АЁЛ АДАШСА - МИЛЛАТ ЙЎЛДАН АДАШАДИ


АЁЛ ЎЗИ УЧУН ЯШАШИ КЕРАКМИ?

  Таассуфки, сўнгги пайтларда аёллар, хотин-қизлар йиғилган айрим давраларда, гап-гаштакларда: “Қачонгача бола-чақа, оила деб ўзимизни қурбон қиламиз?”, “Ўладиган дунёда еб-ичиб, ўйнаб-кулиб, ўзимиз учун яшаб қолайлик”, деган гап-сўзлар тез-тез қулоққа чалинмоқда. Бундай гапларни эшитганда, негадир, худди аёллар оналикка қарши исёнга даъват этилаётгандек туюлади. Аслида ҳеч бир тирик жон беҳикмат яралмаган. Аёлдир, эркакдир ҳар бирининг зиммасида ўз вазифаси, бурчи бор. Буни оқила момоларимиз, нуроний ота­ларимиз яхши билишган. Бугунги кунда эса енгил-елпи ҳаётга тарғиб этувчи мана шундай даъватга эргашаётганлар орамизда кўпайиб бораётгани оқибатида оилада, фарзанд тарбиясида катта бўшлиқлар пайдо бўлмоқда. Аслида-чи, аслида аёл ўзи учун яшаши керакми?

“АЁЛ АДАШСА - МИЛЛАТ ЙЎЛДАН АДАШАДИ”

   Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон халқ шоираси, Олий Мажлис Сенати аъзоси:
– Бу дунёнинг ярми аёл, лекин қолган ярмини ҳам аёл дунёга келтирган. Аёлни буюк, пойини саждагоҳ қилган оналик мартабасидир. Жаҳонга машҳур соҳибқиронлар, жаҳонгиру султонлар она матонати, ақл-заковати, жасорати олдида бош эгиб ўтганлар. Она меҳри ипакдек юмшоқ ва муло­йим, гулдек нафис, жаннат райҳонидек суманбар ва ҳаётбахш.
   Она. – Яратганнинг ердаги фариштаси, У ерга ҳаёт ҳадя этиш, абадият учун юборилган. Аллоҳ аёлни Одам Атонинг қовурғасидан бунёд этиш баробарида эркакка дўсту рафиқа, она, сингил бўлиб қўллаб юрсин, дея уни мукаммал яратган. Шундай экан, аёл қандай қилиб фақат ўзи учун яшай олсин?! Қуръони Каримда ҳам аёлнинг оила қуриши, фарзандли бўлиши, оиладаги вазифалари бежиз белгилаб қўйилмаган. Лекин минг афсуслар бўлсинки, бугун оила аталмиш муқаддас қўрғоннинг илоҳий арконлари ҳалокат бўҳронларидан дарз кетмоқда.
