Акамнинг зуғумларидан чарчадим


     Ёшим 16да, тўққизинчи синфда ўқийман. «Энг бахтиёр дамлар мана шу ёшда кечади», деган гапларни кўп ўқиганман. Аммо ҳеч қандай бахтиёрликни ҳис этмаяпман. Аксинча, кундан-кунга сиқилиб, ҳаётдан кўнглим қолиб боряпти. Бунга акам сабабчи, унинг зуғумлари ҳиқилдоғимга келди. 

     Болалигимда ака-сингил жуда иноқ эдик. Акам нима топса менга илинарди. Дадам мактабдаги харажатлари учун пул берса, ўзига ишлатмасдан менга юмшоқ ўйинчоқ, лента, соч тўғноғичлар харид қиларди. Мен ҳам ўз навбатида акамга ғамхўр бўлиш, кийимларига гард юқтирмасликка ҳаракат қилардим. Хуллас, биз жуда аҳил эдик. Ойим бўлмаган пайтларда ака-сингил уйларни бирга тозалардик. У менга оғир нарсалар кўтаргизмас, қийин ишларнинг барчасини ўзи қиларди. 

     Ўтган йили коллежни тамомлагач, олий ўқув юртига кира олмади. Дадам билан ойим маслаҳатлашиб, бекор юрмаслиги учун унга иш қидира бошлашди. Дадамнинг яқин дўсти тунги клубга ишга чақирди. Маоши яхшигина экан, кечаси ишлайди. Эрталаблари дам олиб, кейин  репетиторига қатнаши, ўқишга тайёрланиши  мумкин. Акам ишга кирганда ҳаммадан кўра кўпроқ қувондим. Йигит киши катталарга қарам бўлмай, харажатлари учун пулларини ўзи топса қандай яхши, тўғрими? 

     Аммо қувончим узоққа чўзилмади. Негадир акамнинг феъли ўзгара бошлади. У кундан-кунга қаттиққўл, жиззаки бўлиб борарди. Аввалига унинг бундай ўзгариб бора-ётгани чарчоқдан бўлса керак, деб ўйладим, лекин ундай эмас экан. Акам ростдан ҳам бошқача бўлиб қолганди. Бир куни ўртоқларим билан дарсдан сўнг кинога тушишга келишиб олдик. Ойимга айтгандим, рози бўлдилар. Энди кийиниб, йўлга отланганимда эшикдан акам кириб келди.

— Қаёққа кетяпсан? — деди менга ўқрайиб.

— Йўлкирага пул берасизми? Қизлар билан кинога кетяпмиз, — дедим ўзимча хурсанд бўлиб. Бирдан акамнинг авзойи бузилди.

— Ҳеч қаёққа бормайсан! Бор хонангга кириб, дарсингни тайёрла, — дея бақириб берди. Ташқарида дугоналарим кутиб туришганди, уларга ваъда бериб қўйгандим. Шунинг учун акамнинг гапига қулоқ солмай, дарвозага қараб юрдим.

— Мен кимга гапиряпман?! — авваллари акам менга сира бундай муомала қилмасди. Кўзимни мўлтиратиб ойимга тикилдим.

— Бораверсин Азизбек, ҳозир ўйнаб-куладиган вақти. Дугоналари билан бир айланиб келади, — деди ойим.

— Шунақа кўчага чиқариб юбораверсангиз, эртадан кейин кечаси ҳам уйга келмайдиган бўлиб қолади. Сизга шу керакми?! Эрка қизларнинг аҳволини томоша қилсангиз, нега уни йўлдан қайтараётганим сабабини билардингиз,  — деб онамга ҳам зардали оҳангда эътироз билдирди акам.

Ойим ҳеч нарса демай, ичкарига кириб кетди. Мен хонамга қамалиб олдим. Дугоналарим телефон қилишганди, «акам рухсат бермагани учун боролмадим», деб айтдим. Устимдан роса кулишган бўлса керак. Ўша куни биринчи марта акамдан хафа бўлдим.

Орадан кўп ўтмай дугонамнинг туғилган кунини қаҳвахонада нишонлайдиган бўлдик. Кунлар иссиқ бўлиб қолгани учун енгилроқ кийиниб, зиёфатга отландим. Асли бунақа вақтда акам ишга кетиб бўларди. Ўша куни ҳали уйдан чиқмаган экан. Ҳовлида тўқнаш келиб қолдик. У эгнимга бир қур кўз ташлагач, яна авзойи ўзгарди.

— Қаёққа кетяпсан, шу аҳволда, — деди калта юбкамга ишора қилиб.

— Дугонамнинг туғилган кунига...

— Бор, уйга кириб, одамга ўхшаб кийиниб чиқ!

— Ҳозир ҳамма қизлар шунақа кийинишади, нима,  битта мен чучулага ўхшаб боришим керакми?— дедим йиғламсираб. Акам билагимдан маҳкам тутиб ичкарига етаклади.

— Агар тузукроқ кийинмасанг, ҳеч қаерга чиқмайсан!

Яна йиғлаб юбордим. Жанжалимизни эшитиб, хонамга кирган ойим иккаламизни келиштириб қўймоқчи бўлди. 

— Агар бунингиз яна шунақа кийинадиган бўлса, бир қадам ҳам ташқарига чиқарманг, — деб бақирди акам, кейин зарда билан ишига жўнаб кетди. Ойим ҳеч нарса дея олмади. 

     Ўша куни туғилган кунга ҳаммадан кеч кириб бордим. Озгина ўтириб, дарров изимга қайтдим. Чунки акам «тезроқ уйга қайт», деб тинимсиз телефон қилаверди. 

     Олдинлари замонага мослаб кийинишга одатлангандим. Дадам ҳам, ойим ҳам бунга қаршилик қилишмасди. Табиийки, кофта-юбкаларим калта, кўйлакларим ҳам ҳозирги фасонда тикилган. Лекин кейинги пайтларда акамга кийимларим ёқмай қолди.

— Бу кофтангни кийсанг, белинг билан қорнинг очилиб кетяпти, манави шиминг жуда тор, бу юбканг калта экан, - деб кийинишимгача аралашаверадиган бўлиб қолди. 

     Акамнинг кўзига кўчада юрган шўх-шаддод қизларнинг барчаси беодоб ва ахлоқсиз бўлиб кўринади. Агар дарвоза олдида дугоналарим билан қаттиқроқ ҳангомалашиб турганимни кўрса ҳам дарҳол ҳўмрайиб олади. 

— Анави Ноила билан гаплашма, уни қанақа қиз эканини яхши биламан, — деди акам бир куни. Ахир битта синфда ўқиб туриб қандай гаплашмаслик мумкин? Ноила сал шўхроқ, йигитлар билан гаплашиб кетаверади. Ўзи жуда самимий, ҳазилкаш қиз. Энди акамнинг кўнглига қараб, дугоналарим юзкўрмас бўлишим керакми? 

     Ўйлаб ўйимга етолмайман: акам нега менга ишонмайди? Ахир айрим синф-дошларимга ўхшаб йигитлар билан гаплашиб юрмасам, ойимни ё дадамни алдаб, шаҳар айланишга кетмасам... Акамнинг менга ёмон қизларга муомала қилгандек муносабатда бўлиши, ҳамма ишимга аралашавериши дилимни оғритяпти. Баъзан шартта уйдан қочиб кетгим келади, фақат ойим билан дадамни кўзим қиймайди. 

— Акангнинг айтганини қилсанг, кам бўлмайсан. Сенга бир умр суянчиқ бўла-диган, турмушга чиқиб кетганингдан кейин ҳам ҳолингдан хабар оладиган шу, - дейди ойим. Лекин акамнинг суянчиқ бўлишига ишонмайман. Ҳозирдан шунчалик зуғум қиляпти, уйланганидан кейин нима бўлади? Келинойим тушунадиган, бамаъни бўлса-ку, яхши, акс ҳолда аҳволим нима кечади? Шу кунларда менга маслаҳат берадиган, тушунадиган одамга муҳтожман. Ойим, дадам, амма-холаларим акамнинг менга хўжа-йинчилик қилишини табиий ҳол, деб билишяпти...

 

Мафтуна,

Тошкент шаҳри.

 

Эксперт – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно ЯРАШЕВА:

— Синглим Мафтунахон! Кўнглингиздан кечаётган туйғуларни тушунаман. Айни пайтда ёшликнинг энг беқарор фаслини бошдан кечиряпсиз. Бу ёшда қизлар атрофдагилар эътиборига тушиш, диққат марказида бўлишни исташади. Шу боис яхши кийинишга, ўйин-кулгига  интилаётганингиз табиий ҳол. Аммо шуни ҳам унутмангки,  қизлар тарбиясига айниқса мана шу ёшда масъулият ва эътибор билан  ёндошилади. Агар эшитган бўлсангиз  «Бир қизга етти қўшни ота-она», деган гап ҳам бор. Яъни бўйга етган қиз бутун маҳалла кўзи олдида туради, унинг ҳар бир ҳаракатига атрофдагилар, айниқса ота-она, опа-акалари масъул.

«Нега энди ҳамма менга хўжайинчилик қилиши керак?», деб ёзибсиз. Чунки Сизнинг ёшингизда кўнгил истаклари шу қадар кўп ва жиловсиз бўладики, уни яқинларингиз назоратга олмаса, хатога йўл қўйишингиз ҳеч гап эмас.

     Авваллари акангиз Сизга оддий қизалоқ деб қараган. Болаларча ҳатти-ҳаракатларингиздан завқланиб, шундай ширин ва чиройли синглиси борлигидан фахрланган. Йиллар ўтиши билан у ҳам улғайди, атрофдагиларни кузата бошлади. Айниқса, тунги клубга ишга киргач, айрим аҳлоқсиз қизларни ҳам кўрган бўлиши мумкин. Шундай пайтларда у албатта Сизни кўз олдига келтиради,  шундай ҳолатга тушиб қолишингизни истамайди. Уйга қайтганда «ўшалар каби» кийимлар кийишга қизиқаётганингиз, ўйин-кулгига ружу қўяётганингизни кўриб, эҳтимол, жаҳли чиқаёт-гандир. Атрофдагилар Сиз ҳақингизда ёмон хаёлларга бормаслиги учун бамаъни бў-лишга ундаётгандир. Аммо ишонинг, акангиз Сизни ёмон кўрмайди, нотўғри йўлга кириб кетган, деб ўйлаётгани ҳам йўқ. Шунчаки, бемаъни тарбия ва ёмон муҳитдан сақламоқчи, холос.

Шу ўринда акангизга ҳам мурожаат қилмоқчиман: Азизбек! Синглингиз ҳозир болалик билан ёшликнинг ўртасидаги ўтиш ёшида эканини унутманг. Бу пайтда қизлар яқинларининг ўзларига ишониши, яхши муомалада бўлишларини хоҳлайдилар. Агар ишлаётган жойингизга келаётган қизларни кўриб, синглингизни ҳам шулардек бўлмаслиги учун ҳаракат қилаётган бўлсангиз, унга муносабатингизни ўзгартиринг. Сиз ўз хаёлингизда «уни ёмон йўллардан қайтаряпман», деб ўйлаётгандирсиз. Аммо бу билан севимли синглингиз руҳиятини жароҳатлаб қўйишингиз мумкин. Яхшиси, унга кўнглингиздан ўтаётган хавотирларингизни тушунтиринг, чиройли гапириб,   насиҳат қилинг. Зарда ва бақир-чақир билан ҳеч нарсага эришолмайсиз. Аксинча, унинг сизга бўлган меҳри сўнади.

Мафтуна! Одатда ака-сингиллар ўртасида маълум вақт шундай зиддиятлар юзага келиши мумкин. Кейинчалик, турмуш қуришгач, бир-бирларига аввалгидек меҳрибон ва ғамхўр бўлиб қолишади. Ҳозир эса ҳамма нарсани юрагингизга яқин олмаслигингиз,  катталар билан маслаҳатлашиб, иш кўришингизни истардим. Ишонинг, улар сизга фақат яхшилик истайдилар!

 

Ҳамро БОНУ ёзиб олди.

     Ҳаётда қувонч ва шодлик, бахт ва бахтсизлик доим ёнма-ён юради. Шу боис элимизда «Ойнинг ўн беши ёруғ, ўн беши қоронғу», деган нақл бор.  Инсон ҳарчанд уринмасин, барибир қисмат олдида ожизлик қилади. Бироқ киши ўз олдига катта мақсадлар қўйиши ва ёруғ келажак сари интилиши лозим. Азиз муштарий, балки бошингиздан ўтган воқеалар ким учундир сабоқ ва ибрат бўлар?