КУНДОШИМГА ДЎСТ БЎЛОЛАМАНМИ..?


     Икки қиз, икки ўғилнинг онасиман Қизимни узатдим, яқинда набирли бўламан.. Тўй –маъракаларда яйраб кулиб юрганлар менга ҳавас қилишади. Шунга арзийдиган аёлман, ҳамма нарсам бадастир. Ичимни эса ит тимдалайди. Менинг қалбимдаги олишувни, кечалари уйқусиз тунларимни душманимга раво кўрмайман.
Эрим олий ўқув даргоҳини тугатиб пойтахтда қолди. Фарзандимиз ҳали иккита эди, ишга жойлашди, яхши пул топадиган бўлди. Ижарада яшаб уй-жой қилиш учун пул жамладик. Уч йил давомида иморат қурдик. Осон бўлмади. Ойлаб гўштли овқат пиширмасдим, чунки эрим барибир кўчада қорнини тўйғазиб келар эди.Индамасдим ишлаб келяпти у яхши ейиши керак дердим. Ўзимга янги пойафзал сотиб олмасдан эскисини таъмирлатиб кияверардим. Уй учун аёл қайғураркан, эр эмас!
Тийин-тийинлаб топган пулларни имортга сарфладим, эрим фақат ишлади, мен саронжомлаб йиғдим, ортириб янги автомобиль сотиб олдик.
“Сендек эпли хотиним бўлмаганида, нима қилардим?”, деб мақтаб қўярди, мени доим. Шунисига қувонардим. Биз бир- биримизни севардик, ҳаёт қийинчиликларига дош бериш, биргаликда азоб билан аравани тортиш эр ва хотин муносабатларини мустаҳкамлайди. Оилам менинг мустаҳкам пойдеворим эди.
Ўн беш йил деганда эримнинг лавозими кўтарилди. Пул, мансаб эркак кишини эсанкиратиб қўяркан. Кечагина менинг устимда гирдикапалак бўлган одам бутунлай ўзгариб қолди. Эрим мен томонга қарамайдиган бўлиб қолди. Чиройли, ёшгина қизлар қаёқда-ю бўғирсоқдек мен қаёқда дейсиз?! Ёш ўтган сайин семирасиз-да. Семизлигимни юзимга солса ҳазилга йўядим. Фақат рўзғоримни ўйлаб эримдан узоқлашганимни кейин англадим.

Хуллас, эримнинг бундан бир йил олдин бошқага - ёш қизга уйланганини билиб анграйиб қолдим. Никоҳ ўқитибди! Ўша куни кеч тушуши асрларга тенг бўлди. Ишдан қайтган эримни тўполон билан кутиб олдим “болаларни кўрсатмайман, уйдан кетинг, қорангизни кўргим йўқ”, дедим. Шуни кутиб турган эканми, кийимларини йиғиб ўша заҳоти кундошимникига бутунлай кетди. Мен бошида бу шунчаки унинг жаҳли чиққандаги арази тез ортга қайтади деб ўйлагандим. Аммо у мен билан бутунлай алоқасини узди. Қўнғироқ қилиб болалари билан гаплашади, учрашади, мен гўёки йўқ эдим, бутунлай йўқолдим ҳам!
Бозор-ўчаримизни ҳайдовчиси олиб келадию, пул ташлаб кетади. Руҳан синдим, жуда сиқилдим. Бир йил мендан яшириб яшади-ку! Билдирмади-ку?! Нега бундай қилдим, деб ўзимни койий бошладим.
Бу орада қизимга совчилар кела бошлади. Шу баҳонада ўзим унга қўнғироқ қилиб тўй ҳақида маслаҳат солдим. Ўзи келмади, ҳаражатларга керакли пулларни бериб юборди, холос.
Қизининг тўйи куни кейин уйимизга кириб келди. Кун бўйи қариндошлар билан тўлиб тошган ҳовлимда меҳмонларни кутиб олди, ота бўлиб бош бўлди.
Йигирма йиллик қадрдоним, меҳрибоним, мен аразлаганда кулдирадиган қувноқ эрим ўз уйида аммо бугун менга бегона!
Кечқурунги базмда кўзларим жиққа ёш билан фақат эримни қидиради. Қизини узатаётгани учун йиғлаяпти, деб ўйлади қариндошлар, аслида аҳволимга , тақдиримга йиғладим!
Эртасига эримнинг ишхонасига бордим. Уйга қайтинг, деб илтимос қилдим.
“Агарда кундошинг билан дўстлашсанг, фарзандимни қабул қилсанг, мен уйга қайтаман. Кўнмасанг, қонунан ажрашамиз ва мен у билан қонуний никоҳдан ўтаман, чунки у яна фарзанд кутаяпти. Икки оилани бирдек боқишга кучим етади, шартим шу”, деди лўнда қилиб.
Шу гапидан кейин орадан бир ой ўтди. У кутаяпти... Биламан, олдингидек бахт мендан юзини ўгириб бўлди. Эримнинг яна уйимда яшашини тасаввур қилганимда меҳр, интиқлик пайдо бўлади руҳимда, чунки... кечирдим. Бу муҳаббат эканлигини англаб кечириб юбордим уни! Ичимда эримга нисбатан нафрат йўқ. Ҳозир менга ширин гапини айтиб эркаласа жон деб яшайман, жонимни беришга ҳам тайёрман! Лекин у хотин билан ярашишни истамайман! Уни кўриш нақадар оғир?!
Қадимдан аждодларимиз кундошга қандай чидаб яшашган экана-а? Буни тасаввур қила олмасдим. Ғурур мени қийнаяптими, худбинликми, англолмаяпман? У аёлни деб эримни ҳам йўқотишим мумкин. Маслаҳатингизга муҳтожман...
Эъзоза, Тошкент 49 ёш:
- Сизнинг бошингизга тушган савдо менда ҳам бор. Кундош орттирганимга саккиз йилдан ошди. Мен эримнинг қонуний хотиниман, бу менинг ютуғим. Уйим, автомобилим бор. Эримга ҳамёним сифатида қарашга ўрганиб қолдим. Аламимни фитнес клублардан, бассейндан, ўртоқларим билан ҳар ҳафта ўйналадиган гапдан оламан. Болаларимни турли тўгаракларга машинамда олиб бораман. Энг асосийси ўзимни севаман! Ҳар замонда исталган либосимни харид қиламан. Ҳаёт эрсиз ҳам гўзал! Сиқилишдан фойда йўқ, севмайдиган эр билан яшагандан кўра, ундан ҳамён сифатида фойдаланган маъқул.

Дилшодабегим Зариф:
- Инсоннинг имкониятлари чексиз. Аёл учун оила ҳамма нарсадан устун. Табиатан аёл меҳрга зор бўлиб яшайди, ёлғизликдан қўрқади. Сўнгги пайтларда оилани сақлаб қолиш учун имкони борича курашаётган аёллар сони ортиб боряпти. Қонунан икки хотинлик маън этилган бўлса ҳам бу ҳолат тез-тез учрамоқда.
Маслаҳатим: вақт олий ҳакам. У одамни даволайди, вақт аламни унутишда ёрдам беради. Эрингизга яхши муносабатда бўлинг, бироқ ғурурингизни пой-мол қилишларига йўл қўйманг. Кундош билан муносабат қилиш сизнинг ихтиёрингиз. Ҳеч ким сизни мажбурлашга хақли эмас. Аёл киши уйда ўтирмасдан ишласа, ўзига бошқа овунч топса, масалан дугоналар, спорт, иш, турли тўгараклар, тил ўрганиш курслари... шунда ўзига ўзи таскин бера олади. Кийимингизга, ташқи кўринишингизга алоҳида эътибор қаратинг. Ўзгаринг!
Имом Фазлиддин домла:
- Эр хотинни “сен кундошинг билан ярашсанг, мен сен билан яшайман”, деб мажбурлашга ҳақли эмас. Кундош билан дўстлашиш ёки дўстлашмаслик сизнинг ихтиёрингиз. Лекин эркакнинг вазифаси ва бурчи иккала томонга бир хил муносабатда бўлиш, бирини -биридан устун қўймаслик, тарозининг икки палласини ҳам бир хил мувозанатда ушлаб туриш.

 

Дилшода МАТЧАНОВА