ОИЛАЛАР НЕГА БАРБОД БЎЛАДИ?


ОИЛАЛАР НЕГА БАРБОД БЎЛАДИ?

  Кейинги пайтда оилавий ажримлар бутун дунё бўйича йилдан йилга ошиб бораётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Ачинарлиси, бу кўрсатгич оила муқаддас саналадиган шарқ мамлакатларида  ҳам юқори ўринларда турибди. Хўш, нега оилавий ажримлар юз беради ўзи? Энг машаққатли дамларда ҳам бир-бирига суянч бўлиб, оилани ҳамма нарсадан улуғ билган инсоният генида нимадир юз бердими ёки?  Балки замон тараққиёти бу каби низоларнинг авж олишига сабаб бўляптимикин? Мана шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида биз врач-психолог - Жалил АБДУЛЛАЕВнинг  оилавий муносабатлар ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

ЖУФТЛИК СУРУРИГА ИЛОҲИЙ ҚУДРАТ МУЖАССАМ

  Инсон жуфт қилиб яратилаётганда унга Аллоҳ томонидан бирга яшаш сир-синоатлари мужассам қилиб берилган. Агар ана шу сир-синотлар тўлиқ англаб етилса жуфтлик сурури нима эканлигини инсон чин юракдан ҳис қилган ҳолда бахтли яшайди. Чунки оилавий ҳаёт ҳам мукаммал бир илм аслида. Аммо кўпчилик бу илмни яхши ўрганмай туриб, оила қуради ва натижада ўзаро келишмовчиликлар, ғазаб ҳамда нафратлар туфайли тез орада бу муносабатлар барҳам топади. Маълумки, эркак ва аёлнинг табиати тамоман бир-бирига тескари ҳолда яратилган. Оила қурганда ана шу қарама-қаршиликлар тўқнашиши табиий ҳол. Агар турмуш қуришдан олдин аёл эркакнинг, эркак эса аёлнинг табиатини яхши ўрганган бўлса ҳар қандай вазиятда ҳам улар бир-бирини тўғри қабул қилади, англайди ва орадаги низоларга жиддий тус бермайди. Лекин ҳозирги кунда кўпчилик эркаклар аёлнинг чиройига, қадди-бастига, аёллар эса эркакнинг мансаби, бойлиги ёки ширин сўзлашига маҳлиё бўлган  ҳолда  турмуш қуришяпти. Бир ёстиққа бош қўйиб, тотли дамлар ҳам ортда қолгач эркак севиб уйланган аёлини, аёл эса кўнгил қўйиб турмушга чиққан эрини танимай қоляпти. “Шунинг нимасини яхши кўрган эканман”, деган хаёлдан бошланган ҳайратлар жанжалга айланиб, оқибат ажралишгача етиб боряпти. Бундай ўзаро низоларда кўпинча эр-хотин бир-бирини эшитмайди. Ҳар ким ўз табиатидан келиб чиққан ҳолда, воқеа-ҳодисаларга баҳо беришга тушади. Чунки жуфтининг табиатини билмайди, унинг қандай яратилганлигидан бехабар. Аслида оила қуриб, бир ёстиққа бош қўйилгач эр-хотинларнинг нафис танаси ҳам бирлашиб кетади. Бунда улар бир-бирининг ҳолатини  жуда яхши ҳис қила бошлайди. Яъни агар ҳаётига нимадир таҳдид солса, касаллик ёки бахтсиз ҳодисалар рўй берса буни олдиндан ҳис қила олишади. Ўзи бошқа жойда бўлсада, нафис танаси орқали бу ҳолатни сезишади. Эр-хотинлик муносабатларига ана шундай илоҳий қудрат берилган. Шунинг учун ҳам бизда оила муқаддас, деган тушунча бор. Буни биз ҳаётимиз давомида бироз тушунишимиз ёки умуман тушунмаслигимиз ҳам мумкин. Бу илоҳий бирлашишда жуда катта қудрат бор. Яратган эр-хотинлик муносабатларини фақат авлодни давом эттириш учунгина инъом этмаган инсонга. Аммо кўпчилик инсонлар бу илоҳий бирликдан катта куч олиб, ҳаётда улкан муваффақиятларга эришиш мумкинлигини англаб етмайдилар. Қачонки, эр-хотинлик муносабатлари ҳақиқий дўстлик даражасига кўтарилгандагина ана шундай ҳолат рўй беради. Орамизда ана шундай поғонага кўтарилган инсонлар ҳам йўқ эмас. Кўпинча юқори мансаб ёки обрў-эътиборга эга бўлган инсонларнинг оиласида шу гармония яъни дўстона уйғунлик мужассамлашган. 

ОИЛАНИ  ҚАНДАЙ  ЮКСАЛТИРИШ  МУМКИН?

  Эркак киши табиатан бошқарувчи, оила боқувчи, ғамхўрлик қилувчи, сахий ва меҳрибон қилиб яратилган. Аёл эса унга ёрдамчи. Яъни эркакни руҳлантирадиган, илҳомлантирадиган ва қўллаб-қувватлайдиган зотдир. Ўзаро муносабатларда эркак киши шу қадар сахий бўлиши керакки, аёл бу мурувватдан бир умр роҳатланиб яшаши лозим. Маълумки, аёл фарзанд кўриш жараёнида унинг танасида гормонал ўзгаришлар юз бера бошлайди ва бола дунёга келгач унинг ҳиссиётлари бутунлай ўзгариб кетади. Аёлга шундай куч ато этилганки, у боласини ҳатто эридан ҳам ҳимоя қила олиш қудратига эга. Бу ҳолатни ҳатто ҳайвонлар мисолида ҳам кузатиш мумкин. Масалан, она товуқ ўз полапонларини ҳимоя қилиш учун  ўзидан бир неча баробар кучли ҳайвон билан ҳам олишишга тайёр. Кучи етмасада, патларини ҳурпайтириб, ҳужумга ҳозирланади.  Бу табиий инстинкт, яъни унга Аллоҳдан  ато этилган. Оналик шавкати ҳар бир жонзотга хос ноёб хусусият. Лекин ҳар доим ҳам эркаклар буни чуқур ҳис қилавермайди Агар эркак томонидан болага нотўғри муносабат бўлаётган бўлса аёл буни ич-ичидан ҳис қилади ва фарзандини эридан ҳимоя қилади. Аёлнинг ўзига хос бу табиатини эркак ўрганмаган бўлса,  дарров  жаҳл отига минади. Манманлиги ва кибри устун келиб, аёлига “Менга шундай қиляпсанми? “Ахир мен унинг отасиман-ку!”  дея дағ-даға қилишни бошлайди. Оиладаги жанжаллар ҳам ана шу вазиятлардан келиб чиқиши мумкин.

АЁЛ  ФАРЗАНДИНИ  ЭРИДАН  ҲАМ  ҲИМОЯ  ҚИЛИШГА  ҚОДИР

  Аёлнинг гормонал ўзгаришлар туфайли бошқача бўлиб қолганлигини эркаклар қабул қилолмайди. Чунки эркакларда бундай ҳолат рўй бермайди. Агар у оила ҳақидаги билимларни ўзлаштирган бўлса оиланинг барқарорлигига путур етмайди. Фақат эркак киши ҳиссий лаззатларга берилиб кетсагина бутунлай бошқа инсонга айланиб қолиши мумкин. Чунки унинг тафаккури ва ақли фақат ана шу лаззат билан андармон бўлиб қолади. Афсусланишлар, бир-бирини кўрарга кўзи бўлмай қолишлар ана шундай ҳолатларда янада кучаяди. Инсон ҳиссий лаззатларга берилгани сари ундаги барча яхши хислатлар чекинади. Ваҳоланки, инсон бу оламга фақатгина ўзини англаш ва комилликка эришиш учунгина келган. Бизга берилган бу имкониятдан нотўғри фойдалансак, умримиз сўнгида афсус қилиб қолишимиз ҳеч гап эмас. Инсон шу қадар иллюзияда яшайдики, турмуш қуришдан олдин бир-бирига айтган дил изҳорлари, ёниб-куйишлари бир зумда эсидан чиқиб кетади. Бунинг асл сабаби оилавий ҳаётни фақат лаззатланишдан иборат деб билиш оқибатидир. Аслида эр-хотинлик ҳамоҳангликда эзгу мақсадлар сари интилишдир. Бу оламдаги ёлғончи ҳиссий лаззатлардан эҳтиёт бўлиш керак. Оилавий муносабатларни тўғри юксалтириш учун ҳар бир инсон оила қуришдан олдин режа тузиб олса мақсадга мувофиқ бўлади. Бунда аввало, у ўз камчиликларини англаши лозим. Ҳозир бутун дунё бўйича астрологияга асосланган ҳолда оила қуришга жуда катта эътибор қаратилаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки Ведалар таълимотида ҳам астрологияга  йўл кўрсатувчи илм сифатида қаралган. Масалан, инсоннинг қайси планета таъсири остида туғилганлиги, унга қайси илмлар берилганлиги, табиати, мижози ҳақида астрологиядан аниқ маълумотлар олиш мумкин. 
  Бундан ташқари, оила ҳар доим кимнингдир ҳимояси остида бўлиши керак. Яъни оилавий ҳаётда катта тажрибага эга бўлган ва жуда кўп қийинчиликларни енгиб ўтган шахслар ёш оилаларга ҳамиша йўл-йўриқ кўрсатиб туриши керак. Халқимизда жаҳл чиқса ақл кетади, деган гап бежиз айтилмаган. Чунки жаҳл чиққанда инсон кўпроқ иллюзияга берилади яъни унинг сохта ўзлиги намоён бўлади. Бунда инсон фақат ўзини ўйлайдиган бўлиб қолади. “Мен ундай қилганман”, “Бундай қилганман” дея ўзининг яхшиликларини ҳисоб-китоб қилишга тушади. Шундай пайтда унга яхши маслаҳатгўй инсон керак. 

ОИЛА ҚУРГАЧ НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

  Албатта, икки инсон оила қургач бошида ҳаммаси яхшидек туюлади. Эр-хотин бир-биридан хурсанд ва бахтиёр ҳолда яшайди. Аммо бироз вақтдан сўнг севган инсони бадбашара махлуққа айланиб бораётгандек ҳайратга тушадилар. Бундай пайтда аёл киши дугонасига ҳасрат қилса, эркак  дўстига қўнғироқ қилиб,“билмаган эканман”, “адашдим” дея дардини дастурхон қилади. Шундан сўнг можаролар бошланади. Бир-бирига тош отишлар, қоралашларнинг адоғи кўринмайди.
  Бундай пайтда биринчи навбатда эр-хотинга  энг яхши ёрдам берадиган восита бу сукутдир. Иккинчиси, фикрлаш яъни вазиятни таҳлил қилиш. Эр ёки хотин жаҳлга эрк бермай жуфтининг ҳолатини ўрганиши, “Нега бундай қиляпти”, “Нимадан ғазабда?” дея чуқур мулоҳаза юритиши лозим. Ана шунда инсондаги эзгулик сифатлари фаоллашади. Учинчи жиҳат, қабул қилиш. Бунда инсон ўзига ўзи “Нима бўлганда ҳам бу вазиятни қабул қиламан”, дея шарт қўйиши, жуфти нима деса ҳам хотиржам қабул қилиши керак. Айтилаётган гапларнинг неча фоизи тўғрилиги ҳақида ўйланса руҳ анча сокинлашади. Бу айниқса, эркак кишига хос фазилат. Агар аёл ҳам шундай қила олса нур устига нур бўлади.
  Тўртинчиси, озод қилиш. Бунда эр ва хотин ҳам бу вазиятдан ўз-ўзини озод қилиш ҳақида ўйлаши, агар чуқурлашса вазият баттар чигаллашиши ҳақида мулоҳаза юритиши керак.
  Бешинчиси, далда бериш- бунда қайси томон бўлса ҳам жимликда жуфтини тинглашда давом этиши ва бунда жим турган киши қувониши керак. Шунчалик сабр қила оляптими демак,  у руҳий камолотга интилаяпти. Чунки ноҳақликка чидашга ҳам ҳамманинг сабри етавермайди. Агар жанжал пайти эр-хотиндан бири уни жим тинглашда давом этса иккинчи томон олдин ҳайрон бўлади, кейин ўз қилиғидан уяла бошлайди. Бу ҳолат энг юқори поғона ҳисобланади. Агар инсон шунгача етиб кела олган бўлса  у ёғини енгиш осон. Мабодо, ўзаро келишмовчиликларда  аёл киши ғазабда бўлса демак, унга ҳимоя керак. Чунки аёл киши ўзини ҳимоясиз сезсагина қичқиради, бақиради ва йиғлайди. Эркак киши эса иши юришмаса ёки кетма-кет омадсизликка учраса бақириб, аламларини чиқариб юбормоқчи бўлади. Кўчадаги вазиятлардан кайфияти бузилса ҳам уйига келиб, ғазабини аёлига сочиши мумкин. Олтинчи ҳолатда аёл жим турган ҳолда уни тинглаши керак. Чунки эркак қуёш каби қайноқ бўлса, аёл ой каби сокиндир. 
  Еттинчи – далда бериш. Бунда ғазабланаётган инсонга далда бериш, ундан узр сўраш керак. Бундай пайтда, айниқса аёл киши йўқ айби учун ҳам эридан узр сўраса катта фойда беради. Эркак дарров ўзига келади. “Мен нима қиляпман ўзи”, дея ўйланиб қолади.
  Эр-хотин ана шундай  босқичлардан ўтсагина кейин ҳақиқий оилавий дўстлик юзага келади ва инсонга жуда катта қудрат кела бошлайди. Бундай инсон ўзгаларга бемалол маслаҳат беради ва айтган сўзларига бошқаларни ҳам эргаштира олади. Муҳаббатга тўйинган инсон бошқаларга ҳам муҳаббат улашиш қудратига эга. Агар ўзининг қалби қақшаб ётган бўлса у қандай қилиб бошқаларга ёрдам бериши ва меҳр улашиши мумкин. Бундай ҳолда аёл киши ҳатто боласига ҳам меҳр беролмайди. Боласини ташлаб кетаётган ёки уни ўлдираётган аёллар ана шундай меҳрсизлик қурбонларидир.

ЭРКАКНИНГ ОИЛАДАГИ  РОЛИ

  Эркак кишининг оила олдида учта муҳим вазифаси бор. Булар қуйидагилар: 
1.    Ўз аёлини ҳимоя қилиш ва унга ғамхўрлик кўрсатиш;
2.     Сахийлик;
3.     Мақсадга интилувчанлик. 
  Эркакда мана шу учта сифат мужассам бўлса аёл уни ҳурмат қилади ва унга сўзсиз бўйсунади. Эркак киши сахийликда, меҳр-мурувват ва ғамхўрликда уммон каби бўлиши керак. Уммонга қанча кўп дарёлар қўшилса ҳам у ўзанидан чиқиб кетмагани каби эркак ҳам бу фазилатларини намоён қилса шунча қудрати ошиб боради. Аёлини ёш бола каби қабул қила олган эркаккина меҳр-муҳаббатда уммон каби бўла олади.
 Эркакнинг сахийлиги фақат кийим-бош ва ҳоказо эҳтиёж учун зарур бўлган нарсаларни аёлига инъом қилиши билан белгиланмайди. Бу аслида эркак киши қилиши керак бўлган вазифаларнинг бир қатраси, холос. Эркак киши қилиши керак бўлган муҳим бир сахийлик борки, бу нафис тана – ақл ва тафаккурнинг сифатлари билан уйғунлашиб кетган бўлиши керак. Бунда эркак ўзидаги ғазабни енга олади, қабул қилишни ва ҳис қилишни билади. Аммо бизда кўпинча бунинг акси юз беради. Эркак киши “Ҳали сен менга шундай деяпсанми?”  дея аёлга ўзининг куч жиҳатдан устунлигини кўрсатмоқчи бўлади. Аммо устунлик кучда эмас.  Ҳақиқий қудрат тафаккурда. Мардлик бу эркак кишининг аёлга қилган энг катта сахийлигидир. 
  Пайғамбаримиз Муҳаммад С.А.В  бир куни  жангдан қайтаётганларида саҳобалари у кишига “катта жанг бўлди, чарчадингиз”,  дейишади. Шунда Пайғамбаримиз “Бу кичкинагина бир жиҳод, холос. Энг ката жиҳод ҳали олдинда турибди” дея  инсоннинг ўз нафси ва жаҳлини енгиш энг қийин амал эканлигига ишора қиладилар.  

АЁЛНИНГ ЭРКАК ОЛДИДАГИ БЕШТА ВАЗИФАСИ

  Оила мустаҳкамлиги учун аёл киши эр олдидаги бешта вазифани мукаммал билиши керак Булар қуйидагилар:
1.    Аёллик бурчини намоён қилиш;
2.    Эрига она сифатида меҳр кўрсатиши;
3.    Эрига опа сифатида ғамхўрлик қилиши;
4.    Қиз сифатида шартсиз севиши;
5.    Жазман сифатида ўзини намоён этиши.

  Агар аёлда мана шу бешта жиҳат мужассам бўлса бу оилада ҳақиқий меҳр-муҳаббат ғалаба қозонади. Аммо кўпинча аёллар бу сифатларни бир-бирига аралаштириб ёки ошириб юборишади. Қайси пайтда ўзини қандай тутиш кераклигини билмайдилар. 
  Аёллик роли биринчи навбатда эркакнинг тафаккурини чархлайди, уни ўз мақсади сари олға интилтиради.
  Она роли унга чексиз меҳр-муҳаббат улашади. Бирор касалга чалинса унга жонини беришга тайёр бўлади.
  Қизи роли эркакка сокинлик бағишлайди. Жаҳли чиққанда аёлнинг қиз ролига кириши яъни унинг ғазабидан ўзини қўрққандек кўрсатиши жуда муҳим. Лекин кўпчилик аёллар бунинг тескарисини қилади. “Мен сендан камми”, қабилида иш тутиб, эри бақирса ундан ўтказиб бақиришга, ҳақорат қилса ундан ортда қолмасликка ҳаракат қилади. Шундай пайтда аксинча бўлса эркак дарров ҳовуридан тушади. Чунки эркакнинг табиатида ожиз, мағлуб, аниқроғи таслим бўлган одамга нисбатан куч ишлатиш туйғуси мавжуд эмас. 
  Опа роли ҳам мураккаб роллардан бири аслида. Буни ҳар қандай аёл ҳам уддалай олмайди. Чунки опалар укаси уни унутган тақдирда ёки эътибор бермаганда ҳам сахийлик билан ўз жигарига меҳр улашишда давом этаверади. Ундан ҳеч нарса тама ёки талаб қилмайди. Аксинча, укаси эканлиги учун ғамхўрлик кўрсатади, холос. Баъзи эркаклар иш ёки бошқа ташвишлар билан бўлиб ўз аёлини унутиб қўяди. Буни ҳамма аёллар ҳам қабул қилолмайди. Эрининг ортидан айғоқчилик қилиб, унинг нима учун бундай бўлиб қолганлигини аниқлашга, бирор жазман топган бўлса у билан ажрашишга шай бўлиб туради.
  Жазманлик роли бу ҳам аёл киши учун аслида муҳим ва мураккаб вазифадир. Бунда аёл эрининг ҳиссий лаззатларини қондира олиши керак. Кийиниш, ўзига оро бериш  ва интим муносабатларда ҳам аёл киши эрига худди жазман каби муносабатда бўлиши лозим. Аммо кўпчилик аёллар ана шу вазифаларни аралаштириб юборади. Оқибатда эр бошқа аёл қидиришга тушади ва бу ҳолат ҳам оилавий муносабатларнинг барҳам топишига сабаб бўлади. Яна бир жиҳат борки, эркак киши кўпроқ озодликка интилади, эркин яшашни истайди. Кўпчилик эркаклар ўзидаги характердан келиб чиқиб, аёлига ҳам эркинлик беришни табиий ҳол деб билади ва кўпинча узоқ муддатли  сафарларга кетиб қолади. Аммо бу нотўғри. Аёллар бундай эркинликни қабул қилолмайди, ўзини ҳимоясиз ташлаб қўйилган ҳис қилади. Чунки у ўз жуфти томонидан  ҳамиша ҳимояда бўлишни истайди.
  Оилавий низоларнинг яна бир сабаби, ҳозирги кунда аёлларнинг ишлашга, пул топишга ҳаддан ташқари муккасидан кетганлигидир. Бунинг оқибатида улардаги аёллик сифатлари йўқолиб бораяпти. Чунки аёл қанча кўп ишласа унинг танасидаги аёллик гормонлари камайиб, эркаклик гормонлари ошиб бораверади. Чунки ҳимоя қилиш, оила боқиш, масъулиятни елкага олиш бу эркакларга хос хусусият. Уларнинг гормонлари шунга мослашган. Шунинг учун аёллар ишлаганда ҳам ўзига ёқадиган иш билан машғул бўлишлари яъни ишга хобби сифатида қарашлари керак. Шундагина у  гул каби очилади, аёллик гормонлари кўпаяди ва эрига ҳамда оиласига бор меҳрини улаша олади. 

Гулруҳ ЁРМАТОВА - журналист.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот