Мен сиз билан фахрланаман


Коронавирусни қуёш қиличидан ўтказгунча...
   Куни кеча муҳтарам Юртбошимиз коронавирус хавотирида яшаётган халқимизга мурожаат қилиб: “Мамлакатимизда етарли даражада заҳира мавжуд, хавотир ва ваҳимага тушишга асос йўқ. Аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз лозим”, - дедилар.
   Коронавируснинг  юртимизга кириб келгани аниқлангач, Бош вазир Абдулла  Арипов йиғилиш ўтказиб, барча вазирликларга, масъул идораларга ўз вақтида топшириқлар бердилар. Санитария ва гигиена қоидаларига қаттиқ риоя қилиш, ортиқча саросимага берилмаслик, тинч аҳоли юрагига ваҳима  ташламаслик,  ўйдирмали, қўрқув ҳамда таҳликага солувчи, исботи ва тасдиғини топмаган ахборотларни   тарқатмасликни  вазифа қилиб белгиланди.
   Бозорларда, супермаркетларда ва ҳар хил савдо шахобчаларида, дорихоналарда  асоссиз нархларни оширмасликни қатъий назорат қилиш Бош прокуратура ҳузуридаги департаментга топширилди.  Мактабгача таълим муассасалари, мактаблар ва Олий таълимга қарашли барча ўқув юртларида ўқиш вақтинча тўхтатилди. Оммавий тадбирларни ўтказиш вирус батамом йўқолгунча қолдирилди. Вирус тарқаётган қатор мамлакатларда бўлиб турган ватандошларимизнинг ватанимизга қайтиши учун мунтазам чартир рейслар ташкил қилинди.Коронавирус тарқаган мамлакатлардан келаётган юртдошларимиз карантин учун санаторийларга давлат ҳисобидан жойлаштирилди. Талабаларимизнинг ўз уйларига қайтиш учун барча транспорт воситаларда 50% лик чегирмалар  белгиланди.
   Мамлакатда карантин эълон қилинди.
   Муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов фатво бердилар.
 ***
   Бир ижодкор сифатида юртимиз аҳолиси коронавирус,  деган синовдан оғир босиқлик, ҳушёрлик ва бирдамлик билан ўтаётганини кузатдим: Юртимиз бозорларида ва супермаркетларида ҳар доимгидек нархлар ўзгаришсиз, озодалик ва тартиб интизомни кўрдим. Одамлар қандайдир илгаригидан ҳам кўра бир-бирига ғамхўрроқ ва меҳрибонроқ.  
   Пойтахтимиздаги институт ва университетларнинг дарвозалари ёнида вилоятларга талабаларни олиб кетадиган автобусларнинг турна қатор бўлиб турганини кўрдим. Ниқоб тақиб олган талабаларни ҳар доимгидек қувноқликдан тўхтатиб бўлармиди. 
  Карантиннинг иккинчи куни ижтимоий тармоқларда водийга кетадиган таксилар “Бепул таксилар акцияси”ни ўтказаётгани, Фарғона вилояти Бувайда тумани ҳокимининг ташаббуси билан Тошкентда ўқийдиган бувайдалик талабаларни текинга уйларига олиб кетиш учун таксилар юборганини, Аброр Зоҳидов Фарғоналик Музаффар исмли тадбиркор йигит талабаларни уй–уйларига шахсий автомобилида олиб бориб қўяётгани ҳақида ёзади.
   Айрим инсофсиз таксичилар йўлкира ҳаққини уч баробар оширгани туфайли қийналиб қолган талабаларни олиб кетиш учун биринчилардан бўлиб ташаббус кўрсатган 
   Қашқадарё вилояти транспорт бошқармаси бошлиғи Улуғбек Эрназаров кўнгилли ҳайдовчилар билан Тошкентга етиб келди, Олий ўқув юртларига ва ижтимоий тармоқларга эълон берди. Унда шундай ёзилган: Бугун соат 10: 00 га қадар Талабалар шаҳарчасига етиб келишингиз сўралади. Шу жойнинг ўзида Қашқадарёга қайтиш учун мутлақо бепул транспорт воситалари қатновлари йўлга қўйилади. Мурожаат учун телефон:+ 998973507788. 
   Бу Улуғбекжоннинг шахсий телефони эканини унга қўнғироқ қилиб билиб олдим.
   Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимовнинг Тошкентда таҳсил олаётган ёшларни фирдавсмонанд Самарқандга олиб кетиш учун автобуслар жўнатганини эшитиб хурсанд бўлдим. Талабалардан тўрттаси жиянларим бўлиб, уларнинг 1 миллион 200 минг сўмлик йўлкираларини бериш ташвишидан мени ҳоким жаноблари қутилтирди.   
   Тошкентдан Сурхондарёга кетадиган талабаларни бепул уйларига олиб бориб қўйиш ташаббусида биринчилардан бўлган Сурхондарё вилоятилик мард йигитлар: Жамшид Баҳромов, Собир Шоҳимардоновларнинг исм-шарифини мамнуният билан қайд этаман. 
   Тезкор хабарларда Сурхондарё вилояти Жарқўрғон туманида жойлашган “Барака чеварлари” МЧЖнинг чевар қизлари “Биз коронавирусга қарши ҳамжиҳатликда курашамиз” шиори остида аҳолига бепул ниқоблар тарқата бошлаганинидан эшитдик.
   Навоий вилоятининг тадбиркор хотин–қизлари хом-ашё етказиб берилса, хусусий чеварчилик цехларида кечаю кундуз ниқобларни хизмат ҳақисиз тикиб беришга тайёрлигини билдирдилар.  
   “Жонажон Жиззах. Биз коронавирусни биргаликда енгамиз. Марҳамат бепул ҳўл салфеткалар” деган ёзувлар билан  исми номаълум тадбиркорларнинг саховат кўрсатаётганини гувоҳи бўлдик.
Нарпайнинг дала-даштлардан  йиққан исириқларни  шифохоналар ва туғуруқхоналарга бепул тарқатиб чиққан Ҳамдам тоғажонимнинг ҳиммати ҳақида қариндошлардан эшитиб, тоғажонимга қўнғироқ қилдим, тоғам эса “Мен бу исириқларни ўзим экиб, суғориб парваришлаганим йўқ, Аллоҳимнинг биз бандаларига марҳамати билан пайдо бўлган ўсимликни териб келган бўлсаму шундай кунда тарқатмасам уят бўлади. Невараларимнинг айтишича Криштиану Роналду деган футболчи ҳашаматли меҳмонхоналарини шифохоналарга бериб турганда, менинг исириқ тарқатишим, қўшниси бир қоп олтин берганда, Мамарайим бир хуржун пахта бергандай гап” - дейди ўзига хос қатъий товушда. Мен эса “Сиз билан фахрланаман” - дедим овозим титраб.
   Ҳа, бугунги кундаги синовда мардликлари намоён бўлган юртдошларим, мен сизларнинг барчангиз билан фахрланаман. Сизлар ҳақингизда ёзишда давом этаман. Дунёни таҳликага солган шундай кунларда СИЗ ҳимматлиларим томонидан қилинаётган кичкинагина ҳаракат ҳам биз қалам аҳли эътиборидалигини ҳамма билишини истайман.
   Ҳадемай иссиқ кунлар бошланади. Сахий қуёшнинг заррин нурлари  коронавирус деган балони олмос қиличидан ўтказиб, қириб ташлайди. То унгача савоб йиғишга улгурайлик. 
   Коронавирус ўткинчидир,одамийлик абадий, эзгулик боқий. Аллоҳ билгувчидир ниятимиз пок. Пок ниятлар эса Паҳлавон Маҳмуд айтганларидек қабул бўлғусидир:
Келгил, сени бандам, невчун рад қилғум,
Давлат берибон, уммати Аҳмад қилғум.
Рост йўлға равон бўл, сени раҳмат қилғум,
Пок ниятинг айт, қабул албат қилғум.
Зулфия Мўминова - шоира.