Қирқоёқлар учун қирқта жуфт этик


                                                

            Қирқоёқлар учун қирқта жуфт этик ҳамда                    
қирқ жуфт пайпоқ буюртма берилди

    Кунлардан бир кун Типратиконовларнинг корхонасига ўрмонда яшайдиган энг беозор жонивор Қирқоёқ кириб келди. У ниҳоятда мулойимлик билан гап бошлади: 
- Ҳурматли Типратикон тоға сиз биласиз ҳар бир мавжудотнинг ўз орзулари ва армонлари бўлади. Мана биз Қирқоёқовлар оиласининг катта армони бор. Яъни отам Қирқоёқ ота бир умр бошқаларга ўхшаб оёқларига этик кийишни орзу қилиб ўтиб кетди. Сизларнинг оилавий ҳунармандчиликларингизни эшитганимдан буён оз-оздан пул жамғардим. Мен ва келинингиз Қирқоёқхонимга қирқтадан этик тикиб берсангиз. Харажатидан қочмайман - дебди. 
- Сиз ҳеч хижолат бўлманг Қирқоёқжон сизларга этик тикмасак, нима қилиб корхона очиб ўтирибмиз. Албатта сизга ҳам Қирқоёқхонга ҳам этиклар тикиб берамиз - дебди. Бундан хурсанд бўлиб кетган Қирқоёқ, агар малол келмаса қирқтадан пайпоқлар ҳам тўқиб берсангизлар - дебди. 
- Албатта тўқиб берамиз ҳеч тортинманг - дебди Типратикан тоға. Қирқоёқ тезда бориб хотинини бошлаб келибди. Типратиканлар уларнинг оёқ ўлчамларини олишибди. Аммо, қирқоёқларнинг яна бир илтимоси чиқиб қолибди. Эмишки Қирқоёқ хола бир умр ўрмондаги бошқа жонворларнинг ранг-баранг пайпоқлар кийганига ҳавас қилиб юрган экан. Шунинг учун бира тўла пайпоқларни ҳам ҳар хил рангли қилиб тўқиб берсин дея, ўтинишибди. Майли – дебди Типратикан хола. 
- Сизларга пайпоқларни тўқишда менга Юмшоқой ёрдам беради. Аммо, қирқ ҳил рангда эмас, унча рангни топа олмаймиз. Яшил, сариқ, қизил, кўк ранглар бўладими? – сўрабди Типратикон хола. 
- Бўлади – дебди қувонганидан Қирқоёқ хола. 
- Биламан, бунча пайпоқ тўқишни ўзи бўлмайди, бошқалардан кўра қиммат сарф-харажати бор. Ҳеч иккиланмай айтаверинг хизмат ҳаққингизни тўлаймиз - деди Қирқоёқ тоға. Шундай қилиб Қирқоёқовлар пайпоғи ва этиклари устида ҳаракат бошланди.  
  Типратикан Юмшоқой бозордан оқ иплар олиб келиб уларни ранглашга тушди. Шу пайтда  уларнинг корхонасига қўшниси Тошбақа хола қизи Тошгулни эргаштириб келибди. Саломлашгач шу Тошгулга ҳам иш ўргатишларини, шогирдликка олишларини сўрабди. – Майли ўргатамиз дебди Юмшоқой. Тошбақа хола қўшниларидан мамнун бўлиб қизини қолдириб кетибди. 

 Типратикан Юмшоқойнинг тошбақа Тошгулга 
     математикани ўргатгани  


   Юмшоқой авваломбор, Тошгулга санашни ўргата бошлабди. Биринчи куниёқ ақлли Тошгул ўнгача санашни ўрганиб олди. Ўша куни Юмшоқой ўн дона яшил рангли ипларнинг калавасини ўраш керак эди. Тошгул ипларни ранглашда елиб-югуриб ёрдам берибди. Юмшоқой унга дафтар, қалам бериб ўргата бошлади.
- Мана аввал битта ўрамни рангга бўядик, энди иккинчисини, кейин учинчисини, сўнг тўртинчисини, яна бешинчисини бўядик. Қани саначи нечта яшил ранг калава бўлди?
- 1, 2, 3, 4, 5,  ҳаммаси бўлиб 5та яшил ранг калава бўлибди - деди Тошгул.
- Офарин! 5та яшил калавамиз бор. Энди яна калавани қизил буёққа ботирамиз. Тошгул ҳам бошқатдан санаб чиқди. 5та қизил калава.
-  Энди 5та яшил калавага 5та қизил калавани кўшамиз. Қўшув белгисини + кўринишда бўлади. Мана бундай ёзилади 5+5 яъни бешга бешни қўшдик. 5+5=10 бўлади. Яъни 1 рақамни орқасига 0 рақамни қўшсак 10 кўринишда бўлади. 
-  Манави ётган таёқчалар нима?- деб сўради Тошгул.
- Бу ётган таёқчалар тенг деган маънони англатади. Баробар, тенг кучли дегани, уқдингми? – деб сўради Юмшоқой. Шундай қилиб иккинчи куни зийрак Тошгул ўнгача қўшишини ўрганиб олди. У ҳам дафтарига ёзар, ҳам буёқ ишларига ёрдам берар ва кечгача роса чарчаб қоларди. Қўшни Тошбақаевлар қизи Тошгулнинг ҳунарли бўлаётганидан яна математикани ўрганиётганидан беҳад хурсанд эдилар.
   Учинчи куни уйга вазифаларни ҳам дафтарига чиройли ёзиб келган Тошгулга ҳунар ўргатиш давом этди. Энди улар қизил рангли калавалар устида ишлашди. Ипларни бўяшди. Ёғочга илиб офтобда қуритишди. Ниҳоят калаваларни ўрашни бошлашди. 
- Худди кечаги яшил рангли калавалардек, 10 дона қизил калава ўраймиз - дебди Юмшоқой. Улар тезда қизил рангли калавани ўрашди. 
- Мана  олдимизда 10та яшил, 10та қизил калавалар бор. Биз уларни бир-бирига қўшамиз, яъни 10+10=20. Қани барчасини қўшиб сана-чи – деди Юмшоқой. Тошгул санашга тушди: 1.2.3.4.5.6.7.8.9.10 шу ерда тўхтаб қолди. Юмшоқой давом этди. 11.12.13.14.15.16.17.18.19.20. Қани мана шу рақамларни ёз ва қайта-қайта такрорла, дафтарингга  чизиқлардан чиқмай ёз! - деди Юмшоқой. То Тошгул рақамларни ёзиб чиққунча Юмшоқой қолган кўк ва сариқ рангларга 20та калавани бўяб бўлиб, ёғочга илдириб қуритди. Тошгул рақамларни ёзиб бўлгач унга 20га 20ни қўшишни ўргатди. Бу қуйидагича бошлади: 
- Мана қара, бизда бор эди 10 яшил, 10та қизил калавалар, яъни 20та, энди шу 20га + 10та сариқ рангли калавани қўшамиз бу шундай кўринишда бўлади 20+10=30. Энди шу 30га + 10 кўк рангли калава қўшамиз 40 бўлади. Бу қуйдагича ёзилади. 30+10=40. 10та яшил, 10та қизил, 10та сариқ, 10 кўк ранг. Барчасини қўшсак 40 бўлади. Биз Қирқоёқхонга 40та пайпоқ тўқиймиз. Улар:
                        10+10=20.   20+10=30.  30+10=40. Яъни 4та 10, 
                                        10+10+10+10=40
 Барча рақамларни кўчириб бўлгач Тошгул Тошбақаева уйига кетди. Йўлда 20та оқ, 20та қизил дала гулларидан териб онаси Тошбақахонга олиб борди. Гулларни онасига бериб 40 рақам нечта 10ни қўшсак ҳосил бўлишини айтганда, бу йил мактабга борадиган қизчасини математикани ўргатганидан онаси бахтёр эди. Эртаси куни Типратикан хола ва Юмшоқой пайпоқларни тўқишни бошлади. Ўлмасвой, Толмасвой, Ёқимтойлар 40 этик Қирқоёқ амакига, яна 40 та этик Қирқоёқ холага тикаётганини, бу 80 та этик устида ака-укалар бош кўтармай ишлаётгани-ю, Типратикан хола ва унинг қизи Юмшоқойлар 80 та ранг-баранг пайпоқ тўқиётгани ҳақида шов-шув бутун ўрмон аҳлига тарқаб бўлган эди. Бу ниҳоятда нозик иш бўлиб ўрмон тарихида ҳали ҳеч ким Қирқоёқовларнинг этик ёки пайпоқ кийганини кўрмаган эди. Уларнинг нозиккина оёқларига пайпоқ, этик кийиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз? Типратикан хола қизи Юмшоқой бир ҳафтада пайпоқларни тўқиб битиришди. Улардан бир ҳафта кейин Ота Типратикан ўғиллари билан 80та этикларни тикиб битиришди. Типратикановлар ушбу мураккаб ишни тақдимотини ўтказишни мўлжаллашди. Улар эрталабдан корхоналари ҳовлисида 80 та бежирим этикларни чиройли қилиб териб қўйди. Нафис ип тортиб 80та пайпоқни осиб чиқишди. Бу тақдимотни кўргани бутун ўрмон аҳли ташриф буюрди. Барчанинг кўз ўнгида Қирқоёқовлар оиласи оёқларига пайпоқ ва этикни кийганда қарсакбозлик бўлиб кетди. Чунки пойабзаллар уларга жуда-жуда ярашиб турар эди. Қарсак садолари остида Қирқоёқ амаки ва Қирқоёқ хола рақсга тушишиди. Барча тадбиркор Типратиконовларни ва Қироёқовларни муборакбод айлади. Тошгул тошбақа қизи устози Юмшоқойга қирқ дона мойчечак тақдим этди. Ушбу тақдимотдан сўнг Типратиконовлар корхонасига кўплаб буюртмалар тушди. Бу ютуқ нафақат Типратиконовларни балки бутун ўрмон аҳлини замонавий фикрлаш, изланишларга илҳомлатирди.

ЗУЛФИЯ МЎМИНОВА