Муомала маданияти


Муомала маданияти
(Рисола)
Муқаддима

  Учта тушунча замон ва макон танламайди. Булар сўзлаш, тинглаш ва англашдир. Одамзот яралибдики, ўзаро муносабат жараёнида ана шу уч бирликка амал қилиб келинади. Бунинг намоён бўлиши ҳар бир халқнинг ўз менталитетига мос ва хос. Ўзаро муносабат, мурожаат қилиш жараёнидаги ўзни тутиш ва фикр алмашувлар муомала маданияти тушунчасида уйғунлашади. Муносабат, мурожаат, мулоқот, мунозара, мубоҳаса, муҳокама, мулоҳаза сингари тушунчаларнинг барчаси муайян миллатнинг тийнатига мос бўлган зийнатлар бўлиб, у этик ва эстетик меъёрлар, қоидалар билан амалга оширилади.
  Мулоқот қисман монологик, асосан, диалогик, полилогик шаклда бўлади. Бошқача айтганда, икки ёки ундан ортиқ кишиларнинг ўзаро муносабатларида реаллашади. Дунё гўзаллик қонуниятларига биноан қуриларкан, демак, инсонннинг хулқи ва нутқи ҳам, кўриниши ва кийиниши ҳам, муносабати ва мулоқоти ҳам гўзал бўлиши мақсадга мувофиқ. Халқимизнинг “Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар” — деган ўгити бежиз эмас. “Тил яраси битмас, тиғ яраси битар” — деганида ҳам инсон учун зарур бўлган муомала жараёнига эътибор заруриятини сезиш қийин эмас.
  Шахс маънавиятининг узвий бир бўлаги муомала маданияти бўлса, хулқ-атвор, одоб-ахлоқ, нутқий фаолият тушунчалари унинг замирига киради. Асрлар оша ҳар бир халққа хос бўлган, миллий-маънавий қадриятлар юксак маданият рамзига айланган урф-одатлар, юриш-туриш, яшаш тарзи барчаси киши шахсиятида акс этиши табиий.
  Ушбу рисолада шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафаси билан бевосита боғлиқ бўлган инсонлараро муносабатлар меъёри, шахс маънавиятининг шакланишида уларнинг ўрни масалаларига эътибор қаратилган.
  Президентимиз таъбири билан айтганда, “Юксак билимли, интеллектуал ривожланган авлодни тарбиялаш – мамлакатни барқарор тараққий эттириш ва модернизация қилишнинг энг муҳим шарти” экан, демак, илм-фанга, она ватанга муносабат ўз-ўзидан маънавиятли, баркамол инсон тарбиясида муҳим ва муқим ўрин тутиши муқаррардир. Муносабат, шубҳасизки, шахснинг муомала маданиятидан келиб чиқади. Бу эса баркамоллик белгиси бўлган таълим ва тарбияга, маънавият ва маърифатга бориб боғланади. Ақлан, руҳан ва жисмонан соғлом авлодгина юртнинг порлоқ келажагидир. Қушнинг парвозини қўш қанотисиз тасаввур қилиш мумкин бўлмаганидек, инсоннинг иқболи ва юрт истиқболини ҳам таълим-тарбия ва маънавият-маърифатсиз тушуниш, идрок этиш мушкул.
  Поэтика, риторика назариясини илк тадқиқотчиларидан ҳисобланган Аристотель санъат ва маданият оламининг пайдо бўлишидаги илк асос сифатида муомалани назарда тутгани ҳам бежиз эмас. Қолаверса, француз адиби  Антуан Сент-Экзюперининг “Бу дунёдаги бирдан-бир ҳақиқий неъмат одамларнинг бир-бири билан мулоқотидир”,-деган фикрида теран маъно бор.
  Таълим талаби нутқ билан, тарбия талаби хулқ билан боғлиқ экан, шахс маънавияти, муомала маданияти, муомала сирлари ва одоби масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарблик касб этаверади. Муомала “тарозиси”нинг икки палласи бўлиб, бири хулқ, иккинчиси нутқдир. Китоб шу хусусда.

Инсон қалбига йўл

  Мулк соҳиби бўлишдан кўра, кўнгил соҳиби бўлиш шарофати ҳақида мумтоз адабий меросимизда ибратомиз фикрлар бисёр. Инсон дилини овлаш, унга меҳр бериш, самимий тилаклар изҳор этиш илинжи шарқ адабиётида шарафланган, тарафланган. Сабаби, дунёда бир илм борки, бу адабиётнинг бош мавзуси бўлиб келган. Бу инсоншуносликдир. Ушбу илмнинг ибтидоси эса инсон дилига йўл излашдир. Илму фан ҳам, маънавий маданият ва санъат ҳам шу ҳақда бош қотириб келган. Бу эса комил инсон концепциясидир.
  Инсон қалбига йўл топилмаса, барча соҳаларнинг ривожи, жамият тараққиёти ҳақидаги сўз пучга айланади. Инсоннинг онгу шуури, қалбигина улуғ ва қутлуғ ишларга қодирдир. Бу қалбда дунёқараш ва тафаккур қудрати бор. Тафаккур ва онгнинг юксаклигига эришмасдан туриб олдимизга қўйилган мақсадларимизнинг рўёбини тасаввур этиш мушкул. Шунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз Ислом Каримов: “Маънавият ҳақида ҳар қанча даъватлар, муҳим назарий фикрлар билдирилмасин, агар уларни жамият онгига сингдириш учун доимий иш олиб бормасак, бу борадаги фаолиятимизни ҳар томонлама пухта ўйланган тизимли равишда ташкил этмасак, табиийки биз кўзланган мақсадга эриша олмаймиз яъни, инсон қалбига йўл топа олмаймиз” дейишлари билан ҳақ.
  Бу фикрлар ўгит, ҳикматгина эмас, балки чақириқ, даъват ўрнида жаранглайдиган, барча маънавият тарғиботчилари зиммасидаги масъулият ва мажбуриятдир. Қалбнинг қалбга бўлган муносабатисиз, мурожаатисиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди.
  “Юксак маънавият – енгилмас куч” китобларида шуларни ўқиймиз: “Инсон қалбига йўл, аввало, таълим тарбиядан бошланади. .. бу шарқона қараш, шарқона ҳаёт фалсафасидир”
  Дарҳақиқат, таълим ва тарбия ўзаро уйғун тушунчалар. Улар аслида, ажралмас. Бамисоли инсоннинг вена ва артериал қон айланиш тизимига ўхшайди. Таъбир жоиз бўлса, уларни бир танганинг орқа ва олди ёки эт ва тирноққа қиёс қилиш мумкин. Шундай экан, ана шу узвий бирлик баркамолликнинг белгиси ҳамдир.
  Инсон хушфеъл, камсуқум, хокисор, олиҳиммат, мулойим, беозор бўлса, кўпчиликнинг эътирофу эътиборига тушади. Чунки, эътироф эътиборга, эътибор эҳтиромга, эҳтиром эса эъзозга эшик, эзгуликка бешикдир. Одамзотиннг кимлигини, маънавиятини атрофдагиларига бўлган муносабатидан англаб олиш қийин эмас. Чунки, муомала инсон хулқ-атворининг зийнатидир. Киши хулқи билан назарга ҳам, ҳазарга ҳам дучор бўлиши ҳеч гап эмас.
  Ўзаро тушуниш ва бир-бирини англаш туйғуси муомала маданиятининг асоси ҳисобланади. Баъзан бир замонда, бир маконда яшаймиз, бир жамоада  ишлаймиз-у, лекин бир-биримизни тушунмасдан дилхираликларга йўл қўямиз. Ҳар кимнинг характери, савияси, диди ҳар хил бўлгани учун,  ўзига яраша муомалани талаб қилади. Шу тобда шоирнинг ушбу битиги ёдга келади.

Қолмади одамзот кирмаган гўша,
Еру кўкда, сувда ҳозир ҳамиша.
Оҳ, гоҳида ёнма ён турару инсон
Бир—бирин қалбига киролмай сарсон.

  Сув ва само билан сирлаша олган инсон энг яқинларининг қалбига йўл топа олмай изтироб чекиши таажжубли ҳол.
  Қалбга йўл маърифатдан бошланади. Маънавиятли инсон кимга, нима ҳақда, қачон, қаерда, қандай қилиб ва қанча айтишни билади ва амал қилади, шу аснода обрў қозонади, эътиборга тушади. Бир сўз ва бир хатти-ҳаракат эътирофга ёхуд эътирозга, назарга ёхуд ҳазарга, яхшиликка ёхуд ваҳшийликка сабабкор қилиши ҳеч гап эмас.  Шундагина воизнинг ўзи ҳам, сўзи ҳам жоиз бўлади, суҳбатдоши қалбида из қолдиради. Маърифатли инсон маданиятли айни дамда маънавиятлидир. Сўзлаш маърифатдан, тинглаш маданиятдан, англаш маънавиятдандир. Жоҳил киши сўзнинг қийматини ва ўзининг қадрини билмагани учун хушмуомалада бўлолмайди. Жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш ва олишиш учун эса билим, тафаккур, юксак даражадаги хулқий ва нутқий маданият зарур.
  Вазиятга тўғри баҳо бериш, мақсаддан келиб чиққан ҳолда ёндошиш, холислик, оқилона, одилона муносабат ва самимий мулоқотгина муомала маданиятининг таркибий қисми бўла олади.  Ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адаолатсизликка чидай олмаслик бизнинг халқимиз табиатига хослигини таъкидланиши бежиз эмас. Бировни баҳолаш аслида, ўзингни баҳолашдир. Ўринсиз танбеҳ, дашном ёки таъна киши дилини оғритади ва унинг кайфиятини бузади, руҳиятига таъсир қилади. Самимий муомалага дарз кетдими, синган пиёлани чегалашдек қийин иш. Ҳар бир нарса-ҳодисанинг ёки шахснинг ютуқ ва нуқсонларини, манфий ва мусбат томонларини тўғри эътироф этиш ва тушунтиришгина келишмовчилик ва жанжалларни бартараф этади. Бу эса муомала маданиятининг ўзига хос сир-синоатларини билиш кераклигини англатади. Кимга ва нимага қандай кўз билан қараш, муносабат билдириш муҳим. Ҳар кимнинг ўз қалб қаричи, баҳолаш мезони бор. Гап қандай кўз билан қарашда. Кимдир меҳр кўзи билан, яна кимдир қаҳр кўзи билан, биров тасдиқ кўзи билан бошқа биров инкор кўзи билан қарашга одатланган ҳаётда. Ҳар бир нарсадан фазилат излашдан кўра, иллат излашга одатланган кимсага муомала маданияти ҳақида сўз очиш қуруқ сафсатадир.

Инкор кўзи-ла қараган кишига
Юсуфнинг юзи ҳам хунук кўринар.
Агар муҳаббат-ла қараса девга
Дев ҳам фариштадек сулув кўринар.

  Демак, қандай кўз билан қараш инсоннинг феъл-атвори, диди, савияси, нияти ва дунёқарашига, бошқача айтганда, таълим-тарбиясига боғлиқ экан.
  Яшаш қараш ва курашлар бирлигидан иборат экан, инсониятнинг тафаккур тарзи, муносабат тарҳи ҳам ўзига хос бўлиши – табиий.
  Мутафаккирлардан бирининг:
 “Кимки ҳаётдан олмаса таълим,
Унга ўргатолмас ҳеч бир муаллим”, – деган ҳикмати бежиз эмас.  Кўрган-кузатган, эшитган-билганларингиздан ҳикмат излайсиз. Ниманидир уқасиз, англайсиз. Ният – амалга яраша деган гап бор, ният хайрли бўлса, оқибат ҳам хайрли бўлади.

“Ғурбат излаганга–ғурбат бу дунё,
 Иллат излаганга–иллат бу дунё,
 Ким нени изласа, топар бегумон,
Ҳикмат излаганга–ҳикмат бу дунё” 
– деб ёзади марҳум Садриддин Салим Бухорий. Шоир–ҳақ.
  Тирикчилик ташвиши – ҳаммамизга хос. Ейдиган таомимиз, киядиган кийимимиз, яшайдиган жойимиз қайғуси ҳеч бир тирик жонни четлаб ўтмаслиги аниқ. Буларни таъмин этадиган уч бирлик бор. Бу вақт, замон тушунчаси билан изоҳланадиган КЕЧА, БУГУН ва ЭРТАдир. Биз вақт измидамиз. Кўпинча унга масъуллигимизни ёддан чиқазиб қўямиз. Умрнинг қимматли лаҳзаларини беҳуда ўй-ташвишларга, икир-чикирларга сарфлаймиз.
  Ана шу вақт бирлиги ҳар кимнинг ҳаётида ҳар хил из қолдиради. Булар ўтмиш, ҳозирги вақт ва келажак. Бири-бири билан боғлиқ. Бири иккинчисига, иккинчиси учинчисига замин ҳозирлайди. Биров “кеча” билан ғурурланса, яна биров бугунги куни билан, бошқа бири эса эртанги кунга умид билан яшайди.
  Одамзотдаги ҳар қандай касаллик, иллат, аслида, унинг руҳиятидаги сиқилиш, безовталикдан бошланади. Демак, касаллик руҳиятдан танага кўчади. Биз танани даволашга кўпроқ эътибор қиламиз. Шу боис бормаган жойимиз, учрашмаган докторимиз, ичмаган доримиз, кўрсатмаган табибимиз қолмайди. Танани ҳар хил кимёвий моддалар билан тўлғизамиз. Тўғри, дори-дармон сабаб маълум муддат тузалиб, касалликнинг олдини олишимиз ҳам мумкин. Лекин руҳият даволанмас экан, тана тўла ҳолда шифо топмайди. Одамзотнинг тириклиги тан, жон ва руҳ бирлигидан иборатдир. Улар соғлом бўлмаса, баркамоллик йўқ. Баркамоллик белгиси ақлий ва жисмоний кучга таянади. Шунинг учун ҳам бир пайтлари дуохонлар, азайимхонларга эҳтиёж сезилган бўлса керак. Сўз ва нутқ орқали инсон руҳиятига таъсир этиш ва уни даволаш – синашта ҳол. Инсон баданида иллатга мойил кучлар бўлгани ҳолда, унга қарши иммунитетлар, инстинктлар ҳам борлигини инкор этиб бўлмайди. Сўз бузади, сўз тузади. Олқиш ҳам сўз билан, қарғиш ҳам сўз билан. Омонлик-у ёмонлик ҳам, ободлик-у барбодлик ҳам у билан. Сўз ўлдиради, сўз кулдиради. Бунёдкор ғоялар ҳам, бузғунчи ғоялар ҳам у билан. Сўз хусусидаги бу таърифлар бежиз айтилмаган.
 ХУЛҚИ ҚАНДАЙ БЎЛСА, КИШИ НУТҚИ ҲАМ ШУНДАЙ БЎЛИШИ ТАБИИЙ. МУТАФАККИР АЛИШЕР НАВОИЙ “КИМНИНГ МИЯСИДА ИЛЛАТ КЎП БЎЛСА, СЎЗИДА МАНТИҚ БЎЛМАЙДИ. МИЯСИ СОҒЛОМ БЎЛСА, ГАП СЎЗИ ЁҚИМЛИ ВА ХАТОСИЗ БЎЛАДИ” – ДЕЙИШЛАРИ БИЛАН ҲАҚ. ХУЛҚ ВА НУТҚ БИРЛАШИБ ЎЗ РЎЁБИНИ КЎРСАТСА, КИШИ Ё ХУШФЕЪЛ, Ё БАДФЕЪЛ ДЕЙИЛАДИ.
  Инсондаги ижобий фазилатлар уни комиллик сари юксалтирса, салбий иллатлар тубанлик қаърига тортади. Бу эса муомала жараёнида яққол кўзга ташланади. Муомала инсон хулқининг ойнаси экани ойдин бўлади.
  Маърифатпарвар адиб Абдулла Авлоний “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарида одамзот табиатидаги мақбул ва номақбул хислатларни қайд эта туриб, инсонларни яхшиликка чақирувчи, ёмонликлардан қайтаргувчи илм бу ахлоқ эканини таъкидлайди. “Инсон икки нарсадан мураккабдур. Бири жасад, иккинчиси нафсдур. Жасад кўз ила бор нарсаларни кўрур. Аммо нафс идрок ила яхшини ёмондан, оқни қорадан айирур. Жасаднинг ҳам, нафснинг ҳам бирор сурати бордурки, ё яхши ва ё ёмон бўладур. Жасаднинг сурати ҳаммага маълум бир нарсадурки, ҳар вақт кўзга кўриниб турадур. Аммо нафснинг сурати кўзга кўринмайдурган, ақл ила ўлчанадурган бир нарсадурки, буни хулқ деб аталур. Агар бир киши ёшлигида нафси бузулуб, тарбиясиз, ахлоқсиз бўлиб ўсдими, бундай кишилардан яхшилик кутмак ердан туриб юлдузларга қўл узатмак кабидур.” (А.Авлоний.,”Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” Т, Ўқитувчи, 1992 й.11-б.)
  Англашилаяптики, бундай бадфеъл кишиларга тарбия ҳам ожизлик қилади. Бу борада бошқа бир шоирнинг битигини келтириш ўринлидир.

Илонни ҳар қанча қилсанг тарбият
Охир заҳрин сочиб етказар заҳмат.
Нокас табиати илон кабидур,
Юзин кўрмасликка этгил ҳаракат.

  Абдулла Авлоний хулқни яхши ва ёмонга ажратади. Яхши хулқлар таркибига фатонат, диёнат, исломият, назофат, саъй ва ғайрат, риёзат, шижоат, қаноат, илм, сабр, ҳилм, интизом, виждон, ватанни суймак, ҳаққоният, назари ибрат, иффат, ҳаё, идрок ва зако, ҳифзи лисон, иқтисод, виқор, хавф ва ражо, итоат, ҳақшунослик, хайрихоҳлик, мунислик, садоқат, адолат, муҳаббат, олиҳиммат ва авфни киритса, ёмон хулқларга ғазаб, шаҳват, жаҳолат, сафоҳат, ҳамоқат, атолат, ҳасосат, раҳоват, аноният, адоват, намимат, ғийбат, ҳақорат, жибонат, ҳасад, кизб, нифоқ, тамаъ, зулм сингариларни киришини эътироф этади ва улар таърифида ўз мулоҳазаларини билдириб ўтади. Буларнинг барчаси у ёки бу даражада одамлараро муносабат жараёнида қўлланилишидан кўз юмиб бўлмайди. Яхши тарбия топганларда яхши хулқлар, ёмон тарбия кўрганларда эса ёмон хулқлар ҳукмронлик қилади. Бу эса муомала жараёнида ойдинлашади. Аслида, барча муаммоларнинг ечими муомалада эканини унутамиз ва муносабатларимизни чигаллаштирамиз.
  “Нурнома”да келтирилишича, сарвари коинот “Мен етти дарё яратдим, —  деб санай бошлайди, — уларнинг орасида бири илм дарёси, иккинчиси ҳилм дарёси”. Муомаланинг барчага дахлдор бўлгани ҳилм ҳақида сўз очиш моҳиятлидир.  Бу ҳақда Абдулла Авлоний шундай ёзади: “Ҳилм деб бўлар-бўлмас ишга аччиғланмайдурган, арслон юракли. Юмшоқ табиатли бўлмоқни айтилур. Ҳилм инсонларнинг табъидан хусумат, адоват, ғазаб, ҳиддат каби ёмон хулқларни йўқ қиладурган ҳар кимча мақбул бир сифатдур. Ҳилм илми ахлоқ юзасидан инсонга энг керакли нарсадур. (Ўша китоб. 25-б.)
  Ҳалимтабиатлилик мулойимликдир. Жаҳл қилиш, ғазабланиш уларга ёт бўлишидан ташқари, фикрини босиқлик, вазминлик билан етказувчи кишилардир. Жаҳлнинг жилови шайтоннинг қўлида. Ҳалимтабиат инсон ўзгани эмас, ўзини енга олган киши мард ҳисоблайди. Бу уларнинг шиори. Демак, инсонлараро муомалада  чин инсон бўлмак учун ҳаваснинг қўлига нафснинг жиловини бермайдирган, бўлар-бўлмас нарсалардан аччиғланмайдурган, совуққонли, юмшоқ табиатли, мулойим сўзли, ҳалим ва сабрли бўлмак лозимлиги уқтирилади. Шунинг учун ҳам ҳадиси шарифлардан бирида “Ҳилм хулқларнинг саййидидур” дейилади. Суқрот ҳаким: “Шиддат ила муомала қилган кишиларга ман виқор ва ҳалимлик ила муқобила қилурман, чунки ҳилм, шиддатни, хусуматни паст қилур. Лекин кишини ожиз ва хорлик даражасига тушурадурган ҳалимликдан ман безор”, — деб ёзганди.
  Маърифатли, маънавияти юксак бўлган инсонлар муомала маданиятида кўпчиликка ибрат бўла олади. Хушмуомалалик, хушфеъллик, беозорлик, мулойимлик, ҳаё-иболилик уларнинг ҳуснига ҳусн, обрўсига обрў қўшган. Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида “Вафосизда ҳаё йўқ, ҳаёсизда вафо йўқ” – дея бежиз таъкидламаган. Беандишалилик, бефаҳмлик, бефаросатлик эса кишини ақлдан, ҳаёдан жудо қилади.  Шарқ одобномасида қаерга бориш, қандай сўрашиш, қаерда ўтириш, қандай сўзлаш, кимларнинг суҳбатида бўлиш муомала маданиятининг мезонлари сифатида кўп бор тилга олинган. Саъдий Шерозий “Ширин сўзли шилгай душман пўстини, дағал сўзли душман қилгай дўстини” — дея ўринли таъкидлаган.
  Жон озиғи ҳам, қозиғи ҳам, яхши сўз билан илон инидан, ёмон сўз билан пичоқ қинидан чиқиши борасидаги доно халқимизнинг уқтиришлари замирида ҳам муомала маданияти мавжудлигини инкор этиб бўлмайди.  Шарқона лутф, шарқона тавозеъдан бехабарлик инсоннинг не куйларга солмайди, дейсиз.
  Муомала жараёнида сўзлашишдан олдин суҳбатдошингизнинг юз-у кўзидаги ифода ёхуд табассуми сиз учун муҳим. У қовоғини солиб гапирса, ўша совуқлик сизгаям кўчиши аниқ, ёки аксинча. Табассум кўпгина муаммоларнинг калити эканини билсак ҳам баъзан амал қилмаймиз. Негадир хоҳламаймиз. Айниқса, бизга биров бирон бир хизмат ёки илтимос билан келса, афтимизни буриштириб раҳбарлик “виқори” ёдимизга тушибми қовоғимизни солиб оламиз. Ўзимиз сезмаган ҳолда суҳбатимиз оҳангида кибру ҳаво ҳукмронлик қила бошлайди. Бу мулоҳазалар сизга эриш туюлмаслигини биламан. Ҳаётингиз мобайнида сиз ҳам худди шундай совуққон биронта корхона ёки ташкилот раҳбарчасига учрагансиз. Ундаги манманлик ёхуд сизга бўлган беписандликнинг гувоҳи бўлгансиз. Тўғри, кайфияти ёмон пайтда келибман, юқори ташкилотларнинг биридан дакки еган бўлиши мумкин, деб ўзингизни овутган ҳам бўласиз. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам очиқюзлилик, ўзбекона бағрикенглик ва меҳридарёлик халқимиз табиатига хослигини унутмаслик зарур. Баъзан ғарбдаги беҳаёлик ва таназзулга юз тутаётган жамият ҳақида гапирамиз.
  Шогирдларимдан бир нечтаси хориждаги нуфузли ўқув юртларида ўз малакасини ошириб қайтишди. Улар суҳбат жараёнида кўча-кўйда қовоғини солиб юрган кишиларни кам учратганини, ўзларининг ташвиш-у муаммолар бўлсада, бошқаларга унинг таъсири бўлмасин, деб табассумли қиёфада юриши ва иш тутишларини айтишди. Сўнгра қайтиб келганларида, автобусдаги айрим кимсаларнинг бақир-чақириғи, телефонда баланд овозда гапиришлари эриш туюлганини айтишди. Оилада, ишхонада баъзан муаммоли вазиятлар туғилиши, асаббузарликларга йўл қўйилишини инкор қилмаймиз. Гарчи, шундай бўлсада, “шайтонга ҳай бериб” шарқона муомала маданиятини унутиш ярамайди. Қаердадир эшитгандим. Бир япон йигит ишхонасида очиқ чеҳра билан ишга уннаб, “навбатчи” табассум билан юрганмиш. Шунда касбдошларидан бири “тунов куни отанг дунёдан ўтганди, шекилли, нимага хомуш эмассан”, — деса, “вафот этган менинг отам, ҳамкасбларимникимас, тушкун, хомуш ҳолатда юриб уларнинг қайғумга ҳасратдош, шерик бўлишларини истамайман” – деб жавоб берган экан.
  Ривожланган мамлакатларда қовоқ солиб юриш, хўмрайиш кўча этикасига зид ва ҳурматсизлик саналади, “инглиз, немис, француз, испан, итальян каби халқлар вакиллари оддий мулоқотдан олдин албатта, узр сўрайдилар ва суҳбат охирида миннатдорчилик билдиришни унутмайдилар. Ўзаро суҳбат давомида сизни майин табассум билан сийлаб турадилар. Бу «навбатчи» табассумнинг фойдаси катта, очиқ юзли одам ҳаммада ҳамиша яхши таассурот қолдиради. Тўғри, ўзининг тушкун қиёфатини, маҳзун ҳолатини бошқаларга ҳам раво кўриш, гўёки ўзининг касалини бошқаларга юқтиришга ўхшайди. Совуққон, тунд қиёфада муомалада бўлувчи  кимсалар борасида Мирзо Абдулқодир Бедил шундай ёзганди: “Яхшилик излама совуқ кишидан, музлаган чечакнинг ҳиди жуда кам.”
  Буларнинг барчаси инсон қалбига йўл топиш тилсимларига бориб боғланади. Муомала сирлари ҳақида жуда кўплаб алломалар тадқиқот ишлари олиб боришган. Ўзбек китобхонларига рус тили орқали бўлса-да, таниш бўлган руҳиятшунос олим Дейл Карнегидир. Одамлар билан муомала қилиш, уларнинг қалбини ром этиш сир-синоатлари ҳақида кўп ва хўп ёзган. Лекин унинг фикр-мулоҳазаларининг аксарияти шарқона менталитетга унчалик мос келмаслиги аниқ. Баъзи мулоҳазалари бизнинг миллий, маънавий ва ахлоқий қарашларимизга тўғри келмаслигини инкор этиб бўлмайди. Умуман олганда, миллатидан, ирқидан қатъий назар инсон руҳияти, талаб ва эҳтиёжларида муштарак жиҳатлар бўлгани учун айрим масалаларда яқинлик ҳам бор. Одамларга ёқишнинг усуллари, дўст орттирш йўллари ҳақида қизиқарли маълумотлар келтиради. У ёзади: “Дўстим, сиз дунёда дўст орттиришга энг уста бўлган жониворни биласизми? Албатта, биласиз. Сиз уни хар куни кўчада учратишингиз мумкин. У сизни 10 қадам наридан кўриши биланоқ, думларини ўйнатиб олдингизга югуриб келади. Агар  сиз тўхтаб уни сийпаласангиз, у сиздан хурсанд ва сизни жуда яхши кўришини англатиш учун турли хил қилиқлар қилаётганлигини кўрасиз. Сиз бу шодликнинг орқасида яширин  бир интилиш йўқ эканлигини — у сизга бирон-бир нарсани сотиш ёки сиз билан турмуш қуриш илинжида эмаслигини яққол ҳис қиласиз. Сиз бирор марта ит кун кечириш учун ишлаши шарт бўлмаган ягона жонивор эканлиги хақида ўйлаб кўрганмисиз? Товуқ тухум қилиши керак, сигир сут бериши керак, булбул эса сайраши керак. Ит-чи? Ит кун кечириши учун  сизга ўз садоқатини кўрсатиши, сизга вафодор бўлиши керак, холос. Ит ўз умрида руҳиятга оид бирор китоб ўқиган дейсизми? Лекин у қандайдир туғма инстинкт ёрдамида одамзодга суйкалиб, икки ой давомида икки йилда орттирган дўстларидан ҳам кўпроқ дўстлар орттириш мумкинлигини билади.”
  Бу борада Дейл Карнегининг фикрларига қўшилиш мумкин. Лекин шуни унутмаслик керакки, инсонлараро муомала жараёнида қизиқиш, манфаат, эҳтиёж деган тушунчалар муҳим рол ўйнайди. Кўп йиллар сиз билан дўстлик риштасини мустаҳкамлаб юрган дўстингиз нимадир сабаб бўлиб бир илтимосини бажаролмасангиз, тўнини тескари кийволиб сизга бўлган муомаласи, муносабати кескин ўзгаради. Бундай “дўст”лар йўқ, деб ўйлайсизми? Шоир шунинг учун ҳам куюниб ушбу мисраларни битган бўлса ажаб эмас.

Ишонмагил маддоҳ сўзамолларга
Заррача наф учун сени мадҳ этар.
Бир куни муродин ҳосил этмасанг,
Икки юздан ортиқ айб санаб кетар. (Саъдий)

  Маърифатда бирлаштирувчилик манфаатда (моддий) айирувчилик кучи бор. Одатда, муносабатларнинг бузилиши манфаатларнинг тўқнашувидан пайдо бўлади. Табиийки, бу ҳолатда самимий муомалага, дўстликка путур етади. Бир куни Жалолиддин Румийдан сўрашади: Кучукларга қаранг, бир-бирларини ялаб-юлқаб, ўйноқлаб юришибди. Ана шундай аҳиллик наҳотки, инсонларда йўқ?  Румий уларга жавобан шундай дейди: Ўша кучукларнинг олдига бир бўлак суяк ташлаб кўринг-чи, суяк қолиб, бир-бирини ғажишга тушишади.”
  Тўғри,  муомала қизиқиш манфаатдан ташқари кайфият билан ҳам дахлдор. Сизнинг муомала жараёнида кайфиятингиз, руҳий ҳолатингизнинг суҳбатдошга таъсири борлигини унутиб бўлмайди. Хулқ-атворингиз ундан озиқ олиши ҳеч гап эмас. Унга ҳам сизнинг кайфиятингиз юқади. Бунинг эса масаланинг ижобий ечимига сезиларли таъсири бўлиши аниқ.
  Горвард университетининг профессори У. Джеймс шундай ёзади: “Хулқ-атвор кайфият натижаси деб ҳисобланади, лекин улар бир-биридан ажралмасдир. Биз ўз иродамиз билан хулқ-атворимизни бошқарар эканмиз, бевосита иродамизга бўйсунувчи кайфиятимизни ҳам бошқарамиз.” Тўғри, бу ўринда уларни юзага чиқарувчи муайян вазият ва шароитни ҳам ҳисобга олиниши мақсадга мувофиқдир.
  Мулоқот жараёнида муомаланинг қандай йўсинда бўлиши яна нималарга боғлиқ деб ўйлайсиз? Гап сўздами, маънодами, мазмундами ёки фикрдами?- деган саволга В.Г.Белинский “йўқ, гап оҳангда” — дея жавоб бергани бежиз эмас. Биргина “салом” сўзини бир неча хил оҳангда айтиш мумкин. Пичирлаб, баланд овозда, кесатиш, пичинг оҳангида, истеҳзо, киноя билан ва ҳоказо. Шу орқали суҳбатдошингизнинг қандай қабул қилишини, қандай ҳолатга тушишини билиб олишингиз мумкин. Чунки, оҳангда муносабат, мурожаат тарзи, антипатия ва симпатия шундоққина сезилиб туради.
  Бирон нарса борасида баҳслашиш ҳам муомала жараёнининг мувозанатини бузиши мукин. Билган ва билмаган нарсаси ҳақида ҳам гап талашишини хуш кўрадиганлар бўлади.  Ўзини билармон ва бўлармон қилиб кўрсатадиганлар билан баҳслашиш жиддий конфликтларни келтириб чиқариши мумкин. Бу ҳолатда сукутгина масалани бартараф этиши мумкин. Ҳамма ўзини ҳақ деб билади. Шоирнинг ушбу шеъри ҳам шу ҳақда.

Доно ўзни доно деб билмагани каби
Телба ҳам ўзини телба деб билмайди
Шунинг учун ҳам бу ёруғ дунёда
Уларнинг ҳақиқати ўлмайди.

Эгрининг ҳам, тўғрининг ҳам ўз ҳақиқати бор
Агар этсанг инкор этишар инкор
Шундай бўлгач, бўлиши мумкин
Ҳар не ҳақда тушунчанг бекор.

  Муомала майл, қизиқиш, талаб, эҳтиёж, манфаат, мақсадли ҳаракатдан туғилади. Бошқача айтганда, коммуникация воситалари ёрдамида инсонни ўрганиш ва билиш демакдир. Муомала маъно ва мазмун жиҳатидан амаллар омили, таомили демакдир. Шунинг учун ҳам амал, омил, муомала, таомил сўзлари бир ўзакдан ясалган арабча сўзлардир. Қадимда шарқда болаларга бирон нарса харид қилиши учун муайян миқдорда пул бериб, бозорга юбориб унга муомала қилиш йўлларининг ўргатилгани ҳам бежиз эмас. Ширин муомала ва мулозамат қўрс, қўпол ҳаракатдан доим устунлик қилган. Муҳими, мақсадингизни, фикрингизни ифода этиш йўлларини билишингиз муваффақиятларингиз гаровидир. Шунинг учун ҳам “йўлни билиш эмас, йўлини билиш муҳим” деган ибора беҳуда айтилмаган. Жангда ҳам ғалабани таъминлашда стратегия эмас, тактика муҳимлигини инкор этиб бўлмайди. Қачон, қаерда, қандай ҳужумга ёки ҳимояга ўтишни билиш зафар қозонишнинг муҳим омилидир. Риторика усуллари, мантиқий мушоҳада, жестлар, мимика, ташқи кўриниш, қўйингки, ҳаммаси муомала қобиғида, хулқий маданиятингиз кўринишида акс этади.
  Шундай экан, болаларда нимани, кимга, қандай ифода эта олиш кўникмаларини шакллантириш ижтимоий масала эканини унутиш ярамайди. “Қуш уясида кўрганини қилади” – деган нақл бежиз эмас. Муомала маданиятини фарзанд оиладан, аввало, ота-онаси ва барча яқинларидан ўзи сезмаган ҳолда ўзлаштира боради. Тарбия олгангина тарбия бера олади. Ёшларнинг камолоти, маънавияти, тарбиясига эътиборсизлик юртимиз истиқболига, ватанимиз равнақига бефарқликдир. Муомала, таълим, тарбия тушунчалари ўзаро уйғун бўлиб, бу маънавият аталмиш уммонда уйғунлашади. Шундай экан, буларнинг ёшларимиз онгу шуурига қандай етиб бориши ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир. Президентимизнинг “Маънавият инсонга она сути, ота ибрати, аждодлар ўгити билан бирга сингади” дейишлари бежиз эмас. Ёшларимиздаги фаоллик ва юрт келажагига дахлдорлик туйғуси ҳам ўзаро мулоқотдан, муомала маданиятидан, нарса-ҳодисаларга тўғри баҳо бериш ва холисона қараш ҳиссини шакллантиришдан иборат.
  Шекспирнинг таъкидлашича, ҳеч бир нарса яхши ёки ёмон бўлиши мумкин эмас – улар бизнинг нарсаларга қандай қарашимизга боғлиқдир. Қараш эса шахсий манфаат, худбинлик қобиғида эмас, балки, умумхалқ манфаати нуқтаи назаридан бўлиши мақсадга мувофиқ. Юрт тинчлиги, халқ фаровонлиги, ижтимоий ҳамкорлик комил инсон масаласига бориб боғланар экан, демак, муомала маданиятининг узвий бўлаги хулқ-атворимиз ибратли бўлиши керак. Болалар дунёнинг барча давлатларида бир хил йиғлайдилар, ўхшаш, лекин улғая бошлагач, ҳар хил қилиқлар қилишади, шубҳасизки, бунга сабаб, хулқ, тарбия ва муомаладир.
  Кишилараро кўча-кўйдаги ўзаро мулоқотдаги муомала билан раҳбар ва ходимлар орасидаги мулоқот маданияти масъулият ҳисси ва мажбурият бурчининг юқорилиги билан ажралиб туради. Айтиш мумкинки, нотиқлик, муомала маданияти барча касбларнинг, санъатларнинг асосида мавжуд. Ўз фикрини оммага чиройли тарзда, аниқ ва содда тушунтира олиш ва ишонтира билишга бўлган ҳаракат деярли барча соҳа, касб эгаларининг табиатида бор. Бу уларнинг доимий орзуси ҳамдир. Машина механизмларни бошқариш учун шу касбга оид чуқур билим, тажриба, лаёқат, шижоат бўлишининг ўзи кифоя. Одамлар орқали ишни бошқариш, уларга раҳбарлик қилиш бошқа нарса. Шу хакда фикр юрита туриб Ш. Раззоқов «Раҳбарлик учун махсус билимлар, кўникмалардан ташқари, одамлар билан муомала қилиш, қўл остидагилар билан тил топишиш, топқирлик, ҳозиржавоблик, қалтис вазиятлардан чиқа олиш, вазиятни баҳолаш, энг асосийси, ҳар қандай мушкул вазифани қийин вазиятларда ҳам уддалай оладиган аҳил ва жипслашган жамоа тузиш қобилияти мужассам бўлиши лозим», — деб ёзади.
  Ҳусн ва хулқ ярим ризқ бўлса, нутқ ва ҳунар бутун ризқдир. Ҳадисона мазмун касб этган бу ҳикмат муомала маданиятининг икки асоси борасидаги мулоҳазамизни тасдиқлайди. Бири хулқий маданият бўлса, иккинчиси нутқий маданиятдир. Энди эса унинг иккинчи томони нутқий маданият борасида фикрлашамиз. Зотан, нутқ хулқнинг ойнасидир. Қолаверса, инсон қалбига йўлнинг нурли чироғи ҳам у биландир.

Дил – қулф, тил – калит

  Уйингиздаги ёки ишхонангиздаги хоналарнинг эшикларига разм солинг. Қулфлоғлиқ эшикни очиш мушкул. Ҳарчанд киришга уринманг, бефойда. Бировига тушадиган калит иккинчисига тўғри келмайди. Ҳар бирининг ўз очқичи, “тиш”лари бошқача. Одамзот қалби ҳам шунга монанд. Ҳар бири ўз диди, савияси, билими, фикрлаш ва яшаш тарзи ва дунёқараши билан ажралиб туради. Сиз ана шуларни билган ҳолда муомалада бўласиз, акс ҳолда,”қовун тушириб қўйишингиз” ҳеч гап эмас. Ҳамманинг қалбига йўл ҳар хил йўсинда. Дид билан диллашиш мушкул. Фарзандларингиз, ота-онангиз, ҳатто, турмуш ўртоғингиз билан ҳам дидингиз бир хил бўлавермайди. Баъзи масалаларда маслакдошсиз, емак, ичмак, киймак бобида дидингиз ҳар хил. Демак, руслардаги “вкус и цвет товариши нет”дегани бежиз эмас.
  Кўнгил қулфига мосу хос очқич бу сўзингиз, нутқингиздир. У қандай бўлиши керак? Бунинг учун эса муомала маданиятининг иккинчи муҳим жиҳатига эътиборни қаратиш зарур.
  Алишер Навоийнинг “кўнгил хазинасин қулфи тил, калити сўз”,  деганларида, муомала тилсимотига ишора қилганларини илғаб олиш қийин эмас. Қолаверса, тил муомала одобининг аввали эканини Маҳмуд Қошғарий “Ардам (одоб) боши – тил” дея эътироф этган. “Киши сўзлашу, йилқи йизлашу” деганида ҳам  кишилар бир-бирларини сўзлашиб билиб олганларидек, ҳайвонлар ҳидлашиб билишади деган фикрни қайд этади. Буларнинг барчаси мулоқот жараёнида сўзга, нутққа эҳтиёткорона муносабатда бўлиш заруратини англатади.
  Биз кўрган-билган, эшитган, ўқиб ўрганган ёки шоҳид бўлган ҳар бир нарса-ҳодисанинг ўз таянч нуқтаси бор. Бу фақат курраи заминимиздаги воқеликка тааллуқли бўлиб қолмасдан, галактикадаги барча сайёра, юлдуз, самовий жинсларга ҳам дахлдор. Таянч нуқтаси бор бўлмаган нарсанинг ўзи йўқ. Бўлган тақдирда ҳам, у омонат. Эътибор беринг ҳашаматли, нақшинкор, баланд иморат олдида турибсиз. Қанчалик кўкка бўй чўзмасин, ёки қанчалик «виқор»ли бўлмасин, унинг таянч нуқтаси-пойдевори бўлмаса, у ҳеч нимадир. Эрта-индин қулаши, харобага айланиши тайин. Ҳатто, ернинг ҳам таянч нуқтаси бор. Беруний, Архимедлар бу ҳақда қанчалик ўй суриб, умрини банд этган бўлмасин, таянч нуқта мутлоқ ҳақиқат эканлигини англаб етишган. Ернинг таянч нуқтаси бўлмаганда эди, у аллақачон орбитадан чиқиб кетган бўларди.
  Шундай экан, инсониятнинг, элларнинг, дилларнинг, тилларнинг ҳам ўз таянчи, суянчи бор. Тинчлик, тотувлик, ўзаро бирдамлик ҳар бир дамда, ҳар қадамда бир-бирини тушунишлик халқлар осойишталиги ва фаровонлигининг таянчи бўлса, ҳар бир тилнинг таянчи эса айни халқ нутқида истифода этилувчи сўзлардан иборат.
  Тилнинг бойлиги, гўзаллиги, нафосати ҳам ундаги сўзларнинг сони ва жилоси билан боғлиқ. Унинг боқийлиги эса ундан фойдаланувчи миллатнинг маънавияти ва истиқболига тегишли. Таъбир жоиз бўлса, дейлик сиз меъморсиз. Ўз заҳирангизда мавжуд бўлган сўзлардан фойдаланиб, фикр етказасиз ва қабул қиласиз. Бошқача айттанда, тафаккур иморатини бунёд этасиз. Шундай экан, сўз ана шу иморатга қўйилган ғиштдир. Ғиштнинг таркиби қум, лой каби жинслардан иборат бўлгани каби сўзнинг таркиби ҳам товуш, фонемалардан иборат.
  Ғишт жипс ҳолда ўз ўрнига ҳафсала билан терилса, иморат пишиқ, мустақкам бўлади. Шундай экан, ҳар бир сўзнинг ўз ўрни, ҳажми, ўлчови, кўриниши, вазни, таровати, ҳиди бор. Уни диди бор, нозиктаъб тафаккур соҳиблари англашади, амалда қўллай олишади. Сўз саҳовати ва латофатини идрок этган адибларимиз бунинг қудратидан фойдаланган ҳолда насру назм дурдоналарини яратишган. Тилда юз минглаб сўз бўлса ҳам, уларнинг моддий асосини бир неча ўнлаб товушлар ташкил қилиши ҳақида фикр юрита туриб, муқтадир олим Алибек Рустамий шундай ёзади: «… ўзбек адабий тилида 31 товуш бор. Шевадагиларни қўшсак, 40 дан ошмайди. Шу қадар озгина товушдан миллиондан ортиқ сўз ясалган».
  Тўғри таъкидланганидек, гап сўзнинг сони ёки сифатида эмас, балки уларни билиш ва ўз ўрнида қўллай олишдадир.  Демак, сўз – неъмат, сўз – рағбат, сўз – ташвиқ, сўз – даъват, сўз – давлат, сўз – савлат, сўз – ҳикмат, сўз – ҳиммат, сўз – ҳурмат, сўз – раҳмат, сўз – заҳмат, сўз – фазилат, сўз – иллат, сўз – тузувчи, сўз – бузувчи, сўз – илм, сўз – тилсим, сўз – билим, сўз – зулм, сўз – сабоқ, сўз – таёқ, сўз – ҳавас, сўз – ҳасад, сўз – ғурбат, сўз – ғийбат, сўз – дўст, сўз – душман, сўз – шарофат, сўз – офат, сўз – олқиш, сўз – қарғиш, сўз – меҳр, сўз – қаҳр … хуллас, сўз – ҳамма нарса. Фақат уни қачон, қаерда, қандай қилиб қўллаш сўзловчига боғлиқ. Бу эса сўзловчининг онгу шуурига, ақлу идрокига, фаҳму фаросатига дахлдордир.
  Демак, тил, нутқ одоби инсон маънавияти ва камолотида етакчи мезон эканини Юсуф Хос Ҳожибнинг «Сўзнинг ўрни — сир» деган фикридан ҳам уқиш мумкин. Сўзнинг сир-синоатларини идрок этиб, ўрнини топа олган зукко суханварларгина сўзнинг саҳоватларидан баҳраманд бўла олади, ўзгаларни ҳам баҳраманд қила олади.
  Юқоридаги фикрларнинг ўзиёқ, сўзнинг номинатив функциясидан ташқари фикр етказувчи ва қабул қилувчи орасидаги коммуникатив жараённи ҳам таъмин этишини англатади.
  Сўзнинг хосияти шулар билан чекланмайди. Унинг имконият қирраларини етук нотиқлар кашф этадилар. Ҳар бир нарсанинг хусусиятлари унинг тўла таърифини бериши учундир. Маълумки, нутқнинг, фикрнинг асосини ташкил қиладиган бирлик бу сўздир. Сўз орқали нутқ ва фикр ойдинлашади. Сўзларниниг характерини яхши билган киши ҳеч қачон қийналмайди. Ҳар қандай сўзнинг хосияти эса уни ўз ўрнида, тўғри ишлата олиш билан белгиланади. Сўз, товуш ҳамда маънонинг диалектик бирлигидан иборатлигини билган нотиқ уни ифодалашда қуйидаги босқичларни эътиборда тутиши лозим: 1.  Топиш. 2.  Танлаш. 3.  Қўллаш (айтиш ёки ёзиш). Топиш сўзловчининг сўз бойлигига дахлдор бўлса, танлаш диди, савиясига, қўллаш эса унинг маҳоратига тегишлидир. Топиш тил бойликларидан, синонимлардан қандай фойдалана олишингизга мезон бўлса, танлаш психологик, ахлоқий ва эстетик нормаларга амал қилиш заруратини билдиради. Қўллаш эса оғзаки ёки ёзма равишда амалга оширилади.
  Демак, нутқимиздаги ҳар бир сўз тингловчига ёки ўқувчига контекстга мувофиқ ана шу боскичлар оркали етиб боради. Ҳар кандай маълумот, фикр, ҳиссиёт ана шу босқичли жараёнлар орқали англашилади.
  Сўзларнинг хосиятлари ҳақида фикр билдира туриб, А.Ф.Конн шундай ёзади: «Сўз инсоннинг буюк қуролларидан бири. Ўрнида сидқидилдан айтилган оддийгина сўз қудратли ва енгилмас кучга айланади. У сўзловчининг ўзини қизиқтириб юбориши, уни ва атрофидагиларни ўз нафислиги билан маҳлиё этиши мумкин». Бу иқтибосда сўз эстетикаси, унинг ижтимоий алоқа воситаси экани таъкидланаётгани сир эмас.
  Сўз нутқ ҳосил қилишнинг бош омили экан, демак, унинг характерини, маъно даражасини яхши билиш лозим. Сўз заҳирасига, сўз бойлигига эга булган нутқ соҳиблари назарий ва амалий жиҳатдан етук билим, малакага эга бўлишган. Сўзлар маънодошлиги, шаклдошлиги, зидлиги, талаффуздошлиги, дублет ва вариантлилиги, кўп маънолилиги, тўғри ва кўчма маъноларда қўлланилиши билан бир-биридан фаркланиб туради. Буларни пухта ўрганиш фақат фикр етказиш (ёки қабул қилиш) учунгина эмас, балки унинг таъсирчанлиги, экспрессив ва эмоционаллигига ҳам хизмат қилади.
  Сўзнинг хусусиятларидан келиб чикқан ҳолда энг мақбул таъриф шундай ифодаланган: «Сўз борликдаги ҳодиса ва нарсаларнинг маъносини ифода этувчи, грамматик жиҳатдан шаклланган ва жамият аъзолари томонидан бир хил тушуниладиган, товуш формасида ифодаланадиган мустақил ва марказий тил бирлигидир».
  Ҳар даврнинг ўз сўзи булганидек, ҳар бир ижодкорнинг ҳам сўзга ўз қараши бор. Ана шу фикрларни тўлдириш, бойитишни инобатга олган ҳолда «Сўз ҳақида сўз» рукнида адибларнинг айрим мулоҳазаларини келтирамиз.
  «Сўздан қудратлирок нарса йўқ. Ўткир далил ва юксак фикрлар сафини ёриб ўтиш мумкин эмас. Сўз ёвузларни яксон этади, қалъаларни йиқади. У кўзга кўринмас қурол. Сўз бўлмаса, дунё дағал кучлар қўлида қолар эди. Сўз сеҳридан кучлироқ сеҳр йўқ».  А. Франс.
  «Сўз билан ифодаланган ҳap қандай фикр таъсир кўлами тугамайдиган кучдир. Сўз буюк нарса. Шунинг учун қам буюкки, сўз билан одамларни бирлаштириш, сўз орқали уларни бир-бирлари билан юз кўрмас қилиб юбориш мумкин, сўз билан меҳр қозониш, сўз билан нафрат ва адоватта йўлиқиш мумкин. Одамларни бир-биридан ажратадиган сўзни айтишдан сақлан». Л.Н.Толстой.
  «Сўзни кўнгулда пишқормагунча тилга келтурма, Ҳар неким кўнгулда бор — тилга сурма».  А.Навоий.
  «Сўз айтишдан аввал, ҳар дақиқада сўз ортидан келадиган оқибатни ўйла».       И.П.Павлов.
  «Сўз шамолга қараб учадиган ўйинчоқ пуфак эмас. У иш қуроли: у маълум даражадаги оғирликни кўтариб турмоғи лозим. Ўзгалар кайфиятини қанчалик ром этиши ва ўзгартиришига қарабгина биз сўзнинг аҳамияти ва кучини баҳоламоғимиз мумкин.”    В.Г.Короленко.
   «Нодон киши сўз, ҳикмат лаззатини билмайди, бамисоли тумов киши гулнинг ҳидини сезмагани каби. Агар тилингнинг ортикча сузлапшга эга була олмасанг, унда тизгининг жиловини шайтонга топширган буласан. Тилингдан чиққан садақа (яъни, панду насиҳатинг ва мавъизаю ҳасананг) баъзан қўлингдан (мол-дунёнгдан) чиққан садақангдан кўра хайрлироқдир. Кўп сўзлар борки, улар сени жангу жадалга солиб, ҳалокатга гирифтор қилади ёки улардан қайтарса ҳам елка чуқурингни гул каби қизарган ҳолга келтиргандан кейин қайтаради (яъни, машаққатлардан кейин). Маҳмуд аз-Замаҳшарий.
  Сўзнинг хосияти қанчалик эътиборли бўлса, шунга мувофиқ нутқнинг моҳияти ҳам муҳимдир. Нутқ қатор хусусиятлар билан бирга нутқий воситаларга ҳам эга. Бу ҳолат унинг, нутқ маданиятининг ҳар иккала кўринишига, оғзаки ва ёзма нуткқа баравар тааллуқлидир.
  Товуш – сўзнинг моддий томони. Бошқача айтганда, товушлар талаффузи тилнинг ҳаракатдаги амалий жараёни. Ҳар товушнинг ўз сифати, жаранги, оҳанги ва талаффуз меъёри бор. Бу жиҳатларни доимо назарда тутиш керак. Чунки нутққина фикрни содда, тушунарли ва теран бўлишини таъмин этади. Нутқнинг моҳияти унинг маданийлиги, оммавийлиги ва ижтимоий қиммати билан белгиланади.
  Жонли нутқнинг икки қаноти бир-биридан куч олади. Бу нутқ маданиятининг иккита кўринишидир. Муомала жараёни буларни пухта билиш, ўзлаштириш ва амалда муваффақиятли қўллашни тақозо этади. Бу оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини эгаллашдир. Кимдир оғзаки нутққа моҳир бўлса, кимдир ёзма нутққа.  Аслида, ҳар иккаласининг ҳам устаси бўлиш керак.  Халқ  ибораси билан айтганда, «гапга дўппи кийгизадиган» сўз усталарининг нутқи кишини ўзига ром этмасдан қўймайди. Устозлардан бири шундай деган эди: «Мен минбарга чиқсам, ўзимни милтиқ ўқталган овчи олдида дағ-дағ титраётган қуёнга ўхшатаман, ёзиш учун столга яқинлашсам, ўзимни бамисоли арслондек тасаввур қиламан».
  Бу оғзаки нутққа, сўзга чечанлигим йўқ, фикрни қоғозга тушириш ва етказиш бобида уқувим йўқ эмас, деганидир. Оғзаки нутқнинг ҳам, ёзма нутқнинг ҳам ўз талаблари, имконият доираси бор. Шундай ҳамкасбларимиз борки, сўз бобида биров олдига тушолмайди, ҳеч кимга гап ҳам, гал ҳам бермайди. Лекин, ёзиш бобида ожиз. Иккита жумлани бир-бирига боғлаб, фикрни қоғозга тушира олмайди, умумлаштира олмайди.
  Оғзаки ва ёзма нутқ аслида,  бир-бирини тўлдиради, бойитади.  Ҳар иккала нутқнинг имконияти ва қамровини билмаган нотиқ на унисида зўр, на бунисида. Хўш, муомала маданиятининг таркибий қисми бўлган оғзаки ва ёзма нутқнинг фарқли жиҳатлари бири талаффуз, иккинчиси ёзув билан ифодаланишидами?   Йўқ, албатта.
  Оғзаки нутқ ёзма нутққа нисбатан анча фаол, жонли жараён. Оғзаки нутқ қўлланиш усулига кўра икки хил бўлади: оддий сўзлашув нутқи ва адабий сўзлашув нутқи. Оддий сўзлашув нутқи кундалик ҳаётимизда, ўзаро муомала жараёнида ишлатилса, адабий сўзлашув нутқи муайян шахслар доирасида тилнинг меъёрий мезонларини қўллаш орқали рўёбга чиқади.
  Оғзаки нутқда шевачилик таъсири сезилиб туради. Биз қайси  вилоят, қайси гўшадан бўлмайлик, нутқимизда маълум муддат яшаган маконимизнинг сўзлашувига хос шеванинг таъсири бўлади. Бу нутқ товушларининг талаффузида ёки шевага хос сўз ва ибораларни қўллашда сезилади. Оғзаки нутқ  тезкор, автоматик жараён бўлгани сабабли ўйлаб туриш, сўнг сўзда  давом этиш қийин. Сўзлов ва ўйлов бир вақтнинг ўзида амалга ошади. Бошқача айтганда, сўзлаб туриб ўйланилади. Оғзаки нутқ шахсий, индивидуал фаолиятдир. Шунинг учун ҳам фикрий баён ва нутқий услуб, овоз ифодалари бир-бирига ўхшайвермайди. Оғзаки нутқ сўзловчининг кайфияти, руҳияти, табиатига ҳамда вазиятга, нутқий аъзоларнинг соғлом ва  нормал ишлашига ҳам боғлик. Одамнинг беҳол, касалванд вақтидаги нутқи билан соғлом,  руҳан тетик пайтидаги нутқи орасидаги фарқни сезиш қийин эмас.  Киши сўзлаётганда ўз нутқига ёзаётгандагидек етарли даражада эътибор беравермайди. Маълум бир даврада сўзлаётганида нутқида камчиликка йўл қўйганини ўзи сезиб қолса, нутқнинг кейинги ҳолати ҳам кўнгилдагидек бўлмайди. Оғзаки нутқ ўзига хос грамматик тузилишига ва қурилиш тартибига эга бўлади. Унда гaп бўлакларининг тушиб қолиши, қисқариши, алмашиниши, такрорлар, кераксиз унсурларнинг бўлиши кузатилади.
  Оғзаки нутқдаги маъно оттенкалари, муносабатдаги тасдиқ ёки инкор аломатлари, оҳанг, талаффуз, имо-ишора воситалари орқали амалга оширилади. Ёзма нутқда эса бу хусусиятларни ифода этувчи бошқа белгилар мавжуд. Унда имловий ва пунктуацион нормалар муҳим роль ўйнайди.
  Ёзма нутқ, аввало, у манба. Хоҳлаган пайтда уни қайта ўқиш, тузатиш, бошқа сўз ва сўз бирикмалари билан алмаштириш мумкин. Ёзма нутқ намунасидаги мақсадни тўла англаш учун имло ҳамда тиниш белгиларининг хусусиятларини ўқувчи ҳам яхши ўзлаштирган бўлиши лозим. Акс ҳолда, матн завқу шавқидан бебаҳра қолинади.
  Нутқни ёзма равишда баён этиш қадимдан қўлланиб келинган. Муншийлар, котиблар ва алломалар бу санъатни юқори даражага кўтарганлар. Ёзма ва оғзаки нутқнинг жилоси тафаккур машқларидир. Шу ҳақда сўз юритиб, профессор Нусратилло Жумаев ёзади: «ёзма нутқ билан шуғулланмаган нотиқ нутқининг ривожи суст, сайқал топиши қийин кечади. Унинг сўз бойлиги, ифода имкониятлари чекланган бўлади ».
  Оғзаки ва ёзма нутқнинг ўзаро боғлиқлиги уларнинг шаклланиш жараёнидагина эмас, балки тараққий этишида, сайқал топишида муҳим ҳам муқимдир. Даврага чиқувчи нотиқ демоқчи бўлган мақсадини тўла бўлмаса-да, хомаки тарҳини қоғозга тушириб режалаштиради. Нимадан нимага ўтиш, қанча тўхталиш, нималарни айтиш ёки айтмаслик ҳақидаги чизгилар нотиқ сўзлаётган пайтда ҳам унинг кўз олдида худди қоғоздагидек хаёлий суврати намоён бўлиб туради. Акс ҳолда, нутқ меъёри бузилиб, вақт чўзилиб кетиши, аудитория яхши қабул этмаслиги мумкин. Қўпол айтганда, нотиқ ўзининг фикр тизгинини жиловлай олмасдан талмовсираб қолиши мумкин. Юқорида келтирилган иқтибоснинг давомида худди шундай ибратомуз фикрларни ўқиймиз: «Нотиқнинг фикру ўйлари, қалб кечинмалари ёзма нутқ жараёнида роса ишланади, пишиб мумтоз даражага етади. Сўнг оғзаки нутқда жамол кўрсатади. Оғзаки нутқ ҳам ижод жараёни. Унда инсон фавқулодда ноёб фикр, ғояларни, бадиий ифодаларни кашф этади. Уларни сўзлаб юриб, пишитиб сайқал топтиради ва қиёмини қуйма қилиб ёзма нутқида териб ёзади».
  Оғзаки нутқнинг қатор вазифавий кўринишлари мавжудки, улар кези келганда, ёзма нутққа жило беради. Унинг таъсирчанлигини оширади. Кундалик сўзлашув нутқи, лекторлар нутқи, радио ва телевидение нутқи, саҳна нутқи буларнинг ҳар бири алоҳида тадқиқни талаб этади.
  Кўз, қулоқ, мия, юрак бу кўриш, эшитиш, англаш, ҳис этиш демакдир. Уларнинг рўёби тил, нутқ орқали иккинчи вужудга, том маънода айтадиган бўлсак, оммага етиб боради. Биз бир-биримизга фикримизни, тушунчаларимизни нутқ орқали етказиб англатамиз. Уларда тасдиқ ёки инкор маъносида фикр уйғотамиз. Шунинг учун ҳам алломалар наздида тилга эътибор алоҳида аҳамият касб этган. Ҳадиси шарифлардан бирида “сўзда сеҳр, шеърда ҳикмат бор” дейилиши бежиз эмас. Сўзнинг сеҳрини билиш учун унга меҳр қўйиш заруриятини ҳам ёддан чиқазмаслик зарур.
  Кишилик жамияти пайдо бўлибдики, сўз ва нутқдан фойдаланиш, унинг имкониятлари доирасида фикр етказиш ва қабул қилишнинг турли усуллари шаклланган. Нотиқлик, воизлик, риторика, ораторлик, красноречие, хатоба ана шундай санъатдир. Ушбу санъатлар ҳар бир даврда ўша замоннинг мафкурасига хизмат қилиб келган. Турли “изм-изм”лар, ҳар хил мафкуравий оқимлар ундан усталик билан фойдаланишган. Шу маънода, нотиқликни дудама ханжарга ўхшатишади. Яъни, у икки томони ҳам кесувчи қуролдир. Бир томонида адолат турса, иккинчи томонида адоват. Ким ундан қандай фойдаланишига боғлиқ. Демак, воиз ва воизлик санъатининг сир-асрорлари ва моҳиятини чукур билиш керак. Воиз ўзи ҳам сўзи жоиз бўлиши учун чуқур билим ва малакага, етук дунёқараш ва савияга эга бўлиши керак. Токи, унинг ҳар бир сўзи халқ фаровонлиги, юрт тинчлиги, ватан равнақига хизмат қилсин.
  Ҳозирги замонда халқ қалби ва онгги учун кураш кетаётган пайтда турли хил усуллар билан ўз манфаатларини ифода этувчи ғайри кучлар пайдо бўлаверади. Буларга қарши чуқур билим ва маърифат билан жавоб бера олиш, воизлик маҳорати орқали фикр етказиш санъатини эгаллаш лозим. “Мафкура полигонлари ядро полигонларига нисбатан катта кучга эга” эканлиги “Юксак маънавият — енгилмас куч” асарида таъкидланиши бежиз эмас. Мафкура, ғоя бирлиги ҳам сўз билан.  Сўз ғоя байроғи, мафкура маёғи, хулқ қаймоғи, нутқ аймоғидир.
  Қандай ёш ва қандай касбда бўлишдан қатъий назар, ҳар биримиз кишилар билан нутқий муносабатда бўламиз – сўзлаймиз, тинглаймиз, фикрлашамиз. Ҳар кимнинг ўз диди, савияси, дунёқараши, сажияси, феъл-атвори, кўриниши, кийиниши бўлганидек, унинг овози, сўзлашиш услуби, тил ва нутқий маданиятни эгаллаш даражаси ҳам ўзига хос.
  «Ўзингга қараб кутарлар, сўзингга қараб кузатарлар»- деган нақл бор. Кишининг фаҳм-фаросати ва савияси икки оғиз сўзидаёқ намоён бўлади. Киши фикрининг аниқ, самимий ва таъсирли етиб бориши сўзловчининг  тил ва унинг ҳаракатдаги ифодаси бўлган нутқ қоидаларини қанчалик билиши ва амал қилишига боғлиқ. Шундай экан, нутқнинг аниқлиги-тафаккурнинг тиниқлигига дахлдор бўлса, талаффузнинг аниқлиги-нутқнинг тиниқлигига боғлиқдир. Нотиқ нутқининг мантиқий қудрати, таъсир кучи, жозибаси ҳам, аслида шу билан. Нотиқ нутқи, воиз ваъзи ҳар бир даврларда, ҳар бир маконларда жоиз бўлгани ҳақ.
  Демак, нутқий маҳоратни эгаллашга интилиш нутқ одоби, аниқроғи, тил ва нутқ воситаларини пухта билишни тақозо этади. Назарий маълумотлар амалий машғулотлар билан уйғунлашмас экан, бунга эришиш мушкул.
  Ҳар қандай сўзнинг хосияти нутқнинг моҳияти билан алоқадоргина эмас, балки мантиқий тафаккур мезони ҳамдир. Нутқ, нотиқ, мантиқ, нотиқлик атамаларининг бир ўзакдан ясалгани ҳам бу тил бирликларининг ўзаро узвий боғлиқликда намоён бўлишини англатади. Бири бирисиз рўёбга чиқмаслигини, бири иккинчисини тақозо этишини билдиради.
  Нутқий маҳоратнинг икки омили бор. Бири нутқ хусусиятларини билиш бўлса, иккинчиси нутқ техникасини эгаллашдир. Нутқнинг тўғрилиги, аниқлиги, мантиқийлиги, софлиги, бойлиги, ифодавийлиги, таъсирлилиги, жўялилиги, мақсадга мувофиқлилиги унинг хусусиятларини ташкил этса, оғзаки нутқдаги овоз, дикция, пауза, урғу, оҳанг, интонация, ёзма нутқдаги тиниш белгилари силсиласи нутқий техникадир.
  Фикрлаш техникангиз кучли, аммо овозингиз паст, таъсирсиз бўлса, ёки аксинча ўктам овоз, ўткир нафасга эга бўла туриб тафаккурингиз бўлмаса, бари беҳуда. Ҳар иккаласи омихта бўлиши мақсадга мувофиқ. Тингловчи эътиборини, даставвал, нотиқнинг кўриниши, сўнгра унинг овози тортади. Овоз ўқитувчининг ҳам, нотиқнинг ҳам биринчи қуроли. Шунинг учун ҳам итальян актёрлари Томаззо Сальвинидан «Актёр учун нима бирламчи?» — деб сўраганларида, у «биринчидан овоз, иккинчидан овоз, учинчидан овоз, тўртинчидан бошқа нарсалар»— деб жавоб бергани бежиз эмас.
  Бу мулоҳазалар тарғибот ва ташвиқот ишларида маънавият ва маърифат тарғиботчиларига масъулият ва огоҳлик, ҳушёрлик ва сергаклик юклайди. Шунинг учун ҳам Навоий ҳазратлари “Ваъз бир муршид ва огоҳ ишидур ва анинг насиҳатин қабул этган мақбул кишидир” дейишлари бежиз эмас. Нотиқлик, авваломбор, ишонтириш санъати. Унинг учун далилларга бой асосланган таъсирли нутқ зарур.  Якка ёки жамоа билан мулоқот жараёнида муомала маданиятига амал қилувчилар ушбу қоидаларни билиши фойдадан холи эмас.
  Тарғибот ишлари самараси камайган жойда турли хил англашилмовчилик ва низолар пайдо бўлиши аниқ. Шу ўринда аҳли донишлардан бирининг “бир кун сўз тўхтаса, эртасига замбарак, тўплар ишга тушади” — деган фикрини эслаш кифоя. Ҳар қандай мафкура омма онгига тўғри  сингдирилгандагина, у қудратли куч касб этади.
  Шундай суҳбатдошлар бўладики, улар сўзга чечанлиги, сўзининг таъсири кучи, аниқроғи сўзни топиб, танлаб, киши руҳиятига боғлаб, эшитувчини кўринмас иплар билан боғлаш хусусиятига эга. Иллюзион ўйинлар кўрсатувчи сеҳргарнинг ҳаракатига, манипуляцион машқларига қараб, ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Биз эплай олмайдиган ҳаракатларни қилиб ҳар хил усулда фокуслар кўрсатади. У шу йўл билан кўзимизни боғлайди, томоша кўрсатади. Шунинг учун ҳам у кўз бойлоқчидир. Нотиқ эса сўз бойлоқчи. У сўз сеҳгари. Фокусчи оддий томоша билан кўзни боғласа, воиз таъсирчан сўзи билан мияни боғлайди. Сўз магияси, унинг таъсир кучи ва доирасига эътибор кучли бўлмас экан, Миллий ғоя моҳиятини етказиш, тарғиб этишда ожиз қолаверамиз.  Сўз ва нутқ яхшининг ҳам, ёмоннинг ҳам қўлида қурол. Гўё қалам ва пичоқнинг моҳиятига ўхшайди. Қалам билан бировга соғинчлик салом хати ёзиш ҳам, бировнинг устидан ёзиш ҳам мумкин. Пичоқ билан сабзи, пиёз тўғраш, картошка арчиш сингари рўзғор юмушларида фойдаланиш ҳам ҳатто, одамзот жонига қасд қилиш ҳам мумкин. Ким ундан қандай ниятда фойдаланса, унга хизмат қилаверади. Шунинг учун ҳам воизлик дудама, яъни икки дамли ханжарга ўхшайди. Икки томони ҳам кесади. Бир томонида адолат бўлса, иккинчи ёнида адоват. Қайси томони билан кесиш кесувчининг ниятига боғлиқ. Нутқ таъсирчанлиги ҳақида сўз кетганда, шуни айтиш керакки, нимага одоб-ахлоққа йўғрилган амри маъруфни берилиб тинглаймизу, ўқув юртларидаги аудиторияда баъзи ўқитувчиларнинг маърузасини эшитиш ўрнига мизғиб ўтирамиз. Демак, сийқаси чиққан сўз, номигагина ўқилаётган, ҳаёт ва замон билан онқадар боғланмаган нутқ кишини бездириши тайин.
  Ҳар йили мунтазам равишда Республика маънавият тарғибот марказининг ташаббуси билан ўтказиб келинаётган  “Йилнинг энг фаол маънавият тарғиботчиси” Республика кўрик-танлови ҳам моҳият эътибори билан аҳамиятлидир. Танловда Қорақалпоғистон республикаси, Тошкент шаҳри  ва республикамиз вилоятларидан сараланган маънавият тарғиботчилари иштирок этишади. Улар ўз чиқишларида нутқининг таъсирчан, мазмунли ва жозибадор чиқиши учун  аудио ва видео техник воситаларидан, турли кўргазма қуроллардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ бўлмоқда. Улар кўтарган мавзулар долзарблиги билан ажралиб турди. Аср вабоси дея эътироф этилган гиёҳвандлик, диний экстремизм ва одам савдосига қарши мавзуларда ўз мулоҳазаларини етказиш усуллари тарғиботчиларда йилдан-йилга шаклланиб бораётганлиги кишини қувонтиради. Кимки мавзуни чуқур ва атрофлича билиб ўрганган бўлса, унинг нутқи равон бўлиши табиий. Мавзуга дахлдор маълумотларни тўплаш, далил ва асосларни йиғиш ҳамда уларнинг таъсирчанлигига эътибор қилиш тарғиботчиларнинг диққат марказида бўлади.
  Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтининг педагоглар жамоаси худди шу хусусиятларни назарда тутган ҳолда, китоб нутқ ва фикр манбаи эканлигини, фикрни  эмас, фикрлашни ўрганиш ва ўргатиш муҳимлигини ўқув жараёнида педагог тингловчиларга қайта-қайта уқтиришлари, ўқитувчи ва ўқувчининг мулоқот ва муомала маданияти таълим-тарбия таъсирчанлиги ва самарасининг  муҳим омили эканлигини эътироф этишлари эътиборга моликдир.
  Муомала маданияти, нотиқлик санъати бу тилшунослик фани объекти эмас, у мантиқ, руҳиятшунослик, этика, эстетика, фалсафа, тафаккур, сиёсатшунослик, жамиятшунослик илми ҳамдир. Шундай экан, масала моҳиятини теран англаган ҳолда, тажрибали воизларни жамлаб муомала маданиятини, нотиқлик санъатини ўргатишга қаратилган махсус ўқув муассасаларини ташкил этиш давр талабидир.

  РИМ НОТИҒИ МАРК ТУЛИЙ ЦИЦЕРОН “ҚАЛБ ҲАРОРАТИ БИЛАН СУҒОРИЛМАГАН ЭҲТИРОССИЗ НУТҚ ҲЕЧ НАРСАГА ЯРАМАЙДИ.” ДЕЙДИ. ТЎҒРИ, ТИНГЛОВЧИГА АЙТИЛГАН ҲИССИЗ КАЛОМ ГЎЁКИ, ТУЗСИЗ ТАОМ ЕДИРГАНДЕК ГАП. ШУНГА МОНАНД ҲОЛДА, МАЪНАВИЯТ ВА МАЪРИФАТНИНГ ФИДОЙИ, ТОЛМАС ТАРҒИБОТЧИСИ ИҚТИДОРЛИ ШОИРА, ВОИЗА ТУРСУНОЙ СОДИҚОВАНИНГ ФИКРЛАРИГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ: “ВОИЗНИНГ ЮРАГИ БУЛБУЛЗОР, БЎҒЗИДА ОҲАНГ ҚАЙНАЙДИ. ВОИЗНИНГ НУТҚИ ЮРАКЛАРНИ ЭРИТУВЧИ БИР ҚЎШИҚДАЙ: АВЖЛАРИ ТИТРОҚЛИ, СЎЗЛАРИ КАМАЛАК РАНГЛИ, ОВОЗ ПАРДАЛАРИ ҚОЧИРИМЛАРГА БОЙ БЎЛИШИ КЕРАК. ВОИЗ ДАФТАРГА ТЎПЛАНГАН ҲУЖЖАТЛАР, КИТОБЛАРДАН КЎЧИРИЛГАН ИҚТИБОСЛАР ЁРДАМИДА МАВЗУ ЁРИТИБ БОРУВЧИ НОТИҚ ЭМАС, МИНБАРДА МУОЛАЖА ОЛИБ БОРАЁТГАН ТАБИБДИР”.
  БУ МУЛОҲАЗАЛАР ЗАМИРИДА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯНИНГ ТАЪСИРЧАНЛИГИГА ТААЛЛУҚЛИ ТАЛАБЛАР ТАРАҚҚИЁТИМИЗ ТАРЗИ ЭКАНИГА ДАЪВАТ БОР. ТАРҒИБОТ ВА ТАШВИҚОТНИНГ ТАЪСИРЛИ КУЧИСИЗ МАҚСАД ТЎЛА АНГЛАШИЛМАСЛИГИ АЁН.
  Мулоқот воситаси сифатида коммуникация нутқий (оғзаки ва ёзма), паралингвистик (товуш оҳанги, гап тезлиги, овоз тембри), кинетик (хатти-ҳаракат, мимика, ҳаракатнинг бошқа шакллари) ва нарса белгили (ҳайкал, расмлар) воситалар тарзида амалга оширилган. Ҳар даврнинг ўз ғоялари ва шакллари бўлади. Инсон камолотида диний ва дунёвий  таълимотнинг ўз таъсири бўлар экан,  воизлик ҳам янгича кўринишда яшашга ҳақли.  Муомала маданияти эса унинг узвий бир бўлагидир. Маънавиятли, маърифатли жамият ўлмас ғоя  ва шакллардан фойдаланиб келганлиги ҳақ.
  Жамоа билан олиб бориладиган муомала ижтимоий моҳиятга эга бўлишини назарда тутиш ўринлидир. Байрам тадбирлари, ижодий кеча, концерт дастурлари ёхуд тўй маросимларидаги бошловчилик ҳам маънавият тарғиботчиси сифатида жамоа билан муомала маданиятини намоён этувчи кўзгудир. Бунинг ўзига хос талабларини билмаслик муомала жараёнида оқсаш, нутқий нуқсон, ноқулай вазиятларга сабаб бўлади.
  Тўғри, маънавият тарғиботчиси уйда ҳам, тўйда ҳам, кўча-кўйда ҳам маърифат тарқатади. Шундай экан, ҳар бир давранинг тош-тарозиси, талаби бор. Дидли бошловчи буни ҳис этган ҳолда иш тутади. Тўй даврасини олиб борувчилар сўзга чечан, вазиятга мос ва хос сўз айтадиган бўлиши керак. Тўтиқушга ўхшаб у ер, бу ердан ёд олган сўзларини такрорлайверувчи бўлмаслиги керак. Улар турли ҳудудларда, турлича номлар билан юритилади: даврабоши, давра раиси, ўртакаш, бошловчи, тамада, бошқарувчи ва ҳоказо.
  Тўй даврасини бошқариш аслида, ғоят мураккаб. Уни моҳир сўз усталари ҳам баъзан эплаша олмайди. Ҳатто, юқоридаги талабларга эга бўлган суз усталари ҳам талмовсираб қолишади. Чунки, тўйда ҳар хил табиатли, турли кайфиятдаги меҳмонлар бўлишади. Ҳар бирининг кўнглига йўл топиш, сўзни ўтказиш, фикрни етказиш, ёқиш мушкул. Тўй ўртасида, айниқса, якунида давра бошқариш қийин кечади. Чунки ширакайф мехмонлар билан юзлашасиз, уларнинг кўнглига малол келмайдиган сўзни топиб айтишингиз керак. Акс ҳолда, сизни ранжитишлари тайин. Баъзилари ширакайф бўлиб, санъаткорларга хиралик килиши, санъаткорлар тили билан айтганда, «эгов булишивга тоқат килишингиз керак. Кўплаб давраларни кўрган, сўз, нутқ малакасига эга булган сўз усталари тўйнинг мазмунли ва чиройли ўтишини таъминлайдилар. Серсўзликдан қочиб, таъсирли, тўйга мос ва хос сўзларни топиб айта билиш давра раисига шараф келтиради. Меҳмонларнинг кайфиятини чорлаш, тўй эгалари билан улар орасидаги меҳр  ришталарини боғлаш, умуман айтганда, тўйда ёкимли «иқлим» ярата олиш кўп жиҳатдан бошловчи маҳоратига боғлиқ. Нотўғри ишлатилган бир сўз билан ноқулай вазият туғдириб қолмасдан, киши дилини ранжитиш ҳам мумкин. Шоирларнинг тўрт-бешта шеърларини ёд олиб, у тўйдан бу тўйга ўтказиш, вазиятга тўғри келиш-келмаслигига қараб ўқийвериш тутиқушнинг ҳолатини эслатади. Бир туйда яхши қабул нилинган шеър ёки аския иккинчи тўйга, умуман мос келмаслиги, давра қатнашчилари томонидан яхши қабул қилинмаслиги мумкин.
  Шунинг учун ҳам даврабоши — бошловчини бутун бошли оркестрни йулга солиб турувчи дирижёрга ўхшатишлари бежиз эмас. Меҳмонларнинг касби, ёши, жинси билан қизиқмасдан кулдираман деб, бачкана қилиқлар қилиш, ҳар хил сўзлар айтиш ўринсиздир. Бу билан олқиш олиб бўлмайди. Омманинг назари бир зумда ҳазарга айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Ўринсиз сўз, хатти-ҳаракат ёки қилиқ, кишини хижолатликка олиб келади. Даврабоши ва санъаткорлар гуруҳини танлаш муҳим. Чунки, фарзанд ёки бирон якинларингиз боис ўтказилаётган орзу-умид тўйини чиройли ўтиши, меҳмонлар кўнгли шод бўлиб қайтиши сизнинг асосий ниятингиздир. Ақиқа, бешик, суннат, фарз, юбилей каби тўй маросимларининг ҳар бири ўзига хос. Даврабошилар уларнинг хусусиятларини яхши билибгина қолмай, тўй эгаларининг аҳволоти ва мақомоти ҳақида ҳам тўла маълумотга эга бўлса, фойдадан холи бўлмайди. Кўп ҳаётий тажрибага эга бўлмасдан, ўзи ёш бўла туриб отаси қатори инсонлар орасида насиҳатомиз ҳикматларни айтиш эриш туюлмайдими? Давра аҳлига ваъз қилувчи даврабоши укаларимиз устоз кўриб, мактаб ўтаб сунг жамоага юзлансалар чакки бўлмасди. Чунки жамоада эл қадри, юртдошлар иззати, урф-одат, халқ, миллат, улуғ алломалар, авлод-аждодлар ҳақида сўз айтиб, уларнинг муносиб издошлари эканимиз ҳақида фикр уйғотилади. Она юрт мадҳи, жаннатмакон юртимиздаги тинчлик ва осойишталик, нозу неъматлар қадри борасида таъсирли сўзлар айта олиш давра файзидир. Шундай экан, тўйда бошловчилик қилиш учун маънавий ҳуқуқ бўлиши керак. Тўй тадбирларини бошқарувчи сўз усталарига йўл-йўриқ, таълим берадиган, малакасини оширадиган ўқув-амалий курслар жорий этилиши зарур эмасмикан. Чунки, улар қайсидир маънода ҳаётимизнинг, ғоя ва мафкурамизнинг тарғиботчилари ҳамдир.
  Якка шахс ёки жамоа билан мулоқот ўзига хос муомала маданиятини талаб этса-да, сўзни ўринли қўллаш, унинг мазмун-моҳиятини билиш катта аҳамиятга эгадир. Муомала жараёнида амал қилиниши зарур бўлган сўзга муносабат тарзидаги адибларимизнинг асарлари билан танишиш фойдадан холи эмас. Тилда умумийлик, нутқда эса индивидуаллик бор. Тил ва нутқ муносабати масаласидаги боғлиқликни Алишер Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида образли тарзда ифодалаган. “тил шунча шарафи билан нутқнинг қуролидир. Агар нутқ номаъқул бўлиб чиқса, тилнинг офатидир”.
  Кайковус “Қобуснома”сида келтирилади: “агар сендан сўрасалар, сўз сеникими, ё сен сўзникими, жавоб айғил, сўз меники, мен сўзники.” Бу ўринда тилдаги сўзлар халқники, агар сиз уни ўз нутқингизда қўлласангиз сизники бўлади. Чунки айтилган сўз отилган ўқдек етиб бораркан, энди сиз айтган сўзингизга масъулсиз. Шунинг учун ҳам шоир таъкидлаганидек,

Кўкка етса агар бошинг сўзингдан,
Кўздан оқса агар ёшинг сўзингдан,
Яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам сўзингдан
Оғу бўлса ичар ошинг сўзингдан
Неки бўлса, ўзингдан кўр, ўзингдан.

  Демак, сиз айтган сўзингиз туфайли якка шахс ёки жамоада қандайдир кайфият, ўзингизга нисбатан муносабат уйғотасиз. Бу борада эҳтиёткорона ҳаракат зарурлиги таъкидланаяпти. Шунинг учун ҳам айтилган сўз мис, айтилмагани олтин дейилади. Масъуллик айтган сўзингиз ва қилган ишингизга жавобгарлик демакдир. Йирик мутафаккир шоир Абу Абдуллоҳ Рудакийнинг ушбу ҳикматига эътибор беринг:

Кўпинча сўз айтиб, бўлдим пушаймон,
Айтмаган сўзимдан – доимо шодмон.

  Етти ўлчаб бир кесишни биладиганлар, ўйнаб гапирса ҳам ўйлаб гапирадиганлар бу борада оқсамасликлари аниқ. Маълум бир вазиятда, жаҳл отига миниб турган бир дамда ўйламай-нетмай айтган бир сўзи учун умр бўйи хижолат чекиб юрганларнинг ҳам гувоҳи бўлгансиз.  Бировнинг гапига кириб муносабатларни бузиш, қариндошлик риштасини узиш, юз кўришмас бўлиб кетиш муомала маданиятига зид. Ўринсиз хатти-ҳаракат ёхуд бир оғиз айтилган ноўрин сўз сабаб дилхираликларга йўл қўйиш хунук иллат. Шарқона одоб-ахлоқ меъёрларини билмаслик, риоя қилмаслик, уни буни баҳона қилишлар ақли расо инсонларга ярашмаслиги аниқ. Муомала жараёнида зиддиятлар авжга чиққан пайтда сукут ва сабр энг тўғри йўл экани адабий манбаларда эътироф этилган. Ривоятлардан бирида келитирилишича, ғазабнок бир кимса “мен ҳақимда фалон одам ундай дебди, бундай дебди, мен ҳозир ундан аламимни оламан, дўппослаб хуморимдан чиқаман, уни ҳақорат қилишга қандай ҳуқуқи бор, дея ёши улуғ, сўзи қутлуғ бир донишманддан сўрабди. Донишманд айтибди:
  Яхшиси, уйингга бор, дамингни ол, сабр иймондандир, эртага гаплашасан.
  Нега, ахир, темирни қизиғида босган яхшимасми?!
  Сен темир эмас, одамсан, билмайсанми, кийимингга лой сачраган бўлса, у қуригандан кейин яхшироқ тозаланади.
  Тилдан тўғри ва ақлу идрок, фаҳму фаросат билан фойдаланилса, мулоқот кўнгилдагидек кечади. Қизиққонлик билан қилинган ҳаракат эса мақсадга путур етказади. Турли муаммоларни келтириб чиқаради. Булар айни пайтда бошга кулфатлар олиб келиши мумкин. Шунинг учун ҳам бунга “тил офатлари” дейилади.
  Тилдан келадиган офатлар кўп ва турли-туман бўлиб, улар қалбни сархуш қилади. Одам табиатида ҳам уларга мойиллик бор. Мазкур офатлардан қутулишнинг энг осон йўли жим туриш орқали бўлади. Бу жуда катта фазилатдир. Жим туриш ҳимматни жамлайди ва фикрни софлайди.
  Таниқли аллома Муҳаммад Зоҳид Қўтқу “Тилни тийиш – бу хоинлик, туҳмат, ёлғон, ғийбат, чақимчилик, истеҳзо, бировни масхаралаш, ёлғон қасам ичишдан тийилиш каби тил воситасида бажариладиган беҳуда ва ёмон амаллардан ўзини сақлашдир” деб бежиз таъкидламаган.
  Тил офатлари борасида сўз кетганда, зарур бўлмаган, кераксиз, ортиқча сўздан четда туриш муомала маданиятининг мақбул жиҳатлари сифатида тилга олинади.
  Ҳаким зотларларнинг биридан: «Сени бунчалик ҳикматга нима етказди?» деб сўралганда, «Билган нарсамни сўрамайман, кераксиз нарсани гапирмайман», деб жавоб берганлиги ҳам шунга асосдир. Алишер Навоий ҳикматларидан бири шундай: Сиҳҳат тиласанг кам е, иззат тиласанг кам де. Кам гапиришнинг фойдаси борасида кўплаб нақл ва ривоятлар бор.
  Абу Саъид ривоят қилишича, “Одам боласи тонг оттирса, унинг аъзоларининг барчаси тилга: «Бизнинг ҳаққимизда яратгандан қўрқ! Биз сенга боғлиқмиз. Тўғри бўлсанг, тўғримиз. Эгри бўлсанг, эгримиз, дер эканлар».
  Бундан англашиладики, тил кишининг бошқа аъзоларини бошчиси ва даъватчиси ҳамда уларни етакчиси (яхшилик ёки залолатга) эканлиги билинади. “Мўминнинг танасида тилчалик аллоҳ севган парча эт йўқ. Аллоҳ мўминни тили туфайли жаннатга олиб боради. Кофирнинг вужудида Аллоҳга тилчалик ёқимсиз парча эт йўқдир. Аллоҳ таоло кофирни тили туфайли дўзахга ташлайди.” Худди шу ҳадис мазмунидаги битикка монанд Алишер Навоий “Оғзига келганни демоқ нодоннинг иши, олдига қўйганни емоқ ҳайвоннинг иши” дея бежиз айтмаган. Гапи кўпайганнинг хатоси кўпаяди дейилишида ҳам мантиқ йўқ эмас. Кайковус сўзнинг икки томони, яъни яхши ва ёмон томони борлигини айта туриб уни қўллашда юксак дид ва гўзал ахлоқ бўлишини таъкидлайди. Одатда, кўпчилик ана шу сўзларни чалкаш қўллаш орқали эътибордан эътирозга сабабчи бўладилар. Ёмон сўз жондан имонга ўтиши ҳақидаги ушбу битикка эътибор қилайлик. Айтишларича, Баҳром Гўр бир дарахтнинг остида ўтирган эди. Ногоҳ шохлар орасидан бир қушнинг овози эшитилди. Баҳром ўқ билан бемаврид “сўзловчи” бу қушнинг ишини тамом қилди. Қушнинг тани мих мисол шохларга урилди ва жони эса ўқ-ёйнинг иссиқ сихи билан тилинди. У деди: “Қуш ҳам, инсон ҳам ўз тилини сақласа омон бўларкан!”

Байт: Ямон сўзким, келиб жонға урғай,
Ки жондин ўтиб имонға урғай.(Навоий)

  Шубҳасизки, муомала маданияти нозик табъликни, сезгирлик ва зийракликни талаб этади. Нутқ одоби муомала маданиятининг туб моҳиятини ифода қилиш билан бирга кишининг кимлигини намоён этувчи ойнадир. Шунинг учун ҳам сўзлик ўзлик учун кўзгудир. Нутқ одобига илмий таъриф бериладиган бўлса, у етказилиши керак бўлган маълумотларни эшитувчига бўлган ҳурмат ва самимиятни сақлаган ҳолда, дилини оғритмасдан, яъни кўнглига тегмасдан адабий нормадаги ифодалар, иборалар билан ахлоқий меъёрларга мос ҳолда етказишдир.
  Ўзи гувоҳ бўлган хунук ҳодисани икки киши бировга етказиш зарурияти бўлса, икки хил етказади. Бунинг учун улар тилнинг ифода имкониятларини, адабий меъёрларини, нутқий фаолиятни қай даражада эгаллаганлигига боғлиқдир. Мудҳиш хабарни қандай тарзда айтиш ҳам инсоннинг нутқ маҳоратига, одобига боғлиқ. Тингловчининг руҳий ҳолатини кузатиш, унинг кайфиятига мослаш орқали етказилган хабар қандай бўлишидан қатъий назар тингловчига малол келмайди. Мулойим, ёқимли сўзлаш кишининг сажиъаси, яъни характери, қандай темперамент типларига дахлдорлиги билан ҳам изоҳланади. Ёшликдан олинган таълим-тарбия, кимларгадир эргашиш, тақлид қилиш ёки таъсирланиш орқали нутқ одобига, муомала маданиятига эришилади. Тилшунос олим Т. Қудратов ўқувчи учун энг яхши намуна ўқитувчи нутқидир, буни ўқитувчи ҳар доим ҳис этиб туриши, ўз нутқида ҳеч вақт одоб-ахлоқ, нутқ маданияти нормаларидан чиқмаслиги лозим деб ўринли мулоҳазаларни илгари суради.(77-б).
  Шундай экан, ибратли инсонларга, маҳоратлик воизларга, етук нотиқларга эргашиш ижобий ва ижодий маънода бўлиши ўринлидир. Ўқувчиларга берилаётган таълим тарбия қобиғида етказилмас экан, кейинчалик, олим бўлиш осон, одам бўлиш қийин деган ҳикматни такрорлашдан нарига ўтилмайди. Акс ҳолда, Маҳатма Гандининг ушбу сўзлари бежиз айтилмаганига иқрор бўламиз. “Сўзларингизга ҳушёр бўлинг тушунчангизга айланмасин, тушунчангизга ҳушёр бўлинг хатти-ҳаракатингизга айланмасин, хатти-ҳаракатингизга ҳушёр бўлинг ҳис-туйғуларингизга айланмасин, ҳис-туйғуларингизга ҳушёр бўлинг, баҳойингизга айланмасин, баҳойингизга ҳушёр бўлинг феъл-атворингизга айланмасин, феъл-атворингизга ҳушёр бўлинг тақдирингизга айланмасин”.
  Учрашувдаги икки ҳолатга эътибор қилайлик. Саломлашув ва хайрлашув. Шунинг ўзидаёқ, мақсад-муддао, нутқий ва хулқий маданият намоён бўлади қолади. “Сўз боши – салом, иш боши – интизом”. Бу мақолни ҳаммамиз яхши биламиз. Лекин, саломлашиш одобини жойига қўя оламизми? Саломлашиш суҳбатнинг дебочаси, уни қандай давом этишига омилдир. Берилган салом, олинган алик суҳбатдош ўртасидаги яқинликни билдиради. У холис, самимий, ҳурмат нуқтаи назаридан бўлса, албатта. Акс ҳолда, саломига яраша алик бўлади. Саломлашишнинг, салом беришнинг ўзига яраша шарқона қонун-қоидалари бор. “Ассалому алайкум”(сизга соғлик тилайман), “валайкум ассалом”(сизга ҳам соғлик тилайман) маъносида илк учрашувдаги нигоҳлар тўқнашуви, қўллар боғланиши ёки ўнг қўлни кўкрак устига қўйиш бу ҳурматнинг белгиси. Баъзан шу сўзнинг талаффузида, (ўзлари маъносини билмаган ҳолда, албатта) хоразмча шевада эркалангансимон “соммаким” дейишади. Бу ўта хунук сўз. Сом арабча ўлим дегани. Сизга ўлим тилайман деган маънони беради. Ундан кўра, қисқа қилиб “салом” дейилгани дуруст.
  Ҳозирги пайтда кўришишнинг янги бир “шакли” пайдо бўлгани сир эмас. Олдинига ёш болаларда шу одат бўларди. Яъни, қўчқорга ўхшаб бош уриштириш. (Ушбу фикрларни қоғоз юзига тушираётган муаллиф ҳам қайсидир дўсти келиб бош билан кўришганда, иложсиз бош уриштирган.) Бу одатнинг оммалашиб кетишини ким ўйлабди, дейсиз.
  Хайрлашишнинг ҳам бир неча маънодошлари бор. “Кўришгунча”, “ҳозирча хайр, омон бўлинг”, “Учрашгунга қадар, хайр”, “Саломатликда кўришайлик”, “Хайр, яхши қолинг”, “Хайр, яхши боринг”… ва ҳоказо. Хоҳ юзма-юз бўлсин, хоҳ телефонда бўлсин дейлик, сизнинг суҳбатингизни тинглаб ўғил-қизингиз ёнингизда туришган бўлса, саломлашиш, сўрашиш ва хайрлашиш маданиятини сиздан юқтиришга ҳаракат қилиши табиий. Сўз орасида “Майли, пока”, “Бўпти, гаплашамиза”, “Хайр, до встреча”, “Майли, хўпчик” деган ғайриадабий сўзларни қўлласак, бу ҳам оммавийлашиб кетмаслигига ким кафолат бера олади. Шундай экан, муомала маданиятида оддий, эътиборсиз бўлиб кўринган нарса кейинчалик миллий-маънавий маданиятимизга ўзининг салбий таъсирини ўтказиши муқаррар. Навоий ҳазратлари ўз вақтидаёқ, “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” — дея ҳушёрликка чорлаганлар.
  Сўзларнинг ўз маъно доирасини билмаслик, сўзлашув нутқи билан адабий нутқ меъёрини фарқламаслик, аниқроғи, ҳис этмаслик кишини ғалати ҳолатга солиши мумкин. Дўстим билан шинамгина кафега кирдик. Қаҳвахона ораста, хизмат ҳам аъло даражада эди. Табассум қилиб бир ўспирин келди. Официант экан. Салом бериб бўлди-да, “биринчисига нима буюрасизлар,” деди. Биз айтдик, у ёзиб ола бошлади. Бироз кутиб тургандан кейин “иккинчисига ҳеч бало керакмасми?” деди. Официантнинг бир оғиз сўзи дўстимнинг табъини тирриқ қилди, шекилли, “кетдик,” — деб ўрнидан турди. Официант йигитчага “кафега бало ейиш учун келишмайди” деб тушунтирган бўлдим. У юз бор истиҳола қилиб, ҳижолат чекиб узрлар сўрай бошлади. Узрини қабул қилдим, кейин билсам, “ҳеч нарса” деган сўзни синоними ўрнида уйда ҳам шундай қўллашларини айтиб, қайта-қайта кечирим сўраб қолди. Маданиятли инсон ўз айбини мардона тан олиб кечирим сўраши ҳам хушмуомалалик белгиси, ўз ғурурини ерга уриш эмас, балки одоблилик аломатидир. Бирон қилинган иш учун ўз вақтида миннатдорликни билдириш ҳам ҳар иккала томоннинг ўзаро ҳурмат-эҳтиромини билдиради. “Баракалла”, “раҳмат”, “қойил”, “гап йўқ, сизга”, “миннатдорман” деган сўзларни эшитиб кўринг, сизга қай даражада таъсир этиб, руҳиятингизга тетиклик, кайфиятингизга кўтаринкилик бахш этишини ҳис этасиз.
  Тўғри ва ёлғон сўзга муносабат ҳам муомала маданиятида муҳим ўрин тутади. Бошингга қилич келса ҳам тўғри гапир, тўғри сўзнинг тўқмоғи бор, яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон мазмунидаги ростгўйликка даъват этувчи битикларни биламиз. Шунингдек, ёлғоннинг умри қисқа, ёлғон ё фарзандга урар, ё давлатга каби алдоқчиликни инкор этувчи нақллар ҳам бор.
  Тўғри, баъзан тўғри сўзни айтиш ҳам ўринли бўлмайдиган ҳолатлар бўлади.  Буни айтмаслик, андиша ва истиҳола қилиш каби шарқона одоб қоидаларини инкор қилиб бўлмайди. Бу, албатта яхшиликка, эзгуликка хизмат қилса. Навоий ҳикматларидан бири шундай: “Хирадманд чин сўздин ўзга демас, лекин бари чин ҳам дегулик эмас” Мазмуни: Ақлли киши тўғри гапдан бошқа нарса айтмайди, лекин барча тўғри гаплар ҳам ҳар доим айтилавермайди. Муснади Аҳмадда шундай келтирилади: “Одам фарзандига барча ёлғонлар ёзилади. Илло, икки бандани яраштириб қўйиш учун сўзланган ёлғон бундан мустасно.”
  Иккала битикда тўғри ва ёлғон гапнинг айтилиш ўрни, ҳолатини эътиборга олмаслик адоват уруғини сочишга, низо ва нифоқнинг кучайишига хизмат қилиши мумкин деган ақида бор. Шарқона ҳаё, мулозамат, одоб доирасида ўзига хос тавозеъ ва илтифот борлигини англаб олиш қийин эмас.
  Шарқона муомала маданияти чин ёхуд ёлғон сўзни қандай айтиш билан эмас, балки, айтувчи ҳамда тингловчининг ёши ва жинси масалаларига ҳам эътиборни қаратади. Ота, она, ўғил, қизнинг ва бошқа наслий яқинликларнинг оилада ўз ўрни, ўз сўзи, ўз хизмати, ўз ҳурмати борлиги эътироф этилади. Шарқона одоб-ахлоқ қоидаси сўзловчининг фойдаси эканини билиши, қаерда қандай йўл тутишига, ҳаётда доимо ўз ўрнини топишига хизмат қилилини англаш фойдадан холи эмас. Мақбул ва манзур адибимиз Тоҳир Малик шундай ёзадилар: “Фойдасиз сўз фойдасиз дори кабидир. Бошқачароқ айтилса – дорининг ҳам, сўзнинг ҳам ортиқчаси зарарлидир. Сукут вақтида сукут сақлашни, суҳбат пайтида сўзлашни билган киши бахтиёр инсонлардан ҳисобланади. Маъносиз, пойма-пой сўзламоқдан кўра, сукут қила билиш нодир фазилатдир. Зеро, сукут лозим бўлганда, сукут сақлаган, суҳбат лозим бўлганда, суҳбатлашишни билган инсонни буюклар сафига қўшарларки, вақтида сукут сақламак – оқил сўзламакнинг шартларидан биридир.”
  Кўнгил қулфи ўзига хосу мос очқични талаб этаркан, уни танлаш топиш ва очиш эса калит ушлаган, мулоқотга киришаётган нотиқнинг, тарғиботчининг диди, фаросати ва уқувига боғлиқ. Суҳбатдошининг қизиқиши билан қизиқмаган нотиқнинг қизиғи йўқ. Бу оддий ҳақиқат, оддий муомала, холос. Дейл Карнеги “Мен қаймоқ солинган қулупнайни яхши кўраман, балиқ эса чувалчангни”- дейди ва савол қўяди:  “Балиқ овига бораяпман нима олиб боришим керак?” Албатта, чувалчангни-да. Мулойим хулқингиз, ёқимли нутқингиз, самимий мулоқотингиз билан ром эта олмасангиз, сиз ўзингизга садоқатли суҳбатдошни топа олмайсиз. Ҳар қандай воиз ўзи ёқимли, сўзи юқумли бўлмас экан, муомала жараёнида ютқизиб қўйиши тайин. Ҳар қандай стратегик мақсад тактика орқали амалга оширилишини билиш зарур. Тил калит бўлса, дил қулф, шундай экан, ҳар қандай қулфга ҳар қандай калит тушавермайди. Тилингиз дилингизга, дилингиз дидингизга мос бўлсагина марра сизники.

Хулоса

  Муомала маданияти билим ва маърифатдан, ахлоқий тарбиядан, ўтмиш бобокалонларимиз меросини яхши билиш ва маънавий қадриятларимизга садоқатдан келиб чиқар экан, унинг жамият маданий-маърифий тараққиётининг, миллат маънавий камолотининг муҳим аломати эканига шубҳа йўқ. Шунинг учун ҳам, мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб, маънавий-маърифий масалаларга, таълимий ва тарбиявий соҳаларга эътиборнинг қаратилганидан буни англаш қийин эмас. Бу соҳадаги ислоҳотларнинг барчаси, юртимизнинг эртаси, халқимизнинг истиқболи бўлгувчи ёшларимизга бўлган, аниқроғи, ақлан ва жисмонан соғлом, баркамол авлодга бўлган меҳр ва муҳаббатдан келиб чиқади.
  Республикамизнинг “Давлат тили ҳақида”ги, “Таълим тўғрисида”ги қонунларида, “Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастури” ва бошқа жуда кўплаб ҳужжатларида юқорида қайд қилинган масалаларга  алоҳида аҳамият берилган.
  Мулоқот, муомала тушунчалари бугунги кунда ижтимоий сиёёсий моҳият касб этишини ҳаммамиз яхши идрок қилишимиз зарур.
  Халқаро майдонда мафкуравий, ғоявий ва информацион курашлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб ва таҳликали даврда маънавий-маърифий тарғибот ишларини замон талаблари асосида ташкил этиш, ёшларимизни турли мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш, юртдошларимизнинг ҳаётга онгли муносабатини шакллантириш, ён-атрофда юз бераётган воқеаларга дахлдорлик ҳиссини ошириш, мамлакатимиз мустақиллиги, тинч-осойишта ҳаётимизга хавф туғдириши мумкин бўлган тажовузларга қарши изчил кураш олиб бориш вазифаси ушбу соҳадаги ишларни қайта кўриб чиқиб, такомиллаштиришни, “жаҳолатга қарши маърифат билан” баҳсга кириша оладиган мулоқот ва муомала қила оладиган ритор ва иқтидорли нотиқларни тайёрлашни талаб этмоқда.
  Ўзбекистон Республикаси Президенти таъкидлаганидек, “…инсониятнинг кўп минг йиллик тажрибаси шундан далолат берадики, дунёдаги зўравон ва тажовузкор кучлар қайси бир халқ ёки мамлакатни ўзига тобе қилиб, бўйсундирмоқчи, унинг бойликларини эгалламоқчи бўлса, авваламбор, уни қуролсизлантиришга, яъни энг буюк бойлиги бўлмиш миллий қадриятлари, тарихи ва маънавиятидан жудо қилишга уринади”. (“Юксак маънавият – енгилмас куч”, Т.: 2008 йил)
  Бутун дунёда тарғибот ва ташвиқот тизими шиддат билан ривожланиб, кучайиб бормоқда. Дунёнинг энг чекка қисмида содир бўлган воқеа-ҳодиса бир зум ўтмай исталган мамлакатда пайдо бўлиб, ўз таъсир доирасини яратмоқда. Барча мамлакатларда бўлгани каби мустақил Ўзбекистоннинг ҳам ўз маънавий-маърифий тарғибот тизими шаклланиб, янада такомиллашиб бормоқда. Мазкур соҳа ривожига қаратилган бир қанча фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг маънавий ҳаётимиздаги тарихий аҳамияти ҳақида кўп гапириш мумкин.
  Бутун халқни бирлаштирадиган байроқ бўлмиш мамлакатимиздаги маънавий тарғибот ишлари самарадорлигининг амалий жиҳатларини тадқиқ этиш ҳамда нотиқлик санъати тарихини ва долзарб муаммоларини назарий ўрганишни  Президент қуйидагича таърифлайди: – “Эндиги энг долзарб вазифамиз – бу жараёнларнинг илмий-назарий асосларини, уларнинг янги-янги қирраларини мукаммал очиб бериш, ўқувчиларимиз, талабаларимизга, кенг жамоатчиликка содда, лўнда қилиб тушунтириб бериш ва уларни янги ҳаёт, замон талабларига жавоб берадиган жамият қурилишининг фаол ва жўшқин иштирокчиларига айлантиришдан иборат”.
  Жамият қурилишининг фаол ва жўшқин иштирокчилари миллий ғоямиз ҳимоячиси бўлишлари учун тил, сўз, нутқ масалаларига уларнинг эътибори янада юқори бўлиши доим таъкидланади. Тарғибот, ташвиқот, мулоқот, муомала тушунчалари ўзаро узвий боғланиб кетган. Уларнинг барчаси замирида сўз туради. Мавлоно Румий:”Сўз – ҳақиқатнинг сояси ва парчасидир. Модомики, соя ўзига тортар экан, у ҳолда ҳақиқат янада яхшироқ жазб этади. Сўз – баҳонадир. Бир инсонни бошқа бир инсонга тортган нарса сўз эмас, балки иккаловида мавжуд бўлган руҳий бирликдан бир парчадир”, – дея эътироф этади.

Бу руҳий бирлик, қалблар яқинлиги, мақсадлар муштараклиги демакдир. Чунки, аҳиллик, ўзаро бирлик, муайян мақсад сари оғишмай собитқадамлик билан илдамлашгина Мустақил ватанимизни янада юксак қоялар ва улуғ ғоялар сари етаклайди. Шоирмиз ҳақли эътироф этганидек,

Мақсад бир бўлмаса жам бўлмагаймиз,
Жам бўлсак, бошимиз хам бўлмагаймиз,
Ватан бир, ғоя бир дўстмиз, биродар,
Дунёда ҳеч кимдан кам бўлмагаймиз.

  Мулоқотлар мезони, муомала моҳияти бўлган хулқий ва нутқий маданиятимиз ҳамиша ғоя байроғи, мафкура маёғига боғланган ижтимоий бирликдир.

  Ўзбекистoн Республикaси Нотиқлик санъати aкaдемияси раҳбари, “Энг яxши вoиз” Республикa кўрик-тaнлoвининг сoвриндoри, филoлoгия фaнлaри нoмзoди, доцент, нотиқ ва ТИҚХММИ матбуот хизмати раҳбари - Раҳимбой Жуманиёзов.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот