Чиройлисан барчадан...


 Биз ҳаммадан нафақат кийимимиз балки ташқи кўринишимиз билан ҳам ажралиб туришимиз керак. Бу борада ўз тажрибаларига эга бўлган мухлисларимиз маслаҳатларига амал қилинг. Чирой фақат байрамларда эмас ҳар бир аёлга ҳар кунда керак.


 Қомати расо бўлишни истасангиз

   Гулфира: 

- Авваллари одамни ғам оздириб юборади, деб ўйлардим. Ўтган йили ҳаётимда содир бўлган қийинчиликлар сабаб эса мен семира бошладим. Ҳали ўттизга кирмай дўмбоқлашишим мени қўрқувга солди. Аммо яқин ўртоғимнинг маслаҳати билан кераксиз вазнимдан осонгина қутилдим. Уни сизларга ҳам тавсия этаман. 

  Уч стакан сули ёрмасига уч ошқошиқ илиқ сув қуйиб, ярим соат тиндириб қўйинг. Кейин унга қирғичдан ўтказилган сабзи ва олмани аралаштириб икки чойқошиқ асал билан бирга тановул қилиб боринг. 

  Эрта наҳорда бир стакан илиқ сувга бир ошқошиқ лимон суви қўшиб ичиш ҳам кони фойда.

Бундан ташқари, овқат рационалингизда гўшт, пишлоқ, сут маҳсулотлари ва мевалар албатта бўлиши шарт. Сиз неча ёшда бўлишингиздан қатъий назар мусиқа садолари остида мунтазам жисмоний машқлар бажариб туринг.

Кўзлар ...

  Сарвиноз, "Дурдона” гуруҳининг собиқ хонандаси:

- Чақнаб турган кўзлар нафақат чирой балки, саломатлик гарови ҳам. Шунинг учун унинг парваришига алоҳида эътибор қаратмоқ лозим. Кечқурун тиниқиб ухлаган бўлсакда, кўпинча эрталаб уйғонганимизда кўзлармиз қизариб уйғонамиз. Бу кўз толаларимизнинг чарчаганидан дарак беради. Бирор нарсадан асабийлашишганимизда бош оғриши кузатилади. Ана ўша пайтда миямизга тушган "оғирлик”дан кўзларимиз ҳам бебаҳра қолмайди. Унинг томирлари ҳам шикастланади. Бунинг учун...

 Чойнак тагида қолган шамани сиқиб олиб, қолдиқ чойга пахта бўлагини намлаб кўзларингизга қўйиб ётинг. 15 дақиқадан кейин эса пахтани олиб ташланг. Бу жуда ҳам осон усул. Жажжи кичкинтойим Фирдавсимга ажратган вақтим ҳисобидан ҳам уни бажаравераман. Фақат у менинг кўзимдаги пахталарни олиб ўйнагиси келади. 

   Бувимннг айтишича кўзнинг совуқлиги ёки иссиқлиги ошса ҳам кўз қизараркан. Буни аниқлаш учун бир-икки кун қора чойнинг шамасидан фойдаланиш керак. Бу самара бермаса кўкига алмаштириш зарур. 

Сочларингизни кечқурун ювинг

   Мафтуна:

  Бир дона каттароқ қизил лавлагини қайнатиб пиширинг. Кейин пўчоғини тозалаб, майда қилиб тўғранг ва уни 3 литр сувга солиб 5 дақиқа давомида қайнатинг. Қайнатмани докадан сузиб ўтказиб кечқурун сочларингизни ювишингиз мумкин. Негаки кечки пайтда офтоб нури ва бошқа таъсирлар бўлмайди. Ушбу муолажани 3 кун давомида бажарсангиз соч толалари мустаҳкамланиб, тўкилмайди. Қазғоқдан қутиласиз. Шунингдек, доимий равишда қўлланилган муолажа орқали соч толалари қора тусга кириш хусусиятига эга. 

Лайло Каримова ёзиб олди.