КАШФИЁТЛАР САРИ БОШЛАЙДИГАН СЎҚМОҚ


Ёхуд нима учун илмий-фантастик асарлар кам ёзилмоқда?

   Бугунги кунда юртимизда китобхонликка, шу жумладан, болалар китобхонлигига бўлган эътибор ниҳоятда катта. Китобхонликка бўлган талаб ўз-ўзидан болалар адабиётига, уларнинг тарбиясига бўлган масъулиятни кучайтиришимиз зарурлигини англатади. 
   Шиддат билан ривожланиб бораётган айни замонамизда болаларимизни кўпроқ қандай асарлар қизиқтирмоқда? Албатта, уларнинг жанрлари турли-тумандир. Аммо ўсмир болаларни барибир мўъжизавий сарзузашт ва фантастик асарлар ўзига кўпроқ жалб қилиши ҳеч кимга сир эмас. Ана шу ажойиб-ғаройиб ҳодисаларга бола тарбияси учун муҳим элементларни қўша олган адибларнинг асарлари худди фойдали дармондоридай сезилмай ҳазм бўлади ва тарбияда ижобий самара беради.
   Ҳа, фантастика – кенг хаёлот дунёси онгни мудом чархлаб туришга тайёр, атрофдаги воқеаларни жуда оддий деб ҳисоблаган инсонлар, яъни болалар учун қизиқарлидир. Дунё сирларини англаётган ёш авлодни бу жанр оҳанграбодай ўзига тортади. Ахир кўплаб илмий ва техник ютуқлар, хаёлга келмайдиган инновациялар дунёга ўзгача кўз билан қарашга боғлиқ. Бу жанрнинг болаларга қизиқарли бўлиши жиҳати шундаки, у мактабларда ўқитилаётган мумтоз адабиётдан кескин фарқ қилади. Унда ўқувчи фазога саёҳат, инсонлар ва роботлар муносабатлари, кўплаб ғайриоддий ҳодисаларнинг гувоҳи бўлиш мумкин. Улар ўз ўқувчиларини кашфиётлар дунёсига парвоз қилдиришади, янгича фикрлаш ва мушоҳадага ўргатишади. Шунинг учун ҳам мазкур жанр болаларда техника ва турли инновацияларга бўлган қизиқишни кучайтиради. 
   Хўш, юртимизда бундай асарлар яратиляптими? Албатта, бундай асарлар кўп бўлмаса-да, бор. Соф фантастик асарлар билан биргаликда фантастик ва саргузашт элементлари қўшилган қисса, ҳикоя ва эртакларни сўнгги йилларда Зулфия Мўминова, Муҳаббат Ҳамидова ва Муаззам Иброҳимова каби муаллифларнинг асарларида учратиш мумкин. Жумладан, Зулфия Мўминованинг “Ўрмон ҳангомалари”, М. Иброҳимованинг “Оқтошлик шумтакаларнинг Янги зилопиядаги саргузаштлари” шулар жумласидандир. 
   Ҳозирги замон болалари ҳаёти аввалги авлоддан кескин фарқ қилади. Албатта, бу мунтазам кенгайиб бораётган ахборот майдони билан бевосита боғлиқдир. Чунки улар мавжуд бўлган медиамакон, янги телекоммуникацион муҳит вақт ўтгани сайин юксалиб бормоқда. Демак, болалар кўпроқ мутолаа учун техникавий ва фазовий қарашлар асосидаги асарларни танлайдилар. 
   Зулфия Мўминованинг сўнгги йилларда болалар адабиётига қўшган ҳиссаси ҳақида гапирмоқчиман. Унинг ўрмон ажойиботлари ҳақидаги туркум ҳикояларнинг манзили ўрмон-у, қаҳрамонлари турли жонзотлар бўлишига қарамай, улар ҳозирги замонимизнинг қаҳрамонларидир. Бугунги кунда бола тарбияси учун айтилиши зарур бўлган гаплар бадиий ифода орқали воқеалар ривожида акс эттирилган. Унда типратикан она барча оналарга ўхшаб уй юмушлари билан банд. Шу билан бирга, улар тадбиркорлик қилишади. Қизлари Юмшоғой Айиқ оғага чиройли тўн тикиб беради. Жирафахоним Жирафаева учун узун бўйинбоғ тўқиш эса унинг маҳоратини яна оширади. 
   Умуман, ушбу ҳикоялар болаларга насиҳатомуз сўзлардан йироқ бўлиб, ўрмон ҳайвонларининг қайноқ ҳаёти тасвирида билинтирмай ибрат ва тарбиядан сабоқ беради. Бугунги куннинг долзарб масалаларига тўхталади. 
   Фантастик асар реаллик чегараси ортидаги ва ғайриоддий воқеалар асосига қурилган бадиий асар ҳисобланади. Ҳожиакбар Шайхов каби устоз фантаст ёзувчиларимизнинг издоши Саъдулла Қуронов қаламига мансуб “Галактикада бир кун” фантастик қиссанинг қаҳрамони барча кашфиётчиларга хос бўлган хусусият - хаёлпарастликка эга. 
   Муаллиф китобхонларни Аҳмад билан таништирар экан, аввало тонг манзараси, сўнг эса боланинг туш кўриш жараёнини акс этттиради. Туш эса кўпгина фантастик асарларда реаллик ва онгда пайдо бўлган образлар орасида қаҳрамон билан содир бўлажак воқеалар ҳақида далолат берувчи восита вазифасини бажаради. 
   Мазкур қиссада ҳам шу тарзда ўқувчига асар сюжетининг муқаддимаси тақдим этилади. Қаҳрамоннинг алаҳлашидаги сўзлар бўлажак асар воқеаларидан дарак беради: – Ер, мени эшитяпсизми. Кема Титанга қўнишга тайёр. Қўниш 9,8,7 6 5.....
   Асар ўқувчи ҳукмига ниҳоятда қизиқарли кўринишда тақдим қилинади. Китобхонлар асар қаҳрамонлари билан кўплаб воқеаларни бошларидан кечирадилар. Улар жуда қийин аҳволга тушиб қоладилар. Асарда иштирок этган аҳоли қатлами ниҳоятда кенг ва турли туман бўлиб, бу фантастик асарга хос. Сюжетга уйғунлашган саёҳатлар ва маърифий маълумотлар асарнинг ҳаққонийлигига ўқувчини ишонтиради. Шунингдек, бу маълумотлар ҳозирги кун нуқтаи назаридан ўтган давр асосида чиқарилган хулосалар бўлиб, асарнинг маънавий ва маърифий тарбия йўналишидаги қийматини оширади. 
   Ёш авлод учун яратилган асарлар уларнинг ҳар томонлама ўсиб бораётган талабларга жавоб бериши, дунёқарашини, хулқ атворини шакллантириши, ўйлашга, фикрлашга чорлаши, болаларни турли кўникмалар эгаллашга ўргатиши ва билимини оширишга хизмат қилиши зарур. 
   Ҳозирги замон болалари ҳаёти аввалги авлоддан кескин фарқ қилади. Бу мунтазам кенгайиб бораётган ахборот майдони билан бевосита боғлиқ. Бироқ фарзандларимизнинг бундай асарларга бўлган маънавий эҳтиёжини қондирадиган асарларимиз жуда кам. Мен келгусида ўзбек болалар адабиётида илмий-фантастик асарлар сафи кенгайишини, бугуннинг зукко ва билимдон ўсмирларини янги ихтиролар сари илҳомлантирадиган китоблар кўпроқ ёзилишини истайман. Бу маънавий эҳтиёж биз катталарнинг бепарволигимиз туфайли болаларимиз қалбида бўшлиқ ҳосил қилишига асло йўл қўймайлик! 

Кавсар ТУРДИЕВА, шоира.
2020 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот