Замонавий уй бекаси қандай бўлиши керак?


 
 
Замонавий уй бекаси қандай бўлиши керак?

     Бугунги кунда жамият уй бекаларига янги талабларни қўймоқда. Эр, фарзандлар ва яқин қариндош-уруғлар ҳурматига сазовор бўлиш учун фақат уйни покиза ва саранжом-саришта сақлаш ҳамда мазали таомлар пиширишнинг ўзи кифоя эмас. Ҳозир бекалардан ҳар томонлама етуклик талаб этиляпти.
 Уй бекаси деганда узун кўйлак кийиб, фақат рўзғор юмушлари билан машғул бўладиган аёлни кўз олдимизга келтиришимиз нотўғри.  Аёллар замонавий бўлишга, замон билан ҳамқадам бўлмоғи лозим. Қуйида юртдошларимизнинг бу борада фикрлари билан танишасиз.

Хурсаной ИГАМБЕРДИЕВА,
Тошкент вилояти,  Тўйтепа шаҳри:
-Уй бекаси деганда оддий уй ишларига андармон бўлиб қолган аёл ҳақида сўз кетаяпти деб ўйлаймиз. Аслида эса уй бекаси қадри улуғ, юксак фаросат соҳибаси, меҳрибон, заҳматкаш, меҳнатни қадрлайдиган мўътабар зотдир.
Оила аъзоларини очиқ чеҳра, ширин сўз, мазали таом билан кутган, ҳовли, уй-жойларини чиннидек, саранжом-саришта тутган, гулу райҳонлар ила яшнатган, баҳри дилини очиб қаршиловчи аёл солиҳа уй бекасидир.
Уйқудан базўр турганингда кўзингни очсанг, тоза кийимларинг сендан олдин шай турибди. Ювиниш хоналари озода, момиқ сочиқлар сени кутиб турибди. Ишга ёки йўлга кузатар экан, Аллоҳдан мадад, омад, соғлиқ-саломатлик тилаб қолувчи, уйни роҳат, ҳовлисини жаннат, эрни эр, эл олдида шер қилувчи ҳам уй бекасидир.
Бир сўз билан айтганда, умрини эри, бола-чақаси, оила аъзоларининг бахти учун ўтказувчи, барча ишлари эвазига маош олмайдиган ҳам  уй бекаси ҳисобланади .

Мадина ҒАФУРОВА, уй бекаси: 
-Қандай пайтларда аёл уй бекаси "касбини” танлайди? Масалан, у бола парвариши таътилида бўлса ёки эри топармон-тутармон бўлса. Уй бекалигини зиммасига олган аёл бугун жуда кўп нарсаларни билиши керак. Аёлнинг уйда ўтирди дегани бу фақат уй юмушлари билан шуғулланади дегани эмас. У фарзандларининг ўқиши билан, тарбияси билан жиддий шуғулланиш даркор. Яна дарсдан кейин турли тўгаракларга боласи билан бирга қатнаши шарт. Масалан, инглиз ёки рус тилини яхши билмаса махсус репетитор ёрдамида ўргатишга интилиши лозим Тарбия болага фақат овқатини бериш билан чекланмайди. Дунёвий билимларни ўргатиш ҳам тарбияда катта аҳамиятга эга. 
Оналар ўртасида 1-синфни оналар ўқийди деган гап бор. Мен шу сўзларга қўшиламан. Чунки айни дамда оналар фарзандларига ўқишида ёрдам беролмаса бола фанларни яхши ўзлаштиролмайди, чунки дарслар аввалгига нисбатан анча мураккаб. Ҳаммаси анча вақтни талаб этади. Баъзан эркаклар кечқурун ишдан қайтганида "Уйда ўтириб шу ишга ҳам улгурмадингми?” деган сўзларни айтишади. Лекин аёл баъзан боласининг ортидан куни билан кўчада юриб ҳолдан тойиши мумкинлигини улар хаёлларига ҳам келтиришмайди. Эркак киши – кўча одами, у оиласини моддий таъминлаш устида бош қотиради, шу боис фарзандлари учун вақт ажратолмаслиги табиий ҳол. Улар бу борада кўпроқ аёлларига ишонишади. Ўзим аввал ишлаганман, аёл кишининг маълум бир соҳада фаолият юритгани жуда яхши деб биламан. Ҳозир баъзан турмуш ўртоғимдан пул сўрашга истиҳола қиламан. Ана шундай пайтларда қани эди ёнимда ёрдамчим ёки қайнонам бўлса, мен ишлардим, улар болаларимни тўгаракларга олиб бориб келардилар. Қўллаб-қувватласалар оиламизга ҳам яхши бўларди, ёлғиз эримга рўзғорни тортиш осон эмас, деб ўйлайман. 
                                                               
Нурбек ҚИДИРАЛИЕВ,  журналист:

-Инсонга ҳаётида хушхулқ, диёнатли умр йўлдошнинг насиб этиши Аллоҳнинг неъматларидан биридир. Аёл кишининг оқила, фаросатли бўлиши эрнинг олий бахти. Эътибор берганмисиз, оилавий бахтдан тинганлар ишда ҳам фаол бўлишади. Ишхонада учрайдиган майда гапларга беэътибор бўлишади, уйига келгани ҳамоно рафиқасининг очиқ чеҳра билан қарши олиши эрнинг елкасидаги ташвишлару чарчоқларни аритади. Йигит кишининг бошида ҳар хил кунлар бор: баъзан рўзғорига қоплаб ташийди, баъзан иши юришмай... оиласига иккита нон кўтариб келолмаганидан хижолат чекади. Уй бекаси оқила бўлиш баробарида саранжом-саришта, рўзғорнинг борида тежамкор бўлиши, йўғида сабр билан қаноат этиши яхшидир. Аёл турмуш ўртоғининг қариндошларига ўз яқинларига меҳр кўрсатгани каби оқибатли бўлиши, айниқса, қайнота ва қайнонаси қариган чоғида сидқидилдан парваришласа, эрнинг олдида ҳурматга сазовор бўлади. Ҳар қандай инсон зиммасидаги оила масъулиятини тўкис адо этсагина, эзгу-мақсадларига етиши, шубҳасиз.

 
Нодира НАЗАРОВА, ўқитувчи:
Бекада фазилат беқиёс

- Аввало, нафис хилқат эгаларининг оқила, доно ва фаросат эгаси бўлиши билан бирга, оилани тутиб турувчи мустаҳкам устуннинг бири эканлигини ёдда тутмоғимиз даркор. 
Ризоуддин ибн Фахриддиннинг «Оила» рисоласида «Тарбияли  хотин ота-онасини, эри ҳамда боласини, бутун оила аҳлини, оилага муносабати бўлган дўсту қўшниларини, ходиму ходималарини хулқи билан мамнун қилур» дейилади.
Беруний оила қураётган қизларга ота-онанинг панд-насиҳатларини келтириб, оиладаги тинч-тотувлик кўпроқ аёллар зиммасига тушишини таъкидлаб шундай ёзади: «Эй қизим, сен ўрганган уйингдан кетиб, нотаниш хонадонга тушмоқдасан. Сен бўлажак куёвингнинг ҳамма хислатларини билмайсан. Cен у билан шундай йўл тутки, унинг олдида ер каби камтар бўлсанг, у осмон каби олижаноб бўлади.  Осмон шифобахш ёмғири билан ерни кўкартиргани каби у ҳам ўз меҳру шафқати ила сени хушнуд этади. Эринг сендан фақат юмшоқ ва ширин сўзлар эшитсин, эски либосларда сочларингни ўрмаган  ҳолда унинг олдида ўтирма. Куёвингнинг кучи етмаган ва сотиб олишга қудрати етмаган нарсаларни талаб қилма».
Бекаларнинг оиладаги ўрни, фазилатлари беқиёс, шунингдек, иқтисод ҳамда маънавий жиҳатдан камолга етказишда ҳам уларнинг роли катта. Агар аёл пазанда, тадбиркор, саришта ва қаноатли бўлиш баробарида тарбияда етук бўлса, бундай оилага ҳаммма ҳавас қилади.

Ҳар бир уй бекаси риоя этиши зарур бўлган қоидалар:
* Умр йўлдошингизни ишга кузатаётганда ва кутиб олаётганда шундай ширин сўзлар айтингки, у доим уйга шошилсин.
* Барча таомларни мазали тайёрлашни ўрганинг.
* Газета ва журналларни ўқиб боринг. Бу қизиқарли суҳбатдош бўлишингизда қўл келади.
* Турмуш ўртоғингизга кам пул олиб келяпсиз деган сўзларни умуман айтманг. Агар репетиторлик, тикувчилик каби ишларни уддаласангиз, уйда бу иш билан шуғулланинг.
* Ҳар доим кайфиятингиз аъло даражада бўлсин.
* Суҳбатлар пайтида "Бошқалар аллақачон яхши ишларда ишлашади, сиз эса...” каби жумлаларни ишлатманг. Бундай сўзлар эрингизнинг дилини оғритиши мумкин.


     Азиз муштарий, юқоридагилардан ўзингиз хулоса чиқаринг.  Оила аъзоларингизнинг барчаси бахтли, тинч-тотув яшаши кўп жиҳатдан сизга боғлиқ эканини унутманг. Уй бекалиги бугунги касб-корлар ичида энг шарафли, энг масъулиятли. Чунки у фарзандларининг келажаги учун жавобгар. Шундай экан, зиммангиздаги бу шарафли ишни уддалашингизга ишонинг ва фақат олдинга интилинг.
 
МАЪПУРА НАБИЕВА ёзиб олди.