ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР


Қўчқор НОРҚОБИЛ

ШАФАҚДАГИ ШУЪЛАЛАР  

ДЕНГИЗ ҲИКОЯСИ

     Бесарҳад денгиз сатҳида улкан ҳарфлар билан битилган жумлалар пайдо бўлди. Мен уларни ўқий бошладим; денгиз ҳикояси бу!
     Ҳа, денгиз ҳам ҳикоя ёзади. Агар ўқий билсангиз бутун борлиқ ёзади. Табиат даҳо ижодкор.
   Мен денгизнинг ҳикоясини кўчириб оламан. Йўқ, мен уни ўғирламадим. Қалбимни очгандим, денгиз ўша ажойиб ҳикоясини тортиқ қилди.
     Ҳа, биз барча яхши асарларимизни табиатдан кўчирамиз. 
     Фақат қалбимизни очсак, бас.
 

СИР

     Ёзаётган ҳикоямнинг охирини, қандай тугашини билганимдан сўнг иштиёқ билан ишга киришаман. Жумлалар ўзи келаверади; бошимдами, кўнглимдами, кимдир айтиб туради. Ҳикоя тугай-тугай деб қолганда, мўлжални  аниқ урмоққа кўзим етганда, баъзида кутилмаган ҳол содир бўлади; ўз-ўзидан ҳикоя бошқа томонга бурилиб кетади, ўзгача ечим топади. Ахир мен бундай тугашини сира хаёлимга келтирмаган эдим. Ўйлаганимдан ҳам гўзал ва ажойиб ечим. Бу менинг ихтиёримдан ташқаридаги бир куч ва идрок туфайли содир бўлди. Э-йй, менинг тепамдаги Буюк Зот, ўзинг доим қўллаб тур! Сен кўргувчи ва билгувчисан! Ижоднинг ҳам илоҳийлигига иймон келтираман. 

ҚИСМАТ

     Баъзида асар қаҳрамони тугул персонажлар ҳам мен билан чиқишолмайдилар. Камина кўрсатган йўлдан юришни хохламайдилар. Шунда уларни ҳикоя ёки драмадаги образлар эмас, тирик одамлар эканлиги, уларнинг ҳам ўз ҳақиқати ва характери борлигини ҳис қиламан. Ва, эркин қўйиб юбораман, фақат бир шарт билан; қайси йўлдан бўлса ҳам қалб ва тафаккур кўрсатган манзилу мақсадга бирга етиб борсак бас. 

ДРАМА

     Драма қийин ва хавфли жанр. Чунки, муаллиф ўзгаларнинг ҳатти-ҳаракати эвазига ҳаётни кўрсатиб бериши, ўзи эса четда кузатиб туриши, бироқ ўз қалбидаги олий мақсаднинг кўринмас риштаси билан асар персонажлари ҳамда томошабинни  бир-бирига боғлаб қўйиши керак. Йўқса, персонажлар саҳнага сиғмай қолишлари, қуйишқонидан чиқиб кетишлари мумкин. 

ЎЗГАЧА ҲАЁТ

     Баъзан ҳаётнинг турфа ўйинлари ва икир-чикирлари, жабр-ситамлари бош кўтарганда, ижод қалъсига кириб беркинаман. У ердан бирор қисса, ҳикоя  ёки драма олиб чиққанимда эса атрофим сув қуйгандай тинчиб қолган, ҳамма майда-чуйдалар ўтиб кетган бўлади. Ижод мени асраб қолганлигини англайман. Шундай экан, Ижоднинг илоҳийлигига қандай ишонмаслигим мумкин...    

ҚАЛБ ЭШИГИ

     Адабиёт эшиги олдида тўдалашиб, жар солишиб, уни болта билан уриб, синдириб бўлса-да, қайсидир шўрлик муаллифга очиб беришга уринган рекломчи қавм хато қилади.  Бу эшикни фақат истеъдод деган калит очиши мумкин.  Қолгани бекор; тўп отиб ҳам очолмайсиз... Барча зўраки ташвиқотлар адабиёт эшиги пойида чириндига айланиб, уюлиб ётаверади. Бироқ унинг ҳиди оммани беҳузур қилиши ёмон. 
    
САҲНА

     Мен ҳаётни саҳнага ўхшатаман. Бу саҳнага бутун ер шари сиғади, уни кўтара олади. Бироқ ортиқча биргина хас ҳам оғирлик қилади. Баъзида ўйга толаман: 
“Замин , Сенга ортиқчалик қилмаяпманми?” 

ИСТАМБУЛ. 8 АВГУСТ,  2022 ЙИЛ.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот