РЕСТОРАНДА


Қўчқор НОРҚОБИЛ

РЕСТОРАНДА
Ҳикоя

Дўстим Собирга бағишлайман.

   Жувон киприги билан кирпи овлайдиган даражада гўзал эди. Ҳа, ҳаддан зиёд хушрўй. Таърифга тил лол. Томири Кавказ тоғларидан сув ичади. Ўзи айтган; бобо-момолари осетин. Мен унга Кавказда осетинлардан ўтказиб пирог пиширишолмайди, деганимда, шу-шу ўзига яқин олиб қолган. Ҳ-е-е, бунга ҳам анча йиллар бўлди. 
  Мен очган фирма қароргоҳи айнан мана шу нуфузли ресторанга тақалиб турар, ўртасида биргина девор бор эди. Нарёғи хориж, берёғи ўзимизнинг бойу бадавлатлар ишбитимга муҳр урилгач, қўлтиқлашиб шу ерга кирамиз. Ишбеги эшик олдида бизни кутиб олади. Доимо қўли кўксида, юзида қандайдир алам қоришиқ кулгу зоҳир бу савлатдор кимса бизни рестораннинг алоҳида гўшасига етаклайди. Ўн-ўн беш чоғли меҳмонга мос хосхонада эса бир қошига қирқ қурбон сўраб Салтанат пайдо бўлади. Давлатинг довруқ урса девлар дириллаб, жинлар жирилларкан, чин. Гоголнинг “Диканка қишлоғи оқшомлари”ни ўқиб бойлигингга инсу-жинс суқ урса дову досканг узоққа бормаслигини кейинчалик тушуниб етдим. Майли, бу бошқа ҳикоянинг озиғи. Ҳозирча, ўзимизнинг ресторанга қайтайлик; хуллас, ресторан аҳли, ишхонам эшигидан ўзим тугул соямнинг бир қисми кўриниб қолса ҳам югургилаб келиб таъзим қиларди. Айтдим-ку, идорам ресторанга бажипс эди деб. Кунора кирардим; ҳар гал ёнимда икки-уч нафар сен зўрми мен зўр ўйнайдиган бойваччалар, уларнинг томида тоғора танғиллаб, ақлига алиф бегонадур эҳтимол, лекин чўнтаклари чўғни ўчирар даражада эди. 
  Кунора чинбазм, кунора жинбазм. Гоҳида  рестораннинг эгаси ҳам пайдо бўлиб қолар, бўлар-бўлмас вайсақиликка ҳам хўппасемиз қорнини ушлаб силкиниб-силкиниб кулар, қовоқ  ангорида оғиз эмас, чўғ ялтиллаган ўйиқча пайдо бўларди, бу ўйиқчага моҳир уста тилла тишларни ўта нозиклик билан териб чиққанга ўхшарди. Ўсиқ қошлари остида совуқ йилтиллаб турган нигоҳларида нафрату ғазаб ёнишини ҳам ҳис қилардим. Қизиқ, унинг қорни ўйноқлаб оғзи куларди-ю, кўзлари ёвузона йилтилларди; ана шу-да, худди Гоголь таърифлаган пулбанди жиннинг қиёфаси қаршимда намоён эди. Бу ерда биргина Салтанатнинг чеҳраси, бору борлиғи табиий эди, назаримда. Беғубор кўзларида инсоний бир ёруғлик чақнарди, табассуми ҳам ёниқ ва тафтли. Кавказ тоғларидан тақдир тақозоси билан бу ерларга адашиб тушиб қолган мукаммал бу лолагун чеҳрада ўз ғурур ва қадрига қалқон бўладиган қатъият ҳам зоҳир эди.
  Давронингнинг дами қайтса доиранг данғилламайди, ноғорангнинг наъраси бир пулга ярамайди, дегич эди раҳматли катта энам. Ишим тескари кетди, қаердан хатолиғ ўтди, кейинчалик англадим. Бойлигинг боғи яшнагач атрофингдагилар пашша-чивиндай гувилларкан. Кун келиб шу боғни совуқ ургач уларнинг бирортасини тополмай қоласан; э-е-ей, атрофимдагилар ким эди, наҳотки, улар теграмда учиб юрган, фақат бол-ширамга қўнган пашшалар эдими, деб бошингга муштлайсан, фойдаси йўқ...
  Хуллас, икки йил тафтиш қилишди. Идорама-идора юриб оввора бўлдим, топганларим тутдай тўкилди. Арзимас бир камчилик топилса, ўнта хато тиркалди, бир хатога юз камчилик қўшилди... Худога шукр синмадим, лекин синади. Ким синади? Ҳаёт. Ўзимни ўзим синадим. Яратганнинг ажрими ҳам бор экан, яна ичимда бир қатъият ўти ёнди. Лекин олдинги йўлимдан юрмаслик учун ўз-ўзимга сўз бердим. Шундоғам у кўчаларнинг боши берклигини англаб етгандим.
  Беш йил хорижда бўлдим. Тадбирли ва сабрли бўлишни ўргандим. Сен бойликнинг хизматкори эмас, бойлик сенга хизматкор, тобе ё чўри бўлиши, пул деган нарса сенга бўйсуниши лозим эканлигини ҳис қилдим. Шу ақидани англаб етгачгина кўзим очилди.
Ке, қўй энди, гапни чўзмай, Сен ёзишинг мумкин бўлган ҳикоянинг қизиқ жойи энди бошланади. Эшит...
  Хуллас, мен пойтахтнинг чекка, баҳаво қисмида компания очиб иш бошладим. Завод қуриш учун кредит олдим. Уч йилда ишим ўнгланди. Кунларнинг бирида, ўз ўзидан Салтанат ёдимга тушди. “Саккиз йил бўлаяпти, ўша ресторанга қорамни кўрсатмаганимга. Балки, ишдан бўшаб кетгандир...”  Олдинги босар - тусаримни билмай қолган, пул қутуртирган кезлардаги жазава ўти сўниб, ҳаёт деган донишманд сипо-сипойиликдан сабоқ берган паллада ҳам ўша ўзига хос ресторанни кўнглим тусаётганини ҳис қилдим. Одамзотнинг кўнгли қизиқ-да, ақлнинг йўриғига юргиси келмайди, шунинг учун кўнгил кўнгил–да... Ресторанга бориш истагини кўнгилнинг ишига ағдардим-да, ишхонадан чиқдим. Мени танишармикин?  Уйга келиб эски-туски кийимлардан кийдим. Кўнглимнинг тубига алланечук ўйноқи бир режани тугиб ўзимча ҳузурландим.
  Ойнаванд бинонинг бурчаккинасидаги бўш столни мўлжаллаб қадам ташладим. Улкан залнинг охиридаги ўша хашаматли хонага кўз қиримни ташладим. Худди олдингидай муҳит:  ўша мусиқа, ўша сирлилик, ўша дабдаба, фақат камина фақир-пастак. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмаган, ҳаммаси кечагидай. 
— Бу ер банд. Ҳов анави жой бўш, — деди қиррабурун қорамағиз официант қиз, афт-ангорим ва эгнимдаги ғижим-пижим кийимларимга беписанд боқиб.
— Қаерга ўтирай, менга шу ер ёқаяпти-да.
— Бу ернинг доимий эгалари бор, — официант гапни қисқа қилди, — ана ўртадаги бўш столга боринг, — жеркиб қўя қолди энди.
  Бордим. Ўтирдим. Аҳён-аҳёнда зал тўрига кўз ташлайман. Э-е-ей, ана ўша савлатдор ишбоши ҳамон қўли кўксида пилдираб келаяпти, менинг ич-ичимда бир тўлқин мавж урди, унутмабди, одамгарчиликни унутмабди. Қаёқда, у менга парво ҳам қилмади, ёнимдан пишиллаб ўтиб кетди-да, ресторан остонасида пайдо бўлган дарроз кимсага товозе-ю такаллуф этиб, етаклаб ўша хосхона томон бошлади. Ҳа, дарвоқе ёнимдан ўтаётиб, менга ғалати қараш қилиб қўйди. Ҳалиги қиррабурун қиз яна қаршимда бўй кўрсатди:
— Хўш, нима буюрасиз?
— Салтанат ҳозир ҳам ишлаяптими? Агар мумкин бўлса, Салтанатни чақириб берсангиз.
  Қиз менга ҳайрат билан тикилади. Энсаси қотади. Юзида қизиқишми, ажабсиниш аломати ёйилади. 
 — Уни нима қиласиз? Одами бор? Нарёққа қарайди, Салтанат опам.
— Биламан нарёққа қарашини, Сиз бориб мени кўрсатинг, келади, у келиши керак, — дейман қатъият билан.
  Қиррабурун қорамағиз қиз хосхона томон зипиллаб кетади. Казо-казоларнинг танаввул гўшаси эшиги очилиб ишбоши, ҳалиги, савлатдор кўриниш беради, менга ижирғаниб қараб туради-да, югурдак қизга нимадир деб тиржаяди. Официант ҳам ўқланган камондайгина таранг тортилиб қаршимда тебранади:
— Агар  адашмаётган бўлсам, ҳозир келадилар, — энсаси қотади ва елка учириб қаршимдан ғойиб бўлади.
  Буёғини эшит; ишонасанми, у келаяпти, мени қалтироқ босаверди, қўлларим, бармоқларим титрайди, титроқ урган қўлларимни стол тагига яшираман. Ўша-ўша солланиб юришини кўр, чеҳрасида нимтабассум, тимқора юлдуз кўзларида ўша оташ, қилт этсанг, киприги билан уриб йиқитгудай, адл қаддига ярашиқ тор яшил кўйлакда, бошида қизғиш қалпоқ; яшил бандли атиргул дейсан, кулма, нега куласан...
  Бошимни эгиб олдим. Нега ҳам чақирдим-а? Барибир кўнглимда гуриллаган ўтни ақл шамоли ўчиролмаганидан ўкиндим.
  Келди. Бош кўтариб унга қарадим. Қўлларимни баъзўр стол тагидан олдим, ҳамон қалтирайди. У менга бир сония тош қотиб қараб турди, юзида лаҳзалик сесканишми, қўрқув ҳиссими ёйилгандай бўлди. Сўнг яна жилмайди:
— Сиз... Сизни танидим, — деди алланечук алфозда. 
  Мен унга термулиб қолдим, у ҳам энди таажжуб исканжасида эди:
— Нима хоҳлайсиз? Бирор нарса буюрасизми? — деди меҳрибонлик билан.
— Шу... шу яримтагина товуқ, эллик, йўқ юз, йўқ эллик грамм ўткирроқ ичимлик, ярим бўлак нон беринг, — дедим тутилиб. Ғижим кўйлагимнинг чўнтагидан пластик картамни олиб узатдим.
  Унинг кўзларида ғамгинлик туйдим. Менга ачинди. Зал тўридаги “хосхона” эшиги олдида эса ҳалиги барзанги менга ўқрайиб қараб турибди, сўнг бош чайқаб тиржайиб қўйди. Зум ўтмай Салтанат ликопчада қовурилган бутун товуқ, салат, каттакон истаконда лиммо-лим тўла коньяк келтирди-да, ўша олисларда қолган давру-давронимга эш  беғубор табассумини дариғ тутмади:
— Олинг, ош бўлсин. Пластигингиз рақамини айтмабсиз, майли шартмас...
  Мен унинг ортидан анграйиб қараб қолдим.
  Компаниядаги ёрдамчимга зарур топшириқларни бериб, кейинги ҳафта ишга чиқишимни айтдим. Ўринбосарим билан қўнғироқлашиб душанбагача ишни бошқариб туришини буюрдим. Эртасига яна ресторанга бордим, соч-соқолга тиғ-тегмаган, кийим бош ўша-ўша, афтодаҳол, бу гал оёқда шиппак. Кечки нонушта пайти бўлгани учун одам гавжум. Биров менга ҳайрат билан, бошқа биров  ачиниб қарайди.
— Жой йўқ, — деди официант.
  Мен тўғри буфетчи жувон қаршисига бориб бир қултум ичимлик буюриб, тик туриб сипқордим-да, бўш столлардан бирининг ёнига бориб курсига чўкдим. Тепамда официант ҳозир бўлди. Мени турткилади.
— Бу ер банд, ҳозир одамлар келади.
— Мен-чи, мен одам эмасманми?, — дедим овозимни баландлатиб. Зум ўтмай икки қўриқчи йигит икки қўлтиғимдан олиб ресторан ташқарисига олиб чиқиб қўйди. Негадир ич-ичимдан ҳузурландим. Нима қиларимни билмай ойнаванд эшикка қарадим. Ишонасанми, эшик очилиб Салтанат чиқиб келди. Кўзларида ёш ғилтиллайди, лаблари қимтиниб бош ирғаган кўйи қўлимга пул тутди:
— Манавини олинг, таксида уйингизга боринг. Эй, худойим-а, бундайин ҳаёт қурисин. Бу ерга тушликдан саҳал олдинроқ келинг, бошқа пайтлар одам кўп бўлади, мен Сизга қарай олмайман... Иложи бўлса, ичманг... Ташланг ичишни... — у бошқа гапиролмади. Эшикни зарб билан очиб ўзини ичкарига урди. Мен бутун вужудим аланга олиб, сўррайиб қолавердим, сўнг ўзимни лаънатладим. Рестораннинг орқасида, бурчакдаги дарахт тагида ҳайдовчим кутиб турарди.  Ҳоли -  жоним танг аҳволда машина томон юрдим.
  Шанба куни уйдан чиқмадим. Тунни минг бир азоб билан ўтказдим, уйқу келмади, мижжа қоқмадим, ичимда бир оламли исён ўйнарди. Кимга, нимага, билмайман. Ўзимни ўзим таҳқир ва изтироб оловига ташлаган эдим. Бу олов Салтанатнинг меҳри ва самимияти туфайли яна гурулларди. Тўрт тангаси бор телба-тентакка топилган тавозею-тавалло оддий инсонга топилмаслиги, камбағал-йўқсил келганда музлаб қоладиган рестарану оҳангжамо жойлар, айниқса, анави, касби-кори бойларнинг товонини ялаб, тухумини уқалашдан бошқага ярамайдиган барзанги ишбоши сингари нусхаларнинг димоқфироғлиги жон-жонимни ўртарди. Тўғрисини айтсам, дунё шундай яралган, лекин, инсоннинг юзи, ёди, қадри қаерда қолади? Ахир мен ўша ресторандагиларнинг алласидаги азизи, тўрвасидаги майизи эдим-ку... Яхшиям Салтанат бор эди бу дунёда, у мен учун, барча одамлар учун ўлмаган, ўзини асраб қолган меҳр тимсолига айланганди.
  Якшанба куни тушликдан олдин яна бордим ресторанга. Бурчакдаги курсини танладим. Шу тобда ёнимга барзанги ишбоши лапанглаб келди. Ҳа, ўша, бир пайтлар қаршимда учиб қўниб, пойи-патак бўладиган тухумялоқ кимса.
— Сан ўзингни ким деб ўйлавотсан?  Сур бўттан!!
Зум ўтмай тунов кунги иккита қўриқчи пайдо бўлди. Аламли илжайдим. 
— Чиқасанми ё ирғитворишсинми?, — деди барзанги.
Залда нимадир тарақлаб кетди. Ўгирилиб қарадим. Қўлида ликопча тутган Салтанат тик қотиб турибди.
— Тег... Тегманглар унга. Уни мен чақирдим. Тегманглар, бошқа келмайди.
  Мен ўрнимдан турдим. Салтанатга жилмайдим, шарт бурилиб, ресторандан чиқиб кетдим.
  Ана шунақа гаплар. Мана кеп қолдик. Шу ресторан. Эшигининг олдига бориб тўхтат.

  Ёзувчи изоҳи:
  Хориж русумидаги, ойналари тим қора иккита ҳашамдор машина ресторан эшиги қаршисида тўхтади. Орқа уловдан қўриқчи йигитлар отилиб чиқишиб, бизнинг машина эшигини очишди. Собир иккимиз машинадан тушдик. Қордай оппоқ кўйлак кийиб, эгнига қоп-қора қимматбаҳо италиён костюм-шимини кийиб, галстук таққан, қадди тик, боши мағрур  Собир ошнамиз эшик  олдида қимир этмай турди. Мен ёнида, ортимизда иккита шотири. Ресторан эшигини девсифат кимса очди-да, Собирга бир қараб қўйиб, орқага тисланди. Собир лаби бурчига сигарет қўндирди. Зал тўрига қараб шаҳд билан юрди. Ортда биз. Ўша “хосхона” томондан яна бир барзанги (мен уни ишбоши эканини тусмолладим) қўли кўксида биз томонга қараб пилдираб кела бошлади, рўпарамизга етгач, оғзини бақадай очиб, карахт бўлиб,  муз қотди.
— Сан бўтда нима қилаяпсан, ҳалиям бормисан? — ўсмоқчилади Собир, — Сен бизга хизмат қилолмайсан, бошлиғингни чақир! Сур бўттан!!!
  Барзанги бир тисланиб курсига ўтириб қолди.
  Собир тўғри “хосхона” эшигини бориб очди. Кенг ва шинам, жилвагар, ёп-ёруғ хона ўртасида дид билан тузалган стол теграсида эшикка орқа ўгириб у-бу нарсаларни тахлаётган адлқад жувон бизга ўгирилиб қаради-да, Собирга кўзи тушиши ҳамоно қўлидаги ликопчани ерга тушириб юборди.
  Э-е-ей, таърифига чиндан ҳам ҳеч бир ёзувчи сўз тополмайдиган, эсни оғдирар даражадаги гўзал бир хилқат қаршимизда ҳайкалдай қотиб турарди.
— Салтанат, —деди Собир овози қалтираб, — мана, мен келдим, — у жувоннинг қўлидан тутиб, тўрдаги курсига ўтқазди. — Бугун Сиз шу ерда ўтиринг, биз хизмат қиламиз. Фақат Осетин пирогидан бошқа ҳамма нарсани буюришингиз мумкин.
  Инсон тимсолидаги париваш ҳамон Собирдан нигоҳини узолмас, тиғи-пийрон киприклари орасида ёш ҳалқалари айланарди.

Манба: "Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетаси.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот