ЎҚУВЧИ ТИЛИМИЗНИ ҚАНЧАЛИК БИЛАДИ


ЎҚУВЧИ ТИЛИМИЗНИ ҚАНЧАЛИК БИЛАДИ ЁХУД ОНА ТИЛИ – ФАҚАТ ГРАММАТИК ҚОИДАЛАР ФАНИМИ

   Биз узоқ йиллар ўз фанларимизни, жумладан, она тилимизни унга тўла мос келмайдиган қоидалар, тартиблар асосида ўргандик, ўргатдик. Она тили фани тилимиз жозибаси, унинг имкониятлари ҳақидаги эмас, тилнинг сиртқи тартиб-қоидаларини ўрганадиган ва ўргатадиган илмий фанга айланди. Ўқувчи она тили деганда бетакрор гўзал ифодалар, бир тушунча ёки туйғунинг бир неча сўзлар билан ифодаланишидаги имконлар, маъно товланишлари, ифода гўзалликларини эмас, сўзнинг қайси туркумга кириши, гапда қайси бўлак бўлиб келиши ҳамда қатор ваҳоказоларни англайдиган бўлди. Олий ўқув юртига кириш ниятида бўлган ёшлар ҳам фаннинг тартиб-қоидалари қолипини тўлиқ ёд олишга мажбур эди. Бу тартиб-қоидалар эса кўп ўринда тилимизнинг борлиғига ёпишмаган, ётишмаган панжаралар эди.
   Тартиб-қоидалар, тил формулалари кўпда тилга мос келмагани важидан тилшуносларнинг айримлари она тилини қоидалар фанига айланиш занжиридан қутқармоқчи бўлдилар ва оқибатда фанни қисқартириш деган нодонларча ечимга келинди. Қоидаларни ғалвирлаш жараёнида гўёки энди она тили фанида ўрганишга арзирли нарса кам қолди. Бу эса энг хато, энг аянчли, энг даҳшатли фикр эди.
   Аслида она тили қоидалар фанимиди? Наҳотки ўз тилимизда уни қўллашга оид кўрсатмалардан ташқари ўрганишга арзийдиган илм бўлмаса. Наҳотки, она тили деганда фақат давлат тест маркази томонидан абитуриентга тақдим этиладиган тўрт жавобли тестларга жавоб топиб берадиган қоидаларни, қолипларни тушунсак?
   Она тили дарсликларидаги қоидаларни қисқартириш ва яхлитлаштириш она тили дарсини қисқартиришга асос бўлди. Катта айб ўзимизда. Тилшунослар янги давр учун, қайсики нисбатан кичик тиллар катта тилларга сингиб йўқолиб бораётган шароитда ўз болаларимиз учун (хорижий ўрганувчиларни қўя турайлик) “Қизиқарли ўзбек тили” “Ўзбек тили мўъжизалари”, “Тилимизнинг ғаройиб имконлари” каби ёки шу мавзулардаги қўлланмаларни яратишлари лозим эди. Улар шу қадар қизиқ бўлиши керакки, ўқувчилар она тили дарсини интиқиб кутсинлар. Қизиқарли қўлланмаларга қизиқарли ва мўъжизакор ўзбек ТИЛИ бемалол асос бўлади. Тилимиз тарихини қаранг, қандай гўзал, қандай жозибали ва қандай ўзгаришлар босқичини босиб ўтди. Тил тарихий ҳам юқори синфларда ўқитилиши керак.
   Маълум тилни ўрганишда унда гапира олиш деган мезон бирламчи бўлади. Халқ таълими вазирлиги болаларимизнинг она тилини билиш даражасини худди шу мезон, даража асосида ўлчаб, “гапиришни билади, уларга она тилини ўргатиш шарт эмас”, деб таъкидламоқда. Бироқ одам она тилини фақат гаплашиш даражасида билиши, глобал дунёда бошқа ўрганган тиллари даражасида англаши дегани – одамнинг фақат кун кўриб кета олиш учун яшаётгани демакдир. Бу эса МИЛЛАТ ФОЖИАСИ.
   Ўқувчи ёшидаги болалар тилни қанчалик биладилар?
   Бу савол ўта оғриқли. Ҳозир имлони яхши биладиган ёшлар жуда саноқли. Улар ҳам бадиий адабиётни кўп мутолаа қиладиганлари. Ҳолбуки имлони яхши билган бутун бир авлод бизга жуда керак. Чунки ҳали келажакни ҳам тарбият этиш лозим бўлади.
   Она тилида гаплашишни билгани етади, деб ўйлайди мутасаддилар. Бироқ аччиқ ҳақиқатки, одамларимиз тоза она тилида гаплашишни билмайдилар. Ўз тилимизга, ўзгалар сўзига қулоқ бериб кўрайлик. Қолаверса, шевалар ранг-баранглиги ҳаммамизга аён. Ўзбек адабий тилини чуқур, жуда чуқур ўргатиш шарт. Орамизда ҳатто тил доирасида хато қилишга ҳақи бўлмаган мутахассислар ҳам ҳаминқадар биладилар. Имлони бир четга қўятурайлик.
   Оддий мисоллар: “Ҳосият” исмли қиз-аёллардан бирортасининг ўз исмини шундай ёзмайдилар. Ҳаммалари бирдек “Хосият” ёзишади. Ҳолбуки бундай исм аввалда бўлмаган. (Изоҳли луғатдан кўрсатишлари мумкин. Лекин унда “Ҳосият” деган ҳам бор). "Хосият" сўзи кейинчалик пайдо бўлган. Бу ҳам “Ҳосият” таъсирида. “Хосият” – хусусият сўзидан кўра “Ҳосият” сўзининг англатадиган маъноси (ижобий томон, хислат, фойда, наф) аёллар исми учун муносибдир.
   “Маза” сўзи ўрнида “мазза” (меванинг маззаси) деб, “изм” ўрнида “изн” (опасидан изм олиб), “эсиз” ўрнида “эссиз” (эссиз, увол бўлди) деб ва ҳоказо ишлатаётганимиз сир эмас.
   Яна ҳашарот, афв, татбиқ, муомала, муваффақият каби кўплаб сўзлар имлоси кўпинча бузилади. Ёшгина болалар ўз сўзларимизни англамасдан, ўнг келганда сўраб кўришади, кейин маҳаллий тилимизда кенг тарқалган хориж атамалари орқали маъносини англаб оладилар. Бу аянчли.
   Хулоса шуки, она тилимизни ҳафтасига икки соат эмас, ўн соат ўрганса ҳам кам аслида. Дарсларни қисқартириш эмас, яна икки соатдан қўшиш керак. Ҳа, агар миллат керак бўлса, албатта, шундай қилиш керак. Муҳтарам Вазирнинг ўз ўқитувчилари ҳақидаги “она тилини ҳимоя қилиш дарс талашиш”ми дегандек хулосалари наинки ўқитувчиларга, ўзларига бўлган ҳурматсизлик эди. Чунки аввало, ўқитувчилар орасида она тилининг оғриқларини, тақдирини ҳис этганларгина бу масалага аралашадилар. Агар ҳамма она тили ўқитувчилари дарси камайишидан хавотирда экани рост бўлса, демак, халқ таълими вазири фақат номуносиб кадрлар билан ишлаётир. Бундай эмаслигини ҳатто ўқувчилар ҳам яхши ҳис қилади. Дарвоқе, мен ҳам беш йилдирки, таълим одами эмасман. Лекин халқ таълими битта одамники ҳам эмас, ҳаммамизники. Сабаби – болалар ва келажак ҳам, тил ва ўзлик ҳам ҳаммамизники.

Маъмура Зоҳидова,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ўқув-методика ва ҳарбий-ватанпарварлик
бўлими бошлиғи.