Оналар - ибрат мактаби


 
 
Шайтончами ёки фаришта!.. 

     Шаҳардаги йирик супермаркетларнинг бирига харид учун бордим. Касса ёнига яқинлашганимда ерда, кимдир тушириб қолдирган қоғоз пул ётганини кўрдим. Бу юз долларлик купюра эди. Қарасам 8-9 ёшлардаги кичкина қизалоқ секин келиб пулни олди-да, югуриб чиқиб кетди. Мен ўзимча кулиб қўйдим: «Шайтон қиз, долларниям билади, энди бу пулига бир ой музқаймоқ олиб ейиши мумкин...» Ҳисоб-китоб қилиб бўлгач кўчага чиқдим. Уйимга элтадиган марказий кўча бўйлаб йигирма қадамлар юргач бояги қизчани кўриб қолдим. Қизалоқ топиб олган пулини йўл четига ўрнатилган қутига ташлади. Ўтган- кетганлар эътибор хам бермайдиган бу қути «Эҳсон» қутиси эди... Этим жимирлаб кетди. Бу йўлдан ҳар куни ўтардим, юз доллар нари турсин юз сўм ташлаш ҳам хаёлимга келмаган. Кулганим учун ўзим ғалати бўлиб кетдим. Боягина мен Шайтонга қиёс этган кичкина қизча бўлса, худди қилган ишидан кўнгли тўлгандек менга жилмайиб қараб қўйди...

Қурт тушган олма ҳикмати

     Луқмони Ҳакимнинг фарзанди ўзига номақбул дўстларни улфат билибди. Улар билан борди-келдини кўпайтириб бориши хар қандай ота сингари Луқмони Ҳакимнинг ҳам ғашини келтирибди. Бир куни у ўғлини чақиртириб:
- Болам, дўстнинг бўлгани яхши, аммо дўст танлашда адашиб қолма. Ҳозирги дўстларингнинг ҳулқи яхши эмас. Сенга ёмон таъсир кўрсатишлари мумкин, - деб насиҳат қилибди. 
     Ўғли эса ўзига ишонч билан: 
- Отажон, сиз менга кучли тарбия бергансиз, панд-насиҳатларингиз хар доим қулоғим остида туради, дўстларимнинг ёмон ҳулқлари менга асло таъсир кўрсатмайди, ҳавотир олманг - деб чиқиб кетибди. 
     Шу аснода Луқмони Ҳаким боғдорчилик ишлари билан ўғлини ёрдамга чақирибди. Қараса ўғли бутун олмаларни алоҳида, кам сонли бўлса-да қурт тушган олмаларни эса алоҳида саватга жойлаяпти экан. Ҳаким ўғлига барча олмаларни бир савтга жойлайверишини тайинлаб ўз ишида давом этибди. 
     Орадан бироз вақт ўтибди, зарур бўлганда олмалар қўйилган жойга бориб қарашса уларга қурт тушиб бутуни кам қолган экан. 
     Луқмони Ҳакимнинг ўғли отасига эътироз билдириб: 
- Отажон, олмаларнинг ҳаммасини қўшиб қўяверишимни буюрган эдингиз, қурт тушган бир-икки мевани деб бутун олмаларнинг ҳаммасини қуртга ем қилибмиз-ку, - дебди. 
     Ота эса бир жилмайиб қўйиб: 
- Кўрдингми болам, гарчи соғ-бутун олмалар қуртлаганларидан кўра кўпроқни ташкил қилган бўлса-да, қолганларини ҳам бузибди, уларга ҳам қурт туширибди. Сен қандай қилиб қалбига қурт тушган улфатларинг билан бир жойда кўп вақтга қоласану улар орасидан соғлом қалб билан қайта оласан? - деган экан!..

Оналар - ибрат мактаби...

     Қадимда бир ўтинчи бўлган экан. Ўтинчи тоғлардан ўтин териб келиб, шаҳарда сотиб, хотини ва ўғилларини боқарди. Ўғиллари эса ўтинчининг фарзанди эканлигидан ор қилишарди. «Отамиз ўтинчи», деб бировга айтишолмасди. Ошна-оғайнилари даврасида улардан оталари нима иш килишини сўрашса, айтгани уялишар, кўпинча ёлғон гапиришарди. Ўтин кўтариб кетаётган отасини шаҳар кўчаларида кўриб қолишса, бориб ёрдам бериш ўрнига ўзларини олиб қочиб, «Бизни ўтинчининг ўғли деб ўйлашмасин», дейишарди. Аммо ўтинчининг хотини оқила, итоатгўй аёл эди. У доимо эри уйга чарчаб қайтганида ширин сўзлар билан кутиб олар, дарров қўлига сув куйиб, сочиқ тутарди. Эрининг ўтинчилик асбобларини хам жой-жойига ювиб тозалаб қўйиб қўярди. Дарров дастурхонга чой-нон қўяр, эри бир-икки пиёла чой ичгунча овқат хам сузиб келарди. Эрининг топиб келган пулини бир ҳамён тилла олгандек севиниб олар, «Бугун доимгидан ҳам кўп пул топиб келибсиз», дерди. Баъзида эри «Бугун камроқ пул топдим» деганида ҳам, «Хафа бўлманг, баракасини берсин. Бугун камроқ топган бўлсангиз, Аллохим эртага кўпрок берар», деб унинг кўнглини кўтарарди. 
     Бир куни ўғиллари онасидан сўрашди: 
«Онажон, отамиз бир оддий ўтинчи бўлса, нега уларга ҳар доим гирдикапалак бўласиз? « деди катта ўғли. 
«Рост, отамизни кўришингиз билан ўзингизни қўярга жой тополмай қоласиз-а?” деди ўртанча ўғил. 
«Ҳатто отамизнинг оёқларини ўзингиз ювиб қўйишингизни ҳеч тушунмаймиз», деди кенжа ўғил. 
"Биз эса отамиз ўтинчилигидан уяламиз”, дейишди бир овоздан. 
«Эҳ, соддагина болаларим-а, оталаринг кўчада ўтинчи, уйда эса оталаринг Султон», дея жавоб қайтарди лабида ним табассум билан она.

Нозимахон Ғофурова.