Бир кишининг соғлиғи етти пуштнинг бойлигими?!


 
  Бир кишининг соғлиғи  етти пуштнинг бойлигими?!

     Халқимиз жуда болажон. Зурриёдининг  товонига битта тикан суқилса ҳам жони оғрийди. Шунинг учун фарзандини  доимо асраб авайлайди. Бироқ минг афсуски, шундай меҳрибончилигимиз орасида катта бир камчилигимиз ҳам бор.  Кўпчилигимиз умр бўйи  ўзимиздаги ёки фарзандимизда мавжуд  касалликни ҳаммадан яширишга интилиб келамиз. Боламизнинг  касаллигини била туриб, уни уйлантириш ёки турмушга беришдан чўчимаймиз. Чунки баъзиларимиз  ирсий касалликларни шунчаки тақдирида бори деб тушунамиз. Аслида эса... 
     Бугунги мавзумиз эксперти Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бўлим бошлиғи М.Ф. Содиқов. 

                      Ирсий  касаллик  нима ?

   Инсон организми мураккаб компьютерга ўхшаб кетади.  Ҳомила пайтидан   ҳаётдан кўз юмгунга қадар  ("дастурий дискларда”) маълумотлар ҳисобланиб борилади ва ушбу маълумотлар улғайиш, ривожланиш ва фаолият кўринишида намоён бўлади. Организмнинг ҳаёти мобайнида унга жуда кўплаб  ташқи факторлар таъсир қилиши табиий, мисол учун иқлим, инфекциялар, руҳий зарбалар, нотўғри овқатланиш ва шунга ўхшаш омиллар. Бу эса ўз навбатида ривожланиш ва аъзолар ишининг бузилишига олиб келади (касалликнинг, баъзида мажруҳликнинг пайдо бўлиши). Агар ушбу таъсирлар генларда ёзилган маълумотларга зиён етказадиган бўлса, ирсий  касалликлар вужудга келади. 
Ушбу генлар тўплами авлоддан-авлодга ўтадиган бўлса, ушбу зарарланган генлар келтириб чиқарган касалликлар ҳам "ирсий” ҳисобланади, яъни авдоддан-авлодга ўтадиган бўлади. 
•Шуни унутмангки, генлар зарарланмаган тақдирда ҳатто ташқи қўпол мажруҳликлар ҳам наслдан-наслга ўтмаслиги мумкин.

               "Хавфли гуруҳ”га кимлар киради?

•Ҳар қандай инсонда у ёки бу даражада туғма нуқсонли насл қолдириш хавфи мавжуд бўлиб, бу тахминан 2%га баҳоланади. 
Бу "ўртача-популяцион хавф” деб аталади. У сайёранинг табиий радиация замири, ноқулай экологик факторлар билан узвий боғлиқ. Аммо шу билан бирга, юқори хавф мавжуд бўлган гуруҳ ҳам белгиланган: унга турли даражадаги "узоқлик”да бўлган қон-қариндошлар ўртасида тузилган никоҳ, касб билан боғлиқ доимий зарарлар таъсирида бўлган шахслар, (кимёвий моддалар, СВЧ, рентген-нурланиши остида бўлганлар), алкоголга муккасидан кетганлар, токсикоманлар, гиёҳвандлар. Даун синдроми мавжуд бўлган гўдакни дунёга келтириш хавфи 35 ёшдан ошган аёлларда каттароқ бўлади.     
 
Лайло КАРИМОВА тайёрлади.