нима нарса кўрсат? - дебди Тошгул. Шунда Оппоқ чўнтагидан гугурт чиқарибди. - Вой,  гугурт-ку, буни ўйнаш мумкин эмас - деб бизнинг уйда ёзиб қўйилган – дебди Тошгул. - Бизнинг уйда бундай ёзув йўқ, демак менга мумкин - дебди Оппоқ. - Йўқ, менга гугурт ўйнаш мумкин эмас - дебди Тошгул. - Сен ўйнамайсан, кузатиб турасан, мен ўйнайман - дебди Оппоқ. Улар ўрмоннинг шох-шаббали, қуриган майсалари кўп жойига боришибди. - Бу ерда гугурт ўйнама, бу ерда Чумолибоевларнинг ёзги уйи бор экан - дебди Тошгул. - Мана бу ерда ўйнайман, Чумолибоевларнинг уйи томонга ўт кетса қанотларим билан ўчираман - дебди Оппоқ. У гугуртни бир донасини ёқиб хашаклар устига ташлаб юборибди. Олов аввал секин-секин ёнибди. - Ана кўрдингми? Қандай зўрман - дебди Оппоқ. Шу пайт қаердандир дайди шамол келибди-ю, оловни пуфлаб юборибди. Тошгул билан Оппоқ "дод" - деб юборибди. Оппоқ қўнғизча оловни ўчирмоқчи бўлиб, қанотларини силкитган экан, бирдан қанотлари оппоқ костюмига олов урилиб, ловиллаб ёна бошлабди. Оппоқ ҳушидан кетиб йиқилибди. Тошгул тезда тошли кийимини пана қилиб, уни олов ичидан судраб олиб чиқибди. Ёнғин содир бўлганини кўрган бутун ўрмон аҳли ёрдамга шошилибди. Кимдир "Тез ёрдам"га, кимдир "Ўт ўчирувчи филлар" ёнғиндан сақлаш хизматига қўнғироқ қилиб, ёрдамга чақиришибди. Аммо, бу оради ёнғин Чумолибоевларнинг ёзги уйини, Қуёновларнинг омборхонасини, Тулкибоевларнинг мўйна фабрикасини куйдириб кулга айлантирибди. Етиб келган Фил Филов раҳбарлигидаги ўт ўчирувчилар фалокат билан олишиб, хартумларида сув пуркай бошлашибди. "Тез ёрдам" машинаси оғир жароҳатланган Оппоқни беҳуш ҳолда олиб кетибди. Уларнинг ортидан Оппоқнинг онаси: - вой болам, вой болам, - деб учиб кетибди. Қандай даҳшат!!! Қандай фалокат!!! Агар Тошгулнинг кўйлаги тошдан бўлмаганда эди, у ҳам куйиб қолган бўлар эди.
    Ўша куни бутун ўрмон аҳли учун қайғули кун бўлди.
    Чумолибоевлар йиғлашди:
-    Эссиз ёзги уйимиз.
   Қуёновлар йиғлашди:
-    Эссиз омборхонамиз.
   Тулкибоевлар йиғлашди:
-    Эссиз “Мўйна фабрика”миз.
   Ҳаммасидан ҳам Қўнғизовларга қийин бўлди. Оғир куйишни кўтаролмай Оппоқ ўлиб қолса нима бўлади? Ўрмондаги барча жониворлар ўрмон клиникасига Оппоқнинг оиласига ҳамдард бўлиб, тўпланиб туришди. Улар орасида турган Чумолибоевлар, Қуёновлар, Тулкибоевлар ёниб кетган мулклари учун қопланадиган зарардан воз кечишганини эълон қилишди. Уларнинг мардлигига барча қарсак чалиб юборди. Уч кун деганда Оппоқ ўзига келди. Клиниканинг бош шифокори профессор Лайлакбоев чиқиб аҳволни баён этди. - Оппоқ ўзига келди, аммо, жароҳати оғир, секин-секин тузалади, тузалганда ҳам энди у аввалгидек оппоқ эмас, қора қўнғиз бўлиб қолади - деди. Оппоқнинг ота-онаси, боласи қора бўлса ҳам соғ–саломат юришини эшитиб хурсанд бўлишди.
   Орадан икки ой ўтиб, қўнғизча тузалиб шифохонадан чиқди. Уни олиб кетаётган отаси бир неча дақиқага Чумолибоевларнинг уйи ёнида тўхтаб, кечирим сўрашга олиб кирибди. Уларни кўрган чумолилар бош ирғаб қўйишибди-да, ишларида давом этишибди. Чунки, чумолилар уруғ-авлоди билан қаттиқ меҳнат қилишар, уларга ҳатто кичкина чумолилар ёрдам беришаётган экан. Чумоли болалари оппоқ қўнғизчани, қора бўлиб қолгани кўришиб, гугурт ўйнашнинг оқибати нималарга олиб келишини англаб олишибди. Уларнинг уйи ёнида Қуёновлар янги омборхона тиклашаётган экан. Оппоқ қўнғизча уларга салом бериб, кечирим сўраган экан, қуёнлар ҳатто бош кўтариб қараб ҳам қўйишмабди. Балки, ишга берилиб кетган қуёнлар ростдан ҳам уни эшитишмагандир, балки танишмагандир.
 Тулкибоевларнинг “Мўйна фабрика”си қандай ёнган бўлса шундай турибди. Айтишларича энди бу фабрикани қайта тиклашнинг иложи йўқ экан. Улар энди парранда фабрикасини  очиш учун ҳужжат қилиб юрган эмишлар.
    Бу кўнгилсиз гаплардан сўнг, кечириб бўлмас хатога йўл қўйганини тушинган қўнғиз қаттиқ изтироб чекибди. Бу ҳам етмагандай айрим болалар уни кўриб "Қочинглар, олов ёқар келаяпти!". "Қочинглар, қораси юқиб қолади!" - деб қочиб кетадиган бўлишибди. Бир кун Оппоқ йиғлаб, бир чеккада ўтирган экан, олдига Тошгул келибди.
- Салом Оппоқ, тузалиб кетдингми? Юр, атрофни томоша қилиб завқланамиз - дебди. Унинг бу таклифидан хурсанд бўлган Оппоқ қувончидан йиғлаб юборибди ва "Мени кечир ўртоқ, энди ҳеч қачон гугурт ўйнамайман" - деб сўз берибди. Икковлон Тошгулнинг қўшиғини айтиб дарё бўйига кетишибди.
Қара олам чиройли,
Дарахт,гуллар чиройли.
Дарахтдан, гуллардан ҳам,
Менинг онам чиройли.
 Олақарғалар нега ёнғоқ кўмади?

     Қадим-қадимдан Олақарғаларлар, қушлар орасида энг обрўлилардан бўлган экан. Улар ақлли қушлар сулоласидан ҳисобланиб, меҳнатсевар, ҳушёр, зийрак, оилапарвар, меҳмондўст эканлар. Энг узоқ 300 йил умр кўрадиган қуш ҳам шулар экан. Ахир тажриба ҳам жуда катта маънавий ва моддий бойлик эгаси бўлишга асос бўлади-да. Улар ўрмон қушларининг жами тадбирларида давраларнинг тўрига, энг иззатли меҳмонлар қаторига таклиф қилинар, бирор маслаҳатли иш чиқадиган бўлса, уларнинг фикри албатта инобатга олинар экан. Ўзига жуда-жуда ярашиб турган оқ ва қора атласдан тикилган тўнларига ҳали-ҳамон бутун дунё қушлари ҳавас билан қарашар экан. Сезгирликлари туфайли, ўрмон аҳлини кўпгина фалокатлардан қутқариб қолган ҳам шу Олақарғаевлар авлоди бўлиб, бобоси Қарға Катта  умрининг 100 йилини бағишлаб ёзган “Қарғанома” китоби уларга дастуриламал бўлиб хизмат қилар экан. “Қарғанома”да қарғачилик ахлоқ-одоби, меҳнат қилиш, ҳалоллик, қариндош- уруғчилик ва қўшничилик маъданияти-ю, полапон тарбиясидан тортиб то 300 йиллик умрнинг энг сўнгги йилларини қандай савобли ишларга бағишлаш кераклигигача ёзилган экан. Бу улкан маънавиий мерос билан Қарғалар авлоди асрлар оша ғурурланиб яшашар эканлар. 
