Умр лаҳзаларим – ибрат бўлсин дейман


  “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, Лутфия Рўзибоева бу йил айни кўклам фаслида 80 баҳорни қарши оламоқдалар.

  Ўзбекистон телевидениесида қириқ беш йил меҳнат фаолиятини олиб борган, қатор муаллифлик лойиҳалари билан эл назарига тушган, “Қизлар давраси”, Ўзбегим ёшлари” телетанловлари туфайли халқимиз орасидан энг истеъдодли йигит-қизларни кашф этиб ҳаётга йўналтирган устоз, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, Лутфия Рўзибоева бу йил айни кўклам фаслида 80 баҳорни қарши оламоқдалар.
  Кўз тегмасин деймиз-у шу ёшда ҳам Лутфия опанинг қўл телефонлари тинимсиз жиринглашига ҳавасимиз келди. “Бир кунда ўз фарзандларим ва набираларимдан ташқари шогирдларимнинг ҳам камида ўн, ўн беш нафари қўнғироқ қилишади. Тождор вирус пандемияси оқибатидан тадбирларимиз, концертларимиз, сафарларимиз тўхтаб қолди. Аммо, машғулотларни тўхтатганимиз йўқ. Мана секин-аста карантин қоидалари юмшатилмоқда. Катта концертга тайёргарлик кўраяпмиз” – дейди опа суҳбатимиз бошида.
  Лутфия опага қараб туриб, тўғриси ҳавас қилдик. Негаки, 80 ёшни қарши олаётган опахоннинг шогирдлари бугунги кунда нафақат мамлакат балки дунё миқиёсида ҳам машҳур.

Дунё саҳнасида янгараган овоз

  Бинобарин, улардан: Милена Матмусаева – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, “Ниҳол” мукофоти соҳибаси,“Зулфия” номидаги Давлат мукофоти совриндорлари: Камола Эрматова, Рухсора Йўлдошева, Наргиза Раҳимова, Дилноза Ортиқоваларни бирма-бир санаш жоиздир.
  “Ниҳол” давлат мукофоти совриндорлари: Фарҳод Қамбаров, Машҳурбек Рахимжонов, Наврўзбек Мамадияров, Шербек Шодиев, Шерзодбек Ортиқов шулар жумласига киради. “Ўзбегим ёшлари” ансамблнинг 45 дан ортиқ иштирокчилари Халқаро фестиваллар иштирокчиси бўлганлиги ҳам айни ҳақиқатдир.
  Опанинг шогирдларининг аксарияти мазкур ансамблда чиниқди ва тажриба орттирди. Улар орасида бугун тажрибали админстраторлар, таржимонлар, хонандалар, созандалар, раққосалар, бастакорлар, бошловчилар ва волантёрлар бор. Санъат йўлидан кетмаганлари ҳам нуфузли давлат ташкилотларида фаолият олиб бормоқда. Юртимизнинг барча ҳудудларида Рўзибоеванинг тарбиясини кўрган ёшларни учратиш мумкин.
  Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги ва Мудофа вазирлиги тизимларида, Миллий Гвардия сафларида, Божхона қўмитаси таркибида, Олий ва ўрта – махсус ҳамда халқ таълими тизимларида ЎзМТРК ва хусусий телеканалларда, журналистика ва халқаро журналистикада, маданият ва санъат даргоҳларида “Ўзбегим ёшлари” ансамблининг қалдирғочлари Ватанимизга муносиб хизмат қилмоқда.

Иш хонадаги икки харита

  Лутфия Рўзибоеванинг иш кабинетида иккита харита турибди. Биринчиси Ўзбекистон Республикаси харитаси. Ундаги деярли барча шаҳарлар ва қишлоқларга юлдузча қўндирилган. Бу унинг шогирдларини туғилган вилоят, шаҳар ва қишлоқлари. Яшил рангдаги ҳудудлар: ансамбл бориб маърифий – маънавий -маданий тадбирлар ўтказган, гала концертлар намойиш этган Ўзбекистон ва Қорақалпоғистондаги барча ҳудудлар. Дунё харитасидаги 14 та мамлакатда “Ўзбегим ёшлари” фестиваллар ва кўрик – танловларда ғолиб бўлгани белгиланган.
- Мен ансамблимга иштирокчиларни эл орасидан ахтарганман. Бутун ҳаётим давомида энг чекка ҳудудлардаги иқтидори бор ёшларни излаб топишдан сира ҳам чарчамаганман. Қўлларидан етаклаб, катта саҳналарга олиб чиққанман. Ҳамиша ва ҳар доим турли танловлар, беллашувлар ичра уларни ўзларига бўлган ишончларини мустаҳкамлашга ҳаракат қилганман. Энг асосийси умр лаҳзаларимнинг ҳар бир сонияси изланиш, интилиш ва янги ғояларга ҳамоҳанг тарзда эзгуликларга йўғрилиб ўтиб бормоқда. Ёшларни истеъдодига қараб танлайман. Бизда интизом жуда қатъий. Биринчидан ҳар бир иштирокчи одоб-аҳлоқли, юксак маданиятли бўлиши шарт. Ансамблда эса уни маънавиятини ва дидини тарбиялаймиз, янги имижини яратамиз. Юлдузлик даражасига руҳан тайёрлаймиз. Сабр ва бардошли қилиб чиниқтирамиз. Республика Хотин – қизлар қўмитасида ишлаган йилларимда қўмита топшириғи билан “Ўзбегим ёшлари” ансамблининг кўрик – танловларида ҳакамлик қилиш ва дастурни тайёрлашда иштирок этганман. Ансамбл иштирокчиларига қатъий талаб қўярдик. Яъни чекмаслик, спиртли ичимликлар ичмаслик, беҳаё ибораларни ҳатто ҳазиллашиб ҳам ишлатмаслик, очиқ кийинмаслик, ортиқча бўянмаслик, бетартиб ва палапартиш юрмаслиги шарт эди.
  Лутфия опа яна бир воқевни сўзлаб берди. Бир куни уларнинг ансамблига чиройли аёл қизини олиб келибди. Қиз жуда ҳам яхши рақсга тушар экан. Аёл қизини ёлғиз катта қилаётганини келажакда машҳур санъаткор бўлишини хоҳлашини айтган. Унинг қизи ансамблга қатнай бошлабди. Аммо, раққоса қизлар опага янги қизнинг сигарета чекишидан шикоят қилиб қолишади. Лутфия опа қиз билан суҳбатлашганда, ўша қизнинг айтишича раққосалар озғин бўлиши учун чекар эмиш. У билган барча таниқли раққосалар чекар эмиш. Ўша янги қиз костюмлар турадиган хонада чекганлиги учун барча либослардан тамаки ҳиди келадиган бўлиб қолган. Опа уни огоҳлантирган. Аммо, ўрганган кўнгил ўртанса қолмас, деганларидек, қиз бекитиб чекишда давом этаверган. Натижада ёшлар орасида норозиликлар пайдо бўлган. Шу тариқада янги қиз билан хайрлашилган. Ансамбл қатнашчилари бир оиладек бир-бирига меҳрибон бўлишган. Ҳар бир ёшнинг ансамблга келиш тарихи бор.

Шогирдлар камоли

  Андижондан келган Машҳурбек Раимжоновнинг ширали овози, рақс тушиш маҳорати унинг истеъдодидан дарак берарди. Аммо, Машҳурбек бир неча йили институтга киролмаган. Бу у ва унинг оиласи учун улкан муаммо эди. Руҳан тушкинликка тушган болага, “Сен Тошентга, “Ўзбегим ёшлари” ансамблга келиб тўғри қилибсан, тайёрланасан консерваторияга ўқишга кирасан, ўз устингда қаттиқ ишлайсан номингга муносиб машҳур бўласан”, дея унинг кўз ёшларини артган ҳам Лутфия опа бўлади. Ҳа, Машҳурбек ўша йили консериваторияга ўқишга кирди. Бир йил ўтиб “Ниҳол” давлат мукофоти соҳиби, уч йил ўтиб “Шуҳрат” медали ордени билан тақдирланди.
  Тошкентлик Камолахон Эрматова ҳам ансамблга келганида мактаб ўқувчиси эди. Ансамбл уни чинақтирди. Оҳанграбо овоз эгаси бўлган бу қиз жуда чиройли рақсга тушар, бошловчилик қилар, дезайнер сифатида либос устасига ҳам тинимсиз ёрдам берар эди. Одоб – аҳлоқи билан Камолахон барчанинг бирдек ҳурматига сазовор бўлган. “Зулфия” номидаги давлат мукофоти соҳибаси бўлди. Ўзбекистон давлат Жаҳон тиллари университетига имтиёзли равишда ўқишга қабул қилинди. Тинимсиз билимини ошириб борган Камолахон Президент стипендияси олишга ҳам мушарраф бўлди.
  Қорақалпоғистондан келган Женисбек Пиязов жуда тортинчоқ бўлиб ансамблга қўшилиб кетиши қийин бўлган. Истараси иссиқ бу йигитни Лутфия опа ўзгача меҳр билан яхши кўрарди. Консерваториянинг бошланғич босқич талабаси бир куни машғулотга келолмади. Ётоқхонасига телефон қилишганда Женисбек “Негадир ичим, ошқозоним қаттиқ оғрияпти. Хонамизда нон ҳам, шакар ҳам, ёғ ҳам қолмаганидан кеча бир пиёла гуручни қайнатдик, қоровулдан туз олиб солдик ва пишириб едик. Икки соат ўтиб мазамиз қочди” – деганида, Лутфия опа Женисбекга “Тезда таксига ўтириб мени олдимга кел, такси пулини ҳам ўзим бераман” – дея Женисбек Пиязов билан яна иккита ўртоғини кафега тушлик қилишга юборди.
  Лутфия опа бу истеъдодли шогирдини ошқозон касалига йўлиқишидан хавотирланиб турганида Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишларидан польковник шогирди қўнғироқ қилиб қолади. Аллоҳнинг марҳамати билан қўнғироқ қилиб қолган шогирдига Лутфия опа ”Сизга илтимосим бор. Менинг ансамблида қорақалпоқлик икки истеъдодли талаба: Женисбек Пиязов ва Гулбаҳор Ахимбетовалар бор. Улар жуда яхши ёшлар. Аммо, ҳозир кўмакка муҳтож. Уларнинг ётоқхонларига озиқ-овқат, мева, ширинликлар хуллас ўзингиз бозорлик қилиб беринг. Нима сахийлигингиз бўлса шу икки иқтидорли ёшларга қилинг,мен эса бу ҳимматингизни менга қилаётган ҳурматингиз деб биламан” дейди. Содиқ шогирд опанинг илтимосини бажону дил бажарди. Бундай илтимослар “Ўзбегим ёшлари” ансамбли ҳаётида бўлиб турар, яхши одамларни опа ҳамиша кўмакка чақирар эди. Женисбек Италияга борганида ансамбл томонидан ўша машҳур “ЛА СКЛА” театири олдида устозига “Опа дуо қилинг, бир куни келиб, мен дунё опера юлдузлари куйлаган мана шу қутлуғ театр саҳнасига чиқиб қўшиқ куйлайин” – деган экан. Устоз уни дуо қилди. Фаришталар эса дуога шерик бўлган эканки, Женисбек ўша ниятига етди. Бугун унинг мухлислари дунёнинг барча мамлакатларида топилади. Бугунги кунда Женисбек Пиязов “Ниҳол” мукофоти совриндори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист, Қорақалпоғистон Республикаси халқ артист унивонларига сазавор бўлди.
  Гулбаҳор Ахимбетова ҳаётида ҳам “Ўзбегим ёшлари” ансамбли унга омад ва бахт сари эшик очди. У “Зулфия” давлат мукофоти совриндори, Қорақалпоғистон Халқ бахшиси, “Дўстлик” ордени соҳибаси бўлди.
  Бир куни иштирокчи ёшлар ансамблга Татьяна Зайцова деган рус қизини бошлаб келди. Қиз Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизатциялаш муҳандислари институти талабаси экан. Лутфия опа қизнинг овозини эшитиб кўрди. Қонун – қоидани тушинтирди. “Бу ансамблда ўзбекча қўшиқ айтиш керак. Қўлингдан келадими ўзбекча куйлаш? – деб сўради. Татьяна гўзал хулқи, тиришқоқлиги билан опанинг ишончини қозонди. У ярим йиллик машғулотлардан сўнг ўзбекча куйлай бошлади.
  Лутфия опанинг рус қизи бугун “ВИА Шарқ” ансамблининг хонандаси. Ўзбек йигитига турмишга чиққан, икки фарзанднинг онаси. Ўзбек келини оиладан қайнона ва қайнотага қандай ҳурмат кўрсатиши кераклигини бошқа қизларга ҳам жойи келса ўргатиб қўяди.
  Дарҳақиқат, опанинг шогирдларини бугунги кунда нафақат Ўзбекистон балки дунё танимоқда. Уларнинг ҳар бири билан қўнғироқлашганимда, “Ишонинг биз Лутфия опанинг ансамблига келганимизда ҳеч қандай унвонимиз йўқ эди. Биз эндигина атрофга умид билан боқиб турган ҳаваскорлар эдик. Яхши ҳам омадли тақдир бизни бу муҳтарам устоз билан учраштирди” деган сўзларни эшитдим..
  Ҳа, Лутфия Рўзибоева шогирдларига умрини бахшида қилди. Кам таъминланган оилалардан келган ёшларини алоҳида эътиборда тутди. Чекка ҳудудлардан келганлари бетоб бўлиб қолса шифохоналарга жойлаштириш, чет эл сафарларига боришда ҳар бирининг ҳужжатларини тўғрилаш, ўзга мамлакатда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, дунёнинг истеъдодлари ёшлари билан беллашганда эса ғолиб бўлиш сирларини ўргатди. Гоҳо ўз оиласидан кўпроқ уларни ўйлагани ҳам рост. Унинг кумуш сочларининг кўпи келажаги порлоқ ёшлар учун оқарди.
  Минг шукур опанинг шогирдлари ҳам доимо устозларининг ишончини оқлаб келмоқдалар. Қутлуғ ёш арафасида Лутфия опанинг кўнглини ёритиб, белига дармон бўлиб, беминнат ёрдамини аямай, саховат кўрсатиб келаётган шогирдларига қарата опа энг яхши тилакларини гезета орқали билдиришимни илтимос қилдилар.
  Мен Лутфия опага чексиз эҳтиром ва ҳурмат изҳор қилиб, уларнинг сўзларини ҳеч ўзгартиришсиз айнан ўзини келтирган ҳолда мақоламни якун қилмоқчиман.
  Зеро, устозлар ҳамиша ибрат мактаби бўлмоғи керак. Бу учун кенг қалб, самимият, чексиз меҳр, истеъдод, изланиш ва энг асосийси эътиқод ва илм керак.
  Раҳмат Сизларга! Мени доимо тушинганингиз учун, менга ишонганингиз, менга эргашганингиз ва меҳру муҳаббатингиз учун. Раҳмат Сизларга! Мақсад сари интилишдан чарчамаганингиз учун. Самимият учун, оқибат ва олқишлар учун РАҲМАТ! Юртбошимиз сизларга берган мукофотлар ва унвонларнинг қадрига етинг! Ишончни оқланг!

Зулфия МЎМИНОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира.
Манба: "Янги Ўзбекистон" газетаси.