Менга сабоқ берган икки учрашув


 

     Устоз ёзувчи,“ Бекажон” газетасининг бош муҳаррири Тоҳир Малик вафот этганларидан бери бу азиз инсон, бетакрор ёзувчи ҳақидаги хотираларнинг  “Бекажон”нинг ҳар бир сонида эълон қилиниб борилаётганлиги-жуда хайрли иш бўлди. Шу сабаб мен ҳам устоз ҳақидаги хотираларимни қоғозга туширдим. Энди ўйлаб қарасам, Тоҳир Маликдай буюк адиб билан бор-йўғи икки марта учрашган бўлсам ҳам ижодкор сифатида  у кишидан катта бир ҳаётий сабоқ,ижодий йўналиш олган эканман.

     1992 йилда устознинг “ Шайтанат”  асарларининг биринчи китоби “Шарқ юлдузи” журналида босилиб чиқаётган пайтлар эди.Бу асарни ўқир эканман,биринчи галда Тоҳир аканинг жасоратларига қойил қолганман. Чунки бу китобда мафия мавзуси,Асадбекнинг замона зайлига кўра  бу йўлга кириб қолганлиги  ёритилган  бўлиб,уни салбий қаҳрамон сифатида қабул қилиш қийинроқ эди.Яна бошқа қаҳрамонлар Зайнаб,Жамшид,Элчин,Жалил ва бошқаларнинг ҳаёти,ўй-хаёллари,тақдири шу даражада қизиқарли ҳикоя қилинган эдики,ёзувчининг маҳоратига қойил қолмай илож йўқ эди.Қаерга бормайлик,қайси даврада ўтирмайлик”Шайтанат” ҳамманинг оғзида эди.

   Биринчи китоб “Шарқ юлдузи”да эълон қилингач,барча китобхонлар қатори сабрсизлик билан “Шайтанат”нинг иккинчи китобини кута бошладим.Аммо  орада нимадир бўлиб,”Шарқ юлдузи” журнали чиқмай қолди.”Энди Тоҳир Малик бу китобнинг давомини ёзмас эканлар.У кишини мафиозлар ўғирлаб олиб кетиб жазолашибди”,-деб қолди курсдошларимиздан бири. Бошида бу гапга ишонмаган бўлсам ҳам кейин  кўнглимда ҳадик пайдо бўлди.”Ростдан ҳам Тоҳир акани мафиозлар азоблаган бўлса-чи?”,-деб ваҳимага тушдим.Унгача  Тошкентнинг Қатортол кўчасидаги  нашриёт жойлашган бинода Тоҳир Маликни бир неча бор кўрган бўлсам-да,барибир қўрқдим.Ўша пайтларда устоз “Ёшлик” журналининг бош муҳаррири эдилар.Эртага устозни бориб кўриб келишни,баҳонада ўзимнинг шеър ва ҳикояларимни олиб бориб,фикрларини билишни режалаштирдим.

   “ Ёшлик” журнали таҳририятига кириб борарканман, ҳаяжоним кучли эди. Котиба қиздан рухсат сўраб,ичкарига кирдим.Тоҳир Малик стол устида қандайдир қоғозларни ёйиб олганча, ёзиб-ўчириб ўтирган эканлар.Журналга менга ўхшаган  ижодкор ёшлар кўп келишига ўрганиб ҳам қолганлар шекилли,бошларини кўтармай саломимга алик олдилар. Мен  тикка турганча, қўллари ишдан бўшашини кутиб турдим.

-Хўш,келинг.Нима хизмат?-сўрадилар жиддий тикилганча.

   Ҳаяжонимни зўрға босиб,қўлимдаги қоғозларни узатдим.Шеърларимни,ҳикояларимни олиб келганимни айтдим.

-Яхши қилибсиз,қизим.Мен ёзганларингиз билан танишиб чиқаман.Икки кундан кейин келинг.Бемалол гаплашамиз,-дедилар Тоҳир ака.

  Хайрлашиб хонадан чиқарканман,”Катта ёзувчи бўлсалар ҳам  жуда камтарин  инсон эканлар-а”,-деб ўйладим.Икки кун ўтишини орзиқиб кутиб,ниҳоят  “Ёшлик” журналига бордим.

    Котиба қиз негадир жойида йўқ экан.Таваккалига эшикни тақиллатдим.Тоҳир аканинг” Киринг”,-деган сўзларини эшитиб,ичкарига кирдим.

  Бу гал устоз мени жойларидан туриб қаршиладилар.Ҳол-аҳвол сўрашиб,ўтиришга таклиф қилдилар.Қаерданлигим,қаерда ўқишим,қандай адабиётларга қизиқишимни сўрадилар.Саволларига ақлим етгунча жавоб бердим.Тоҳир ака стол устида турган қўлёзмаларимни олиб, варақлаб чиқдилар.Мен у кишининг бу ҳаракатларини кўриб,”Ҳа,демак ҳали кўриб чиқишга вақтлари бўлмаган экан-да”,-деб ўйладим.Лекин   янглиш фикрга борганим учун бир зум ўтмай  ўзим уялиб кетдим.

    Устоз ёзувларим ичидан ҳикояларни ажратиб олиб,олдиларига қўйдилар.”Йигирма бир ёшимнинг фалсафалари” деган эссега ўхшаш бир нарса ёзган эдим.Унда катта ҳаётга қадам қўйган ёш юракнинг изтироблари,дардлари,ҳаёт ҳақидаги дастлабки хулосалари акс этган эди.

-Мана шуни давом эттиринг,-дедилар Тоҳир ака.-Умуман ҳикояларингиз  яхши. “Эгасига етмаган мактуб” номли ҳикоянгиз менга Стефан Цвейгнинг “Нотаниш аёл мактублари” ҳикоясини эслатди. Ўқиганмисиз,бу ҳикояни?

-Йўқ,энди топиб ўқийман,-дедим.

-Лекин фалсафаларингиз кўпроқ ёқди.Ўзи шеърдан кўра насрда яхшироқ ёзар экансиз,шу йўналишни маҳкам ушланг.

   -Аммо мен тўққиз ёшимдан бери шеърлар  ёзаман,шеъриятни яхши кўраман,-дедим мен шошиб.

-Бемалол яхши кўраверинг,ёзаверинг,-жилмайдилар устоз.-Лекин кун келади,сиз ҳикоялар ҳам ёзасиз.Мана бу  ёзганларингиз  шундай деяпти.Сизга маслаҳатим, кўпроқ ўқинг. Одамлар  орасида юринг,иложи борича афсоналарни тўпланг. Ёндафтарингизга эшитган ҳикматларингизни,ривоятларни ёзиб қўйишга одатланинг.Бир кун  ўзингизга керак бўлади.

  Устоз билан адабиёт,китоблар,фантастика жанри ҳақида анча гаплашиб ўтирдик. У кишидаги кўнгли кенглик  ва самимийлик сабаб энди бемалол бўлиб, савол бердим.

  -Тоҳир ака,” Шайтанат” нега тўхтаб қолди?

-Тўхтаб қолмади,” Шарқ юлдузи” ҳозирча чиқмай қолди.Журнал чиқса,давом эттирамиз,-дедилар устоз.

  -Илтимос,менга давомини ўзингиз айтиб бера қолинг.Жуда қизиқиб кетяпман.

  Болаларча соддалик билан айтган  бу сўзларимдан устоз завқ билан кулиб юбордилар.

-Э,барака топинг.Мен иккинчи китобни энди бошладим.Воқеалар  ривожи қандай бўлишини ҳали ўзим ҳам билмайман,-дедилар.

   -Тоҳир ака,узр.Лекин яна бир саволни бермасам бўлмайди,-дедим яна.

-Хўп, беринг саволингизни.

 -Сизни мафиозлар ўғирлаб кетгани ростми? Роса азоблашгани-чи?

  Бу саволимдан Тоҳир ака қаҳ-қаҳ отиб кулиб юбордилар.Шу даражада кулдиларки,кўзларидан ёш чиқиб кетди.

  -Бу гапни қаердан олдингиз?-сўрадилар кейин.

-Ҳамма шундай деяпти-ку,-дедим бўшашиб.

-Бу гапни айтаётган биринчи одам эмассиз.Ҳамманинг оғзидан ҳар хил гап

зшитяпман.Кеча мени анчадан бери биладиган ҳамкасбим” Ўзингизни ҳам жиноятчи гуруҳлар билан алоқангиз бор дейишяпти”,-деганида  нима дейишни билмай қолдим.Ҳам жаҳлим чиқди,ҳам кулгим келди. Одамларга ҳам ҳайронман.Эшитган гаплари рост ёки ёлғонлигини суриштирмай гапираверишади.Аммо ишонинг,мени ҳеч ким ўғирламади.

  -Нега қўрқмасдан бу мавзуда ёздингиз?Ахир бу осон иш эмас-ку,-сўрадим яна.-Асарнинг номи ҳам  қўрқинчли.

 -“Шайтанат”-шайтонлар,иблислар салтанати дегани.Бу мавзу ҳақида ёзиш  вақти   келган эди,ёздим. Ёзувчи бўлиш,одамлар дилидаги гапларни топиб ёзиш- машаққатли меҳнат.Чунки биз ёзганларимиз билан одамларни тарбиялаймиз.Ёмонликлардан қайтарамиз.Буни унутманг.

   Устоз билан ўша кунги суҳбатим бир умрга ёдимда қолди.Эртаси куни Тоҳир Маликнинг олдига бориб,”Шайтанат” ҳақида суҳбатлашганимни  курсдошларимга мақтаниб  айтиб берганим ҳам кечагидай ёдимда.Орадан бироз вақт ўтиб,шеърларим “ Ёшлик” журналида  шоира Гулчеҳра Нуруллаеванинг “оқ йўл”и билан  чоп этилди. Ўшандаги қувончларим ҳамон эсимда...

  Орадан йиллар ўтиб,ҳақиқатан ҳам насрда ижод қила бошладим.Ўша пайтда Тоҳир аканинг сўзларини эсладим.Устоз тайинлаганларидай, ёндафтаримга эшитган афсона ва ривоятларимни,ҳикматларни ёзиб боришни одат қилдим. Қўшимча равишда ўқиган китобларим ҳақида ҳам ёзиб қўядиган бўлдим.

   Вафотлари ҳақида эшитганимда,ўша учрашув ва ундаги  унутилмас таассуротлар ёдимга тушди. Тоҳир Маликдаги камтаринлик ва самимиятни, ўзим олган ҳаётий сабоқ-одамийликни асло унутмайман.Устозни Аллоҳ раҳмат қилсин.

 

                                                               Моҳигул Назарова.

Манба: "Бекажон" газетаси.