    Уларнинг яна бир ҳеч қайси қушларда йўқ хислати - ёнғоқ ея олиш қобилиятига эга эканлигида экан. Бошқа қушлар каби тишлари йўқ бўлса-да, улар катта тумшуқларига ёнғоқларни қистириб олиб, ерга учиб тушишар, панжалари орасига ёнғоқни қўйиб, ўткир тумшуқлари билан иккига бўлиб ейишар ёки катта тошлар, асфальт йўллар устига ёнғоқларни ташлаб юбориб, бўлиниб кетгач, мазза қилиб ёғлиққина мағизларни паққос туширишар экан. 
     Жами қарғалар авлоди куз келишини, унда барчаси биргаликда ёнғоқ базм қилишни орзиқиб кутишар экан. Боғларда, тоғларнинг ён бағирларидаги ёнғоқзорларда ёнғоқлар ичи лиқ-лиқ ёғ бўлиб пишганида қарғалар гала-гала бўлиб, бутун дунёга шовқин-сурон солиб учиб келар эканлар-да, худди, бу ёнғоқлар фақат ўзларига тегишлидек барча мавжудотни ҳавасини келтириб,  ёнғоқхўрлик қилишар экан. Улар шу даражада зиёфатларга берилиб кетибдики, бир нача ҳафтада катта-катта ёнғоқзорларни шип-шийдон қилишибди. Бу ёнғоқларни етиштирган одамларга, болаларига ёнғоқ териб бермоқчи бўлган олмахонларга, биттагина ёнғоқ билан, катта оиласини тўйдира оладиган чумолиларга фақат шақирлаган пўчоқлар қолибди, холос. Ёнғоқларига умид билан қараган одамларнинг ёнғоқзорлардан қўллари қуруқ қайтибди. Олмахонлар “Ёнғоқ егим келаяпти” - деб йиғлаган болаларига  ҳатто, бозорларга бориб ҳам ёнғоқ топиб бера олмабди. Ёнғоқзорларга бориб, ерга тўкилиб ётган япроқлар орасидан ҳам бирор дона ёнғоқ топиб ея олмаган чумолиларнинг томоқлари оғриб қолибди. Улар қатор-қатор бўлишиб, бошларини эгиб, дардига шифо излаб, врач қабулига кетишаётганини барча кўрибди.
     Ёнғоқ таркибида бош мияни озиқлантириб турадиган витаминлар борлиги учун ҳам одамлар ҳар куни болаларига икки донадан ёнғоқ беришар экан. Унинг ёғи меҳнат қилиш қобилиятини ошириб, эшитиш ва кўришни яхшилайдиган дармон-дориларнинг мавжудлиги боис кекса-ю, ёшнинг саломатлигида муҳим ўрин тутар экан. Ёнғоқлар барчага шу даражада зарурлигини Қарғалар афсуски, унутиб қўйишибди.
    Бу нохуш ҳолат ҳақида хабар Қарға каттага етиб борибди. Донишманд Қарға катта, қарғаларнинг бу инсофсизлигида ўзини айбдор деб, ҳисоблабди.
    У тезликда қарғалар йиғилишини чақирибди. Ўша куни-ёқ ёнғоқ базм уюштирган ташкилотчилардан барча ваколатларни олиб қўйибди ва уларни 100 йил ёнғоқ ейишдан маҳрум этибди. Ўша куни-ёқ “Қарғанома”га янги боб киритиб, унда қуйидаги бандлар қатъий қилиб белгилаб қўйилибди:
-  одамларнинг ва бошқа ён қўшниларнинг қўллари етмайдиган, энг баланд шохлардан ёнғоқ ейилсин.
- исрофгарчиликка йўл қўйилмасин.
- ёнғоқзорларда тозаликка риоя қилинсин.
- ҳар бир қарға 300 йиллик умри давомида ёнғоқ экишга ўз ҳиссасини қўшсин ва ўзгаларни ҳам ўша ёнғоқларнинг мевасидан баҳраманд  этсин.
- ёш қарғаларга кекса авлод қарғалар томонидан ёнғоқ экиш қоидалари тушунтирилсин ва улар эккан ёнғоқлар назорат этиб борилсин.
     “Қарғанома”га киритилган ушбу қоидаларга абадий риоя қилинаётганига ҳар кузда гувоҳ бўламиз.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот