Бахтни меҳнатдан, ҳаётим мазмунини, мусиқадан топганман


  Мусиқа – одамларни эзгуликлар оламига етакловчи, яхшиликка чорловчи, инсон руҳиятига ором бағишлаб, тафаккурини теранлаштирувчи санъат тури ҳисобланади. Замондошларимиз орасида шундай инсонлар борки, ўзларининг маданият ва санъат оламига қўшган ҳиссалари беқиёслигига қарамай, камтарона ҳаёт тарзини доимо улуғлайдилар.
  Уларнинг фаолияти бошқаларни ҳам руҳлантириб, она Ватан равнақи йўлида ғайрат-шижоат билан мехнат қилишга ундайди. Ижодкорлик қобилияти билан тинмай эзгу-мақсад йўлида ижод қилиб келаётган инсонлардан бири, таниқли мусиқашунос олим Рустам Абдуллаев таваллудига яқинда 74 йил тўлди.
  Ўзбек мусиқа санъати ривожига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган санъат арбоби, Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, Давлат мукофоти совриндори, таниқли композитор, профессор Рустам Абдуллаев Ўзбекистон композиторлик мактабининг ёрқин намоёндаларидан бири. Ўтаётган умрининг ҳар бир лаҳзасини мусиқа санъатига бағишлаётган истеъдод соҳибидир.
  Ватанни юксак пардаларда тараннум этиш, унинг шон-шавкатини мадҳ этиш, халқимизга бетакрор куй-қўшиқлар тақдим этиш Рустам Абдуллаев ижодида устувор ўрин эгаллайди. Композиторнинг ижоди, ўзининг миллийлиги, ёрқин рангларга бойлиги, профессионал баён этиш услуби, анъанавий ва замонавий баён этиш услубини мужассамлаганлиги билан ажралиб туради.

Она замин тупроғини муқаддас билиш шартдир...

- Мен, бахтимни меҳнатдан, саодатли ҳаётим фароғатини мусиқадан, умрим безагини эса мусиқий асарлар яратишдан топганман, – дейди Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси Рустам Абдуллаев, биз билан бўлган суҳбатда. – Мусиқа, она алласидан то опера даражасигача бўлган тараққиёт жараёнида инсон қалби ва руҳиятида малҳам вазифасини бажарган, одамлардаги энг яхши фазилатларни кучайтирган, уларни эзгулик, муҳаббат ва қаҳрамонликка чорлаган. Шунинг учун мусиқа якка шахсга эмас, омма ва халққа ижро этилади, кўпчиликнинг бадиий-эстетик онги ва туйғуларини уйғунлаштиришда аҳамият касб этади. Президентимиз томонидан олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида бир қатор фестиваль ва кўрик танловларнинг ўтказилиши ўзбек халқининг мусиқа санъатига бўлган эътиборнинг кучайганлигидан далолат беради. Жумладан “Халқаро бахшичилик санъати”, “Буюк ипак йўли” халқаро фольклор мусиқа фестивали, Самарқанд шаҳрида мунтазам ўтказиб келинаётган “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестиваллари бунга мисол бўлади. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 28 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Халқ чолғулари ижрочилари”, Мукаррама Турғунбоева номидаги “Миллий рақс ижрочилари”, Ю.Ражабий номидаги “Ёш мақом ижрочилари” республика кўрик-танловларини анъанавий тарзда ўтказилиши бугунги кунда етишиб келаётган иқтидорли, ёш созанда ва хонандалар, санъат оламига эндигина умид билан қадам қўяётган келажак ниҳоллари учун очиб берилаётган кенг имкониятлардан биридир. Бундай шарт-шароитлар илгари бўлмаган. Мен бугунги кун санъат аҳлига яратиб берилаётган имкониятлардан хурсанд бўлган ҳолда, уларга ҳавас билан боқаман. Жаннатмакон она диёримизда ўз соҳасининг етук билимдони бўлиш учун барча шароитлар бисёр. Шундай экан фақат ўқиш, изланиш, ўрганиш ва меҳнат қилиш лозим. Инсон яшар экан, бахтли бўлишга интилади, бутун борлиғини, куч ва ғайратини дунёни англашга, саодатга эришишга бағишлайди. Вақтдан тўғри ва унумли фойдаланган, орзуларини амалга оширишга бел боғлаган ҳар бир инсон ўз мақсадига албатта эришади. Ўз қўллари билан яратган бахт соҳибига айланади. Мен ҳам, ҳаётимнинг пасту баландларидан, тиканли сўқмоқларидан, дадил қадамлар ташлаб ўз тақдиримни бахтга буркаганман ва толейимдан миннатдорман! Аслида ҳақиқий бахтга, Ватанга садоқат билан хизмат қилиб, она замин тупроғини муқаддас билиб, халқ ва жамият ҳаёти учун фидокорона меҳнат қилиб етишилади...

Ижод йўлига, ишонч билан қўйилган қадам

  Серқирра ижодкорнинг болалик даврлари кўҳна Хива шаҳрида ўтди. Уйда, маҳаллада, бозор майдонларида тинглаган халқ куй ва қўшиқлари бўлажак композитор хотирасида умрбод муҳрланиб қолди. Ўрта мактабда ўқиш билан бир қаторда болалар мусиқа мактабида таҳсил олиб қашқар рубобида маҳорат билан чалишни ўрганди.
  Ёш ижрочининг қобилиятини кўрган устози, мактаб директори, таниқли композитор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, композитор Абдушарип Отажонов уни ёнига олиб Хива мусиқали халқ театри оркестрига созандаликка жалб қилади. Ўша даврлардаёқ мусиқали саҳна сеҳри, бастакорлик ижодиёти, актёрлар ижросидаги миллий куй ва қўшиқлар, ария ва романслар ўн бир ёшли болани ўзига тўлиқ мафтун этиб бўлган эди. Ўқиш ва ишлаш, изланиш билан бир қаторда Рустам Абдуллаев санъатдаги раҳнамоси Абдушарип Отажоновдан илк композиция сабоқларини ҳам ола бошлайди.
  Санъатга муҳаббат, мусиқа яратишнинг нозик сирларини ўрганиш истаги уни ўн тўрт ёшида азм пойтахт сари йўл олишга ундади. Даставвал, Ҳамза номидаги Тошкент давлат мусиқа билим юртида Сулаймон Тахалов синфида қашқар рубобида ижрочилик маҳоратини мустаҳкамлайди, кейин эса мусиқа назарияси ва композиторлик бўлимларида Альберт Малахов ва Румиль Вильданов синфларида таълим олади. Тошкент давлат консерваторияси (ҳозирги Ўзбекистон давлат консерваторияси)да Румиль Вильданов ва Борис Гиенко синфларида композиторликдан сабоқ олади. Ўқишга бўлган иштиёқи, ўз устида тинимсиз ишлаш натижасида, нафақат мусиқа яратиш, балки фортепианода маҳорат билан чалишни ҳам пухта эгаллайди. Консерваториянинг битирув имтиҳонида Рустам Абдуллаев Биринчи фортепиано концертини симфоник оркестр жўрлигида ижро этиб, аъло баҳога сазовор бўлади.
  Илм ва ижодга чанқоқ ёш композитор касб маҳоратини ошириш мақсадида Борис Зейдман синфида ассистент-стажёрликда таъсил олади. 1972-1973 йилларда Санкт-Петербургда бўлиб ўтган композиторлар фестивалларида муваффақиятли қатнашади, 1976 йилда эса Москада ўтказилган Халқаро композиторлар танловида совринли ўринни эгаллайди. Кичик жанрдаги бир қатор чолғу ва вокал асарлари билан бир қаторда, устози раҳбарлигида “Шодимулк” операсини ёзади. Торли оркестр учун яратган полифоник симфонияси билан ассистентурани тамомлайди. Муваффақиятлар, янги ғоялардан илҳомланган Рустам Абдуллаев мустақил ижод йўлига ишонч ва ғайрат билан қадам қўяди.

500 дан зиёд мусиқий асарлар яратилди

  Кунлар ойларга, ойлар йилларга айланиб ўтаверди. Йиллар ўтгани сари Рустам Абдуллаев композитор сифатида кўплаб мазмунли ва сара асарлар яратиб мухлислар олқишига сазовор бўлди. Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмаси раиси, Ўзбекистон давлат консерваторияси профессори, жамоат арбоби сифатида янги – янги лойиҳа ва ғояларни ҳаётга тадбиқ этди, ёш малакали мутахассисларни тайёрлашда салмоқли ҳисса қўшди. Ижодий фаолияти давомида турли жанрларда беш юздан ортиқ асарлар яратди. “Шодимулк”, “Хива”, “Садоқат”, “Виждон”, “Соҳибқирон” опералари, “Қуёшга таъзим” балети, 8 та концерт (концертларнинг бештаси фортепиано ва симфоник оркестр учун, қолган учтаси скрипка, виолончель ва қашқар рубоби учун ёзилган), полифоник симфония, кўплаб симфоник, вокал-симфоник, хор ва камер чолғу асарлари, икки юздан ортиқ қўшиқ ва романслар, вокал туркумлар, болалар ва эстрада қўшиқлари ҳам унинг қаламига мансуб. Композиторнинг асарлари рангба-ранглиги, миллий ва умуминсоний жиҳатларни, анъанавий ва замонавий баён этиш услубини ўзида мужассамлаганлиги айнан Рустам Абдуллаевга хос бўлган янгича қараш ва талқин қилиш хусусиятига эга эканлиги билан диққатни жалб этади.

Дунё саҳналарида янграган куй ва қўшиқлар

  Москва консерваториясининг катта залида дирижёр Юрий Цирюк бошчилигида Беларусь симфоник оркестри билан биргаликда ижро этган “Наврўз тароналари” номли Иккинчи фортепьяно концертининг муваффақияти композиторни навбатдаги симфоник асарлар яратишга илҳомлантирди.
  Мамлакатимиз мустақиллигининг илк йиллари Рустам Абдуллаев учун янги ва фаол ижодий даврни ташкил этади. ХХ асрнинг охирги ўн йиллигидан бошлаб, кўплаб гастроль сафарларда бўлади. Хусусан, 1991 йилда композиторнинг Бангкокдаги Таиланд Қирол концерт саройида янграган “Тантанали увертюраси” симфоник асари катта олқишларга сазовор бўлади ва навбатдаги, “Тай оҳанглари” номли Учинчи концерти (1993 йилда) ҳамда Бешинчи концерти (1995 йилда)ни ёзиш учун буюртма олади. Мазкур концертлар ҳам Таиланд Қироли саройида муаллиф ва симфоник оркестр ижросида янграйди.
  Ижодкорнинг ижодий сафарининг ёрқин саҳифаларидан яна бири бу Вьетнамда ўтказилган халқаро фестивалларда бўлган иштирокидир. Бу гўзал ва бетакрор мамлакатда композиторнинг “Лазги”, “Муҳаббат қўшиғи” симфоник поэмалари оркестр ижросида, “Раталла” асари халқаро танловлар совриндори Эрнура Мирзакамалова ва оркестр ижросида, “Хиросима фарёди” вокал туркуми эса истеъдодли хонанда Рахим Мирзакамолов ижросида ижро этилди. Татаристон республикасида ўтказиган фестивалларда ҳам мазкур асарлар тингловчиларда катта таассурот қолдирди, соҳа мутахассислари томонидан юқори баҳоланди. Хоразм халқ куйларига асосланган “Лазги” ва “Раталла” асарлари ҳис-туйғуларга бойлиги, жўшқинлиги, рақсга хос усули ва услуби билан тингловчини мафтун этди.
  Эътироф этиш жоизки, серқирра ва теран мазмунли мазкур асарлар миллий маданиятимизнинг турли жиҳатларини ўзида акс эттиради. Солистнинг оркестр партияси билан беллашуви, шовқинли ва зарбли чолғуларда халқ мусиқасига хос овоз эффектларини билан бойитилган партиялари мусиқага янада ёрқинлик бағишлаган. Композитор оркестр тилини, ҳар бир гуруҳнинг роли ва чолғу тембрини жуда яхши тушунади. Шу боис муаллиф полифоник, гомофон-гармоник, сонористика усуллардан моҳирона фойдаланиб она юртининг руҳини, халқ шодлигини ёрқин етказиб берган.
  Юқорида номлари тилга олинган асарлар қаторида Рустам Абдуллаевнинг 5 та фортепиано концерти, бир қатор симфоник асарлари Корея, Таиланд, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлардаги йирик концерт залларида ижро этилди. Муаллиф Япония, Хитой, Миср, Вьетнам, Туркия, Германия, Швеция, Польша ва МДҲ мамлакатларида 20 маротаба асарларининг жаҳон премьераларида қатнашди.
  Рустам Абдуллаевнинг ижоди ҳақида сўз борганда, “Садоқат” операсига тўхталиб ўтиш жоиздир. Бинобарин, Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия ва Ҳамид Олимжонга бағишлаб ёзган ва Зулфияхоним таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан янги таҳрирда саҳналаштирилган “Садоқат” операси композиторнинг монументал асарларидан бири ҳисобланади. Унда акс этган аёл образи, садоқат ва вафо, севги ва ҳижрон мавзулари, шоирлар мушоираси, халқ сайли куй ва оҳангларда, ария ва ансамблларда, хор саҳналари ва оркестр партияларида катта маҳорат билан очиб берилган. Операдаги ҳар бир тимсолга берилган мусиқий тафсилотлар, саҳна декорацияси, саҳнада ривожланувчи воқеа ва ҳодисалар томошабинга жуда кучли таъсир кўрсатади. Асл ўзбек аёли рамзига айланган Зулфияхоним операда мукаммал кўринишни касб этади.

Умр узун қисқалиги билан эмас, мазмуни билан ўлчанади

  Кўп яшасанг кўпни кўрасан дейишади. Умр узун ёки қисқалиги билан эмас, балки унинг мазмуни билан ўлчанади. Бу фикр айнан Рустам Абдуллаевнинг сермазмун ҳаёти ва таҳсинга сазовор бўлган ижоди хақида айтилгандай. Камтарин ижодкор миллий ва замонавий мусиқа соҳаси равнақига салмоқли ҳисса қўшган ижодкорлардан. Бугунги кунда ҳам шогирдларига мусиқий билим, ўгит ва маслаҳатларини бериш билан бирга, уларга одамийлик сабоғини беришдан сира канда қилмайди. Рустам ака, бутун ҳаётини мусиқа санъатига бағишлаган истеъдод соҳиби саналади. Ватанни юксак пардаларда тараннум этиш, унинг шон-шавкатини мадҳ этиш, халқимизга бетакрор куй-қўшиқлар тақдим этиш эса композитор ижодида устувор ўрин эгаллайди.
  Чорак асрдан буён Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасига раҳбарлик қилаётган Рустам Абдуллаев миллий мусиқа маданиятини ривожлантириш, халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳукумат қарорлари ва фармонларини амалга тадбиқ этишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. У “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали таъсисчиларидан бири ва ҳайъат аъзоси (1997 йил), Халқаро симфоник мусиқа фестивали (1998 йилдан), Назира Аҳмедова номидаги Республика ва халқаро танловлар, Ёш бастакорлар республика ва халқаро фестиваллари (2019 йилдан), “Давр садолари” республика мусиқа фестивали ва бошқа тадбирлар ташаббускори ва ташкилотчисидир.
  Рустам Абдуллаев ташаббуси билан ташкил этилган ва юқори даражада ўтказилган йирик табирлардан бири Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилган халқаро симфоник мусиқа фестивалидир. Йигирма йил давомида беш маратоба ўтказилган ушбу йирик фестивалда 30 дан ортиқ мамлакатдан кўплаб истеъдодли бастакорлар, мусиқашунослар, дирижёрлар ва ижрочилар қатнашдилар. 2018 йилда ўтказилган халқаро мусиқа фестивалида турли давлатлардаги композиторлар уюшмалари ўртасида истиқболли ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

Тинчлик ва муҳаббат куйлари янграб турсин

  Мусиқа, инсон маънавиятига таъсир қилиб, унинг руҳиятини поклайди. Бу, мусиқанинг инсон маънавиятидан четда тараққий эта олмаслигидан, халқ маънавияти эса мусиқадан узоқда яшай билмаслигидан дарак беради. Рустам Абдуллаев ҳам мусиқа билан яшайди ва нафас олади. Ижодкор, жамоат арбоби сифатида мусиқа равнақи учун хизмат қилиб, нафақат Ўзбекистонга балки жаҳонга ўзининг янги асарларини туҳфа этиб келмоқда.
  Композиторнинг ҳаёти ва ижодига бағишлаб, 2019 йилда “Рустам Абдуллаев. Жизнь в музыке” номли монография нашр этилган. Ижодкор мамлакат ва жаҳон мусиқа санъатига қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари ва халқаро ташкилотларнинг сертификатлари билан тақдирланган. Рустам Абдуллаев Турон фанлар академияси академиги, Юнонистондаги Суқрот фалсафа мактабининг “Замин фуқароси – XXI”, “Замин аслзодаси – XXI” мукофотлари, Вьетнам мусиқачилар уюшмасининг “Жаҳон мусиқа маданияти ривожидаги улкан хизматлари учун” ордени, Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси томондан берилган “Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатлар ва ҳар томонлама алоқаларни мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари учун” дипломи соҳибидир. Бундай унвон ва мукофотлар фидойи ижодкорнинг ўзбек мусиқаси ривожи ва уни жаҳонда тарғиб қилишга салмоқли ҳиссаси халқаро миқёсда ҳам эътироф этилганидан далолат.
- Ўзим севган ва ардоқлаган касбим, масъулиятли вазифам, қалбимнинг тўридан жой олган турмуш ўртоғим, ҳаётимнинг мазмунига айланган фарзандларим ва шириндан-ширин невараларим умримнинг нақши ва безагидир. Мен, мусиқа билан уйғунлашиб ўтаётган ҳар бир куним ва туним учун шукрона келтираман. Илоҳим юртимиз тинч, дастурхонимиз тўкин, яқинларимиз соғ-омон бўлсин, заминимиз узра эса ҳамиша ва ҳар доим тинчлик ва муҳаббат куйлари янграб турсин – дейди Рустам ака, биз билан самимий хайрашаётиб.
  Дарҳақиқат, инсон бу кўҳна оламда яшар экан, ўзининг бахтли эканлигини ўтаётган, кунлари ва тунларида ҳаловат ҳамда хотиржамлик борлигини англагани сари, ўзини бахтли ҳис қилаверади. Мақоламиз қаҳрамони ҳам том маънода бахтни ўз қўллари, тинимсиз изланиш ва ҳалол меҳнати билан ярата олган ва шунинг ортидан жамиятда қадр топган ижодкорлардан биридир. Рустам Абдуллаев яратган мусиқий асарлар, инсонларни яшашга, курашга чорлайверади, меҳнатга, муҳаббатга руҳлантиради, дарду қайғусига малҳам, бахту қувончига шерик бўлаверади.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА. 
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси.