Улама киприкдан фойдаланасизми?


Улама киприкдан фойдаланасизми?

 

Бугунги кунда киприги калта аёлларимиз умуман ташвиш тортмасалар ҳам бўлади. Чунки уларни узайтириш кўпчилик аёлларнинг кундалик юмушларидан бирига айланиб қолди десак муболаға эмас. Бунинг ҳам ўзига яраша қоидалари мавжуд, албатта.

Киприкни узайтириш қийин эмас

          Киприкни узайтиришнинг бир неча хил усуллари мавжуд. Биринчиси, тайёр киприкни ёпиштириш бўлиб, уни ҳар ким мустақил бажариши мумкин. Бунинг учун тайёр киприкларни исталган савдо шаҳобчаларидан топса бўлади. Ёпиштириш учун ишлатиладиган елими ҳам ўзи билан бирга бўлганлиги боис ишни бироз енгиллаштиради. Киприклар юқори қовоқ киприк асосига ёпиштирилади. Эҳтиёт бўлинг: киприкларни тўғри ва текис ёпиштира олсангизгина исталган натижага эришишингиз мумкин. Бу усул бир марталик бўлиб, куннинг сўнгида узун “киприк”ларингиздан вос кечишингиз керак бўлади.

Уни “эктиришингиз” ҳам мумкин

        Ҳар куни киприк ёпиштириб юриш ноқулай бўлиш билан бирга вақтингизни ҳам олади. Шунинг учун кўпчилик маълум вақт сақланиб турадиган воситаларни афзал кўради.  Киприк “эктириш” ҳам киприк ёпиштиришдан деярли фарқ қилмайди. Фарқи шуки, ҳар битта тола махсус мутахассис томонидан табиий киприкларнинг орасига елимлаб чиқилади. Унга ишлатиладиган толалар ҳам табиий толалардан тайёрланган бўлади. Буни мутахассис билан маслаҳатлашган ҳолда танлашингиз мумкин.

          Киприк “эктириш” учун сиздан узоғи билан 40-50 дақиқа вақт ажратишингиз талаб этилади. Бу жараён мутлақо оғриқсиз бўлиб,  ноқулайлик туғдирмайди.

          Қулай томони: кундалик макияжга кетадиган вақтингизни тежайди, улама киприкларга қараганда узоқроқ сақланади, ортиқча ҳашамдор эмас.

          Ноқулай томони: киприклар намланмаслиги, қўл билан кўп тегинилмаслиги керак, юзни ёстиққа қаратиб ётиб бўлмайди, ёғли крем ва упаларни киприкларга теккизмасдан ишлатишга ҳаракат қилиниши талаб этилади. Қовоқлари тез ёғланадиган аёлларда улама киприк узоқ сақланмаслиги мумкин.

Кимлар фойдалана олмайди

          Киприк улатиш учун ишлатиладиган воситалар зарарсиз бўлса-да, бундан ҳамма ҳам фойдалана олмайди. Кимнингдир териси таъсирчан ёки аллергияга мойил бўлса, яхшиси бундай усуллардан фойдаланмагани маъқул. Бундан ташқари кўз билан боғлиқ бирон хасталик билан оғриган, кўз шиллиқ пардаси шамоллаган аёлларга ҳам бу усул тавсия этилмайди.

Тавсиялар

  • Киприк улангандан сўнг 24 соат давомида унга сув теккизмаслик, 48 саот давомида буғли муолажаларни бажармаслик тавсия этилади.
  • Уланган киприкларга ортиқча зеб беришга уринманг. У акс таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.
  • Имкон қадар ерга эмас, тепага қараб ётиш тавсия этилади.
  • Уланган киприкларни яхши парвариш қилсангиз улар икки ой давомида сақланиши мумкин.
  • Киприги заиф ва қовоғи ёғлилар киприк узайтиришга шошилмасликлари керак. Чунки бундай териларда улар узоқ сақланмай, тез тушиб кетади.
  • Улама киприк танлаётганингизда унинг узунлиги ва рангини эътибордан четда қолдирманг.
  • Киприкни узайтиришдан олдин кўз атрофи яхшилаб тозаланиши зарур.
  • Кўзнинг ўлчами танланган киприк ўлчами билан мутаносиб бўлиши талаб этилади.

Махсума ЗАФАР қизи тайёрлади.