ОНА ТИЛИМ


   
   Менинг боболарим бу диёрларда.
   Мен ўзбекман!
  Отам ҳам онам ҳам ўзбек. Мен ўзбеклигимдан ифтихор этаман. Ўзбеклар бу диёрларда қул ёки паст табақали бўлмаган. Ўзбеклар бу ерларнинг императорлари бўлган. Ўзбекнинг қўрқмас боболарининг қони бизнинг қонимизда оқмоқда.
                                          
Абдурашид  Дўстум.
Армия Маршали. (Афғонистон).

Юлдузли  хаёллар суриб ётурлар,
Расулла суҳбатлар қуриб ётурлар,
Жонини Жабборга бериб ётурлар,
Менинг боболарим бу диёрларда.

 Жонимга айланиб бўлган бу даргоҳ,
 Ҳар кеч қулоғимда Бобур чеккан оҳ,
Унга жоним фидо навзамбилиллоҳ,
Менинг боболарим бу диёрларда.

Мангу йиғлаб ётган булоқлар – кўзлар-
Янтоқлар тагида йиғлаган қизлар -
Навоий қабрида гуллаган сўзлар,
Менинг боболарим бу диёрларда.

Ақлига эгилган ойлар, осмонлар,
Олтинга топилмас китоб карвонлар,
Давлатли султонлар, чин мусулмонлар,
Менинг боболарим бу диёрларда.

Мен борсам, зиёрат довонин ўпсам,
Машрабнинг ёрилган товонин ўпсам,
Чопони силтаган бўронин ўпсам,
Менинг боболарим бу диёрларда.

Бошга салла қилиб тўфонларини,
Инсофга чақирган бўронларини,
Қумда қаср қилган армонларини,
Менинг боболарим бу диёрларда.

Бир ёнда Беруний, бир ёнда Машраб, 
Бири илм талаб, бири шеър талаб,
Шайтон базмларга қўймас ҳам қараб ,
Менинг боболарим бу диёрларда.

Имон, эътиқодла кўкларга учган,
Меҳру муҳаббатла дунёни қучган,
Амудан йўлбарсдек ётиб сув ичган,
Менинг боболарим бу диёрларда.

Жону жаҳонимга туташ томирлар,
Олтиндек кўмилган хонлар, амирлар,
“Мозори шариф”да шариф қабрлар,
Менинг боболарим бу диёрларда.
Соғич селларида увиб ётурлар,
Тупроқ остида ҳам севиб ётурлар,
Бошларин Қибълага қўйиб ётурлар,
Менинг боболарим бу диёрларда.

Юлдузли хаёллар суриб ётурлар,
Расулла суҳбатлар қуриб ётурлар,
Жонини Жабборга бериб ётурлар,
Менинг боболарим бу диёрларда.
***
   ***
Тиканлар устида ётсак майлими?
Қумга олтин каби ботсак майлими?
Қиличлар дамидан ўтсак майлими?
Қалбимнинг султони айтинг, майлими?

Бир дона майиздек тўкилдим мен ҳам,
Юрагим чўқиса қушчалар хуррам,
Талашиб ташиса чумолилар жам,
Майлими султоним, айтинг майлими?

Ҳали келмай туриб кетсак майлими?
Сизни деб оловлар ютсак майлими?
Дунёдан куюблар ўтсак майлими?
Қалбимнинг султони айтинг, майлими?

Заҳри қотил ичсак кошоналарда,
Ҳурларга қўшилсак афсоналарда,
Сиз ачинмайсизми Фарғоналарда?
Қалбимнинг султони айтинг майлими?

Минг йил яшаймизми, биридан кечса?
Сабрга темирдан либослар бичса,
Қоработир –тунлар, қонимиз ичса,    
Қалбимнинг султони айтинг майлими?

Бир бор тингламадик кўнгил майлини,
Ҳатто гуноҳ дедик, гуллар сайлини,
Тош йўлда ётган гул - шўрлик Лайлими?
Майлими, султоним айтинг майлими?

Тоғдан лола бўлиб пастга йўл олсак,
Бизни оларми деб термулсак, толсак,
Давонда кимнингдир қўлида қолсак,
Қалбимнинг султони айтинг майлими?

Кўнгил адашибди Ёзёвонларда,
Олтита ариғи бор маконларда,
Сув сўроб сарғайсак саратонларда,
Майлими султоним, айтинг майлими?


Умр учди тиғи парроналарда
Нодирадек йиғлаб сарсоналарда,
Тонгимиз отмаса Фарғоналарда,
Майлими султоним, айтинг майлими?
                                     
   ОНА ТИЛИМ

Она тилим олтиндан қиммат,
Сенсиз қолсам ким бўламан мен?
Борса келмас йўлларда ғойиб,
Тош бўламан, чим бўламан мен.
Она тилим сенсиз сарғайиб,
Бир чеккада жим бўламан мен.
Ўзга тиллар салтанатида,
Бир югурдак етим бўламан мен.
Кимдир айтди: “Бахтсиз тил – бу тил”,
Сени бахтсиз қилган менмасми?
Ўз онаси бир четда қолиб,
Ўзга тилга маҳлиё, мастми?
Нима қилсам кечирасан айт?
Куйган нондек исрофлигим айт!
Бухорийдек имонлигим айт!
Термизийдек инсофлигим айт!
То Ўрхундан Энасой қадар,
Ҳоқон тилим, қурбон тилим айт!
Хос Ҳожубдек эшон тилим айт!
Шоҳ Бобурдек чўлу дашт аро,
Тожсиз қолғон султон тилим айт!
Кел пойингга бошимни қўяй,
Оловлардан чиққансан омон.
Сен болам- деб, бешикдан олиб,
Қулоғимга айтгансан азон.
Менинг учун сендан улуғ йўқ,
Она тилим – бузруквор шоҳим.
Мендан ўтди кечир, авф  эйла,
Она тилим - олампаноҳим.
Аллоҳимни танитган  ҳайрат,
Нима қилсам мендан розисан?
Навоийдек муҳташам, ҳазрат,
Қошғарийнинг жойномозисан.
Авлиёлар  тутган тасбеҳсан, 
Сочилмассан, тупроқ бўлмассан.
Оловлардан  ўтган Қақнуссан,
Сен ўлмассан!  Йўқ сен ўлмассан!
Қўлёзмалар ёнмайди, ёнмас,
Асраб турар мустаҳкам девор.
Лоқайдликнинг қўлдан гугуртин,
Тортиб олар тилшуннослар бор.
Менинг учун сендан улуғ йўқ,
Она тилим- бузруквор шоҳим.
Сен бордирсан демак, ўзбек бор,
Она тилим - олампаноҳим.

***
Бизлар кўришмадик, юз йиллар ўтди,
Ҳижрон тунлари бор, саҳарингиз йўқ. 
Умр ўтда ўтди, кўз ёшда ўтди,
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

Менга айтдиларки: “Вақт даволайди”
Вақт даволамади, хабарингиз йўқ.
Вақт, бевақт довулдек эгди, синдирди,
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

Боғи Дилкушода гул бўлиб кутдик,
Сизнинг  Самарқандга сафарингиз йўқ.
Олмалар тўкилди Боғишамолда
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

Ҳижрон  музликлари ютди бу ишқни,
Музларни ёришга табарингиз йўқ.
Бу ҳолни ёзишга дафтарингиз йўқ,
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

Боғи Фирузада Султон Улуғбек
Ишқдан сабоқ берди хабарингиз йўқ.
Кавокиб сайлида ҳулкарингиз йўқ,
Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

Бизлар кўришмадик, юз йиллар бўлди,
Нечун бу юракдан кетарингиз йўқ?!
Ё борса келмасдан,борса келардан,
Мактуб жўнатишга каптарингиз йўқ.

На бу ёзиқларни тузарингиз йўқ,
На бу ришталарки узарингиз йўқ.
Омон қолдиришга шаккарингиз йўқ,
Тамом  ўлдиришга заҳарингиз йўқ.

Қалбимнинг султони хабарингиз йўқ.

  Зулфия МЎМИНОВА - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира. 










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот