ЭЙ МАЙ


Мунаввара УСМОНОВА - 
"Саодат" журналининг Бош муҳаррири,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган
 маданият ходими, шоира.

  БУГУН ДАДАМ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН. АЛЛОҲИМ ОХИРАТЛАРИНИ ОБОД ҚИЛСИН!
    Раҳматли дадам 1927 йил 5 май куни таваллуд топган эдилар. Шу кунни ҳар йили катта байрамдек нишонлардик. Май ойи яқинлашганда дадам менга сим қоқиб:“Келасизларми? Келасиз-а, қизим, албатта келинглар, кутамиз!”– дердилар меҳрибонлик билан. 2011 йил 21 май куни вафот этдилар...

ЭЙ МАЙ

Сени жуда яхши кўрардим,
Сени яхши кўрарди отам.
Билмай қолдинг ўзинг ҳам балким,
Шод кунимни айладинг мотам.

Кутар эдик сени қанчалар,
Севинардик боладек шодон.
Энди дилга тикан санчилар,
Юрагимни тилкалар армон.

Гул-чечакка бурканиб йўллар,
Борар эдик ифорингга маст.
Сени кутиб-кузатган кўзлар
Бир умрга юмилди абас.

Энди сенга қандай қарайман,
Энди менга қандай қарайсан.
Мен-ку бўзлаб ҳолинг сўрарман,
Менинг ҳолим қандай сўрайсан.

Мажолсиздир, руҳим қийналар,
Шамолингни ютар фарёдим.
Юрагимни соғинч қиймалар,
Рухсорингни тимдалар додим.

Фаришталар учар бошимда,
Сукунат ғам куйин тўқийди.
Кўнгил сўраб, келиб қошимга,
Мусичалар оят ўқийди.

Соғинчимни гулга ўрайман,
Чечаклар ҳам йиғлайди, эссиз.
Боғда дарахтлардан сўрайман,
“Қийинмиди отамга менсиз?”

Бораяпман тутдек тўкилиб,
Чақин урган гўё танамни.
Капалаклар гулга қўшилиб,
Йўқлаб борар экан отамни.

Бошим урган табаррук тупроқ
Товонимга чўғдек ботади.
Ҳолин сўраб тургин, қизғалдоқ,
Отам шу маконда ётади...

Келиб-кетар неча баҳор, куз,
Илинмайди пишса узумлар.
Йўқ йўлимга термулгувчи кўз,
Чақирмайди энди “қизимлаб”.

Синглим деган эдим бодомни,
Шохи тегиб кўксимни тилди.
Яхши-ёмон кунда дадамни,
Ўрни менга жуда билинди.

Интизорман, кўкда кўзларим,
Ёмғир бўлиб ёғиб ўтсин деб.
Тўрт тарафга тўзсин изларим,
Шамол бўлиб келиб кетсин деб.

Бу андуҳлар бошимни эгди,
Қабр тошин силайман қақшаб.
Отам билан сўзлашсам эди,
Шу тебранган майсага ўхшаб.

Буғдой сепдим қўшиб ноламдан,
Қушлар есин кўкламга қадар.
Униб чиқса, ёруғ оламдан
Айтиб турар отамга хабар.

Қайғудаман, йиғлар умидим,
Ғамбодаман, аммо онаман.
Шу тупроқдан олиб бир чимдим,
Тумор қилиб қадаб оламан...

Эй май, ғамдан сенга не фойда,
Дунё асли яралмиш бир кам.
Эслатмайсан, ахир, шу ойда
Туғилди-ку жажжи набирам.

Сени яхши кўрамиз ЭЙ МАЙ...


БИР КУНИ...

   Акаларимдан бири "ихтиро" ўйлаб топди. Бир дўсти билан анча пайтгача электр ҳисоблагични ковлаштириб, кейин ҳовлидаги ҳамма чироқларни ёқиб қўйишди. Севиниб: "Тескари айланяпти, ҳаммасини ёқиб қўйинглар, бир сўм пул ёзмайди", - деди. Мен ҳам севиндим. Тунда ишдан қайтган дадам ҳайрон бўлиб: "Нега тўй бўлаётган хонадондек ҳамма чироқ ёниқ, ўчиринглар", - деди. Кейин мен акам "зўр" иш қилганини тушунтирдим. Кутилмаганда дадам ғазабдан қалтирай бошлади. Онамни койиди, акамни яхшигина жазолади. "Эл-халққа хиёнат қилишнинг катта-кичиги бўлмайди. Халол нон еб, ҳаром иш қилган болани кечирмайман. Кимнинг ҳаққини ёқиб яшамоқчисан?", - деди. Онамнинг айтишича дадам ўша куни туни билан ухламай, ҳовлида юриб чиқибди. Уч соат "тескари"айлангани учун, уч кун чироқ ёқмай, тошфонорда дарс қилдик... ДАРС БЎЛДИ...

***

    Дадам раҳматли синиқчи-табиб эдилар. Кун ора йиқилиб, сурилиб қўл оёғи дарз кетган беморлар келиб турарди. Дарвоза ёнига солинган уйча дадамнинг "қабулхона"си эди. Онам бирортаси келиб қолса, деб, доим боғлам учун мато, бир-иккита тухум сақлаб қўярди. Бир куни ярим тунда чирқираб йиғлаётган гўдакни олиб келишди. Ҳамма безовта, қишнинг совуқ кунида онам югуриб тухумли иссиқ малҳам тайёрлади. Муолажадан сўнг бола ухлаб қолди. Хонтахта устига қўйилган "қўл ҳаққи"ни онам аёлнинг чўнтагига солиб қўйди. Елкасини силаб, "Қизим, бола ётган беланчак тагига болиш қўйинг, йиқилса шикаст топмайди. Биз розимиз, бу пулга новвот олиб ичинг", - деди. Аёл кетгач онамга: "Ҳатто боласининг қўлига боғлагани бир парча мато обкемабди, ҳамма нарсани ўзиздан қилиб, 3-4 сўм пулини олмайсиз-а, она?", - деб ёзғирдим. Шунда онам: "Кенг бўл, болам. Аёлнинг рангини қара, қон йўқ, кийиб келган калиши титилиб кетибди. Шундай инсондан пул оламизми?", - дедилар.

***

   Оиламиз катта эди. Онам ўн ўғилнинг орасида дунёга келган қизалоғи ўзига кўмакчи бўлади, деб қувонган бўлса керак. Аммо мен “дада қизи” бўлдим. Дадам ишдан кеч қайтгани учун кўпинча акаларим ухлаб қолар, онам иккимиз сергак кутардик. Ҳоригандан кўзларини аранг очаётган дадам нима гаплар, деб сўраганда, онам негадир, тинчлик, деб жавоб берарди. Нега дадамдан гап беркитар экан, деб, онамга ғашлигим келарди. Ахир акаларимнинг саргузаштлари кўп эди-да.
    Бир куни дадамнинг қулоғига секингина: “Онам сизни алдаяпти”, – дедим. Кейин онам бир юмуш билан андармон бўлиб ҳовлига чиққанида ҳаммасини бир бошдан айтиб бердим. Нодир акам қўшни билан уришиб бурнини қонатганини, Носир акам боқаётган даканг хўрозига гўшт олиб едирганини, Қодир акам даладан молларга ўт юлиб қайтаётиб, велосипеддан йиқилиб жароҳат олганини, хуллас, иккита нон сўраб чиққан қўшни ким эканигача айтдим. Бирдан дадамнинг ранги ўзгарди. Эшикдан кирган онамни боплаб жазолайди, деб ўйлагандим, ундай бўлмади. Жонсарак онам: “Вой, дадаси, қон босимингиз ошиб кетдими дейман, оч қоринга  ҳамирли овқат еганингиз оғир келгандир”, – дея дори қутига югурди. Қатиқ, дори ичиб бироз ўзига келган дадам онамга: “Мен нон топиш билан овораман, сиз пишир-куйдир билан андармон бўлиб, болаларга яхши тарбия беролмаяпмиз, шекилли. Бири бирини уриб бурнини қонатса, қўшнига ош тутиб, нон узатиш, оға-ини бўлиб корига яраш ўрнига, муштумзўрлик қилиб маҳалла боласига қўл кўтарса, рўзғор камини тўлдириш илинжида ярим тунгача ишлаб юрсам-у, ўғлим боққан хўрозига гўшт едирса, эртага булар ким бўлади. Бош оғриса, қон босими кўтарилса унга даво бор. Ноқобил фарзанд ўстирган ота-онанинг дардига даво йўқ, икки дунёси ҳам куяди. Боринг, қизим, акаларингизни уйғотиб чиқинг...”, - деди. Онам  икки қўлини мушт тугиб, бир-бирига уриб имо билан мени койиди. Ўшанда тоби қочган дадам уч кун ишга бора олмади. Мен эса онам нима учун отамнинг берган саволига, тинчлик, деб жавоб беришини англаб, қилган ишимдан афсус қилдим, дадамга ачиниб, ўзимдан нафратландим. 
    Кейин... кейин эса дадам келгунича ухлаб қолмаслик учун китоб ўқиб ўтирган, ҳовли четига ўзлари тиклаган бокс майдончасида машқ қилаётган, йиртилган туфлисини ўзи тикиб ўтирган акаларимни кўрганимда ўз қилган ишимдан хурсанд бўлардим.

***

   Бола эдим. Дадам ишдан келишини ухламай кутардим. Кундузи жамоат транспортида ҳайдовчилик қилган дадам гоҳида тунда ҳам навбатчиликда ишларди. Ҳориган, қўллари  меҳнатдан қадоқ бўлиб кетган дадамнинг кўзларида ғам, сўзларида миннат йўқ эди. Қўлларига сув қуймай туриб кафтларини ҳидлашни яхши кўрардим. Дадам бечора ўша пайтда шодланиб кетарди. “Мой ҳиди келиб турган қўлларимни битта сиз яхши кўрасиз-да, қизим”, - деб бошимни силарди. 
    Бир куни дадам уйга хурсанд қайтди. Дастурхонга овқатини қўяётган онамга қараб: – Эртага автобазада катта  мажлис бўларкан. Кадр бошлиғи мени чақириб, “Сизни мукофотга кўрсатдик. Эртага яхши кийиниб келинг, Тошкентдан катта раҳбарлар келяпти, ўз қўллари билан топширишади. Сиз Андижон вилоятидаги биринчи ҳайдовчи экансиз”, – деди.  Ўша паллада отамнинг кўзларида қандайдир бир нур, қувонч жилваланди. Туни билан ухламай, хаёл сурдим. Хаёлимда дадамга каттароқ туҳфа берса, касалдан турган одам кўтаришга қийналмасмикан, деган хаёл ҳам ўтарди. Бола эканман-да, пул берса керак, кўўппп пул, деб уйқум қочарди. Ва ниҳоят тонг отди. Оҳорли кийимларни кийиб, кўчага отланаётган дадамнинг қўлидан тутиб: “Дада, кечикиб қолманг. Мен сизни кўчада кутиб ўтираман”, дедим. Ўтирдим ҳам. Кун оға бошлади. Кўча бошида дадамнинг автобусини кўриб, пешвоз чиқдим. Қўлидаги катта қутичани қувнаб менга тутди. Уйга кириб ҳаммамиз тўпланиб уни очдик. Мени қучоғимга аранг сиққан каттагина, жимжимадор қутининг ичида ёғочдан ясалган миттигина айиқча бор экан. Кўзларимга ишонмай, қутининг тагларини очиб кўрдим. Унинг оёқлари остига ўрнатилган тахтачада ўйиб ёзилган ёзувлар ҳам бор эди. Кафтларим орасига олган айиқчага ўкиниб, алам билан термилдим. Туни билан ухламай ўйлаган ўйимни ота-онам, акаларим билиб қоладигандек, совғани дарров жойига қўйдим. Дадамнинг кўзига қаролмасдим. Негадир ҳеч ким ҳеч нарса демади. Фақат бир акам: “ Айиқча бекорга асал бочка кўтариб олмаган. Бу уйимизга бойлик келтиради, дегани-да”, - деди. Токчада турган айиқчани ҳар кўрганимда бўғзимга бир нима қадаларди. Ўтириб дадамнинг оёғини қучиб, бор овозим билан йиғлагим келарди. Кейин... кейин акаларим дадамнинг туғилган кунида биргалашиб девор соати сотиб олишди. Деворга илинган соатнинг устидан жой олган айиқча дадамга термилиб ўтиргандек яқин эди. Қирқ йил, ундан ҳам кўпроқ йиллар дадамнинг қошида бўлди. Акаларим тўрт тарафга тарқалди. Мен ҳам тақдирнинг этагидан тутиб кетдим. Айиқча эса дадамнинг ёнида бўлди. У дадам жойнамоз устида бизга дуолар қилганида ҳам, бемор синглим бошида ўтириб, кўзларидан ёшлар қуйилганда ҳам, тақдир синовларида “воҳ” деганда, “оҳ” деганда ҳам  дадамнинг ёнида бўлди.  
    Бир куни дадам мени ёнига чорлади. Қўлида ўша айиқча. “Қизим, мен сизларга тарбия бердим, бахтли бўлишингиз учун жонимни фидо қилиб меҳнат қилдим. Оқу қорани танитдим. Сиз катта шоир бўласиз, дея дуолар қиляпман. Умидим бор... Қаридим. Тўқсонга қараб кетаётган одамга ишонч йўқ. Сизларга  берадиган бойлигим, қимматли бисотим йўқ. Сизга мана шу айиқчани бермоқчиман. Яхшиям жони йўқ экан, чидади. Энди  сиз билан бўлсин. Мен унга гапириб турардим. Бошини силаб эркалатардим. Қорнинг дардга тўлиб кетмадими, деб ҳол сўрардим. Сиз ҳам шундай қилинг. Дадамнинг ярим асрлик дўсти, деб қадр қилинг”, - деди... 
  Воҳ, дадам, жоним дадам-а!!! Шу бир жонсиз ўйинчоқчалик бўлмаган қизингизни кечиринг... Мени кечиринг, ДАДАЖОН...










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот