Мақсад манзилгоҳи - инсон кўнгилгоҳи


    Ижод, асли яратиш демакдир. Яратилма шунчаки тўқима эмас, балки топилма даражасида бўлса, у чинакам ижод дурдонаси бўлади. Болаликдан ёзувчи ва шоирларга, уларнинг ёзган асарларига ҳавас ва ҳайрат билан улғаямиз. Биз ҳам ёзувчи ёки шоир бўлишни орзу қиламиз. Айримларда у шунчаки ҳавас ва иштиёқлигича қолиб кетади. Баъзиларда эса, бу астойдил ниятга айланади. Бунинг сабаби эса болаликдан дуч келган тақдир ўйини, ҳаёт зарбаси, орттирилган "дард туғёни"дир. Эрнест Хемингуэйдан чин ижодкор бўлишнинг сири ҳақида сўрашганида, "бахтсиз болалик ва рад этилган муҳаббатни бошдан кечириш"дир дея жавоб берган. Биз бу фикрга қўшилмоқчи эмасмиз, унинг қолипи йўқ. Истеъдод қолипга тушавермайдиган тақдир - Тангри инъоми. Хемингуэй эътироф этган икки асос, балки, ижод уммонига шунғиш учун, ўзига дардкаш топиш учун туртки, таъсир, бошқача айтганда малҳам бўлиши мумкиндир, лекин у ижодкорлик мезони бўла олмайди.
   Шундайлар борки, у қаерда ишламасин, воқеликни кузатиш, одамлараро муносабатларни, баъзи ҳоллардаги адолатсизликни, ёлғон ва фирибни кўриб ғазабланади, одил ва ҳақиқатпарвар кишиларни кўриб суюнади, шу аснода қўлига қалам олади.
    Қўлингиздаги китоб муаллифи Музаффар Муҳаммадназар ана шу қалб эҳтиёжи боис ҳикоя, шеър ва таҳлилий мақолалари билан сизнинг эътиборингизга тушади. У дилидаги аламини қўлидаги қалами билан ифода этмоқчи бўлади ва бунинг уддасидан чиқа олади ҳам.
    Чинакам ижодкорнинг қалами назмда ҳам йўрғалайди, насрда ҳам. У чин иқтидор соҳиби бўлса, албатта. Бу аслида, унинг ғоявий ниятига боғлиқ. Демоқчи бўлган мақсадни инсонларга етказиш, огоҳ қилиш, насиҳат бериш, уларни ўйлантириш, даъват этиш эҳтиёжи турли адабий тур ва жанрларда ўз ифодасини топади. Адабиёт ва санъатга яқин, ҳавасманд инсонлар одатда, ўзини шеъриятда, насрда бир синаб кўради, худди шунингдек, драматургияда ҳам. Қайси бирида уқуви борлигини китобхон, мухлис ўз нуқтаи назари билан баҳолайди. Қайси адабий тур ёки жанр бўлмасин, барида инсон туйғуси унинг кечинмалари аниқроқ қилиб айтганда, инсоншунослик моҳияти акс этади. Ижодкор инсон вақтнинг қадрига етади. Умрида унинг омонат эканлигини билиб ўринли фойдаланишга нимадир қолдириш илинжи билан яшайди. Касбий фаолияти, хусусан, журналистик ёхуд шоирлик, ёзувчилик истеъдоди ҳам унга зийнат бахш этади. Шу хусусда гап кетганда, юқоридаги сифатларни, фазилатларни умрига мезон, фаолиятига асос қилиб олган иқтидорли укамиз Музаффар Муҳаммадназар кўпчиликнинг эҳтиромини қозонган. Ёзган ҳикоя, шеърлари ёки журналистик суриштирувлари, ўткир публицистик руҳдаги мақолалари, фотомухбир сифатида турли жараёнларни муҳрланиши билангина эмас, балки ўзининг камтар, одамшинаванда, ёқимтой ва дилкаш инсонлиги билан ажралиб туради. Бу фазилат унинг аслида, наслида бор. Ота-оналари худди шундай юртга меҳрли, дўст-ёронларига муҳаббатли ва мурувватли инсонлар бўлишган. 
     Музаффар турли соҳа ва касбдаги инсонлар билан суҳбатлашишни хуш кўради, уларнинг ҳикояларини, бошдан кечирганларини тинглайди ва уларнинг тақдирлари билан ошно бўлади. Янги асарга асос бўладиган воқеа ва образларни излайди. Ўзи шоҳид бўлган ҳодисотлар билан чоғиштириш асносида яхлит бир бадиий асарни юзага келишига замин ҳозирлайди.
    Насрий асарларидан гулдаста қилинган, қўлингизга етиб бораётган ушбу ҳикоялар тўплами сизни бефарқ қолдирмайди. Ундан ўрин олган ҳар бир ҳикоя ниманидир айтиш, ненидир билдириш, ўзи ва ўзгалар ҳақида ўйлашга мажбур этиш руҳи билан суғорилган. Инсон ҳаёти, тақдири, ўй-кечинмалари ғам-алам ва шодликка тўла кунлари билан боғлиқ. Ҳар бир инсон умри қайсидир маънода ибрат ва сабоқ. У хоҳ салбий, хоҳ ижобий бўлсин. Китобхон уни инкор этиб ёки тасдиқ этиб мутолаа этади. Шу аснода ўқувчи қалбида муҳаббат ва нафрат ёлқини алангаланиб, алмашиниб туради. Шу йўсинда тўғри хулоса чиқариш асносида ҳаётий фаолиятини белгилайди. Музаффар ижодига хос бўлган синчковлик, кузатувчанлик мухлисга бирдай ёқади. Ундан ташқари у воқеаларни шунчаки баён қилмайди, намойиш этади, юқори  сифатли таъсирли тасвирлар орқали кўрсата олади, тасаввур уйғотади, таҳайюрга чулғаш асносида тафаккур дунёнгизни кенгайтиради. Унинг ҳикояларини фильм кўриб, ундан олинган завқдек қабул қиласиз. Унинг тасвирлашида шунчаки хира тасвирни ёки оқ, қора рангли тасвирни эмас, балки кўп рангли телевизорда кўргандек, асар қаҳрамонларининг ёнида юриб, улар билан суҳбатлашаётгандек, уларнинг нурли кўзларига боқиб, қўлларини ушлагандек, улар билан бир нафас суҳбат қургандек ўзингизни тасаввур этасиз. Бу ёзувчининг кўра билиш, англаш, кузатиш эҳтиёжи билан боғлиқ. Томчида уммон акс этганидек, унинг битта - иккита ҳикояси орқали, ёзувчи истеъдоди, ижодий фантазияси, ҳикоя қилиш маҳорати, воқеликни ёритиш, инсон туйғуларини акс эттириш борасидаги маҳорати ҳақида бемалол тасаввур уйғотиш мумкин. 
     "Жонкуяр холанинг меҳрибони" деб номланган ҳикоя ўқиш асносида сизни дарров ўзига тортиб олади. Иккита жумладан кейин воқеалар ривожи билан қизиқа бошлайсиз. Кейин нима бўларкан, энди нима қиларкан деган саволларга жавоб топгунингизга қадар ҳикояни ўқиб тугатганингизни билмай қоласиз. Унинг эътиборингизни жалб этиш сири Музаффар истеъдодининг бадиий кучи, тасаввур оламининг кенглиги ва теран тафаккурининг ҳосиласи эканлигини англаб етасиз. 
     Қўли қадоқ, қалби қайноқ заҳматкаш инсон Шокир ота ўз аёлини  яхши кўради, ардоқлайди. Улар билан бир хонадонда Мансур исмли жияни ўз оиласи билан бирга яшайди. Келин уларга ниҳоятда меҳрибон, ғамхўр.  Оғирроқ дардга чалиниб қолган Шокир отанинг кампири ҳижолат тортади, эмин эркин ҳожатга бориб келишнинг иложи йўқ, у мулзам бўлади, лекин келиннинг мурувватини, муҳаббатини дилдан ҳис этади. Ҳатто кийимларини ювиб, тувакни тозалаб туришдан ҳам ор қилмайди. Кунларнинг бирида кампир вафот этади. Шокир отани оғир юк босади. Кампирини музлаб қолган қўлларини ушлаб юм-юм йиғлай бошлайди. Нега бирдан бундай бўлди, ақли ҳуши жойида эди-ку, нега бундай бўлди? Шу фикр Шокир отанинг миясини пармалайверади. Шунда ҳолатдан воқиф бўлган шифокорлар, ўлим сабабини кўпроқ дори истеъмол қилганидан сўнг юраги кўтаролмай қолганидан дейишади. Наҳотки у ўзини ўзи ўлдирган бўлса, ўзини жонига ўзи қасд қилиш гуноҳлигини биларди-ку, деб ўйлай бошлайди. Гумон иймондан айиришини билса ҳам наҳотки, бу ишни келин қилган бўлса наҳотки у қотил бўлса деган хаёлга боради. У бир пайтлари онг остига таъсир қиладиган, ботиний дунёсидаги гапларни очиқ айттира оладиган гипнозчи борлигини қаердадир ўқиган эди. Таҳририятга бориб ундан хабар топади ва у билан учрашади. Ўз ишининг устаси бўлган гипнозчи келинга ўз усулларини қўллаб, ўнгача санаб уни ухлатиб қўяди ва саволлар беради. Жавоб келиннинг бу ишдан йироқ эканлигини билдиради. Кейин Шокир ота гумонлардан холи бўлиб таскин топади. Гипнозчи яна уйда кимдир бор-йўқлигини сўрайди. "Кампиримнинг жияни Мансурбек ундан гумонланишнинг кераги йўқ," - дейди Шокир ота. "Чақиринг бир суҳбатлашиб кўрайлик" - дейди гипнозчи Шокир отанинг қаршилигига қарамай. Унга ҳам шу тахлит гипноз қилингандан сўнг Мансур қотиллигини тан олади. Холасининг ҳар куни истеъмол қиладиган дори миқдорини бир неча баробар ошириб ичирганини айтади.
     Шокир ота дарғазаб бўлиб кетади, гипнозчи уни тинчлантиради. Руҳий изтироблар исканжасига тушган Шокир ота кексалар уйига бориб жойлашади. Мансур бир неча бор уйга таклиф этиб келади, ёлғондакам йиғлаб сиқтаган бўлади. Айбдор эканини айтиб, кечиришини ўтинади. У энди тўғри йўлга қайтибди-да деб ўйлайди ўқувчи. Аслида, унинг "меҳрибонлиги" уй-жойни номига расмийлаштириш эди. Шокир ота иложсиз ҳолда Худога солиб, Мансур келтирган ҳужжатларга қўл қўйиб беради.
  Муаллиф юзсизлик билан нафснинг қулига айланган кимсаларнинг кирдикорларидан ғазабланади ва ғазаблантиради. Мунофиқлик каби иллатни ниқоб қилиб умргузаронлик этаётган кимсалар ҳозир ҳам борлиги, уларнинг қилмиш-қидирмишлари бир-бир кўз олдингиздан ўтади. Муаллифнинг кузатувчанлиги ва зийраклигига ичингиздан таҳсин айтасиз.
   Унинг инсон тасвири ва унинг ҳолатини акс эттириш бобида сизни бефарқ қолдирмайдиган қизиқиб ўқишингизга ва мароқ олишингизга сабаб бўладиган яна бир ҳикоясининг номи “Котибанинг кирдикорлари” деб номланади. Бу ҳам айни кунларда авж олган демаймиз-у лекин учраб турадиган ҳолатлардан бири яъни, интернет фожиаси. Чунки бугунги кунда "болаларимизни қўл телефони тарбиялаяпти" дея давлат раҳбари маънавият ва маърифат масалалаларига бағишланган видеоселекторда сўз юритиб, огоҳликка чорлаганлари бежиз эмас. 
   Ҳикояда келишича, соддадил, самимий йигит Маъруф Маҳмудийнинг яқин дўстларидан бири 30 ёшга яқинлашаяпсан, уйлансанг бўлмайдими, ахир, дея ачиниш билан маслаҳат беради. Душанба куни корхона директори сифатида иш бошлаши керак. Ҳали икки кун борлигини эслатган Обид исмли дўсти "Бахт қуши" деган бир интернет кафе бор.  Ундан суратини кўриб хоҳлаганингни танлайсан, ёқса уйланасан, - дейди. 50 га яқин қош-кўзи чиройли қиз-жувонларнинг суратига боқиб, у кўзига иссиқ туюлгани учунми бирини Паризод исмлисини танлайди. Кейин учрашув вақти белгиланади. Умрида қизлар билан учрашиб кўрмаган Маъруф қўлига бир катта гулдастани олиб, белгиланган жойга чиқади. Бироздан кейин учрашувга келган жувон расмдагидан тубдан фарқ қилади. Танимадингизми, суратда мени ёшлигимдаги суратим эди, дея уни авраб ресторанга олиб боради. Конъякдан ичади, ичиради ҳам. "Ресторан эгаси менинг одамим, ҳозир менга тегажоқлик қилаяпти, дея туҳмат қиламан, шунинг учун шовқин кўтармасдан  2 миллион сўм берасиз, ҳаммаси жойида бўлади," - дея яна бир нечта кишиларни шундай кўйга тушунтирганини айтиб, мақтаниб ҳам қўяди. Айтган пулини келтириб беради-да, Маъруф қутулганига шукур қилиб кетади. Маъруф душанба куни ишга келгач, уни ижрочи директор очиқ чеҳра билан кутиб олади ва директорлик креслосига бошлаб боради. Янги вазифага ўтиргач, котибани чақириб, бир юмуш буюрмоқчи бўлади. Котиба кириб келгач, у ҳам янги директор ҳам донг қотиб қолади. Котиба ўша Паризод эди. 
    Ўз ҳаётини айёрлик ва алдовга қурган инсофсиз кишилардан огоҳ бўлишга чақиради муаллиф. Разолат йўлига кирган кимса инсоф доирасидан ташқарида. Ҳирс ва нафс қули у. Разилликни, фирибгарликни яшаш тарзига айлантирган бадфеъл инсоннинг оқибати хунук, охирати куюк бўлади. Мана муаллифнинг иқрори.  
   Саҳнада турли ролларни ижро этиш мумкин. Бу хайрли иш. Лекин ҳаётда актёрлик қилиш доим ҳам муваффақиятлар келтирмайди. Гарчи Шекспир "Ҳаёт саҳна, одамлар ундаги актёрлардир", - деган бўлса-да. 
   "Кўзбойлоғич" ҳикоясида ҳам ишонч ва ишонтириш циркда бошқа, ҳаётда бошқача йўсинда бўлади. Бу ҳикоя ҳам моҳият эътибори билан ниҳоятда қизиқ. Цирк томошаларининг сирларини яхши билган Карим Илёсовнинг машҳурлик даврида орттирган бойлиги ва чув тушиб қолишининг сир-асрорлари асносида одамлараро муносабатларнинг чигаллигини ифодаламоқчи бўлади. Музаффарнинг ўткир нигоҳи, бадиий тафаккурининг ҳосиласи бўлган мажмуадан муҳим ва муқим  ўрин олган ҳикоялари хаёлий орзу ва ҳаётий ҳақиқатни талқин этиши билан аҳамиятлидир.
     Музаффар Муҳаммадназарнинг насрий асарларни яратишга анча уқуви келиб қолганлигини сезиш қийин эмас. Метафора ва ташбеҳ санъати орқали инсон қиёфаси ва руҳий ҳолатини худди рассом каби чизади. Гипноз таъсирида ухлаётган келиннинг "кўз киприкларига чўяндай оғирлик" тушаётганини, кўзбойлоғичнинг бошидаги "цилиндрсимон шапка ва капалакгалстук"ни ҳам қаҳрамоннинг руҳий ҳолати билан боғлаб тасвирлашни унутмайди. 
   Музаффарнинг ҳикояларини ўқиб уқиш лаззатли.  Унда мутолаа завқи ва мушоҳада шавқи бор. Айрим ҳикояларини унинг шахсий сайтида ҳам ўқигандим, ҳам эшитгандим.  Унинг ҳикояларини кўз югуртириб, лаб пичирлатиб ўқишдан ташқари тинглаб ҳам лаззат олганимиз бор. У ҳикояларининг матни билан бирга аудио вариантини ҳам сайтга жойлаб бориши аҳамиятлидир. Унинг ҳикояларини аудио матнини иқтидорли санъаткор, дубляж устаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Фахриддин Шамсиматов маромига етказиб ўқиган. Музаффарнинг қалами инсон қалбининг дарду кечинмалари ва шоду хуррамликларини тасвирлашга қаратилган. Унинг мақсад манзилгоҳи - инсон кўнгилгоҳидир. У шуни тасвирлайди, шу билан овунади, шу билан суюнади. Қалб дардига малҳамлик, инсон қадрини юксак тутиш, қадрлаш унга ҳузур-ҳаловат бағишлайди. Унинг қалам ва оқ қоғоз одидаги қасамёди ва бурчи ҳам шунда, аслида.
    Ушбу китоб ўз мухлисларини топиб, улар қалбидан жой олишига ишончимиз комил. Ўзида ғайрат, сўзида ҳайрат бўлган Музаффар Муҳаммадназарни қутлаб қоламиз.

Раҳимбой ЖУМАНИЁЗОВ, 
Филология фанлари номзоди, Нотиқлик санъати академияси раҳбари.
2021 йил.










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот