ПАРДОЗ ВОСИТАЛАРИНИ ТАНЛАШНИ БИЛАСИЗМИ?


     Аёллар нафақат тўй-ҳашамда, балки кундалик ҳаётда ҳам ўзларига оро бериб, гўзал бўлиб юришга ҳаракат қилишади. Лекин, «Ҳар нарсанинг ози ширин» деганларидек, пардознинг ҳам ўз меъёрлари мавжуд. Тўғри, танланган пардоз сизни кўркам ва зебо кўрсатиши тайин. Бунда ўзингизнинг шахсий мойиллигингиздан ташқари юзингизга безак берувчи воситанинг таркиби ва яроқлилик муддатига ҳам эътибор қаратинг.

 

Юз учун воситалар

Тонал крем. Ўзингизга мос тусини топиш учун  кундузги ёруғликда озгинасини ёноқларингиз ёки қулоқ солинчоғига суртасиз: тери ранги текис, кескин ўзгаришларсиз бўлиши лозим. Сифатли тонал кремининг тузилиши текис, кескин ҳидларсиз бўлиши лозим. Тонал кремни ҳар 6 ойда алмаштириб туришни унутманг.

 

Упа. Упа ранги ҳам худди тонал кремники сингари текширилади. Яхши компакт упанинг тузилиши текис бўлиши, крем-пудрада ҳаво пуфакчалари учрамаслиги лозим. Агар упа ўрамида ишлаб чиқарувчи фирма номи ва восита таркиби кўрсатилмаган бўлса, сотиб олманг. Упанинг яроқлилик муддати узоғи билан 3 йил.

 

Қизил ёғупа (румяна). Қизил ёғупа сотиб олишдан олдин унинг ранги сидирға, текис тусли бўлишига эътибор қаратинг. Қўл кафтига озгина олганингизда, ёғупа сочилиб кетмаслиги лозим. Маҳсулотнинг яроқлилик муддати -  узоғи билан 2 йил.

 

Туш ва тень

Тушь. Тушнинг сифатини текшириш учун киприкларни тестер билан бўяш керак эмас – бу гигиена қоидаларига зид. Яхшиси, маҳсулотнинг чўткачасига қаранг: унинг туклари таранг, бир хил узунликда ва шаклда бўлса, думалоқланиб қолган тушь бўлаклари учрамаса – маҳсулот сифатли. Яхши туш таркибида албатта парваришловчи ёғлар ва витаминлар бўлади. Тушни ҳар 4 ойда алмаштириб туриш лозим.

 

Тень. Қуруқ тень қанчалик сифатли эканлигини пайпаслаб кўргандаёқ билиш мумкин. Унинг устидан бармоғингизни юритинг: тень силлиқ бўлиши лозим. Тайёрланиш жараёнида арзон тальк ва целлюлоза ишлатилмаган яхши тенлар бармоқни қоққанда “тўкилиб” кетмаслиги лозим.  Қуруқ тенларнинг яроқлилик муддати – бир ярим йил.

Суюқ тень ёғлар ва мойлар асосида тайёрланади, уларнинг таркиби  ўровида албатта кўрсатилиши керак. Суюқ тенни сотиб олишдан олдин унинг зичлик даражасини текширинг: у бир ҳил таркибли, тагида чўкмалари йўқ бўлиши лозим.

Суюқ теннинг яроқлилик муддати – узоғи билан 8-12 ой.

 

 

Асосий уч маслаҳат

  1. Тонал кремда ва упа ўрамида “некомедоген” ва “гипоаллерген” деган ёзувлар бўлишига эътибор беринг: бу ушбу маҳсулот теридаги тешикчаларни беркитиб қўймаслиги ва ҳатто таъсирчан терига ҳам мос келишини билдиради.
  2. Эсингизда бўлсин, юзга крем суртиб, намлантиргандан кейингина упа суртиш мумкин.
  3. Териси қуруқ бўлган аёлларга компакт упани эмас, балки кремли упани тавсия этамиз, чунки унда намловчи таркибий қисмлар бўлади. 

 

ФАРЗОНА тайёрлади.