МАҚСАД САРИ БИР ҚАДАМ


     Инсон чекланмаган имкониятларга эга. Ечилмайдиган  муаммо, ушалмайдиган орзунинг ўзи йўқ. Бунга ишонмаслик амалга ошмаслигига қўйилган биринчи қадамдир. Мақсадларимизнинг ҳар бири уларга қай даражада ишона олишимизга қараб  амалга ошаверади. Хоҳлайсизми, бас! Бошқа зид туйғуларга ўрин қолдирманг.

     Бунга тарихий мисолларни ҳам келтиришимиз мумкин. Рус подшоҳи Пётр I ўз юришларининг бошланишида қўл остидагиларига қарата шундай деган: «Рус аскари этигининг лойини Ҳинд океанида ювади». Маъноси қуйидагича: биз жанг қилиб, ҳинд заминига қадар етиб борамиз. У ерларни ўз тасарруфимизга оламиз. Сўнгра ғолиб аскарларимиз этигининг лойини Ҳинд океани қирғоқларида ювишади. Мақсад улкан. Натижа мавҳум. Аммо қатъият билан айтилган гап ўз ўрнида барчанинг қалбини бирдек ларзага солади. Ҳаракатга ундайди. Ҳукумдорга  жангнинг ниҳояси эмас, уни қандай бошлаб олиш қизиқ.

     Ҳис-туйғуларимизнинг қандайлиги бажараётган ишларимизда ҳам ўз аксини топади. Тонгни яхши кайфиятда бошлаган инсон кун давомида шу муҳит таъсиридан чиқа олмайди. Атрофидагиларга ҳам ўзлари билмаган ҳолда туйғуларини юқтириб қўяди.

     Кўпчилик севиб кўрган, ёки мутолаа қилган «Граф Монто Кристо» бадиий фильми ўрнак оларли сюжетларга бой. Бош қаҳрамон Эдмон Дантеснинг Иф қалъасидаги маҳкумлик даврини эсланг. Бу мудҳиш бинодан асирларнинг фақат мурдаларигина чиқа олган. Аммо юрагида йилт этган умид бўлмаса-да, тақдирга тан бермайди. Унинг мақсади битта. У ҳам бўлса ўзини бегуноҳ айбдор қилган инсонсифат шайтонлардан қасос олиш эди. Натижа эса кутилгандан ҳам зиёда бўлди. У нафақат битилган тақдирини ўзгартира олди, балки атрофдагиларга ҳам сезиларли таъсирини ўтказди. Улкан романнинг бутун бошли ғояси охирида икки оғиз жумлада ифодаланган: «Инсон ҳаёти умид қилиш ва кутишдан иборатдир».

     Бизни ўраб турган дунё моддиятдангина иборат эмас. У ранг-баранг. Ундан исталган инсон истаганини топа олади. Бунга эришиш йўли мураккабликлардан ташкил топмаган. Қачонки имкониятларимизни тўлиқ бўлмаса ҳам, етарли дараажада мақсадга йўналтира олсак, ўзимиз шуғулланаётган машғулотлардан қониқиш ҳиссини туйсак бас. Биз излаб юрган бахтли келажакнинг ўзи сиз томонга йўл топади. Интилади. Сиздан эса бир нарса талаб этилади. Атрофингизда кезиб юрган фароғатингизни ҳис эта олсангиз кифоя.

 

                                                                            Махсума ОҚҚЎЗИЕВА