Ким-кимга қариндош?


   Кунлардан бир кун донишманд қарғанинг олдига мушук  келибди. У минг бор эгилиб салом бергач, тавозе билан гап бошлабди: Муҳтарам Қарға катта, мана сиз сал кам 300 йил умр кўрдингиз. Сиз менинг бобомнинг бобосини, бобомнинг, бобосининг бобосини ҳатто ундан нарини ҳам биласиз. Сиздан илтимос, мана шу ҳайвонлар зотига, яна бир бор ”Мушуклар йўлбарсларнинг авлодидир” - деб қўйинг-дебди. Қарға катта “Ахир мушуклар йўлбарсларнинг авлоди эмаслигини ҳамма билади-ку” - дея эътироз билдирибди. -Ҳа, билишади, аммо, сиз муҳтарам Қарға катта  айтиб турсангиз, ҳамма ишонади - дебди. – Мен сени йўлбарснинг авлоди деганим билан бирор нима ўзгариб қоладими? - сўрабди Қарға катта. -Ҳа, ўзгаради. Ахир мен ҳам улуғлардан эканимни билишгач, менинг ҳурматим ошиб кетади - деб ёлворибди мушук. Майли яхшиликка хизмат қилса, битта ёлғон ишлата қолай - деб, ўша куни Қарға катта мушукни йўлбарс авлоди – дея эълон қилибди. Ҳайвонот оламининг ўша кундан мушукка эҳтиром кўрсата бошлабди.
   Бу ўзгаришлардан сўнг Қарға каттанинг олдига Куркабой келибди. “- Муҳтарам Қарға катта, сиз менинг бобомнинг бобосини унинг бобосини бобосини, бобосининг бобосини, ҳатто бобокалонимни ҳам кўрган қушсиз. Сиздан илтимос, бу паррандалар зотига, биз куркаларнинг гўзаллар авлоди - товусларга қариндош эканимизни айтиб қўйсангиз - деб ёлворибди. - Ахир сенларнинг товусларга ҳеч ким эмасликларингни ҳамма билади - дебди норози оҳангда донишманд Қарға катта. -Айрим жиҳатларни ҳисобга олмаса, қанотларимизни қуёш шаклида ёйишимиз, гўзаллигимиз, мағрурлигимиз ўхшаш-ку, - дебди, Куркабой. – Ҳа, майли гўзалликка хизмат қилса бирда ярим ёлғон ишлата қолай - дебди-ю, ўша куни куркаларни товуслар авлоди деб ,эълон қилибди.
   Куркалар авлодининг обрўси ошиб кетибди. Гўзаллар авлоди билан қуда-анда бўлиш орзусида юрганлар Қуркабойнинг митти саройини суриштириб кела бошлашибди. Куркалар кетма-кет тўйлар қилиб, Қарға каттани тўйга айтишни унутиб ҳам юборишибди. 
   Шундай кунлардан бирида Қарға катта бетоб бўлиб ётиб қолибди. Турли туман шифокорлар турли туман ташхислар қўйишибди, дармон дорилар ичирибди, фойдаси бўлмабди.
   Ниҳоят, унинг олдига Лайлак табибни олиб келишибди. ”Сиз касал эмассиз, Қарға жаноблари, сизни виждон азоби қийнаяпти. Сизнинг дардингизни шифоси шуки, сизни виждон азобига солган ёки солаётган жониворлардан бирини тириклайин емоғингиз керак - дебди. Ўшанда дарддан бир зумда қутуласиз - дея ишонтирибди. 
   Табиб кетгач, Қарға катта чуқур ўй-ю, қайғуга тушибди. Қандай қилиб уни ёлғон айтишга мажбур қилган мушукни ё куркани ейди, еганда ҳам тириклай. Емоқ у ёқда турсин, уларни турқини эсласа, кўнгли беҳузур бўлмоқда-ку. Ўйларга ғарқ бўлиб турган Қарға каттанинг олдига қайердандир хира чивин учиб келиб, минғир-минғир қилиб салом бериб, бир нарсалар дебди. Аввал уни нима деяётганини Қарға тушунмабди. Ниҳоят, чивинга нима деяпсан, тушунтириброқ гапир? - дебди. Чивин яна минғирлаб: “Муҳтарам Қарға, катта сиз, менинг бобомнинг бобосини кўргансиз. Бобомнинг бобосини бобосини, бобосини бобосини кўргансиз, шу ҳашаротлар зотига, биз чивинларни филлар авлодидан эканимизни эслатиб қўйсангиз - дебди. Қарға катта ҳайрон бўлиб: “Сен чивинларнинг филлар авлодига ҳеч қандай алоқангиз йўқлигини ҳамма билади-ю", - дебди. 
– Биз чивинлар филларга жуда ўхшаймиз. Филларда хартум бор, бизда эса хартумчалар бор. Айниқса, бирор ёмон кўрганимизни чақаётганимизда хартумчалар билинади - дермиш. Қарға катта анграйиб очилиб турган тумшуғини бир очиб юмган экан, чивин оғзига кириб кетибди. Лайлак табибнинг айтганлари ёдига тушибди-ю, чивинни тириклай ютиб юборибди. Шу лаҳзада кўзлари чарақлаб очилибди.
   Овози баланд чиқибди ва бор овозда: Мушукларнинг йўлбарсларга, куркаларнинг товусларга, чивинларнинг филларга ҳеч қандай қариндошлик жойи йўқ - дия қағиллабди. Қарға катта тузалиб, яна умри узайиб кетибди.

Зулфия Мўминова