«Ялангоёқ» куёв


ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ: КУЁВ КЕЛЯПТИ…

       Халқимизнинг урф-одатларга бой ва бетакрор  миллат экани барчамизга маълум. Ҳар бир амал қиладиган анъаналаримиз ўзига хос маъно ва мазмунга эга. Эътибор қилиб қаралса миллий маросимларимизнинг  кўпчилиги тўй-у тантаналар ҳиссасига тўғри келар экан. Аммо улар ҳам бир хил кўринишга эга эмас. Бир ҳудуднинг қадриятлари бошқа бириникидан тубдан фарқ қилади. Мана шулардан бир нечтасини келтириб ўтмоқчимиз.

Жиззахдаги «ўғирлик»

       Ҳайрон бўлманг. Бу ҳам урф-одатлариимиздан бири холос. Асосан, Жиззах шахри ва унинг атрофидаги ҳудудларда шу маросим билан боғлиқ кўплаб қизиқарли ҳодисалар юз берган.  Жараён қуйидагича: келинни олиб кетишга келган куёв ва унинг ўртоқлари иззатланиб, безатилган хонага олиб кирилади. Базм сўнгида «куёв жўра»лари хонадан ниманидир «ўғирлаб» кетишлари керак бўлади. Инсоф қилишса бир неча буюм билан чекланишади, аксинча бўлса дераза ёнига юк машинаси келтириб, барча жиҳозларини юклаб кетишади. Энг қизиғи, ҳам гулдай қизларини олиб, ҳам уйларини «шип-шийдон» қилиб кетишган яхши ниятли «ўғри»ларга мезбонлар тўсқинлик қилишмайди. Сабаби жамғарилган «бойликлар» келин ва куёвга совға тариқасида қолдирилади.

«Ялангоёқ» куёв

     «Куёв келди»! Бу сўзни эшитган ҳар бир хонадон эгаси неки топса дастурхонга тўкиб, тавозе ила меҳмонга пешвоз чиқишади. Ҳурматлаб, илтифот кўрсатишади. Қизларининг жуфт-у ҳалолини уйнинг тўрига ўтказиб, дуога қўл очишади. Бу ҳам анъаналаримизнинг ёзилмаган қонуни. Фақат «қитмир» келин янгаларигина бундан мустасно. Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида қуёвнинг оёқ кийими  янгалар томонидан яшириб қўйилади. Шарт шу: янгалар рози қилинса, у қайтариб берилади. Бўлмаса бечора куёв «ялангоёқ» кетиши ҳеч гап эмас.

Тўн кийган келин

    «Тўйида йиғламайдиган қиз йўқ» дейишади. Ота уйини тарк этаётган қизни янги ҳаёт, янги инсонлар ва янги оила қарши олади. У оилага келин эмас, қиз бўлиб боради. Айнан шу жараён Сурхандарёда чиройли маросимга айланиб улгурган. Яъни, келинни янги хонадонга олиб келишганда оила бошлиғи ─ қайнотаси пешвоз чиқиб, унинг елкасига тўн ёпади. Бу «энди бизнинг паноҳимиздасиз», «оиламизга қабул қилдик» деган маъноларни англатса ажаб эмас. 

Машъала кўтарган куёв

      Маликасини олиб кетгани оқ отда келган шаҳзодалар ҳақида кўп эшитганмиз. Аммо Навоийлик келинчакларнинг орзу-ўйлари бироз бўлакча. Негаки улар ўз шаҳзодаларини оқ тулпорда эмас, алангалар ёғдусида қарши олади. Келинни олиб кетишга келаётган меҳмонлар машъала тутганча куёвни ўраб олишади. Шу ўринда келинчаклардан фақат бир нарса талаб қилинади. Яъни, қандай бўлмасин ёнаётган олов орасидан куёвни бир фурсат бўлса ҳам кузатиб туришлари керак. Акс ҳолда маросим ниҳояланмай қолади. Бунга улгурган келинчакларнинг келгуси ҳаёти ёруғ ва фаровон кечар экан.

Белида белбоғи бўлсин

      Қадим Хоразм элига ташриф буюрсангиз бир-биридан гўзал одатларнинг гувоҳи бўласиз. Тўй-тантаналар ҳам бундан мустасно эмас. Бу сафар жазоланиш навбати келин янгаларга етади. Нега дейсизми? Ахир алпомиш келбат жўраларнинг боғлаган тугунини ечиш осон эмас-да. Куёв навкарлари куёвнинг белига белбоиғни чунонам тугиб боғлайдиларки, мақсад ─ янгалари ечолмасин. Агар бунинг уддасидан чиқа олишмаса, бечора янгалар уларнинг ҳар қандай истакларини бажаришга мажбур бўлишади. Модомики таслим бўлсалар куёвнинг ўйинқароқ дўстларидан шафқат кутиш бефойда.

Кўчадаги «жарчилар»

      Азим Бухорода куёв келаётганини турли карнай-сурнай наволаридан эмас, балки барчага ёт бўлиб улгурган товушлардан билиб олишади. Бунинг ҳам ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Кўчани тўлдириб келаётган қуда-андалар махаллани бошларига кўтариб «Дамот балле», «Дамот балле», «Дамот балле», деб жар солишади. Бу хонадон эгаларига қутлов юбориш билан бир хилда баҳоланади ва «куёв муборак» деган маънони англатади.

«Матофуруш» йигитлар

       Хорижий филъмларда кўриб, бугунги кунда ўзимизда ҳам учратишимиз мумкин бўлган гул отиш анъанаси қизларимизнинг севимли маросимига айланиб улгурди. Аммо куёв жўралар ҳам бу жараёнга бефарқ эмас экан. Кўҳна Самарқанднинг тўй-базмларида айнан шу ҳолни кузатишимиз мумкин. Куёвнинг оёғи остига тўшалган поёндознинг нархи унча қиммат бўлмаса-да, уни талашаётган йигитларнинг кўпкарилардаги улоқ тортишга ҳам бунчалик ғайрат қилмасликларига гувоҳ бўласиз. Ўз бахтини бир парча мато орқали топишга  ихлос қилган баҳодирларимизнинг бу ўйинлари жанжалларга сабаб бўлган ҳолатлари ҳам учраб туради.

     

     Биз юқорида келтириб ўтган бир нечта ҳолатлар денгиздан бир томчи холос. Бу рўйхатни узоқ давом эттириш мумкин. Уларнинг ҳар бири ўзига хос ва жозибали. Замонлар оша авлоддан-авлодга ўтиб келаётган урф-одатларимизнинг кундалик турмушимиздаги аҳамияти ниҳоятда катта. Ёш-келин-куёвларнинг келажак ҳаётлари ушбу расм-русумларнинг тўғри ва оқилона ташкил қилинишига боғлиқлиги рост. Лекин ҳар нарсанинг меъёри бўлгани яхши. Анъаналаримиз─жанжалларга, қадриятларимиз─ дилхираликларга сабаб бўлмаслиги керак. Шундагина маросимлар тўкин ҳаётимиздан чиройли тарзда ўрин эгаллайди.

Махсума ОҚҚЎЗИЕВА