Телефон қувватини тежаш сирлари


   Бугунги маслаҳатимизда телефон қувватини қандай йўллар билан тежаш мумкинлиги борасида тавсиялар бериб ўтиб ўтамиз.
• Сигнал суст бўлган ҳудудларда мобил телефонингизни авиарежимга ўтказиб қўйинг (бу метро, поезд, самолёт, тоғлар ва қишлоқ жойларга ҳам тааллуқли). Акс ҳолда аппаратингиз тармоқни тинимсиз излаши натижасида кўп қувват сарфлайди. Қарабсизки, ҳеч ким билан гаплашмаган бўлсангиз ҳам, қувват камайиб қолади. Сиз эса мобил телефонингиз тармоққа уланишга қайта-қайта урингани натижасида ортиқча қувват сарфлаганини сезмай қоласиз.
• Вибросигнални иложи бўлса ўчириб қўйинг. Шовқин-сурон авжида бўлган жойлардагина (бозор, қурилиш жойлари, тўй-ҳашам ўтказилаётган) вибросигнални ёқишингиз мумкин. Акс ҳолда, ўчирганингиз маъқул. Негаки, вибросигнал ёниқ турганда, қувват 30 % ортиқча сарфланади, ўчирилганда эса, шунча фоизни тежаб қоласиз.
• Экран ёруғлигини камайтиринг. Экранингиз қанча ёруғ бўлса, қувватни шунча кўп сарфлайди.
• Электрон почтангиз, ижтимоий тармоқлардан келадиган хабарлар ва кирувчи смслар учун хабардор қилиш вазифасини ўчириб қўйинг.
• Bluetooth, GPS ва Wi-Fiни автомат тарзда қидиришни ўчиринг. Кўпчиликда бу вазифалар автомат тарзда ёқилган бўлади ва катта миқдордаги қувватни “еб қўяди”!
• Анимацияли, яъни ҳаракатланувчи расмларни фон ёки заставка сифатида қўйманг!
• Телефонингиз қуввати то ўчиб қолгунча ишлатманг. Бундай қилсангиз батареянгиз тезда ишдан чиқади ва қувватни узоқ муддат сақлай хусусиятини йўқотиб, борган сари тезроқ тугайдиган бўлиб қолади. Қувват кўрсаткичи 20-30 % қолганда уни қувватлантиринг!
• Мусиқаларни ва видеоларни бевосита интернет орқали эшитиш ёки кўриш керак эмас, аввал юклаб олиб, кейин тингланг ё томоша қилинг. Шундай қилсангиз, телефонингизнинг қуввати тежалади.
• Мобил телефонингизни қувватлантириш учун электр токига улаганингизда, 12 соатдан ортиқ туриши мумкин эмас! Акс ҳолда батареянгиз яроқсиз ҳолатга келиб қолади.
• Имкон қадар қувватлантириш учун оригинал сим қувватлагичдан фойдаланинг. Арзон қувватлантиргич симлар батареяни ишдан чиқаради.
• Кўчада ҳарорат совуқ бўлса (+5 даража ва ундан паст) кўчадан келиб-оқ телефонингизни қувватлантириш учун токка зинҳор уламанг! Аввал телефонингиз хона ҳароратида илисин, акс ҳолда телефонингиз куйиб қолиши ҳеч гап эмас!
• Шунингдек, телефонингизни юқори ҳароратда сақламанг ёки жуда иссиқ пайтларда тик қуёш тиғи остида тутманг. Телефонингиз билан ҳаммомга кира кўрманг! Белгиланган ҳароратдан юқори ҳарорат ҳам телефонингизни ишдан чиқаради.
• Агар муҳим қўнғироқ ёки хабарни кутаётган бўлмасангиз, телефонингизни кун давомида ақалли 30-40 дақиқага ўчириб қўйинг. Ухлаганингизда (тунда) албатта ўчириб қўйишни маслаҳат берамиз (агар уй телефонингиз бўлса). Ёки иккита телефонни навбати билан алиштириб – бирини ёққанингизда, иккинчисини ўчиринг. Бу усул ҳам қувватни сақланишида ва телефонингиз узоқ муддат ишлашига хизмат қилади. 
• Телефонингизнинг қуввати камайиб қолганда ёки ортиқча имкониятлардан фойдаланиш зарурати бўлмаганда, ультра қувват тежаш режимини ёқинг!

 

Айфонни тезроқ ишлашга мажбур қиламиз!


   Айфонингиз тезроқ ишлашини истасангиз, мосламанинг тезкор хотирасини тозалашга уриниб кўринг. Буни бир нечта оддий усул орқали амалга оширишингиз мумкин:
• Қувватни ўчириш тугмачасини босинг ва ўчириш ёки ўчириб ёқиш белгиси акс этган расм чиққунича шу ҳолатда ушлаб туринг. Белги чиққач, тугмачани қўйиб юборишингиз мумкин. Тезкор хотирадаги маълумотлар ўчиб, телефонингизнинг хотираси ортиқча “ахлатлар”дан халос бўлади;
• Одатдаги ўчириш тугмачасини босмасдан, Home тугмачасини босинг ва бироз муддат ушлаб туринг;
• Бир неча сониядан сўнг экранда милтираган ёруғликни кўрасиз. Шундан сўнг яна иш столига қайтинг. Бу вақтда айфон ёки айподингизнинг тезкор хотираси тозаланиб улгуради ва мосламангиз тезроқ ишлай бошлайди!
• Кераксиз, ўзингиз ишлатмайдиган дастур ёки ўйинларни ўчириб ташланг!
• Интернетга кўп кирмасангиз, айфон ёки айподингизда антивирус дастури ўрнатилган бўлса, уни ҳам ўчирганингиз маъқул. Антивирус тезкор хотирани банд қилибгина қолмасдан, тизим ишини тинимсиз назорат қилиб туриши эвазига жуда сустлаштириб юборади ва натижада айфонингиз имиллаб ишлаши ёки “қотиб қолиши” мумкин.


Музаффар МУҲАММАДНАЗАР










Гость, изоҳ қолдирасизми?
Имя:*
E-Mail:


Маълумот