ХАЛҚ ДОСТОНЛАРИНИ КУЙЛАШДА ЭПИК АНЪАНАЛАРНИНГ ЎРНИ


Гулноза Джуракулова 
ЎзР ФА, Ўзбeк тили, aдaбиёти вa
фoльклoри иниститути таянч докторанти

  Аннотация. Ушбу мақолада ўзбек халқ бахшиларининг устоз-шогирд анъаналари асосида эпик хотира ва эпик формулалар востасида достон куйлаш санъати ҳақида сўз юритилади. 
  Калит сўзлар: халқ достонлари, бахши, достон куйлаш санъати, эпик анъана, эпик хотира, эпик формула
  Анъанавийлик халқ оғзаки ижодида оғзакилик асосида яшайди ва сақланади. Анъана қандайдир номаълум турғунлик эмас, балки кетма-кетлик ва изчиллик натижасида ривожланадиган тараққиёт босқичи ва бу босқичда номоён бўладиган маълум даражадаги барқарорликдир. Путилов таъкидлаганидек, “Анъанавийлик мана шу мураккаб ҳаётда доимо ўсиш ва ҳаракатда бўлган оғзаки тарихий-адабий жараённинг махсус шаклидир, халқ тарихи, жумладан, фольклордаги барча ҳодисалар йиғиндисининг ҳаракат шаклидир” [3.183]. 
  Халқ орасидан етишиб чиққан бахшилар эпик анъаналар сақловчи, катта авлод вакилларидан, устоз бахшилардан эпик меросни қабул қилиб, достонларни куйлаб янги авлод вакилларига етказувчи ва ижодий сайқал берувчи ижодкорлар саналади. Улар халқ оғзаки ижоди намуналарини анъанавий йўлда куйловчи эпик билим ва эпик хотира эгаларидир. Барча халқларда оғзаки ижодни сақловчилар уларнинг ижрочилари саналади.
“Халқ бахшиларининг эпик репертуари” асарида халқ оғзаки ижоди куйчиларини халқ орасида турли номлар билан аталишини ва бахшилар билан бирга ўтмишда эпик асарларни халққа етказишда халқ достонларининг қайта ишланган нусхаларини, классик адабиёт намуналаридан «фольклорлаштирилган» вариантларни турли йиғинларда, халқ тўпланган жойларда, махсус уюштирилган қиссахонлик кечаларида ёддан ёки ёзма матн асосида ўзларига хос оҳангда ўқийдиган қиссахонлар ҳам маълум роль ўйнаганликларини ҳақида маълумотлар берилган.[2.12] Бундан ташқари Хоразмда эпик асарлар ёки уларнинг парчаларини гармонда ижро этувчилар ҳам мавжуд бўлиб, улар бахши эмас, балки созчи деб юритилади. Созчилар кўп ҳолларда ўзлари яратган асарларни, парчалар, термаларни куйлайдилар.
 Ҳозирги кунда бахшиларни уч типга ажратиш мумкин: ҳаваскор бахшилар, профессионал бахшилар ва ижодкор-профессионал бахшилар.
  Ҳаваскор бахшилар – халқ ижодига қизиқиб, эшитиб, сўнг даврда китоб ва ёзма манбалардан ўрганиб куйловчилар. 
  Професионал бахшилар устоз бахшилардан таълим олиб, достонларни ва куйларни ўзлаштириб, халқ достонларини маромига етказиб куйловчи бахшилардир.
  Ижодкор-профессионал бахшилар халқ достонларни маромига етказиб куйлаш билан бирга устоз-шогирд бахшичилик анъаналарини сақлаган ҳолда халқдан олиб, янги достонлар яратади. “Узтозлардан ўрганган битта “йўл” бўлади, ижодкор бахшилар халқдан эшитиб шу “йўл”да янги-янги достон, термалар айтади”. [5]  Халқ орасида ўта истеъдодли, импровизация қобилияти юқори ва эпик анъаналарни сақлаган ҳолда ўзларининг янги достонларини ҳам ярата оладиган бахшиларни шоир деб ҳам аташади.
Халқ оғзаки ижоди намуналарини сақлаб, куйлаб, кейинги авлодга етказувчи “халқ донишмандлари”нинг ижтимоий ва адабий жараёндаги ўрни ҳақида Жирмунский: “Турли халқ эпослари ўртасидаги ўхшашлик у ёки бу ижро элементларининг ташқи тасодифийлиги билан чегараланмайди, у чуқурроқ ва кенгроқ характерга эга бўлиб, моҳиятан эпик ижодни адабиёт ривожланишининг маълум бир босқичи сифатида тавсифловчи ташқи ва ички белгиларнинг бутун комплекси, яъни эпоснинг умумий ғоявий мазмуни, халқ қахрамонларини идеализация қилувчи эпик мотив ва сюжетлар доираси, образ типлари ва ҳаракат вазиятлари, жанр таркиби ва эволютцияси, эпик услубнинг ўзига хос хусусиятлари, формулалар – такрорлар, доимий “безак берувчи” эпитет ва ўхшатишлар, ниҳоят эпик асарларнинг яшаш тарзи, ижро этилиши ва етказилиши, халқ куйчиси, профессионал ёки ярим профессионал ижрочи(аэда ёки рапсода, жонглер ёки шпилман, ашуга ёки бахши)нинг ижтимоий мавқеи билан белгиланади” дейди.
  Бахшиларнинг ижодий лабараторияси билан танишиш, халқ достонларини ёдлаш, хотирада сақлаш ва кейинги авлодга узатиш жараёни фольклоршуносларнинг доимий диққатидаги мавзу саналади. Қандай қилиб достон куйловчилар ўнлаб ва юзлаб сатрларни ёдлашга муваффақ бўлишди. “Нима учун битта айтувчидан турли вақтларда ёзиб олинган битта эпос турли хил вариантларда ижро этилган? Улар қайси элементларни деярли сўзма-сўз такрорлаганлар ва қайси бирини ўзгариш билан қўллашган?” каби саволлар нафақат фольклоршуносларни, балки халқ оғзаки ижоди ихлосмандларини ҳам қизиқтиради.
  Бахшичилик устоз – шогирд анъаналари замирида шаклланиб борувчи  санъатдир. Т. Мирзаев “Халқ бахшиларининг эпик репертуари” асарида бахшиларнинг ўқитиш-ўрганиш ишлари оғзаки равишда олиб борилгани, хатто бахшиларнинг саводлилиги ҳам бунга монелик қилмаганини айтиб, “халқ достонларини эшитиш ва куйлаш орқали оғзаки ўрганиш профессионал таълимнинг энг биринчи ва асосий шартидир” деб таъкидлайди. [2.35]
  Барчамизга маълумки, халқ достонлари хажм жиҳатдан ўзбек халқ оғзаки ижоди жанрлари ичида етакчи ўрин эгаллайди. Уларни ўзлаштириш мураккаб ва муддат талаб қиладиган жараён. Шунинг учун у маълум босқичларнинг кетма-кетлигидан ташкил топади.
  Жанубий славян эпик анъаналарини ўрганган Aлберт Лорд, эпик асар куйлаш таълимининг учта босқичини кўрсатади. [4.20] Даставвал, бошқалар куйлаётганда ёш ижрочи четда ўтириб тинглайди. Бу тинглаш жараёнида ёш ижрочи эпик билим асослари билан танишади: у сюжет, қаҳрамонлар, уларнинг исмлари ва характер хусусиятлари, эпос мавзуси, топонимик фонд ва ҳоказоларни билиб олади. У қўшиқ ритмини ўзига сингдиради, шунингдек, “асардаги ғоялар ритмини ҳам ўзлаштиради”; айнан шу босқичда тез-тез такрорланиб келувчи формулалар хотирада чуқур ўрнашади. Иккинчи босқичда энг муҳими “шаклнинг асосий элементлари – ритм ва қўшиқ оҳангини ўрганиб олиш”дир. Ижрога ўрганиши учун ёш ижрочи формулалар фондига эга бўлиши лозим. Бунга эса ижро давомида такрорларга мурожаат қилиш орқали эришилади. Бу ўринда шогирд сўзлар ёки ўзга тилни ўрганаётган ёш болага монанд бўлади. Бу ўринда, айниқса устознинг аҳамияти ниҳоятда катта. Ўқувчи устозининг техникасига тақлид қилади, устозининг шеърларини эмас, унинг поэтикасини ўрганади. Иккинчи босқич ёш ижрочи ушбу соҳа мутахассилари олдида ҳеч бўлмаса битта ашулани оҳиригача ижро эта олиши билан якунланади. Ижрочи бошқа ашулаларни ҳам қисман ижро этиши мумкин, бироқ асосийси – битта ашула охиригача ижро этилиши шарт. Табиийки, ёш ижрочи ашулага “зеб” бера олмас, унга ўз сўзларини қўшиб, кенгайтира олмайди. Мавзу танлашда ҳам ҳали иккиланишдабўлади. Поэтик тилнинг аслини тўлиқ ўзлаштирмаган бўлишига қарамасдан бу босқичда ёш ижрочи ўзи эшитган бир нечта матнни қўллай олади, асосийси “анъана бардавом” эканлигини англайди. Ижрочининг репертуари ва малакаси ортгани сари биринчи ижролари ўзгариб, мукаммаллашиб, янги қиёфа касб этиб боради. Бу ўрганишнинг учинчи босқичидир. Бу босқичга ўтар экан ижрочи бошқа асарларни ҳам тўлиқ ижро эта бошлайди, уларни бойитиб, “кенгайттириб” бораверади. Ўрганиш якунига етганини уч омилда кўриш мумкин: биринчидан, аудитория диққатини бир нечта кеча давомида жалб қилиб туриш мумкин бўлган репертуар билан бойитилгани; иккинчидан, ўзи эшитган исталган асарни қайта ижро эта олиши даражадаги формулали техникани эгаллагани, тематик материални исталганча кенгайтира ва қисқартира олиш даражада мукаммал билиш билан; учинчидан, янги асарлар ярата олиши билан. Ушбу белгилар турли ижрочиларда ҳар хил намоён бўлиши мумкин: айрим ижрочилар учинчи босқичда қолиб, ҳеч қачон “маҳоратли ижрочи” даражасига ета олмайдилар, улар “формулаларни қўллаш” ва “тематик таркиб”да кучсиз бўлиб, асарни етарли даражада маҳорат билан ижро эта олмайдилар.
  Ўзбек халқ достонлари ўзлаштириш жараёнини академик Т.Мирзаев қуйидаги тартибда кўрсатади: “Дастлаб термалар, достонлардаги анъанавий мисралар, умумий ўринлар (эпик клишелар), яъни баъзи бир жўзъий ўзгаришлар билан кўпчилик достонларда такрорланадиган парчалар (қаҳрамонга насихат, уни кўзатув, қахрамонларнинг учрашувларидаги савол-жавоблари, қахрамонларнинг портретлари, отни эгарлаш, от таърифи, отда сафар, жанг тасвири, бошланма, тугалланма, воқеаларни бир-бирига боғловчи тасвирлар каби) ёдлатилган. Сўнг ай¬рим олинган бир достон, кейинроқ эса устоз репертуаридаги бар¬ча асарлар ўргатилган. Айрим олинган бир достонга хос анъана¬вий формула ва эпик клишелар бўлганидек, барча достонларга тегишли традицион услуб элементлари ҳам мавжуд бўлган”. [2.35]
  Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов бу ҳақида қуйидагича изоҳ беради: “Достонларни буткул ёдлаш мушкул, улар қисқа-қисқа ёдланади. Достонни аста-аста ўрганиш жараёнида ўрганувчи уни ўзига сингдириб (асар руҳиятини қабул қилиб, англаб Г.Д.), савиясини ошириб (устоздан бахшичилик анъаналари ва достон куйлаш санъатини ўрганиб, Г.Д.), кейин сюжетини ўзлаштириб куйлайди. Профессионал бахши даражасига етганда, китобдан ўрганадими, устоздан ўрганадими, асосий йўлдан чиқмасдан айтади, бошдан муродига етгунча воқеалар устозлариникига ўхшайди, бир хил бўлади, баъзан ўзгаради, йўлда қўшиқлар, бизлар байтлар ҳам деймиз, байтларда ўзгариш бўлади, баъзида сўзлар қўшилса, баъзида тушиб қолади, лекин ўша йўл (достон куйлаш санъати Г. Д.)дан чиқмай куйлайди.” [5]
  Бу йўл асрдан асрга авлоддан авлодга оғзаки анъаналар асосида етказилувчи ўз қонуниятларига эга мухташам йўл. Бу қонуниятлар анъаналар асосида шаклланиб, барқарорлик даражасига етади. Ҳар бир бахши-шоир ато этилган ўз иқтидори, талантининг қуввати даражасида йўлни давом эттиради. Салафлари келган нуқтани муайян даражада сайқаллантиради. Достон ижро этилмай қолса, воқеалар тафсилоти туриши мумкин, аммо оҳангни тутиб турувчи анъанавий қолип мисралар ҳам унитилиш ҳолатига келиши мумкин. Ижро авж пардаларда давом этса, худди мойланган мокидай ҳаммаси ўз ўрнига қайтади. Янги-янги руҳият иқлимларига парвозлар бошланади. Ҳаммаси ижрочининг таланти, иқтидори ва бу талантнинг қайси даражада рўёбга чиқара билишга боғлиқ.
  Ёзувчида эркинлик бор. Ҳикоя, роман жанрининг умум қолипи мавжуд. Лекин у нима ҳақида ёзиши қандай ёзиши чекланган эмас. Истаган мавзусида ёзолади. Бахши бундай эркинликка эга эмас. Унинг йўли аниқ. Йўлдан чиқса айб қилган саналади. Лекин ана шу аниқ йўлни мукаммал ҳолатда куйлаш имкони бор. Бу ўринда куйлаш оддий қайтариш эмас, аксинча, қайта яратишни ўз ичига олади. Сўз, воқеа, оҳанг орқали тирилади. У тингловчи қулоғи орқали қалбига, онгига ўтади. Тингловчи бу воқеани қанча эшитган бўлсада, янгидан тинглайди. Куйловчининг оҳанг орқали юксак руҳий парвозга чиқиши илҳом отига миниши унга анъана ўзанида янгилик қилиш имконини беради. Ҳудди сой суви тошни силлиқлаб, қирраларини емириб оққанидек, ҳар бир ижро достонни янада мукаммал ҳолатга келтириш имкониятига эга. Аксинча, достон куйлаш тўхтаса, ишламай қолган ускуна каби бу йўл ҳам унитила бошлайди. 
  Эътиборлиси шундаки, ўрганиш жараёни достонларни биз билгандек аввал айрим қисмларини, кейин тўлиғича ёд олиш ва ижро этишни ўрганишдангина иборат бўлиб қолмай, балки секинлик билан, ўзига билинмаган ҳолатда эпоснинг ичига кириш, у билан бирга яшашни ўрганиш жараёни ҳамдир. Кўпгина ижрочилар шогирдлик даврларини ёдга олар эканлар фақатгина “достонни ёдга олиш” билан боғлиқ қисминигина хотирлайдилар ва “яширин”, асосий жиҳатни назардан четда қолдирадилар. Зеро, бахшилар достон сюжетини ўзлаштиришдек узоқ ва машаққатли йўлни босиб ўтишлари лозим. Шунга қаҳрамонлар ички оламини ҳам ўзлаштиришдек оғир ва машаққатли йўлни қўшамиз – ҳар биринининг ўз тавсифи, бошқалар билан муносабати, маиший олами, эпос луғати ва ҳ.к. бор. Қайсидир маънода бу ишлар онг остида, ғайришуурий бажарилиб кетаверган, шогир юзлаб, минглаб қатор достонларни ёд олиб, осонлик билан ижро этгандагина бу ғайришуурий меҳнат самарасини ҳис қила олган. 
Кўриниб турибдики, бахши – бир неча мураккаб босқичлар мувафаққиятли бажарилгач етишиладиган даража. Бу узвий кетма-кет бажариладиган босқичларни, эпик анъана ёки достон куйлаш санъатини ўрганиш жараёни дейиш мумкин. Достон куйлаш санъатини шакллантирувчи уч асосий омил мавжуд. 
  Биринчиси достонни ўзлаштиришдаги барқарор узлуксизлик. Бу биз юқорида келтирган замирида анъана турувчи йўл ва барқарор кетма-кетликдир.
  Иккинчиси – хотира. Бахшилар хотираси кучлилиги ва тез қабул қилиши билан ажралиб туради. “Ўзбек халқ қахрамонлик эпоси” асарида келтирилишича, яхши бахшилар ҳар бири неча минг шеърдан иборат ўттизтагача достонни билишади, Пўлкан шоир ҳатто етмиштагача достонни ёд билган. Эргаш шоир “Киз-Жибек” қозоқ поэмасини литографик нашрини икки борагина ўқиб, бир ой ўтгач ўзи ёқтириб қолган бу сюжетни ижодий тўлдириб хотираси асосида айнан куйлаган [1.28]. Бунда уларга эпик хотира ёрдам беради. Хотира билан бирга муҳим омил сифатида ғайришуурий тарзда ўзлаштирилган эпик билимларни, эпик формулаларни ҳам кўрсатиш лозим. Ижрочи эпос оламига кириб, эпик анъаналарни ўзлаштиргани учунгина маҳорат билан ижро эта олади. Ҳақиқий бахши – бу маърузачилардек хотирасидан тайёр катта матнни ўқиб берганлар эмас, балки эпос тўғрисидаги барча билимларни уйғунликда қўллай оладиган ҳамда айнан шу билимларни ижро эта оладиган инсонлардир.  
  Учинчи омил – бу ижодий қобилият. Бу сўз қудратини эгаллаган ижодкор, професионал бахшилардаги туғма истеъдод. Бу қобилият достонларнинг қон томирларини юргузувчи куч дейиш мумкин. Бу омилнинг аҳамиятини бир бахшичилик мактабининг икки вакили бир достонни куйлаганда ҳам бир-бирини асло такрорламайдиган фарқли достон вариантлари яратилишида ҳам кўришимиз мумкин. Бу уларнинг эпик хотирасидаги ахборотдан фойдаланиб, уларни ижодий янгидан яратишидир. Бахшилар ҳатто бир достонни ҳар сафар куйлаганда ҳам айнан такрорламаслиги бу улардаги ижодкорликнинг юксак даражада эканлигини кўрсатади. 
  Шуни англаш керакки, бахши учун эпик асар хотирада сақланган, ёд олинган матн эмас: ижро жараёнида у ёддан ўқилмайди, балки янгитдан яратилади. Эпик хотирадаги формулалар асосида яратилиб, ҳар сафар худди жонли нутқдаги иборалар каби тузилади. Бу шуни англатадики, формулалар мавжудлиги айтувчига ижро пайтида сюжет ипига мунчоқлар тергандек асарни тузиш имкониятини беради.
  Демак, бахшилар халқ оғзаки ижодининг гўзал намуналарини эпик анъана доирасида ўзлари устоз бахшилардан ўрганган достон куйлаш санъати билан, эпик қонуниятларнинг асоси бўлган эпик формулалар ва эпик хотирага суяниб, ўзларидаги сўз қудрати – ижодий қобилият асосида мухташам янги дурдоналарни яратадилар.

Фойдаланилган Адабиётлар:
1. Жирмунский В.М. Зарифов Х.Т. Узбекский народный героический эпос. Государственное издательство художественной литературы. Москва.1962.ст. 530.
2.  Мирзаев Т. Халқ бахшиларининг эпик репертуари. – Тошкент: Фан, 1979.-170 б.
3. Путилов Б.Н. Методология сравнительно-исторического изучения фольклора. Л., 1976, ст. 244.
4. Lord Albert B. «The Singer of Tales» Cambridge, MA: Harvard Univ. Press, 2nd edition. 2000. 307 p.
5. Суҳбат Абдуназар Поёнов билан 25.03.2020 йил Сурхондарё вилояти Қизириқ туманида бўлиб ўтган. – муаллиф билан.