   Ғарбда никоҳ ёшидагиларнинг 70-75 фоизи турмуш қуришдан бош тортмоқда, никоҳланганларнинг 60-65 фоизи эса фарзандни умрига эгов, оёғига тушов ҳисобламоқда. Бу тоифадагилар бола туғишдан кўра ит, мушук боқишни ўзларига афзал билади. Дунёнинг ўнлаб ривожланган мамлакатларида бир жинсли никоҳлар қонуний кучга кириб, кўламини кенгайтириб бораётганини кўриб даҳшатга тушасан. Бугун Ғарбнинг бундай ҳалокатли қуюнлари ўзбек оилаларига ҳам чанг солаётганидан афсуски, кўз юмолмаймиз. 
   Аёл фақат ўзи учун яшаши керакми? Бу ғоят оғриқли савол. Албатта, аёл ўзи учун ҳам яшасин, соғлиғи, гўзаллиги, бахти, соғлом яшаш тарзи учун қайғурсин, курашсин. Лекин ўзбек аёли ҳеч қачон табиатан фақат ўзи учун яшай олмайди. Унинг учун фарзандининг бахту камоли, келажаги, соғлиғи ўзининг ҳузур-ҳаловатидан муҳимроқ. Хўш, унда нега мамлакатимизда тобора оилавий ажримлар, ёлғиз оналар, аёллар ўртасида жиноятчилар, боласини ахлат чиқиндиларига ташлаб кетаётганлар сони ортиб бормоқда? Нега она ўз фарзандини тирик етим қилмоқда? Нега айрим аёллар фарзанди бахтидан ўз ҳузур-ҳаловатини устун қўймоқда? Ажралиб кетаётган оилаларнинг сабабларини ўрганиб, юрагингиз увишади. Жуда майда-чуйда, арзимас нарсалар, жузъий моддий етишмовчиликлар, сеп-сидирғалар, қайнона-келин муносабатлари бу қўйди-чиқдиларга асос бўлаётгани фожеалидир. Бундан ҳам фожеалиси, статистик маълумотлар бу ажримларнинг ташаббускорлари бўлган аёллар сони кўпайиб бораётганини кўрсатмоқда.
   Бугунги ғоят мураккаб, таҳликали, “оммавий маданият”нинг ахлоқсиз хуружлари кучайиб бораётган бир даврда ғарбона руҳият, худбинлик, ўз ҳузур-ҳаловатини биринчи ўринга қўйиш каби иллатлар ўзбек аёлига хос бўлган бағрикенглик, фидойилик, меҳнатсеварлик, одоб-ҳаё каби шарқона фазилатларга соя солмоқда. Бутун инсониятни йўлдан оздираётган бундай бало-қазоларга ёлғиз аёлгина фарзанди, оиласи учун балогардон, халоскор бўла олиши мумкин. Миллат тарбиячиси, эртаси бўлган аёлнинг ўзи йўлдан озса-чи? Агар аёл адашса, миллат йўлдан адашади.

“БУВИЛАРНИНГ ПОШШОСИ”

   Зулфия Мўминова, шоира, “Дўстлик” ордени соҳибаси:
– Дунёдаги энг гўзал аёл бола кўтарган аёлдир, деган эди, донишмандлардан бири. Боласи ҳақида ўйламай қўйган кунидан бошлаб ҳар қандай аёл бахтсизликка юз тутади. Алал оқибат пушаймонлик ўтида қоврилиб яшайди. Оиласи билан бир дастурхон атрофида ўтириш, фарзандларини ёнига олиб, бир кўрпада ухлаш, бир эшикдан кириб-чиқиб, ҳар бир нафасини ҳис этиб туриш она учун бахт эмасми?
   Аёл ҳамма нарсага улгуриши керак. Ўзига оро берсин, чиройли ки­йинсин, оиласини, ўзини зийнатласин. Тўй-томоша, концертлару, театрларга, зиёфатларга борсин. Аммо буларнинг асосида фарзанд тарбияси бирламчи ўрин эгалласин.
   Ёшимиз бир жойга бориб, ҳаётга теранроқ қараб, яшашнинг асл моҳиятини англаб етганимизда, қайсики аёл ўзини оиласига, фарзандлари тарбиясига бағишлаган бўлса, охир оқибат бахту саодатга эришаётганини кўряпмиз. Фарзандига ажратган вақтига қараб ҳар бир онанинг умри зийнатланаверар экан.
   Аёл кун бўйи ойнага қараб ўтирса, гўзаллик салонларидан, гап-гаштаклардан бери келмаса: “Менинг яшаш тарзим, бўлганим шу, бу дунёга бир марта келаман, ўйнаб-кулиб қолишим керак”, деб юраверса, бола қачон, кимдан, қандай тарбия олади?
   Мана 60 ёшга яқинлашдим. 60 дан ошгач, қандай ва қанча яшашинг болаларингга боғлиқ, дедилар. Бунинг учун фарзандларга ҳар лаҳза ўзни фидо қилиш кераклигини уқтирдилар. Она бўлган кунимдан бошлаб, умримнинг бир лаҳза, бир онини болаларимсиз ўтказа олмадим. Ҳатто шеър ёзаётганимда ҳам уларнинг оёқ товушларини, шовқинларини эшитиб турсамгина, яхши ёзаман. Ютуқлари кўнглимни бир поғона баландга кўтаради.
   Боланинг ҳар бир куни янгиликка бой. Мактабдан “5” баҳо олиб келиши, кичкина муваффақияти ҳам оила учун катта ҳодиса бўлиши керак. Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Гараша қишлоғида бирорта бола “2” баҳо олса, бутун маҳалла хабардор бўлар, “Эшматнинг ёки Тошматнинг боласи нимага “2” баҳо олибди”, деб муҳокама қилишар экан. Қаранг, боланинг қандай ўқиши билан бутун қишлоқ ҳамжиҳатликда қайғуряпти.
   Аслида ҳам ҳаммамиз нафақат ўзимизнинг, балки қўшнимизнинг невараси “2” баҳо олиб келса, тарбиясида нуқсон сезилса биргалашиб қайғуришимиз керак. Негаки, эртага ўша бола шифокор бўлиши ва айнан бизни даволаши ёки билимсизлиги оқибатида ҳаётимизга зомин бўлиши мумкин. Кимнингдир боласи жуда тарбияли бўлса-ю, бошқа бир оиладаги носоғлом муҳит туфайли вояга етган бола жиноятчига айланса, маломат бутун маҳаллага келади. Бетарбия, ахлоқсиз одамнинг ўғил-қизлари ҳам бир куни ана шу тарбияли фарзанд ўстирган хонадоннинг неваралари билан бир мактабда ўқийди. Бир муҳитда ўсади.
   Конфуций: “Болага меҳр бериб, тарбияламаяпсанми, сен ўғрини боқяпсан”, деган экан. Шу боис болага дахлдор бўлган ҳар бир нарсага меҳр бериш керак. Ана шу меҳрни ҳис этиб улғайган бола кучли шахсга айланади.
   Невараларим билан ҳамиша биргаман. Уларни машғулотларга олиб бораман. Ўқишларидан хабардорман. Неварам: “Сиз дунёдаги бувиларнинг пошшосимисиз?” деб сўраса, кўнглим тоғдек кўтарилади. Унга ҳар кимнинг бувиси ўзи учун пошшо бўлишини тушунтираман. “Бувижон, бу сафар ғалабамни онамга ёки сизга бағишлайман”, деган куни эрталабгача дуо қилиб, набирамнинг юзи ёруғ бўлишини тилайман.
   Айтинг-чи, бундай лаҳзалар қувончини дунёларга алишиб бўладими, ахир?!

“БУ МЕҲНАТЛАР РОҲАТГА ҲАМ АЙЛАНАР!”

   Мунаввара Усмонова, шоира, “Шуҳрат” медали соҳибаси:
– Бу савол мени ҳам анчадан бери ўйлантириб келади. Баъзида: “Ҳа, аёл ўзи учун яшаши керак”, дегим келса, гоҳида кўнглимнинг туб-тубидан: “Йўқ, аёл ўзи учун яшай олмайди”, деган садо келади. Менимча, аёлнинг бахти оиласи билан бутун. Оила эса ҳамиша ўйин-кулги ёки шодликдан иборат бахт қасри эмас.
   Шу ўринда бир яқин танишимнинг кечмиши тўғрисида тўхталмоқчиман. У севиб, севилиб яшарди. Турмуш ўртоғи билан баҳоли қудрат уй-жой тиклаб олишди. Қўли гул чевар эди. Рўзғор юкига елка тутмоқчи бўлдими, савдогарлик қила бошлади. Аввалига кимнингдир дўконида сотувчи бўлиб ишлади. Қаерда кўришсак, оддий ҳайдовчи эридан шикоят қиладиган одат чиқарди. Кейин, уч гўдагини уйидагиларга ташлаб, олис юртга қатнаб, савдо-сотиқни ўрганди. Лекин ўша пайтларда у оналигини, аёллигини унутмаган, топганини уйига бола-чақасига таширди.
   Орадан йиллар ўтди. Бир куни у билан учрашиб қолдик. Қиш эди. Эгнида қимматбаҳо пўстин, оғзи тўла тилла тишлари ярқираб, бир гапириб ўн кулар, ҳаётидан жуда мамнун эди. “Ордона қолсин, инсонга ҳаёт бир марта берилади. Гулдек умрим бола-чақа, деб ўтиб кетсинми, ўзим учун яшагим келди”, деди. Бу гаплардан ҳайратга тушдим. “Болаларингиз улғайиб қолгандир”, деган саволимга лабини буриб: “Ҳм-м-м, кўп вақтим сафарда ўтади, улар тўрт хонали уйда мазза қилиб яшашяпти. Дадаси бирга. Ўзларини ўзлари эплайди. Мен эса савдо марказига яқин жойдан икки хонали уй олиб, “евроремонт” қилдирдим. Жиҳозлариям зўр. Кеч бораман, чарчаган одамга болаларнинг ғалваси ёқармиди, хоҳлаган пайтда ухлайман. Бир иккита улфатларим бор, кун ора чақ-чақлашиб ўтирамиз. Шундай қилиб, ҳам ишлаяпмиз, ҳам ҳаёт гаштини суряпмиз-да”, деди.
– Ўғилларингизнинг кирларини ювиш, ош-овқатни пишириш керак-ку.
– Эй, мужмаллигингиз қолмабди-да, а? Кирини машина ювади. Газга қозон осса овқати пишади. Нима, қишлоқдагидек кирни қўлда ювиб, ўчоққа ўтин солармиди?! Катта бўлиб қолишди. Менинг давримда охирги урфдаги кийимларнинг бирини ки­йиб, бирини ечиб юришибди-да. Шукр килишсин.
   Тез-тез сим қоқиб, олиб келган матоҳларини мақтаб турадиган ўша танишим анча вақт жим бўлиб кетди. Бир куни қўнғироқ қилганида овози жуда шикаста эди. Айтишича, сафардан қайтгач, улфатлари билан бир кафеда ўтириб, уйга қайтибди. Ярим тунда қон босими кўтарилиб, аҳволи оғирлашибди. Шифокорлар инсульт деб ташхис қўйишибди. Ҳозир бир тараф оёқ-қўли ишламасмиш. “Болаларимга топганимни едириб, яхши кийинтирибман-у, меҳр-оқибат, қадр-қимматни ўргатмабман. Менга меҳри йўқ уларнинг”, дейди зорланиб.
   Онаси ўзи учун яшаш орзусида тунда уйига қайтмаса, боланинг кўнгли ўксиб шохи қайрилмайдими? Қатрама аёзда мактабдан келган бола совуқда қозон қучоқлаган пайти қўшнисиникидан келаётган тотли таом исига юраги эзилмайдими? Уйидан бир чимдим меҳр тополмаган гўдак учун тўрт хонали уй эмас қасрлар ҳам вайронадек абгор кўринмайдими?
   Суйган овқатини пишириб, оила даврасида дастурхонга келтирганида, фарзандларининг ва турмуш ўртоғининг нигоҳлари чарақлаб турса... Болалари ташвишидан ортиниб, ўзи ёқтирган санъаткорнинг концертига боролса, театр остонасидан шодон қайтса... Ўғил-қизи улғайиб, корига ярайдиган инсонлар орасида бўлса ва уни ардоқлай бошласа... Эл-юртдан: “Фарзандингиз бир яхши, тарбияли йигит (ёки қиз) бўлибди”, деган олқишни эшитса... Ана ўшанда аёлнинг меҳнатлари роҳатга айланади. Унинг ўзи учун ҳаракат қилгани шу! Ўзи учун яшагани шу! Ниятим, ҳар бир онага, ҳар бир аёлга ана шундай кунлар насиб этсин.

“МЕҲР УЙҒОТУВЧИ ШАМЧИРОҚ”

   Умида Абдуазимова, шоира, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими:
– Аёл атрофидагиларни бахтли кўрсагина ўзини бахтиёр ҳис этади. У ҳеч қачон ёлғиз тасаввур этилмайди. Севимли ёр, меҳрибон она, мунис опа, сингил... Нима бўлганда ҳам кимгадир жон риштаси билан боғланиб яшайди.
   Эркакнинг аниқ фикридан кўра аёлнинг тахмини тўғри чиқади, деган гап бор. Афғон урушида қатнашиб, яраланган Фарҳод Мирзараҳимов билан суҳбатлашганимда бир воқеани айтиб берган эди. Ярадор бўлганидан кейин ҳам аҳволим яхши, деб уйига хат ёзади. Аммо онаси унга: “Ёмон яраланмадингми, болам?”, деб жавоб хатини юборади. Уйига қўлтиқтаёқда қайтган аскар, “Яраланганимни қаердан билдингиз”, деб сўраганида онаси: “Хатингдан дори ҳиди келаётганди”, деб жавоб берган экан. Она ана шундай сезгир, ана шундай меҳрли зот. Фарзандини эса бутун борлиғи билан севади. Тиқ этса, кўчага термилиб, боласини кутиб яшайди.
   Тўғри, бугун чет элларда ишлаб юрган хотин-қизларимиз кўп. Аммо уларнинг ҳаммаси ҳам ўз-ҳузур-ҳаловатини ўйлаётгани йўқ. Бола-чақаси ташвишида мусофирлик заҳматини чекишяпти. Туркияга борганимда, Анқарада бир аёлни кўрдим. Сочларини сариққа бўяб олганидан, бошқа миллат вакилими, деб ўйлабман. Аслида ўзбек экан. Олий маълумотли бўлишига қарамай, фаррошлик қилиб юрибди. Бироз суҳбатлашганимиздан сўнг “ёрилди”: 4 қизи бор экан. Турмуш ўртоғи билан ажрашган экан. Тўрт фарзанднинг барча ташвиши аёлнинг зиммасида. Эридан ажрашган деган иснодни кўтаролмаганидан хорижга кетиб, ўша ерда фаррошлик қилиб бўлса-да, қизларининг ўқиши, яхши яшаши учун маблағ топаётган экан.
   Ҳам оилани эплаб, ҳам ишга, ҳам болалар тарбиясига ва ҳатто гап-гаштакларга, меҳмондорчиликларга боришга ҳам бирдек улгураётган аёлларни биламан. Рўзғор ва оила ташвишларини тиндириб, турмуш машаққатларидан ялангоёқ тиканларни босиб ўтган ва эндиликда роҳат топган онахонларни биламан. Яқинда бир ота-боланинг можароси ҳақида эшитдим. Бола отасига ғамхўрлик қилмай, алоҳида яшаётган экан. Сабабини суриштирганимда, бу оилани биладиганлар отаси болани кичкиналигида аямай калтаклаганини, калтаклар зарбидан баданлари кўкариб, шишиб кетишини, унинг қалбида отага нисбатан заррача меҳр қолмаганини айтишди.
   Она оилада меҳр уйғотиб турувчи шамчироқдир. Агар ота болалар олдида онани минбарга кўтарса, “Онангни хафа қилма, дилини оғритма”, деб тушунтирса, бу уйда меҳр-оқибат кучаяди. Она ўзини ўйласа, ота ўзини ўйласа, оиланинг пораканда бўлгани шу.
   Аёл: “Турмуш ташвишларидан эзилиб кетдим”, демаслиги учун оилада қайнона-келинлик муносабатлари ҳам жуда муҳим. Келинлар тушган жойида қадрланса, оиласига меҳр қўяди. Улардан ҳамма нарсани бирданига талаб қилсангиз, ҳаётдан, ҳамма нарсадан безиб, зада бўлиб қолиши мумкин. Томчи-томчилаб тарбия бериш керак. Сабр-бардошли қайноналар албатта, бир куни роҳатга эришади.
Ҳаётда кенг феълли бўлган аёлларнинг уйи жаннатий масканга айланганига гувоҳ бўлдим.

“КИТОБГА ЎЧ ОНАЛАР”

Жамила Эргашева, ёзувчи:
– Фарзандлар ўзбек аёлининг ҳаёт мазмунига айланган. “Ўғил-қизим катта бўлса, ташвишларим арийди”, дейди-ю, уларни уйлаб-жойлагач: “Келиним уйимга мослашиб олсин, кейин мен ҳам ўзимни ўйларман”, дея овунади. Бу орада невараси туғилиб, яна болаларга ипсиз боғланади. Ахир неваранинг келажаги учун ҳам бобо-момолар масъул-да.
   Ўғлим ёш пайти унинг тарбиясида онамнинг ёрдамига суянганман. Ҳозир 84 ёшни қаршилаган онам эртаклар, афсона ва ривоятларнинг устаси. Ўғлим жуда тарбияли бўлиб ўсди. Мен эса ўша кезлар ишга чалғиб, боламга бера олмаган меҳримни энди невараларимга бағишлаяпман. Катта неварам Жўрабек физика математикага ихтисослашган мактабда 5-синфда ўқияпти. Фарангиз 3-синфда, мусиқа мактабида 2-босқичда таҳсил оляпти. Шуларнинг ютуқлари кўнглимизни қувонтиради, ҳаётимизга мазмун беради.
   Тўғри, “Дунёга бир марта келаман, бола-чақани деб ўлиб кетишим керакми”, деган худбин хаёл етовида юриб, охир-оқибат ҳаётини барбод қилганлар ҳаётда учраб туради. Аммо опа-сингилларимизнинг кўпчилиги уй-жой, бола-чақа ташвиши билан яшайди. Оналаримиз ҳали оналик бурчи, масъулиятини унутмаган. Ўзим гап-гаштакларда кўп юраман. Илгари: “У ерда йиғилган аёллар билан ниманиям гаплашардим”, деб ўйлаган пайтларим бўлган. Аммо уларнинг даврасига кириб, эл устида юрган бу аёллар билан яқиндан суҳбатлашиб, билдимки, улар китобга жуда ўч экан. Бир-бирларидан сўраб, бир-бирлари билан алмашиб, худди чанқоғини қондираётган ташна одамлардек китоб ўқишади. Шунинг учун уларни “китобга ўч дугоналарим”, деб атайман. Фикрлари тиниқ, айтар сўзлари маънили. Фарзандларини эл корига яроқли инсонлар этиб тарбиялаб, ўстиришган. Энди невараларининг ютуқларидан қувониб, уларга тиргак бўлиб юришибди. Шунга яраша болаларнинг орзу ҳаваси, бахту камолини кўришяпти.
   Шулардан хулоса қилиб айтишим мумкинки, аёл барибир оналик мақоми билан улуғдир.
   Аёл – дунёнинг энг улуғ тилсими. Нимжонгина, жажжигина гўдакни аллалаб, бағрига босиб ўстирар экан, унинг қалбига шоҳу султонлар, буюк алломалар шижоатини сингдириш қудратига эга. Шу боис онани миллат тарбиячиси дейдилар. Бугун ҳам оналар, аёллар ана шу қудратини сақлаб қоляптими? Ўткинчи дунё ҳой-ҳавасларига чалғиб, ўз бурчини унутиб қўймаяптими? Сиз нима дейсиз, азизлар, аёл аслида қандай яшаши керак? Мулоҳазаларингизни кутамиз.

Ҳамрохон МУСУРМОНОВА тайёрлади.
Манба: "Оила ва жамият" газетаси,
2017 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот