Фаришта ниқобидаги иблислар


     Бу фоний дунёни тарк этиб, боқий олам сари йўл олган кишилар хусусида ёмон сўз айтмаслик, ислом динининг яхши амалларидан биридир. Бироқ шундай ҳоллар ҳам бўладики, марҳум ёки марҳумани фақатгина яхши инсон эди, дейишимиз билан ўзимизни ва атрофдагиларни ҳам алдаётганимизни билиб қоламиз. Айтайлик, қайсидир шоир ё ёзувчи шу қадар ичкиликка муккасидан кетган, ҳатто фарзандларининг тўйига атаб хотини йиққан пулларни ҳам шароб ичишга сарфлаб, уйдаги буюмларни сотиб, оиласининг нафратига дучор бўлганлар ҳам бўладики, тириклигида ё юқори мансаби туфайли атрофдагилар чидаб юришади ёки бўлмаса оиласидан бадарға бўлиб, ижараларда, ёзувчилар уйида яшаб юришга мажбур ва маҳкум бўлади. Вафотидан кейин сохта меҳрибонлар пайдо бўлишиб, тириклигида фалон қилмадинг, писмадон қилганингларда ўлмасди, деб кимларнидир устига мағзава ағдаришга интилишади. Аслида, ўша одам тирик бўлса, бояги вайсақиларнинг аксарияти унга уйларидан бошпана бериш тугул, битта нон ҳам беришларига ишонмайман!
     Мақсадга ўтсам. Хабарингиз бор, асосан, "Опа-сингиллар" сериалидан кейин таниқли бўлган, аммо руҳий ҳолатида беқарорлик кузатилган марҳума актриса - Гавҳар Шарипованинг ўлими билан боғлиқ кўпгина шов-шувлар тарқалди. Вафотига оид тафсилотлар хусусида тўхталмоқчи эмасман. Чунки, воқеа жойида аслида нималар бўлган, буниси кўпчиликка қоронғу. Лекин актрисанинг ҳаётлик чоғида бирга ишлаган ва уни яқиндан таниганлардан билганларимизга таянадиган бўлсак, ҳаққоний манзара намоён бўлади. Чунки, хулоса чиқаришдан олдин тўпланган далиллар таҳлил қилиниб, кейингина хулосани чиқарсангиз, ишонарли бўлади, акс ҳолда қуруқ сафсатага айланади, холос. 
     Дастлаб, таниқли журналист - Сардор Камиловнинг саҳифаларида Гавҳар Шарипованинг руҳий ҳолати ачинарли ҳолатда бўлгани ҳақидаги хабарларни ўқидим. Кейинчалик, ўзим кўп йиллардан бери яқиндан таниган ва билган актриса - Феруза Собитованинг телевидениега, хусусан MY5 телеканалига берган интервьюсини кўрдим. У ҳам айни шу гапларни гапирганди. Куни кеча маданият вазири - Бахтиёр Сайфуллаев ҳам марҳуманинг руҳиятидаги ўзгаришларга театр ё теварак-атрофдагилар сабабчимаслигини таъкидлабди. Ҳақ гап.
     Ҳар бир инсон, энг аввало, кимдандир умид кутмай, нажотни Оллоҳдан сўрагани ҳолда, ўз кучига таяниб яшаши шарт! Ҳеч ким кимнидир даволатишга ё бошпана ёхуд иш беришга мажбур эмас! Актриса бу ердаги маошдан қониқиш ҳосил қилмай Россияга кетган. Қайтгач, Ферузанинг уйида яшай бошлаган. Аммо Феруза уни уйидан нега чиқариб юборишга мажбур бўлди? Мен Эйнштейнман, фалон шеърларни аслида мен ёзганман, узоқ яшамайман, ўламан, авария бўласан, сенинг ҳам ажалинг яқинлашаяпти, қабилидаги гаплари билан юракка ваҳима соладиган гаплар айтувчи аёлга фарзандингизни ишониб топшириб кетмасдингиз ҳеч қайсингиз! Ҳозир тирик бўлса, уйингиздан қайси бирингиз бошпана бериб, иш топиб берардингиз? Айнан қайсингиз руҳан носоғлом инсон тугул, оддий бошпанага муҳтож, моддий қийналган бир бечора кимсага бошпана ё иш топиб бердингиз? Биргина далил келтиринг, тасанно айтайлик! Вайсаётган сохта меҳрибонлар фақат тилда жонкуяр! Амалда қишда қор сўрасангиз беришмаслигига аминман!     
     Вазиятга янада ойдинлик киритиш учун, дастлаб, Сардор Камиловнинг сўзларидан парча келтириб ўтсам: "Ҳозир у ҳақида билдирадиган маълумотим асло у хақида ёмон гапириш эмас, ҚАЙТАГА ижтимоий тармоқлар ва таниганлар ва кўрганлар кўз ўнгида кўпчилик артистларни ёмон айбловлари, қарғиш ва хақоратлари билан ёдда қолгани учун аниқлик киритмоқчиман. Сўнгги пайтлар руҳиятида ўзгаришлар билан санъаткорларни ижтимоий тармоқларда айблаётгани билан ўзига диққат тортганди ва бу аниқ руҳий касаллик аломати эканини кимлардир тушунгани учун муроса қилмади. Кимлар эса ҳануз хафадир, аммо... Айтишларича тушкунлик сабаб бўлган. Россияда ҳам иши ўхшамай қайтиб келди ва бизнинг сайтимиз офисини излаб топиб келди. Суҳбатда роса йиғлаб, Тошкентда бомж бўлиб юрганини айтиб йиғлаганди. Яширин тарзда видеога олгандик, чунки унинг руҳий ўзгариши натижасида бошқаларни айблаши билан бизни ҳам айблашга ўтса, хақиқат онларидан факт сақлаб қўйиш муҳим эди. Раҳмим келди... Анча пайтгача қўнғироқ қилиб ўша айбловларини халққа етказишга ёрдам беришимни сўраб юрди. Аммо қандоқ? Уни касалини кўриб билиб турибман, гапларига кимдир ишониб қолса-чи деб интервью қилмадик."
     Феруза Собитовага қайтсак, уни ўзбек тилини яхши билмаслиги, мактабда ва Санкт-Петербургда рус тилида ўқигани сабабли, айтмоқчи бўлган фикрлари ва мақсадини тўлиқ ифодалаб бера олмади. У аслида тўғрисини айтди. Ёлғондан одамлар наздида яхши кўриниш учун мулозамат қилиб, ўзини сохта меҳрибон қилиб кўрсатиб ўтирмади. Керакли ва кераксиз гапларни аралаш гапириб юборгандир балки. Кимлардир: "Унинг оқловчисимисан?", - дея таъна қилишга уринишлари аниқ. Керак бўлса, оқловчиси бўлиб уни ҳимоя қилишга ҳам тайёрман!  Ижтимоий тармоқларда уни "фоҳиша, бир бечорани уйдан чиқариб юбормаганингда ўлмасди, вафотидан кейин телевизорга чиқиб олиб, унинг феълидаги қусурларни гапирдинг" каби айбловлар билан унинг ўлимига худди у сабабчи бўлгандек дилини ноҳақ хуфтон қилишди.
     Аввало, бир масалага ойдинлик киритиб олсак, муҳтарам дўстлар! Кечириб қўясизлару, фоҳиша ё бойвачча хуштори бор, юқорида қайсидир амалдорнинг арзандаси ё маъшуқаси бўлганлар, ҳомийлари борлар, аксинча, бош ва ижобий ролларни ўйнашади.
     Тўғри, ҳаммаси ҳам эмас. Бош роль ижрочиларидан ўз истеъдоди билан танилган актрисаларимиз ҳам талайгина! Лола Элтоева, Дилноза Кубаева, Шаҳло Темирова, Зулфия Умирова ва бошқа актрисаларни ўз кучи ва истеъдоди билан бош ролларни ўйнаётган актрисалар сирасига бемалол киритишимиз мумкин!
     Аммо аксарият ҳолларда шундай. Юқори лавозимлардагилардан таниши йўқлар ва режиссёрларга хуштор бўлмаганларнинг кўпи эса, салбий ролларни ижро этишга мажбур бўлишади. Салбий ролларни ҳам аслида кимдир ўйнаши керак-ку. Фильм фақат ижобий қаҳрамонлардан иборат эмас!
     Қани, виждонан айтинг-чи, қайси бирингиз руҳий носоғлом кишига бошпана бердингиз ёки фарзандингиз тарбиясини, ишдалигингизда қараб ўтиришни ишониб топшириб кета олдингиз? Аминманки, ҳеч ким бундай қилмасди! Руҳиятида беқарорлик бўлган аёлга якка-ю ёлғиз боламни ишониб топшириб кетардим, деган одам ё ғирт ёлғончи бўлади, ё маъзур тутасизлару, ўзи ҳам психиатр ё психолог кўмагига муҳтож кимса бўлади! Даволатсанг бўлмасмиди, деган таъна қилувчилар ҳам чиққан. Аввало, дўхтирларнинг кўпини ўзини порахўрлик, таъмагирлик иллатларидан даволатиш керак. Шифохонага олиб борган тақдирингизда бир беморни ётқизиш учун ҳужжат, прописка сўралишини унутмайлик. Кейин турли бўлимлардан шифокорлар келиб, бир қанча нархи қиммат аппаратлар (айримларига бир ойлик маошингизни тўлайсиз) текширувидан ўтиб келишни тайинлашади. Шундан кейин ҳам "мени касалим эмас, бизни бўлимга алоқаси йўқ", деб безрайиб тураверишади ва бир-бирига "Сени касалинг, сен ол, мен олмайман", деб касални овора ва сарсон қилишади. Қўлига пул қистиришсагина дарров палатага олишади. Ҳамма шифохоналарда аҳвол бундай эмасдир, бироқ кўпчилигида шу ҳолат авж олгани бор ҳақиқат! Шахсан ўзим шу каби жирканч ҳолатларнинг бевосита гувоҳи бўлганман!
     Хусусийларга келсак, аввало, уларнинг нархи жуда қиммат. Биргина маслаҳат (консультациясининг ўзи фалон пул!). Қолаверса, хусусий шифохоналарда ҳам ўлим ҳолатлари, нотўғри даволашлари натижасида беморлар тузалиш ўрнига ногирон бўлиб қолишаётгани ёки вафот этишаётганлигини кўриб, эшитиб турибмиз!
     Тарих фанлари доктори, профессор, истеъдодли санъаткор - Ҳожиакбар Ҳамидов суҳбатимизда бир ҳақиқатни гапирганди. Тарихчи олим сифатида шунча йиллар собиқ иттифоқ даврида ҳақиқатни яшириб келишга мажбур бўлганимиз, энди ошкоралик даврида виждонимизга хилоф йўл тутмай рост гапиришимиз кераклигини таъкидлаб, устози, Ўзбекистон халқ ҳофизи, лирика мактабининг асосчиси - Фахриддин Умаровга тазйиқ ўтказган инсон - Назир Сафаров эканини ошкора айтганди ва видеодан бу сўзларни ўчирмаслигимни тайинлаганди.
     Сўзим охирида сохта меҳрибонларга қарата бир гапни айтишни истардим: ўзларингизни нажоткор фаришта қилиб кўрсатишга уринманглар, илтимос! Ниқобингизни ечиб, асл қиёфангизни намоён қилинг! Ҳеч қайсингиз ўша актрисага ёрдам бермагансиз, агар ҳаёт бўлганида сира ҳам кўмаклашмасдингиз. Бу гапларингиз шунчаки ҳавойи ва баландпарвоз гаплардан бўлак ҳеч нарса эмас! Ниқобингиз ортидан аслида иблис эканингиз яққол кўриниб турибди, чунки айни вақтда ўзларингизни кўрсатишга интилиб, пиар қилаяпсизлар, холос!

Музаффар Муҳаммадназар.

     Фейсбук ижтимоий тармоғида бу мақолага доир билдирилган фикр ва мулоҳазалардан айримларини қуйида келтириб ўтамиз.

     Nasiba Özbek (Насиба Исмоилова - актриса ва режиссёр): Мен турмуш қурганимга 10 йил булди, шундан 7 йилини оиламга, турмуш ўртоғимга, фарзандларимга бағишладим! Аслида, санъат оламига кириб кеганимга 18 йил бўлибди. Шу 18 йилнинг 7 йилини юқорида айтиб ўтганимдек оиламга бағишладим! Бундан афсусланмайман! Халқ мени "маҳоратли, салбий қаҳрамонларни моҳирона ижро этадиган" актриса сифатида билади. Албатта, бу халқни менга берган эътирофи! Кўп актрисалар салбий роль ўйнасам ҳамманинг кўзига ёмон кўриниб қоламан, кейин халқ мени яхши кўрмайди, деб ўйнамайди. Мен эса буни акси... Ўйнадим! Оллоҳга шукур, мени ҳеч ким ёмон кўриб қолмади, ўйнаган ролларимга, яратган Образимга ишондилар, лекин нафратланмадилар! 
   Оллоҳга шукур, ўзимга яраша мухлисларим бор. Мухлисларимдан миннатдорман!  Шу кунларга етишнинг ўзи бўлмади. Атрофимдаги яхши бўлиб кўринган баъзи одамлар вақти келганда асл башарасини намоён этдилар... Эҳ, бу икки юзли, ниқобли одамлар... Лекин кўчада қолганимда ҳам, фирмам касодга учраганда, бир бурда нонга зор бўлиб, чорасиз қолганда ҳам бахтсизлигимда атрофимдагиларни айбламадим, аксинча бу синовлар, бу машаққатлар мени янада кучли бўлишимга сабабчи омил бўлди! Тўғри, ўша чорасиз қолган пайтларим менинг ҳам хаёлимдан ҳар хил: ўз жонига суиқасд қилиш, машина тагига ташлаш каби шайтоний фикрлар ўтмади деб ўйлайсизми? Ўтди! Лекин мен бу ишни қилмадим. Чунки менда мотивация кучли, ўзимни ўзим енга оламан, менда қила оламан, қўлимдан келади деган деган ИШОНЧ, эртанги кунимга бўлган умид кучли! Агар Яратган Эгам мени қўллаб-қувватламаганида, ҳаётнинг зарбаларида синиб кетган булардим! Мана ҳозир Оллоҳ насиб қилса, баҳорда Университетни тугатаман. Олдимда катта мақсадларим бор! Тўғри, бировга маслаҳат бериш осон, лекин бу бошимдан ўтказганларим кимгадир асқотар, дея ёздим! Азизим, шуни унутмангки, ҳеч ким сизни тақдирингизни ўзгартириб бера олмайди! Сиз бандасидан эмас, уни Яратувчиси Оллоҳдан сўранг! Бахтсизлигингизда, хасталигингизда, ишингиз юришмаётганида бировни айбламанг! Ҳаммасига ўзингиз айбдорсиз! Бор нарсани йўқ қиладиган ҳам, йўқдан бор қиладиган ҳам айнан ўзингиз бўласиз! Мақоладан келиб чиқиб, шуни айтишим мумкинки, маҳоратли актриса - Гавҳар Шариповани бошига келган бу мусибатларда Феруза Собитовани ҳеч қандай айби йўқ! Унга ҳам осон эмас аёл боши билан ҳам оиласини, ҳам бола тарбиясини ҳеч бир эркакдан қолишмай уддалаяпти ва боқаяпти. Фарзандга бир вақтнинг ўзида ҳам ота, ҳам она бўлиш жуда кийин! Ҳамма ўзидан ўтганини ўзи билади! Она сифатида уни жуда яхши тушунаман! Феруза Сабитова билан Гавҳар Шарипова ўртасида болалаётган фисқу фасодларга барҳам берайлик! Сизлардан илтимос, маъсума Гавҳар Шарипова тинч ётсин, уни муҳокама қилишга на сизни, на мени ҳаққимиз йўқ! Ҳамма ўзидан ўтганини ўзи билади! 
     Мен Феруза Собитовани ёнини олмоқчи эмасман, лекин улар нима қилган бўлсалар ҳам фарзандини келажагини деб қилганлар!
     Музаффар ака, табриклайман! Маколангиз жуда таъсирли ва ҳозирги кунда актрисалар айта олмаётган дардни юзага чиқарибсиз! Халқ ичида юрмаганлар халқ дардини қайдан билсин!? Сиз эса айнан актрисаларнинг дардини ёзибсиз! ОФАРИН! Ишларингизда муваффақиятлар тилайман! Шунга ўхшаш чиройли мақолаларни кутиб қоламиз! 

     Амир Худойберди - шоир: Офарин! Ҳақиқат манзаралари! Жуда тўғри гапларни ёзибсиз! Жамият юзига кўзгу тутибсиз! Қаламингиз ҳамиша ўткир бўлсин! 

     Mavludaxon Axmedova - олий тоифали сухандон, актриса ва муҳаррир: Музаффар Муҳаммадназар фикрларингиз 100 фоиз тўғри, мен ҳам жуда ҳайронман, ўлган одам ҳақида ҳар хил гапларни гапириб пиар қилишяпти. Гавҳар билан ҳаётда 2 мартагина кўришганман. Ҳаётда қийналган қизлиги билиниб турарди, лекин мен охирги пайтда бунчалик ночор яшаганидан бехабар бўлганман. Агар у носоғлом бўлганда сериал ва киноларда бунчалик таъсирчан образлар ярата олмасди. Мен унга жуда ачиндим. Унга ҳеч қандай ёрдам бера олмаганимдан афсусдаман. Ўлган инсон хақида салбий фикр билдираётганларга Худодан инсоф сўрайман. Оллоҳ раҳматига олсин. Афсус, жуда ёш кетди... 

     Farida Afruz - шоира, "Афрўз рекордс" овоз ёзиш студияси, “Жаноб” ва “Аёлдан аёлгача” журналларининг бош таъсисчиси. : Музаффарбек, раҳмат, укажоним! Уйғоқлигингиз учун!!! Иллатга тўлиб кетди бу миллат!

     Улуғбек Ҳамдам Ҳар бир масалани етти ўлчаб бир кесайлик, шошиб, ҳиссиётга берилиб хулосалар чиқармайлик, дебсиз, Музаффар! 

     Шохира Хамро (Шоира Рауфбоева)- тележурналист, "Ўзбекистон тарихи" телеканали Бош муҳаррир ўринбосари: Бу мавзуда гапираётганда, ёзаётганда «агар» деган сўзни жуда кўп ишлатишга тўғри келади. Агар, агар, агар..лекин агарлар бизни ҳар томондан чулғаб олган. «Агар ундай қилмаганда, бундай бўлмасди», «агар ундай демаганда , бундай демасди»...хуллас охир -оқибат шундай бўлди. Гавҳарнинг энди у дунёсини берсин. Жойи жаннатда бўлсин. Феруза Собитова масаласида муаллифнинг фикрларига минг фоиз қўшиламан. У бошқалардек берарво бўла олмади, Гавҳарнинг тақдирини яхши томонга ўзгартиришга ҳаракат қилган инсонлардан бири у! У учун театрларга иш, яшаш учун бошпана сўраб қаерларга бормади, кимларга учрашмади..Бирор натижа бўлмагач уни уйига яшашга таклиф қилган. Қайси биримиз (Гавҳарни танийдиган) унга ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қилдик? Очиғи, кўпчилик томошабин эди.. бугун эса қаҳрамонлар бошқа! Феруза ўша куни ҳаяжонда, «шокда» эди. Сўзлари бошқача талқин этиладиган даражада чалкашиб кетди.Мен унга ўша заҳотиёқ қўнғироқ қилдим. У жуда асабийлашиб, вазиятни тушунтирди..лекин «поезд кетиб бўлган эди»..Бугун билганим шуки, Ферузани ҳам , Бахтиёр Сайфуллаевни сўзларини ҳам нотўғри талқин қилишаяпти. Гавҳар масаласида фикрим шу..у истеъдоди руҳиятига сиғмаган ижодкор эди. Уни тинч қўйиб, руҳига дуо қилайлик..орамиздаги яхшиларни қадрига етайлик. 

     Муаззам ИброҳимоваФеруза Собитова экранда салбий образларда гавдалангани учун уни ҳаётда ҳам шунақа деб ўйлашади. Аслида у ўзгалар дардига бефарқ эмаслигини бир тадбирда кўрганман. Ҳеч ким назар ташламаган, бир чеккада турган бечорахол аёлдан кўзини узмай у билан сухбатлашгиси келган. Қани энди тезроқ тадбир тугасаю унга ёрдам берса. .
Биз психологлар жудаям сезгир бўламиз. Саҳнада- халқдан бир қарич баландда турган таниқли шахсларни нафақат ташқи қиёфаси, мимикалари балки ички дунёсини акс эттирувчи нигохларига ҳам аҳамият берамиз.
Ферузани интервьюсини кўрдим. Мархума хақида ёмон гапирмаган. Мен бу икки актрисса ўртасидаги муносабатни аввалдан билганман. Собитова бегараз ёрдам бераётганини, хатто режиссерлардан Гавхар учун муносиб роль сўраб илтимос қилганини бошқа инсонлардан эшитганман. Балки Гавхарни ўзи тирик бўлганида хозир ҳамманинг овозини ўчириб дугонасининг шаънига энг яхши сўзларни айтган бўларди.... Осон эмас.

     Мана куни кеча Ангренда кўчада тунаб юрган 63 ёшли рухий хаста онахон хақида пост қўйдим. Куйиниб ёздим. Уни -5-8 даража қахратонда, изгиринда бекатда ётиб юрганини айтиб шахар хокимияти, партиялар, махалла, ижтимоий химоядан шу муштипарга ёрдам беришларини сўрадим. Бир нечта телеканалларга ёздим. Аммо "Ойдин хаёт" Ток-шоусида мухаррир бўлиб ишловчи Гулнора опа, шу кўрсатув режиссери Гулноза Давланова ва "Севимли" ТВ дан Дилдора қўнгироқ қилишиб, аёлнинг кординатлари унга қандай ёрдам бериш мумкинлигини сўрашди. "ТВ га Ангрен шахрининг мутассадиларидан, мутахасислардан, мурувват уйидан чақириб бўлсада шу қария момога албатта амалий кўмак берамиз" дейишди.

     Қаранг, -5-8 даража совуқда кўчада ерда тунаётган қарияга салкам 34 000 000 ахолидан атиги 2 -4 киши бефарқ бўлмасдан нимадир қилиб ҳаётини ўзгартирмоқчи бўляпти.Бошқаларчи? Уларда кўз, қулоқ, қалб йўқми?!

     Гавхарга хам бошқаларнинг кўзи тушмаганмиди? Унинг рухиятидаги ўзгаришларни кўриб -била туриб " ха, тамом бўптику. Узогроқ юра қолай" деганларнинг энди тили бир қарич. Худди актрисса ҳаёт бўлганида бутун мехрларини берадигандай.

     Рухиятида ўзгариш бор ва бу касаллик даражасига етган инсонларни назорат қилиш осонмас. Юқорида айтганим 63 ёшли онахонни мен, Ангрен ногиронлар жамияти раиси ёрдамчиси Ойша опа уйимизга олиб кетиб қарамоқчи ҳам бўлдик. Бироқ уни ўзи унамай "мени шу бекатга қўриқчи қилиб қўйишган. Барибир уйингиздан чиқиб кетаман" деганидан сўнг уни фақатгина қўриқланадиган даволаш муассасисига ёки мурувват уйига жойлаштириш мумкинлигига амин бўлдик.Уни мажбур уйга олиб кетиб иссиқ жой, нон-ош, меҳр мухаббат берсам олқишлаб, дуога кўмиб ташлайдиган жамият , мени уйимда нимадир бўлса, саломатлигига путур етса (танишимни рухий носоглом онаси " мен қушман, учаман" деб ўзини еттинчи қаваттат ташлаб юборган) худди шу одамлар нега касал одамни уни хавфсизлиги таъминланмаган уйимга олиб келганим учун қаргаши ҳам мумкин.

     Феруза сизга рахмат! Бир хаста, муштипар аёлга уйингиздан жой, меҳр бергансиз. Болангизни ҳаётини унга ишонганингиз ( бошқалар ҳаётда неадекват одамни фарзандларини олдига киргизмайди. Ортиқча гапларни барчаси ёлгон), бир бурда нонингизни бахам кўргансиз. Маълум муддат бўлсада унга далда бўлгансиз. Тан-жонингиз саломат бўлсин! Гавхарнинг охирати обод, руҳи шод бўлсин!

     Sirojiddin Rauf - "Шарқ юлдузи" ва "Звезда Востока" журналларининг Бош муҳаррири, журналист ва ҳуқуқшунос: Азизлар, шу аччиқ ҳақиқатлар сабоқ бўлсин ҳаммамизга. Ҳақиқатнинг тагига етмай, бечора ҳайдовчига, вилоят аҳлига тош отишгача бордик. Ўша оғзи полвонлигимизни Худойим кечирармикин?.. 

     Dilfuza Ismoilova - тележурналист: Muzaffar Muhammadnazar ushbu maqolangizni o'qib nima deyishga ham hayron bo'lib qoldim. Ammo shunisi ma'lumki, o‘lgan insonning ruhi ma’lum muddatgacha yaqinlarining yoniga kelib turishi haqida sahih hadislar yo‘q. Lekin hadislarda, biror kishi vafot topsa amaliga yarasha yuqoridagi ruhlardan qaysidir biriga qo‘shilib, oilasi va ahli haqida so‘rashi, yaxshi ishlariga xursand bo‘lib, yomon ishlariga ranjishi aytilgan. Vallohu a’lam! Dushmandning uzog'i ham yaqini ham, kattasi-yu kichigi ham har doim har joyda bor. Ba'zida shunday kimsalar borki, hayoti davomida o'zi erisha olmagan (zada bo'lib qolgan) yutuqlarga, boshqalar erishganini ko'ra olishmaydi. Aktrisaning qanday vafot etgani bu boshqa masala, ammo uning o'limidan bir kun oldin (kecha) yuzma-yuz bo'lgan odamlaridan, bugun bunday kutilmagan gaplarni eshitish sal qulog'imizni og'ritib qo'ydi. Nimaga aktrisaning hayotdagi siqilishlari, xatolari ko'tarilgani meni o'ylantirib qo'ydi??? Ollohim yaratga har bir bandasiga har xil sinov beradi. Lekin buni u olamdan o'tganidan keyin aytish, xalqqa oshkor etishni nima keragi bor edi? 
     Muzaffar Muhammadnazar sizga katta rahmat. Bu holatga doir yozgan maqolangizni shunday nomlaganingiz uchun. Ammo meni tilim ojiz bo'lib qolyapti. 

     Шаробиддин Болтабоев - шоир: Музаффарбек, аввало Сизни доим Хақ томонда, хақиқатни ёзишингизни хурмат қиламан!
     Жуда ачинарли ва бугунги кунда одамларнинг инсон тақдирига беписандлик билан қаровчи, лаёқатсизлик муносабатларининг оқибати бундай иллатлар...
     Муҳокама қилинаетган одамнинг умуман танимаган, билмаганларга, бемалол унга туҳмат. қилаётганларга ачинаман!
     Айниқса, ўтиб кетган одамни орқасидан гапиришга эҳтиётроқ бўлишимиз керак. Хар кимни қандай одамлиги - гунохкорми е солиҳлиги фақат, фақат Аллоҳга аён!

Эй, одамлар аввал инсофни ўзимизга сўрайлик. Ўтганларга Худодан мағфират тилайлик. Ўзимизга диёнат ва холислик сўрайлик...
 
     Хақиқатни ёзишдан, холислик "позиция"сида мардона туришдан чарчаманг! 

     Озода Бекмуродова - Ўзбекистон Миллий Ахборот агентлиги етакчи муҳаррири: Ассалому алайкум азиз Фбдош дўстлар хайрли кун ! Ҳақгапни айтиш, ҲАҚ сари қочиш учун ҳам катта юрак керак! Тўғри ва самимий фикр мулоҳазалар учун Музаффар Муҳаммадназарга ташаккур айтаман! Орамизда ўзидан ортмаётганлар, лоқайдлик ва фикрсизлик ботқоғида ётганлар, битта бармоғини қимирлатишга эринадиганлар қанча... Чин дунёга кетганларга, хусусан Гавҳар синглимизга эса АЛЛОҲДАН савол сўроқлари осон бўлишини сўрайлик! Зеро, барчамиз АЛЛОҲДАН келдик, шубҳасиз АЛЛОҲГА қайтгувчилармиз! Интиҳомизни хайрли қилсин! Эртага нима бўлишини фақат ҲАҚ ЭГАМ билгувчидир!

     Нодира Мурод Кизи - журналист: Бу такдир, ҳеч ким эртанги куни қандай бўлишини билмайди. Афсус, гоҳо ёнгинамиздаги инсонларни ҳам нима ташвиши борлигини билолмаймиз, тириклигида бир чимдим меҳр беролмаймиз... Бунчалар бағритош бўлмасак? Энди ҳеч бўлмаса номини яхшиликлар билан эслайлик, ўйнаган образларини ёдга олиб, ҳурмат билдирайлик, токи руҳи ором олсин, охирати обод бўлсин синглимизни...

     Vasila Namazovna: Muzaffar Muhammadnazar aka juda haq gapni yozibsiz afsuski hozirgi kunda ayrim odamlar FBga faqat ig'vo qilish uchun kiradiganday meni nazarimda o'ylab utirmasdan va bilmasdan inson sha'niga yarashmaydigan gaplarni yozishadi nima bolganda ham har kimni o'ziga insof bersin xudo.Gavhar Sharipovani joylari jannatda bolsin ilohim.

     Каримберди Турамурод: Мен олдин танимаганман бу актрисани. Ўлими ҳақида ўқиб билдим. Маданият вазирининг сўзларини ўқиб, ... йиғладим. Мен бу синглимизнинг ота-онасини, яқинларини айблайман. Руҳиятида ўзгариш бўлган аёлни умуман ёлғиз қолдириш, эътиборсиз қолдириш мумкин эмас. Бундай одам доимий эътиборга, парваришга, авайлашга, ширин сўзга муҳтож бўлади. Ана шундай фарзандларини қошлари билан кўзлари орасида асраб юрган ота-оналар, фарзандларига озор етмасин, дея минг бир озорни ўзлари чекаётганларини, фарзандлари учун ҳар куни минг ўлиб, минг тирилаётганларини ҳеч бирингиз билмайсизлар. Қайси ота-она хаста қизини кўчаларда сарсон қилиб қўйган бўлса, оталик, оналик бурчини бажармабди. Аллоҳ берган синовдан ўтмабди. Қиёматда жавоби оғир. Гавҳар синглимизни яқиндан билиб ҳам, уни тақдир ҳукмига ташлаб қўйганлар ўз мукофотларини олишади. Синглимизни Аллоҳ раҳматига олсин. Ёлғончи дунё азобларидан ҳам, ёлғончи одамларнинг озорларидан ҳам қутулибди. Аллоҳим жаннатларда яйратсин энди. Мунгли нигоҳи хотирамда михланиб қолди...  

     Маъмура Хон: Музаффар ака ҳақиқатни ёзибсиз.
     Кимнидир муҳокама қилишдан олдин, ўша инсонни ўрнига ўзларини қўйиб кўришларини тавсия қилардим. Руҳий тушкунликка сабаб бўлишга эса, албатта атрофдаги ниқоблилар сабабчи... Инсон туғилганидан ёмон бўлмайди, атрофидагилар сабабчи бўлади. Актёрми, актриса ёки қўшиқчи... Улар ҳам биз каби оддий одам. Бири она, бири ота ёки фарзанд. Уларнинг шахсий ҳаётини, кийим-кечаги ва характерини муҳокама қилишга ҳеч биримизни ҳақимиз йўқ. Инсонмиз инсонлигимизча қолайлик... Яхшиликларимизни тириклигида қилайлик. Вафот этгач, тинч қўяйлик ва дуо қилайлик...
 

     Севдора Латипова: Жуда кескин бўлса-да ҳақ гапни айтибсиз. Ижтимоий тармоқда ўтириб олиб, ўзидан Беғубор  "ИНСОН" ясаганлар шунақа кўпки...Мен Ферузани интервьюсини кўрдим. Ортиқча гап қилгани йўқ. У ҳақ гапни гапирди. Тўғрисини рўйи рост айтди. Бошқаларга ўхшаб "бўяб" гапиргани йўқ. СИЗ ҳақсиз! Машина ҳайдайдиган инсонга "Сен ҳам авария бўлиб ўласан" деса, қанақа холатга тушади одам...Дахшат! Феруза кучли актриса. Ҳарактерли актриса. Бош ролни ўйнамаса ҳам, эпизоди билан саҳнани, кадрни ёпа олади. Инсон, аёл сифатида ҳам ҳалол қиз. СИЗ этгандек "акахон"лар қидирадиган эмаслигини, биттагина ўғилчасини кипригида авайлаб, тиним билмай меҳнат қилаётган аёл. Ким нима деса, Аллоҳ бор. 

     Shakhnoza Shamsieva: Feruzaga yuziga yoki orqasidan gapirganlarni tili kesilsin. Bunaqa ochiqko'ngil, mehribon yurakli insonni korishmagan ekan. O'sha gapirganlar Feruzaxongacha yetib borishiga hali anchagina bor!!!! Muzaffar Muhammadnazar juda to'g'ri yozdingiz!!!!!